UPDATE ёки янгиланишга тайёрмисиз?
16 мар 12:56
Новости


UPDATE ёки янгиланишга тайёрмисиз?
Ташрифдан мақсад шу эди. Фаолиятини "Рома"да давом эттираётган Элдор Шомуродов ўзи туғилиб ўсган Сурхондарёда болалар футбол мактабини ташкил этишни мақсад қилган ва бунинг учун кучли мутахассисга эҳтиёж сезган. Натижада Даниеле Андреоцци Сурхондарёда болалар футболига бўлган эътиборни ўз кўзи билан кўриш, вазиятни ўганиш ҳамда маҳаллий мураббийлар билан танишиш учун Шомуродов билан маслаҳат қилгач, Ўзбекистон томон парвоз қилган.
Икки кунлик ташрифдан сўнг италиялик мутахассис ортга қайтар чоғида кўришдик. Кечки маҳал бир пиёла чой устида қатор мавзулар кўтарилди. Мистер Андреоцци кетар чоғида апрель-май ойларида яна келишини айтиб ўтди. Суҳбатдаги мавзулардан бири мураббийлар масаласи, уларнинг малакаси ҳақида борди.
Шунда мен сўрадим: "Жаҳон футболида ҳам мураббийлар анча ёшарди. Бугун футболни тугатган собиқ футболчилар эртаси кун бирорта клубда иш бошлаяпти. Лекин ёши катталар ҳам йўқ эмас. Масалан, Италиянинг ўзида Клаудио Раньери 73 ёшда бўлишига қарамай, ҳамон А серияда ишламоқда ёки бўлмаса, "Аталанта" устози Жан Пьеро Гасперинини олайлик. Ушбу мураббий 67 ёшда ва ўтган йил "Аталанта" билан Еропа Лигасида зафар қучди. Бунинг сабаблари нимада? Ёши улуғ мураббийлар ҳамон ўз сўзини айтиб келмоқдаки, уларнинг услуби, футболга қараши эскирмадими?"
Бу саволни берганимда Андреоцци шундай жавоб қайтарди: "Яхши савол. Гап шундаки, Раньери, Гасперини каби мураббийлар ҳамон ўзларини "Update" қилиб туришади, яъни доим янгилик ва ўзгаришлар билан ёнма-ён юришади, шу боис ҳам улар "эскириб" қолаётгани йўқ. Ҳар бир мураббий ўз билимини янгилаб туриши бугунги замон талаби бўлиб қолди. Футболга янги технология кириб келди, қараш ўзгаряпти, бу эса мураббийларга ҳам таъсир қилмай қўймайди. Яъни, кимки ўзини "Update" қилиб турса ишлашда давом этади, таклифлар бўлаверади. "Update" қилмаган мураббий ишсиз қолади ёки натижа келтирмайди".
Тўғриси, Андреоццининг жавоби ёқди. Ҳар ҳолда кўпни кўрган мутахассис эмасми, саволга чиролий ва энг муҳими, оддий тил билан жавоб қайтарди. Кечаси Нодирхўжа Юлдашев билан италиялик меҳмонни аэропортга кузатиб, ортга қайтар эканмиз мураббийлар мавзуси ҳақида албатта нимадир ёзишим керак, чунки бу давр талаби, бўлиб ҳам жуда долзарб мавзу деган ўй хаёлимдан кўтарилди. Ва шу он ўзимга ўзим савол бердим: бизда ҳам мураббийлар ўзларини "янгилаб" туришадими?
Ҳаммамиз смартфон ишлатамиз, қўл телефонимизда ҳар хил иловалар бор ва тез-тез фалон иловани янгиланг, шу-шу нарса қўшилди деган хабарномалар келиб туради. Ёки бўлмаса иловада нимадир ишламай қолса, "обновления" қилинг, кейин ишлаб кетади деган жавобни оласиз. Натижада янгиланган иловада муаммо бирпасда ҳал бўлади, ҳам энг хирги "версияси"ни телефонингизга ўрнатиб оласиз.
"Update", "обновления", "янгилаш" турли тилларда талаффуз қилингани билан битта маъно беради. Янгиланиш инсонда ҳам бўлиши шарт, айниқса ҳозирги замонда. Футболда-ку гапирмаса ҳам бўлади. Янгича тактика устида бош қотириш, футболчини янги босқичга олиб чиқиш, янги технологиядан фойдаланиш, янгиликка ўч бўлиш, янги методикани қўллаш - булар мураббийлик соҳасида ҳамнафас тушунчалар бўлиб қолди.
Биз ҳозир битта тактика беш йил фойда келтирадиган замонда яшамаяпмиз. Ёшлар отилиб чиқяпти ва табиийки улар янгиликка ўч. Суперлигада фаолият олиб бораётган Илёс Зейтулаев, Иван Бошкович каби мураббийларни олайлик. Улар янгиликка ўч, улар нимадир янги нарса қилишни хоҳлаяпти, янги методика ортидан қувишяпти ва бунинг учун эринмай ўқиб-ўрганишга тайёр. Ва савол туғилади: уларни ким ўқитади, улар қаердан ўрганади? Фақат интернет орқали турли сайтларни титкилаб ўтирадими ёки Youtubeда видео кўрадими?
