Хайр, Радди...
14 апр 2020 21:34
Новости
Хайр, Радди...
Ўз пайтида бир нечта жамоаларни бошқарган Радомир Антич бу ёруғ оламни тарк этди ва унинг ўлимига коронавируснинг ҳеч қандай алоқаси йўқ. 71 ёшли мутахассис узоқ йиллардан бери қийнаб келган ошқозон ости бези хасталиги туфайли бу оламни тарк этди.
Радомир Антич ким эди? Уни нима учун ёдга оляпмиз? Қуйидаги мақолада шу ҳақда тўхталиб ўтамиз.
Аввало шуни айтиш керак, Антич Испания грандлари - ҳам "Реал", ҳам "Барселона", ҳам "Атлетико"ни бошқарган дунёдаги ягона мураббий ҳисобланади. Бу ўринда у энг катта ютуққа "Атлетико" билан эришган. Унинг қўл остида "матрасчилар" 1995/96 йилги мавсум олтин дубль қайд этишганди.
Футболчилик пайтида Радомир Антич ҳимояда ўйнарди. 1948 йил собиқ Югославиянинг Житиште шаҳрида дунёга келган Радди (Радомир Античнинг лақаби) 60-йиллар охири ва 70-йиллар бошида "Партизан" сафида тўп тепган. Бир марта Югославия терма жамоасига ҳам чақирилган.
Радомир 28 ёшида хорижга йўл олади. Дастлаб "Фенербаҳче"да, ундан кейин икки йил "Сарагоса"да фаолият олиб боради. Сўнгра Англияга йўл олиб камтаргина "Лутон" билан шартнома имзолайди ва бу жамоа сафида энг яхши ҳимоячига айланади. "Лутон" биринчи дивизионда ўйнар ва кўп ҳам юқорига ҳаракат қилмасди. Ҳатто бир гал "Манчестер Сити" билан баҳсда Античнинг голи жамоани қуйи дивизионга тушиб кетишдан сақлаб қолган.
"Лутон" сафида ўйнаган кезлари Антич мураббийлик курсларига ҳам қатнай бошлади. Бунинг учун у доим Лондон - Белград - Лондон бўйлаб йўл босарди. 36 ёшида мураббийлик дипломини қўлга киритган Радди Англияни тарк этиб ватанига қайтади ва "Партизан" мураббийлар штабига ишга киради.
У жамоанинг кейинги иккита чемпионлигида бош мураббий Ненад Бжековичнинг ёрдамчиси сифатида ишлаган. Сўнгра клуб тизимида ўзгариш юз бериб Бжекович бош мураббийлик лавозимини тарк этади, ўрнига келган Фахрудин Юсуфи ўзи билан бошқа мураббийларни олиб келади ва шу билан Антич ҳам ишсиз қолади.
Орадан ўн йил ўтиб у яна "Сарагоса" клубига йўл олади, фақат бу сафар мураббий сифатида. Ўшанда "Сарагоса" осон бўлмаган пайтларни бошдан кечирарди. Янги мураббий қўл остида жамоа 5-ўринга кўтарилиб олади. Бу пайтга келиб Мадриднинг "Реал" клуби жамоани тарк этган Альфредо Ди Стефано ўрнига бошқа номзод қидираётганди. "Реал" ўшанда "Спартак" билан ўйиндаги мағлубият учун бош мураббийни истеъфога чиқарганди.
Шундай қилиб 1991 йил Радомир Античга кимсан "Реал"дан таклиф тушади. Аввалига ишни бош мураббий вазифасини бажарувчи лавозимида бошлаган Антич ёз ойларига келиб тўлиқ бош мураббийга айланади. Радди қаттиқ ҳаракат қилган. Ўшанда Йохан Кройф бошчилигидаги "Барселона"ни деярли тўхтатиб бўлмасди. Лекин Антич мардлик қилиб "Барса"га қарши "уруш" эълон қилади.
"Реал" ўйиндан ўйинга кучайиб борар, ҳатто УЕФА Кубогидаги иштирок ҳам зўр кетаётганди. Лекин нимадир бўлади-ю, "Реал" раҳбари миясига мураббийни ўзгартириш керак фикри келиб қолади ва биринчи даврадан сўнг Античга бесабаб чиқиш эшиклари кўрсатилиб, ўрнига голландиялик Лео Бенхаккер таклиф этилади.
