Танишамиз: ўзимизнинг футзал
15 ноя 2016 12:59
Новости
Танишамиз: ўзимизнинг футзал
Мусобақа бошланиши арафасида юртимизда фаолият юритадиган машҳур спорт журналисти бўлмиш Дмитрий Попов, футзал мавзусига қайтган холда, янги мавсумда миллий чемпионатимизда иштирок этадиган жамоалар билан ўқувчиларни яқиндан таништириб ўтади.
Қўшимча маълумот
Айтиб ўтганимиздек, кириб келган мавсум футзал бўйича юртимизда ўтказиладиган миллий чемпионатнинг 21-мавсуми бўлади. Ўзбекистон чемпионати куз-баҳор тизимида ўтказилади ва мусобақанинг ғолиби Осиёда клублар ўртасида ўтказиладиган энг нуфузли мусобақа – чемпионлар Лигасига йўл олади. Янги мавсумда жами 11та жамоа иштирок этади. Барча жамоалар бир-бири билан 2 мартадан ўйнаб чиққандан сўнг, чемпионатда 1-8 ўринларда жойлашган жамоалар плей-офф босқичида куч синашади. Ўтган йили барча босқични муваффақиятли якунлаган “Олмалиқ” жамоаси ҳозирги кунда Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони ҳисобланади. “Олмалиқ” жамоаси аъзоси Жамолиддин Шарипов эса, 38та голга муаллифлик қилган ҳолда, XX Ўзбекистон чемпионатининг тўпурари бўлган.
Ўзбекистон чемпиони номини қўлган киритган жамоалар рўйхати:
“Ардус” (Тошкент) – 6 карра Ўзбекистон чемпиони, “Турон-С” (Андижон) – 4, “Локомотив” (Тошкент) ва “Олмалиқ” (Олмалиқ) – 2, “Строитель-Зарафшон” (Зарафшон), “Рўзмат Мадаминов” (Хива), “Жиззах-С” (Жиззах), ДЖКА “Юнусобод” (Тошкент), “Нафис” (Самарқанд), “Учқудуқ” (Учқудуқ) – 1 маротабадан.
XXI миллий чемпионат
1.ОЛМАЛИҚ (Олмалиқ ш.)
Икки карра Ўзбекистон чемпиони. Жамоа бош мураббийи Александр Петров “Олмалиқ” сафига Ўзбекистон миллий терма жамоаси таркибида тўп сурадиган кўплаб машҳур футзалчиларни жалб этган. “Олмалиқ” доимий равишда ўз таркибини мустаҳкамлайди, хусусан, кириб келаётган мавсумда клуб шарафини “Ардус” ва Ўзбекистон терма жамоаси таркибида ёрқин ўйин намойиш қилган Артур Юнусов ҳимоя қилади. “Олмалиқ” футзал клублари орасида энг ёш жамоалардан бири ҳисобланади ва ҳали ўз тарбияланувчиларини тайёрлашга улгурмаган, албатта бунинг учун бироз вақт талаб этилади.
“Олмалиқ” келажакда қандай кучга эга бўлиши клуб раҳбариятининг сиёсатига боғлиқ албатта. Ўз тарбияланувчиларига эга бўлиш учун эса, клубга ўз футзал мактабига эга бўлиш, унга болалар ва ўсмирларни жалб этиш талаб этилади. Бундан ташқари, “Олмалиқ” футбол клубида омади юришмаган ёшларни ҳам футзалда синаб кўрса бўлади.
2.АРДУС (Тошкент ш.)
Янги мавсумда клубда миллий терма жамоамизни Жаҳон чемпионатига олиб чиққан испан мутахассиси Хосе Мария Мендез ишлайди. Айтиб ўтиз жоизки, бутун дунё бўйлаб, ФИФАнинг “ПРО” лицензиясига эга бўлган футзал мураббийларини сони ўн кишидан сал ортиқроқдир. Улар қаторига Мендез ҳам киради. Жамоа ўз олдига доимо энг юқори мақсадларни қўйиб келади. Бугунги кунга келиб “Ардус” мамлакатимизнинг энг кўп унвонга эга жамоаси ҳисобланади. Бундан ташқари, ўзбек клублари орасида фақатгина “Ардус” чемпионлар Лигасининг финалига қадар етиб борган. Ушбу натижани пойтахт клуби 2012 йилда қайд этганди.