Тўғри, ўрганишнинг усуллари кўп ва ижтимоий тармоқлар шунинг бир бўлаги бўлиб қолди. Сиз масалан, инглиз тилини тармоқлар орқали ҳам ўрганишингиз мумкин, бепул видео кўриб ҳам билимни оширса бўлади, лекин барибир устоз ўргатган бошқа. Мулоқотда кўп нарса аён бўлади. Сиз тармоқни ўқийсиз, эшитасиз, аммо жонли мулоқот қила олмайсиз.
Ўз саволларингиз барибир ичкарида қолиб кетаверади. Саволларга эса инсон жавоб беради. Компьютер берадиган жавоб ҳаминқадар, барибир инсон билан мулоқот бошқа.
Бизда ҳакамлар тез-тез йиғилиб турли семинарлар ташкил этиб туради. Ҳакамларнинг шу одатига беш кетаман. Хатолар таҳлил қилинади, қабул қилинган қарорлар тўғри-нотўғрилиги ўрганилади, бир неча йилдирки ҳакамларимиз доим изланишда. Лекин нима учундир шу каби ҳолатни мураббийларда кўрмаймиз. Бу эса 5-10 йилдирки ўйлантириб келади. Фараз қилинг, Суперлига мураббийлари ҳам йиғилиб ўзаро фикр алмашса, қанча-қанча мавзуларни ўртага ташласа бўлади. Футболимиз қаерга кетяпти, футболчиларимиз ўсяптими каби саволлар ўртага ташланади, ҳамма ўз фикрини билдиради.
Ўқитувчилар малакасини ошириш учун қанчадир муддатда ўқишга келади, нега мураббийларда шу нарса йўқ? Биз мураббийларни фақат лицензияга ўқиш чоғида бирга кўрамиз. Нима учун лицензия олганидан кейин ҳам уларни бир жойга йиғиб нимадир брифинглар ташкил қилмаймиз? Нега ҳакамлар ҳар ой йиғилиб семинар ўтказади-ю, мураббийларга келганда уларнинг ҳеч вақти бўлмайди?
Ҳакамлар яхши ўргансин деб ФИФА, ОФКдан инструктор жалб этамиз. Улар келиб дарс ўтади. Яқин-орада кимдир мураббийларга ҳам шундай дарс ўтдими? Лицензия учун таҳсил олаётган "талабалар"га эмас, клубларда, терма жамоаларда ишлаб турган мураббийларга? Бу жуда керак. Чунки биз мураббийларнинг бир жойда қотиб қолишини хоҳламаймиз. Футболчиларимиз эртаси улар қўлида.
Оддий мисол. Қаторасига беш йилдирки ҳужумчи бўлмаган Черан тўпурарликни қўлга киритаётгани мураббийларни қанчалик ўйлантиради? Ўзбекистондан ҳужумчи чиқмаётганининг ўзи бутун бошли мавзуга сабаб бўлмайдими? Нима учун бу ҳақда фақат ОАВ бонг уриши керак? Келинглар, мураббийлар ҳам йиғилиб шуни кўтарсин, улар ўз фикрини ОАВ билан бўлишсин, бу ҳаммага қизиқ туюлмайдими?
Бу ўринда ЎФАнинг роли жуда катта бўлиши керак. ПФЛ мусобақа ўтказувчи ташкилот. Лекин ЎФА ўзбек футболи келажагини белгилаб беради. Ҳар бир ёшдаги терма жамоага ҳар ой йиғин ташкил этган билан нимадир ўзгариб қолмайди. ЎФА биринчи навбатда футболнинг бугуни ва эртаси ҳақида бош қотириши лозим. Мураббийлар малакасини ошириш ҳам ЎФА қўлида.
Масалан, ПФЛ йилда бир марта бўлса ҳам маркетолог, медиа кишилари, стадионга масъул шахслар, хавфсизлик бўйича ходимларни йиғиб семинар ўтказиб келяпти. Аммо мураббийларни йиғиб, долзарб мавзуларни ўртага ташлаш ПФЛ зиммасидаги иш эмас, буни ЎФА қилиши керак. Бизга ўз устида ишлайдиган, янгича методикадан бохабар, қисқаси ўзини мунатазам "янгилаб" турадиган мураббийлар ниҳоятда зарур. 70дан зиёд Про лицензияси бор мутахассис бўлгани билан улар билан тез-тез ишлаб турилмаса, ҳар қандай билим вақти келиб унутилади.
Буни амалга оширса бўладими? Бўлади, албатта. Масалан, ФИФА кунларидан фойдаланиб мураббийлар учун кўп эмас 3-5 кунлик ўқиш ташкил этса бўлади. Клублар мураббийлари учун алоҳида, терма жамоа мураббийлари учун алоҳида ва болалар мураббийлари учун алоҳида. Хорижда кўп машҳур мураббийлар олий ўқув юртларида футболдан дарс ўтади, кўпчиликда ҳатто унвон ҳам бор. Шундай мутахассисларни таклиф этиб ҳам нимадир қилиш мумкин.
Унутманг, билимда барибир гап кўп. Натижа бугунники, лекин билим эртани белгилаб беради.
Х.Холиқов.
Похожие новости

Комментарии