Балки ўшанда раҳбарият 80-йилларда бўлгани каби Бенхаккер жамоага яна учта соврин келтиради деб ўйлагандир. Амалда эса бундай бўлиб чиқмади. "Реал" УЕФА Кубоги ярим финалида "Торино" билан кечган баҳсда мағлуб бўлиб мусобақани тарк этади. Ички чемпионатда ўртамиёна "Тенерифе"га ютқазиб, "Барса"ни олдинга ўтказиб юборади. Қирол Кубоги финалида эса ҳамшаҳари "Атлетико"га имкониятни бой беради. Балки Античга охиригача имконият берилганида шу совринлар қўлга киритилган бўлармиди.
Бу орада Антич ишсиз қолишни хоҳламайди ва ўртамиёна "Овьедо"га йўл олади. У келиши билан астурияликларнинг ўйини очилиб кетади ва жамоа юқори дивизионда бир амаллаб жон сақлаб қолади. Кейинги мавсум "Овьедо" чемпионатни 9-ўринда якунлайди. Ўшанда клуб сафида кўп ҳам машҳур футболчилар ўйнамасди. Антич жамоага Славиша Йоканович, Никола Йеркан, Янко Янкович каби ўз ҳамюртларини таклиф этганди.
Қолаверса "Реал" таркибида ўйини қовушмаган Роберт Просинечкини ўзи билан олиб келади. Радомир Антич "Овьедо" сафида Виктор Онопкони кўришни жуда-жуда хоҳлаган. Тўғри, кейинчалик "Спартак" сардори барибир "Овьедо" сафига йўл олади, бироқ бу пайтга келиб Антич клубда эмасди.
У 1995 йил яна Мадридга қайтиб бу сафар "Реал"нинг ашаддий рақиби "Атлетико" билан шартнома имзолайди. Ўша пайтлари "Атлетико"ни мураббийлар қўнимсизлиги бўлган жамоа дейишарди. Чунки клуб президенти Хесус Хиль мураббийларни гўёки қўлқоп мисол тез-тез алмаштирарди. Испанияда ҳатто "Атлетико" раҳбари хонасига киргандан кўра, қафасдаги шер олдига кирган маъқул деган гаплар юрарди.
Антич яна таваккал қилди ва таваккали бу сафар ҳам иш берди. Унинг қўл остида "Атлетико" Испания чемпионатида зафар қучиш билан бирга Кубокни ҳам қўлга киритди. Лекин мана шу уч йил ичида уни бир неча бор жамоадан кетказишга уринишди.
Биласизми, одатда Антич худди "тез ёрдам" каби ишлаган. У мавсум бошида иш бошламас, балки парокандалик юз беришни бошласа клублар шу заҳоти Радомир қаердасан дея қидириб қолишарди. Антич "Атлетико"да икки марта ишлаб кетган бўлса, биринчисида Арриго Саккининг хатоларини тузатиш, иккинчисида Клаудио Раньерининг муваффақиятсизлигини ёпиш учун келган.
2003 йил унга "Барселона" таклиф билан чиқади. Яна қайта таъмирлаш ишлари. Бу сафар Луи ван Галь "Барса"да қовун тушириб кетганди. Антич Каталонияга келиб бузилиб қолган жамоанинг кам-кўстини ямай бошлади. Биринчи навбатда "Лацио"дан Хуан Пабло Соринни таклиф этди. Шунингдек энг катта амалга оширган иши клуб тарбияланувчилари - Виктор Вальдес, Хави ва Иньестани қўрқмай асосий таркибга қўйгани бўлди.
Ўшанда "Барса" жуда ғалати ўйин кўрсатарди: бир ютади, бир ютқазади. Лекин Антич "Барса"да кўп ишлай олмади. Бир мавсумдан сўнг унга чиқиш эшиклари кўрсатилди ва жамоага голландиялик Франк Райкард таклиф этилди. Радди эса "Сельта"ни қутқариш учун Вигога йўл олади. 9та ўйинда жамоани майдонга бошлаб тушган мураббий "Сельта" билан ҳам хайрлашади.
Шундан сўнг Сербия терма жамоасини бошқарган мураббий ўз мақсадига эришиб жамоани ЖЧ-2010га олиб чиқади. Аммо Евро-2012 саралашидаги омадсиз стартдан сўнг ўз хоҳишига биноан ариза ёзиб ишдан бўшайди ва Хитойга йўл олади. У Хитойнинг иккита клубини бошқарган: "Шаньдон Луненг" билан "Хубей Чайна Форчун".
Радомир Антич 2016 йилдан бери ишсиз эди ва ҳаётини Мадридда ўтказаётганди. Матбуотга жуда кам кўриниш берарди. Негаки соғлиғи бунга йўл қўймасди. Мураббийни анчадан бери ошқозон ости бези касаллиги қийнаб келаётганди. Радди оғир хасталикни енга олмади ва узоқ давом этган курашдан сўнг омонатини топширди.
Комментарии