“Ардус” клубига эътибор қаратсангиз, унинг сафи доимий тарзда ёш футзалчилар билан бойитиб борилишига гувоҳ бўлишингиз мумкин. “Ардус” таркибидаги футзалчилар ҳам доимий тарзда миллий терма жамоага чақирилишади. Яна бир қизиқ ҳолат: “Ардус”нинг бюджети ўртамиёна клубларникидан ҳам кам, аммо жамоа доимий равишда чемпионатнинг совриндорлари қаторида бўлади. Буни “Ардус” феномини деб атаса ҳам бўлади.
Бу йилдан эътиборан, футзалчилик фаолиятини якунлаган Нодир Элибоев, “Ардус”нинг катта мураббийи сифатида ишлайди.
Бу ерда яна бюджет мавзусига қайтиб, бир нарсани таъкидлаб ўтсак. “Ардус”даги маош ва турли хил бонуслар катта миқдорга эга бўлмаса-да, клуб нафақат Ўзбекистонда балки бутун Осиёда ҳам энг стабил ва узилишларсиз маош тўлайдиган жамоалар қаторига киради. Шу сабабли ҳам, баъзи футзалчилар катта, аммо 100% аниқ бўлмаган маош ўрнига, “Ардус”даги ўртача, лекин стабил маош олишни танлайдилар. Албатта, бу тўғри ёки нотўғрилигини ҳар бир инсоннинг ўзи ҳал қилади.
3.ДЎСТЛИК-AIN (Қарши ш.)
Мақтовга арзигулик жамоа. Олий лигадаги дебют мавсумида “Дўстлик-AIN” кучли учликдан жой эгаллади. Жамоа таркибини аксари маҳаллий футзалчилардан тузилган. Ёш футзалчиларни таркибга доимий равишда қўшилиб келиши эса, албатта жуда ҳам тўғри ва самарали ишдир. Қизиғи, “Дўстлик-AIN”нинг бюджети деярли тўлалигича, фақатгина жамоа раҳбарининг маблағига қопланади. Албатта, Қашқадарё вилояти раҳбарияти клубга ёрдам кўрсатади, лекин асосий оғирлик барибир клуб раҳбарига тушади. Бу каби жонбозликни бугунги кунда жуда кузатиш мумкин, шунинг учун ҳам вилоят раҳбарларидан “Дўстлик-AIN”га кўпроқ ёрдам кўрсатишларини сўраган бўлардик.
4.БУНЁДКОР (Тошкент ш.)
Яқин ўтмишда Ўзбекистоннинг энг зўр тўпурарларидан бири бўлган Абдулла Бўриев, ҳозирда “қалдирғочлар” мураббийидир. Унинг тўпурарлик қобилияти “Бунёдкор”нинг ўйин услубида ҳам акс этади. Ушбу жамоа ҳужумда жуда чиройли ва мазмунли ўйин намойиш этади. Аммо “Бунёдкор” ўз ҳимоясига кўпроқ эътибор қаратиши лозим. Айнан ҳимоаядаги хатолар ўтган йили жамоага анча ноқулайликлар олиб келди.
“Бунёдкор” таркиби кўпинча ёш футзалчилар билан бойитиб борилади. Улар ўзларини энг яхши томондан кўрсатишга ҳарақат қилишади. Гол уришни ҳам уддалашади, лекин кўпроқ диққатни талаб қиладиган ҳимоя чизиғида тажрибасизлик қилишади. Натижада, тажрибалироқ бўлган рақиб ҳужумчилари уларни жазолашади. Бундан хатолар келажакда камайишига ишонамиз, чунки уларни бартараф этиш учун кўпроқ тажриба керак бўлади. Бўриевнинг моратига шубҳа қилмаймиз.
5.КОГОН (Когон ш.)
Бу ерда ҳам ёшларга бўлган эътибор кишини қувонтиради. Қадимий Бухоро шаҳрининг кичик тумани бўлмиш Когонда футболни ва футзални ривожлантириш учун етарли захира бор. Мухлислар “Локомотив-Когон” футбол жамоасини яхши эслашса керак. Футзал клубини бошқариш эса, анча камроқ маблағ талаб этилади. Ҳозирда “Когон” футзал жамоаси чемпионатда барча клублар учун ўта ноқулай рақиб ҳисобланади. Буни бошқа клуб футзалчилари кўп маротаба таъкидлаб ўтишган.
6. ТУРОН-СОЛИҚЧИ (Андижон ш.)
