RU

Последние новости

15:44Абдуқодир Ҳусанов "Setanta Sports"га интервью берди  1 15:22Капелло Жаҳон чемпионати арафасида Тухелни огоҳлантирди  2 14:54ФИФА "Атлетик" клубига 2028 йилгача трансфер тақиқи қўйди  5 14:33САфарда: "Пахтакор" бир соат фарқи билан икки украин клуби билан ўйнади. Бўриев ва Ҳамдамов билан интервью!  3 14:13Расман: Владимир Бубаня — "Металлург" футболчиси  7 13:55"Ливерпуль" дарвозабони Премьер-лигада муҳим кўрсаткичга эришди  1 13:32Расман: "Металлург" Султонов билан шартнома имзолади  1 13:15Дарвин Нуньес Саудия Арабистони чемпионати қайдномасидан чиқарилди  3 12:58"Гулистон" клуби янги мавсумга тайёрланмоқда  1 12:32Япония лигасида дуранглар бекор қилинди  7 12:06Миржамол Қосимов: "Миржалол Қосимов жамоасида бўлиш босими йўқ. Аксинча, бу интилишга туртки беради"  4 11:39Марк Краснов: "Арал" яхши жамоа экан, клубда барча ишга профессионал ёндашади"  0 11:17Нодир Абдураззоқов: "Жамоанинг мақсади ҳар доим битта бўлган. Ҳеч қачон бешталик ё ўнталикда бўламиз деган ўй бўлмаган"  0 10:45Дониёр Абдуманнопов: "Мақсад доим юқори қўйилади. Амалда кўрсатиш керак"  0 10:17"Лочин" устози Элдор Мойлиев: "Про лигада кучли учликка киришга ҳаракат қила оламиз"   2

Яхши ният (Оғабек Самисов блоги) Новости

Яхши ният (Оғабек Самисов блоги)

Тошкентга келишимдан аввал телевизор орқали пойтахтдаги стадионларни кўриб, журналистларнинг стадиондаги суратларини томоша қилиб ҳавас қилиб ўтирардим.

Мен хоҳлардимки, қачонлардир ўша ерларда бўламан ва бугунги кунда бўляпман ҳам (баъзида эринчоқлик қилиб стадионларга бормайман ҳам). Аслида, инсоннинг хоҳиши қанчалик кучли бўлса, унга етишиш ҳам шунча осон бўлар экан. Дрю Хериот режиссёрлигидаги “Сир” фильми менга шундай таассуротларни берган. Футбол мухлислари, журналистлари, мутахассислари-ю, футболчилар, қисқаси ўзбек футболига ошно барча мана 30 йилдирки Жаҳон чемпионатини орзу қилишмоқда. Улар қаттиқ хоҳлашяпти ҳам, лекин биттагина гол ёки бир очко бизни мундиалдан олиб қолмоқда. 

Йиллар ўтган сайин Жаҳон чемпионати ҳам, Олимпиадага бўлган қизиқиш ҳам сўниб боряпти менда. Ҳар турда камида иккита марказий ўйини бор АПЛ, биргина Эль-классико учун “Гранада”-ю, “Уэска”ларнинг ўйинлари транслациясини сота оладиган Ла Лига ва ўзи умуман ишни тўғри йўлга қўя олган барча футбол оммасига ҳавас қиляпман (болалар футболи бобида нафақат бизга, балки бошқа давлатларга ҳам яхшигина дарс бериши мумкин бўлган Голландия, Норвегия ҳақида гапирмадим. Нодирхўжа ака, ҳорманг! Сиз бу борада мендан яхши биласиз. Буни таҳлил қилишга фикри ожизим етмайди, деб қўрқаман). 

“Локомотив” – “Бунёдкор” ўйинига 8 дақиқа кечикдим. Журналистлар учун ажратилган жойда учрашув қайдномаси ва ўйинга атаб чиқарилган програмкани ўқиб кўрдим. Шу програмкаларни янада тўлиқроқ қилиб, мухлисларга чипта билан биргаликда сотиш мумкинлигини ўйлаб қолдим-у, бироқ чиптанинг ўзи сотилиши ёки йўқлиги хаёлга келди. Тошкент жамоаларнинг уй ўйинларидан бирортасида чипта сотилганини кўрмадим. Вилоят клубларида бу нарсани қилса бўлади. Бироқ хоҳишлар шу жойда янада ортади. ТТЗдаги стадион менинг бир вақтлар “Спорт” телеканалида бир кунда камида 4 марта айланадиган “Локомотив” стадиони ҳақидаги лавҳа орқали билишимча, 8000 ўринли, реконструкция қилиниши айтилган 30 000 нафардан ошиқ мухлисни ўзига сиғдира оладиган “Пахтакор” ва Тошкентнинг кўркига бир кўрк қўшиб турган, анекдотларга айланган бизда бор “Бунёдкор”нинг 30 000дан ошиқ стадиони тўлиб-тошишини хоҳлайман. 

Ўзбекистон миллий терма жамоаси Ироққа қарши ўйинини “Бунёдкор”да ўтказганида учрашувдан аввал ярми тўлган, 2-бўлим арафасида оқ кўйлак, галстук таққан йигитларнинг стадион тўлдириши Намангандаги Ганага қарши ўйинчалик мухлис йиғолмаётганидан афсусланаман (аслида, ўша йигитлар ҳам ўзлари киришгандир, хоҳлаб. Низомий номидаги педагогика университети ҳамда Жаҳон тиллари университети “Бунёдкор”га яқин. Лекин танишларим у ерда кўпроқ қизлар, йигитлар сони эса камроқлигини айтишади, ҳай майли). 

Терма жамоамизнинг ўйинларини вилоятлардаги стадионларга мезбонликни беришса мухлислар билан ўйингоҳ тўлиб-тошишини биламиз, лекин Тошкентдаги стадионларчи? Қачон мухлислар пойтахтдаги стадионларга келиб, 90 дақиқа жамоани қўллаб-қувватлашади? Мен хоҳлардимки, Тошкентдаги стадионларга инсонлар чипта сотиб олиб, маза қилиб футбол томоша қиламан, деб киришади, қачондир. Юқорида айтганим, програмка ва ҳоказо нарсалар стадион атрофида сотилади. Мухлислар стадионнинг чеккасида ўтириб қолибман, келаси сафар 2-3 кун аввал чипта сотиб оламан, дейишади. Ҳа, бу – хомҳаёл. Ҳозирча хомхаёл. 

Биласизми, мен нимани ният қиламан? Коронавирус каби касалликлар йўқолиб, Ўзи барчамизга (нокамтарлик учун узр) соғлик ва умр берсин (биласизлар-ку, энг катта бойлик – сиҳат-саломатлик; соғ бўлсак, Фаҳриддин Рўзиев орзудаги ўзбек футболини, Шаҳбоз Беғамов АГМКнинг барча мусобақаларда муваффақиятини, футбол раҳбарлари ўзлари истаган маррани забт этишини кўради, менимча). Орадан бирор 10 йиллар ўтганда, нафақат вилоят, балки Тошкентдаги стадионлар бугунгидек яримидан кўпи бўш эмас, мухлислар билан тўла-тўкис бўлганида, “Championat.asia” архивидан шу мақолани топиб, ўқийман. Ва куламан. Ниятим – ўша куни йиғламай, аҳволимизни йиғлагулик қилмасин. Ўша куни 10 йил аввалги мақола менга фақат кулгулидек кўринсин! 

Оғабек Самисов

Рейтинг:    

Комментарии

championat.asia
< посмотреть последние новости
Яндекс.Метрика