Йилнинг энг яхшиларини ким аниқлайди?
29 ноя 23:08
Новости
Маълумки, футболимизда ҳар йил якунида "Йилнинг энг яхшилари" аниқлаб келинади. Ва бу ўринда биз битта мезонни танлаб олишимиз керак бўлади. Яъни, йилнинг энг яхшиларини аниқлаш ЎФАга кўрами ёки ПФЛга кўрами?
ЎФА телеграм канали турли номинациялар бўйича "Энг яхши" бўлишга номзодлар рўйхатини беришни бошлади. Лекин бу ўринда барча йўналишлар бўйича аниқ бир мезон танлаб олинмагандек гўё. Масалан, аёллар футболи бўйича энг яхши мураббий ва футболчини ЎФА аниқласа бўлади. Чунки аёллар олий лигаси, биринчилиги, Кубоги каби мусобақаларни ЎФА ўтказиб келяпти ва тўлиқ назорати остида. Шу томондан эътироз йўқ.
Лекин футзал бўйича йилнинг энг яхши мураббийини ким аниқлаши керак? ЎФАми ё ПФЛми? Агар ЎФА аниқлаши керак бўлса, демак урғуни терма жамоага қаратиши керак бўлади. Чунки футзал ички мусобақаларини ПФЛ ўтказяпти. Номзодларга эътибор берамиз: Александр Петров, Фузули Хайруллаев, Нодир Элибоев. Гап ким ютишида эмас, балки ҳар учала мураббий клубда бош мураббий бўлиб ишлаётганида. Демак, аслида ПФЛ аниқлаши керак эмасми?
Йилнинг энг яхши футзалчиси учун номзодлар 7та. Нимага асосланиб танлаб олингани қоронғу. Клубдаги ўйинига қарабми ё терма жамоадаги ўйинига қарабми? Агар клубидаги ўйинига қаралган деса нега ЎФА ички чемпионатни кузатяпти, тўғрироғи ПФЛ мусобақасига аралашяпти деган савол юзага келади. Агар терма жамоадаги ўйинига қараб дейилса, Жаҳон чемпионатидаги иштирокни ва футзалчиларимиз ўйинини кўрдик. Қайси ўриндалигимиз баҳо бериб бўлди бу томондан.
Йилнинг энг яхши мураббийи бўйича келтирилган номзодлар борасида ҳам саволлар бор. Номзодлар - Рўзиқул Бердиев, Миржалол Қосимов, Тимур Кападзе. Кападзе майли терма жамоа миқёсида ишлади дейлик. Лекин Бердиев билан Қосимов нима учун бу рўйхатга киритилгани умуман тушунарсиз. Аслида улар ПФЛ рўйхатида бўлиши керак.
ЎФА асосан терма жамоалар ва четда тўп сураётган легионерлар билан ишлайди. Шундай экан, нега бу рўйхатда Сречко Катанец ёки бўлмаса ёшлар ва ўсмирлар терма жамоамиз билан Осиё чемпионатига чиққан Фарҳод Нишонов билан Ислом Исмоилов йўқ деган савол юзага келади. Қизиқ, ЎФА нима учун Суперлигани эътиборга оляпти?
Йилнинг энг яхши футболчиси бўлишга номзодлар 14 нафар экан. Улар орасида легионерлар ҳам, маҳаллий ўйинчилар ҳам бор. Майли, булар терма жамоада ўйнаяпти дея қолайлик. Мабодо бу ўринда ҳам Суперлига эътиборга олинган бўлса, бу яна хато бўлади.
Хуллас, ЎФА ўз йўналиши бўйича эътиборни аввало терма жамоаларга қаратган ҳолда энг яхшиларни аниқлаши лозим. ПФЛ эса ўзи бош-қош бўладиган турнирлар бўйича энг яхшиларни аниқлаши керак бўлади.
Бундан ташқари ҳар иккала ташкилот йил якунларига бағишланган тадбирни алоҳида-алоҳида ташкил қилиши керакки, журналистлар ва мухлислар иккиланиб қолмасин: ким кимнинг йўналишида ғолиб бўлди дея.
Унутманг, ЎФА талқинига кўра "Йилнинг энг яхши футболчиси, мураббийи ва ҳоказо" дейиш билан ЎзПФЛ талқинига кўра "Йилнинг энг яхши футболчиси, мураббийи ва ҳоказо" дейишнинг жуда катта фарқи бор. Ҳозир эса ЎФА келтираётган баъзи номзодлар бўйича етарли саволлар келиб чиқяпти.
Х.Холиқов.
Комментарии