Таъқиб кучаймоқда: А Серия 32-тур якунлари
13 апр 2022 13:52
Новости
Таъқиб кучаймоқда: А Серия 32-тур якунлари
"Интер" "Верона"дан кучлироқ
"Ювентус" устидан қозонилган ғалаба "Интер"нинг ғайратини янада оширди ва жамоа ўйинни жуда фаол бошлади. Дюмфриснинг қанотдан оширган тўпини қабул қилган Перишич ажойиб зарба берди, бироқ дарвозабон гол бўлишига йўл қўймади. Латераль жуда фаол ўйнади. У қанот бўйлаб югурди ва тўпни жарима майдонига етказиб берди. Барелла эса рақиб дарвозасини ишғол қилди. "Нерадзурри" дарҳол иккинчи голини уриши мумкин эди, аммо Монтипо тўпни қайтарди. Бироқ қатор уринишлардан сўнг "Интер" 2-голни уришга эришди. Бурчакдан тўп узатилгандан сўнг Перишич тўпни янада олдинроққа оширди, Жеко эса бир зарба билан тўпни дарвозага жойлаб қўйди. Тайм охирларида "Верона" ҳам гол уришга яқин эди, бироқ Симеоненинг ажойиб зарбасини Ханданович қайтаришга муваффақ бўлди.
Иккинчи тайм бошида Ласанья узоқдан кучли зарба берди, аммо тўп тепароқдан ўтиб кетди. Бунга жавоб устун ёнидан ўтиб кетган Чалханоглунинг узоқ масофадан берган зарбаси бўлди. Умуман олганда, танаффусдан кейин вазиятлар нисбатан камроқ бўлди. Аммо асосийси "Интер" муҳим ғалабани қўлга киритди.
"Ювентус" Сардиниядан ғалаба билан қайтди
Албатта, "Интер"га қарши ўйиндаги мағлубиятдан сўнг "кекса синьора" ғолиб бўлиши муҳим эди. Бироқ ўйин туринликлар хоҳлагандек бошланмади. Марин қанот бўйлаб югуриб, Жоао Педрога пас берди. "Кальяри" сардори эса имкониятдан унумли фойдаланиб, ҳисобни очди. "Ювентус" дарҳол босим қила бошлади, лекин Краньо бир неча бор меҳмонларнинг хавфли зарбаларини қайтарди. Аммо бир вазиятда Пеллегрини ажойиб зарба берди, бироқ такрорий кўрилган видеодан аниқ бўлдики, тўп Рабьонинг қўлига тегиб дарвозага кирган экан. Натижада гол бекор қилинди. Куадрадо жуда фаол ўйнади ва тайм якунида у сабабли ҳисоб тенглашди. Унинг ҳаводан берган пасини Де Лигт боши билан дарвозага жойлаб қўйди.
Иккинчи тайм бошида Дибала ҳаводан яхши зарба берди, аммо тўп дарвоза тепасидан ўтиб кетди. "Юве" мезбонларнинг ҳимоя чизиғига зич жойлашиб олди. Яна Куадрадо фаол бўлди, аммо бошқалар ҳам қолишмади. Натижада босим самара берди. Дибала берган пасни Душан Влахович рақиб дарвозасига жойлаб қўйди ва голсиз сериясига нуқта қўйди. "Кальяри" хавфли зонага яқин турибди, "Ювентус" эса етакчиларга яқинлашиб олди.
"Фиорентина" "Наполи"ни мағлуб этди
Қизиғи, "Фиорентина" баҳсни фаоллик билан бошлади. 1-дақиқадаги Бирагининг зарбаси анча хавфли чиқди. "Наполи"нинг ўнг қаноти анча оқсади ва ўша ердан гол ўтказиб юборилди. Бираги пас берди ва тўпни қабул қилиб олган Николас Гонсалес гол урди. Марио Руи дарҳол жавоб қайтариши мумкин эди, аммо тўп дарвоза тепасидан ўтиб кетди. Аммо танаффусгача "партенопейлар" унчалик фаол ўйнашмади.
Бироқ иккинчи тайм бошида "Наполи" дарҳол ҳужумга ўтди. Осимхен икки рақибини алдаб ўтиб, тўпни Мертенсга оширди, у эса имкониятдан унумли фойдаланиб, ҳисобни тенглаштирди. "Наполи" яна олдинга ўтиш ўрнига, қарши ҳужумга дуч келди. Гонсалес шеригига пас берди, Иконе эса узоқ бурчакка тўпни жойлаб қўйди. "Наполи" ҳужумга ўтди, аммо меҳмонлар дарвозаси ёнида вазиятлар ярата олмади. Мале узатган тўпни Кабрал қабул қилди ва Дзанолини алдаб ўтиб, Оспина дарвозасини ишғол қилди. "Наполи" бўш келмади, жамоа тайм охирларида қатор вазиятлар яратди ва ҳаттоки, гол уришга ҳам муваффақ бўлди. 84-дақиқада Осимхен гол урди. Аммо ҳисобни тенглаштиришнинг иложи бўлмади. Ҳа, "Фиорентина"ни муҳим ғалабаси билан табрикласак ҳам бўлади.
