Ёз ғамини қишда ўйлаш вақти ёхуд бу йил ЎзПФЛ олдидаги муаммо биттага камаядими?
05 янв 2022 20:24
Новости
Ёз ғамини қишда ўйлаш вақти ёхуд бу йил ЎзПФЛ олдидаги муаммо биттага камаядими?
Ниҳоят сўнгги мавсумларга келиб ЎзПФЛ бу борада ўз талабларини клубларга ўтказа бошлади. Майдонлар ҳолати бироз бўлсада олдинга силжимоқда, дея оламиз. Лекин бу ерда бошқа гап бор. Яъни стадионларнинг ёритгичлари аниқроғи прожекторлар ҳақида гапирмоқчимиз. Ҳозир бунинг мавриди эмаску, дейдиганлар топилади. Лекин ёзга келиб, чилла вақтида "пичоқ суякка" қадалганда буни кўтаришдан маъно йўқ.
Маълумки, ўтган йили "Андижон", "Машъал", "Сурхон", "Қўқон-1912" клублари ўз уй учрашувлари бўлиб ўтадиган ареналарнинг ёритгичлари талаб даражасида бўлмагани боис, бир нечта турни нейтрал ёки рақиб майдонида ўтказишга мажбур бўлишди. ЎзПФЛ бу борада позицияда қаттиқ турди ва руҳсат бергани йўқ. Вақт, имкон берди. Хўш, фурсат ўтиб бормоқда. Клублар мазкур масалада ҳаракатни бошлаганми?
Суперлигага чиққан "Олимпик" 22 мартга қадар стадион чими ва прожекторини талаб даражасига келтириши кутилмоқда. Айни пайтда майдонда таъмирлаш ишлари олиб бориляпти. Шунигдек "Қўқон-1912"дан ҳам бу борада маълумот олдик. Улар ёзнинг чилласига қолмасдан ёритгичлар ўрнатилишини, прожекторлар олиб келинганини, бу йил мазкур масалада муаммо бўлмаслигини айтишди. Муборакдан ҳам бу борада яхши хабар олдик. Стадионга ёритгичларни етказиб берадиган "Philips" компанияси билан келишишганини, мавсум стартига тайёр ҳолда етиб келишлигини таъкидлашди.
Маълумот ўрнида: 31 август куни Қўқондаги "Марказий" стадионга Польша давлатидан "Philips" прожекторлари келтирилган эди.
"Жар" стадионида олиб борилаётган ишлар
"Андижон" стадионидаги ёриткичлар анча эскиргани барчага маълум. Айни кунларда клубга прожекторларни етказиб берадиган 3та компания ўз таклифларини билдирган. Молиявий имкониятдан келиб чиқиб мана шулардан бири танланади. "Сурхон" ҳақида ортиқча тўхталмаймиз.
Борди-ю, яна ўтган йилги ҳолат такрорланса, ЎзПФЛ бу сафар қандай чора кўради? Ташкилотнинг клублар имкониятидан келиб чиқиб шароит яратиб бераётганини тушунамиз. Фикримча, жорий йилда чорани бироз қаттиқроқ кўявериш керак. 17:00да ёзнинг чилласида тўп тепиш футболчидан икки ҳисса кучни талаб қилади. Айниқса, мамлакатимиз жанубида жойлашган Термизга бориб қолса, тамом. Иссиқда ўйнаб ҳеч ким ўлгани йўқ, дерсиз. Лекин футболчи жисмоний жиҳатдан керагидан кўп куч йўқотади ва навбатдаги ўйинга тикланишга улгурмайди. Мухлислар 17:00да аренани тўлдириб ўтиришларига ишонасизми, бундай иссиқда уйимда ўтираман, қабилида иш тутади. Мана шуни ҳисобга олган ҳолда ЎзПФЛ ўтган йили чиллада барча ўйинларни 20:00дан эрта бошлмасликка эришди. Клублардан ва ЎзПФЛдан олган маълумотларимизга ишонадиган бўлсак ушбу мавсумда барча жамоалар ўз майдонларида тўп тепишади.
"Машъал" ва "Андижон" Про лигада, талаблар Суперлиганикидан фарқ қилади. Кейинги мавсум элитага қайтган тақдирда яна ўша муаммо билан рўбарў келади. Шу боис бу клублар ҳам ҳозирдан ишга киришишлари тарафдоримиз.
ЎзПФЛ лицензиялаш бўлими бошлиғи Зоҳир Акрамханов бу борада фикрлари билан ўртоқлашди.
"1200 люкс бу шу кунгача қўйилган талаб. УЕФА эса аллақачон 3000 люксга ўтган. ОФК эса ОЧЛ учун 1800 люкс, ОФК кубоги учун 1400 люкс мажбуриятини қўймоқда. Сўнгги бир ярим йилда ЎзПФЛ ёритгичлар масаласида қаттиқ турди. Бунинг натижасида кўп клублар олдинга силжиди. Масалан "Турон" 1800 люксли прожекторни нолдан бошлаб яратди. Қойил қоладиган томони "Қизилқум" 2200 люксга етказиб олди. "Пахтакор", "Сўғдиёна", "Локомотив", "Насаф" 2021 йилда прожекторларининг люксларини яхшилашга эришди. Чунки бу жамоалар ОЧЛга чиқишга бўлган интилишни орқасидан тахминан 1750 люксли ёритиш тизимига эга бўлишди. Қолган клублар истайдими-йўқми, бунга мажбур. Сабаби ўтган йили ёзда аксарият клубларга уйда ўйнашга рухсат бермадик.
Мана шу йилдан бошлаб ёзни кутмасдан баҳорданоқ чоралар белгиланади. Масалан клуб стадионининг ёритиш тизими стадионлар тўғрисидаги низомда келтирилган талабларга мос келмаса, ЎзПФЛ ўйинни бошқа майдонда ўтказиш бўйича ҳам қарор чиқаришга ҳақли. Секин-аста клублар тушунишмоқда. Деярли ҳамма клуб йиллик харажатлар сметасига прожекторни киритмоқда. Қайсидир клубда 300-400 люкс етмаётган жойлари ҳам бор. 2022 йилда Суперлигада бу борада катта муаммога эга клублар қолмайди.
ЎзПФЛ инфратузилма борасида талабаларни кучайтирса, кучайтирадики, асло камайтирмайди. Қатъий турамиз. Прожектор ҳам шунинг ичига киради. Бундан буён майдон майсасига жиддий эътибор қаратишни бошлаймиз",- дейди ЎзПФЛ вакили
Қиш ғамини ёзда егин мақолини ўзгартирамиз. Ёз ғамини қишда ўйлаб қўйган маъқул иш ҳисобланади. Ҳаракатни олдин бошлаган ҳаммадан олдинда бўлади.
Комментарии