"Аталанта" "Сассуоло"га ютқазди
Меҳмонларга Европа Лигасидан кейин осон бўлмаслиги аниқ эди. "Сассуоло" ўйинни фаолроқ бошлади, Распадорининг зарбасидан кейин дарвоза "тўққиз"лигига кетаётган тўп голга айланмаслиги учун Муссо астойдил ҳаракат қилди. Бунга "Аталанта" Сапатанинг узатмасидан кейин Пашаличнинг дарвоза тўсинига теккан зарбаси билан жавоб қайтарди. Кўп ўтмай, "Аталанта"нинг жарима зарбаси айнан Гасперини шогирдларининг дарвозаси томон уюштирилган ҳужум билан якунланди. Кирьяполоус тўпни Траорега ташлаб берди, у эса биринчи ҳаракатда тўпни ўзига ўнглаб, иккинчисида зарба берди. Бу билан Траоре тўхтамади, жарима майдончаси бурчагида рақибларини алдамчи ҳаракатлар билан доғда қолдирган футболчининг зарбасидан кейин тўп дарвоза тўсинига тегиб қайтди. Бўлим охирида Кирикеш бурчакдан узатилган тўпни дарвозага йўллади, аммо Муссо жамоаси жонига оро кирди.
Иккинчи бўлимни ҳар икки жамоа фаол бошлади ва хавфли вазиятлар билан алмашишди. Айниқса, Хамед Траоре фаоллиги билан ажралиб турарди. "Аталанта" ҳужумга катта куч билан ўтишни бошлар экан, "Сассуоло"да қарши ҳужумлар учун имконият ошарди. Шундай вазиятларнинг бирида Дефрель қанотдан узатилган тўпни дарвоза устунига йўллади. Бергамоликлар фақатгина ўйин сўнгида гол уришни уддалашди. Муриэль ҳимоячилардан чаққонроқ ҳаракат қилди ва дарвозабонни ҳам доғда қолдирди. Бироқ мағлубиятдан қутилиб қолиш учун вақт етмади.
"Женоа" "Лацио"га енгилди
"Грифонлар" беллашувни фаол бошлашди. Қанотдан келган узатмадан сўнг Остегорд яхши зарба йўллади, аммо Стракоша панд бермади. Шундан кейин ўйин темпи кескин тушиб кетди. Фақатгина 30-дақиқага келиб, Марушич Лукас Лейванинг узатмасидан кейин рақибларидан қочиб кетди ва дарвозабонни ёнидан тўпни ўтказа олди. Черногориялик кейинги ҳужумдаёқ дубль расмийлаштириши мумкин эди, лекин бу сафар "грифонлар" посбони панд бермади. "Бургутлар" страйкери яна бир нечта вазиятга эга бўлди ва охири ниятига етди. Лаццарининг жарима майдончасига йўллаган тўпини Иммобиле биргина ҳаракат билан дарвозага жойлаб қўйди.
Иккинчи бўлимнинг биринчи хавфли вазиятида Луис Альбертонинг зарбасидан кейин Сиригу ажойиб отилиши эвазига дарвозага кириб кетаётган тўпни қайтаришга муваффақ бўлди. Кўп ўтмай, испаниялик ассистент сифатида фаоллик кўрсатди. У ташлаб берган тўпни Чиро Иммобиле ҳимоячилар билан курашда устун келиб, эгаллаб олди ва иккинчи голини уришга эришди. Шундан сўнг, "Женоа" ҳам бироз жонланди. Қанотдан узатилган тўпни Габбарон ўз дарвозасига йўллаб қўйди. Аммо бу "грифонлар"га қандайдир умид берди деб бўлмайди. Ўйин сўнгида Педро товони билан Иммобилега етказди ва Чиро ўткир бурчакда бўлишига қарамай, Сиригуни доғда қолдирди. Хет-трик ва тўпурарлар пойгасида сезиларли устунлик таъминланди.
Шунингдек, "Милан" ва "Торино" баҳсида ҳисоб очилмади, "Рома" "Салернитана"ни мағлуб этди, "Удинезе" "Венеция" устидан ғалаба қозонди.
Сергей Румянцев
Комментарии