Ушбу жамоа клубларимиз орасида энг узоқ тарихга эга. 4-карра Ўзбекистон чемпиони, чемпионатнинг кўп карра кумуш медаллари соҳиби, қачонлардир рақиб ўйинчиларини даҳшатга сола олган. Аммо, афсус билан айтиш мумкинки, бугун “Турон-Солиқчи”нинг аҳволи буткул ўзгарган. Заиф моддий базага эга бўлган Андижон вилоятининг жамоаси, яхши кадрларга ҳам мухтожлик сезмоқда. Барча қийинчиликларга қарамасдан, “Турон-Солиқчи” чемпионатнинг ўртамиёна жамоалари қаторида юришни уддалаяпти.
Бугунги кунда “Турон-Солиқчи”нинг энг катта муаммоси, маҳаллий раҳбариятнинг жамоага бўлган эътиборсизлигидадир. Бу ерда футбол билан параллел келтирса ҳам бўлардию, аммо мавзудан четлашмаган ҳолда, ишимизни давом эттирайлик. Фақатгина бир қўшимча бор. “Турон-С” — футзалимизнинг анъаналари ва фундаменти. Агарда ушбу факторлар кимлар учундир қимматли бўлса, ўша инсонларни жамоага ёрдам беришларини сўраймиз.
7. МАКСАМ-ЧИРЧИҚ (Чирчиқ ш.)
Чирчиқ шаҳрида футзални яхши кўришади. Унга жиддий эътибор қаратишади. Бирон марта ҳам чемпионликни қўлга кирита олмаган “Максам-Чирчиқ” уч бор бронза медаллари соҳиби бўлган ва Кубок ўйинларида ананавий тарзда кучли иштирок этиб келади. Бир марта эса, “Ардус”ни финалда доғда қолдирган чирчиқликлар Ўзбекистон Кубоги соҳибига айланишган. “Максам-Чирчиқ” сафида ёшлар билан биргаликда, анчагина тажрибали ўйинчилар тўп суришади. Масалан, Баҳодир Аҳмедов олайлик. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи, 40 ёшни қаршилаган Баҳодир ҳамон футзал ўйнашда давом этмоқда. Аҳмедов тўғрисида: “Бу инсон футзал ўйнаш учун туғилган” деб бемалол айтса бўлади.
“Максам-Чирчиқ” жамоасига Абдужаббор Гафаров мураббийлик қилади. У ҳам ҳақиқий футзалсевар ва улкан тажрибага эга бўлган инсон.
Ўтган йили “Максам-Чирчиқ” чемпионатда кутилганидек кучли иштирок эта олмади. Аммо бу жамоани нималарга қодир эканлигини футзални кузатиб борадиган мухлису мутахассислар яхши билишади.
“Максам-Чирчиқ” жамоаси “Максам-Чирчиқ” акционерлик жамиятига тегишлидир. Кимё саноатида фаолият юритадиган ушбу жамиат “Узкимёсаноат” ва испаниянинг “Maxamcorp S.A.U” корпорацияларининг қўшма корхонаси ҳисобланади.
8.НАФИС (Самарқанд ш.)
Охирги 3 йил ичида Самарқандда катта ўзгаришлар юз берди. Шаҳарда қурилган янги спорт мажмуаси фаолият юритишни бошлагач, кўплаб ёш иқтидорлар пайдо бўлиб бошлади. Улардан баъзилари эса, миллий ва ёшлар терма жамоаларига жалб этилган. “Нафис” жамоаси 2002-2003 мавсумда Ўзбекистон чемпионлигини кўлга киритган.
9. ЛОКОМОТИВ (Тошкент ш.)
Жамоа тарихи узун бўлмаса-да, анчагина бой ҳисобланади. 2012-2013 йиллардаги мавсумда “юлдузли” таркибга эга бўлган “Локомотив” мамлакат чемпионига айланди. Кейинги мавсумда ҳам “темирйўлчилар” 1-ўринни эгаллашди. Ўша йилларда жамоага яхши маблағ ажратилди ва мақсадга эришилди, аммо қаторасига 2 бор чемпионлик қўлга киритилганлигидан сўнг ва чемпионлар Лигасида яхши натижага эриша олмагач, раҳбарият томонидан эътибор пасайди.
Бугунги “Локомотив”дан нима кутиш мумкинлигини айтиш қийин. Жамоа ўз резервига эга эмас ва ушбу клубдан ёш иқтидорлар деярли чиқмаган.
10. ПАХТАКОР (Тошкент ш.)
Ушбу жамоа олдига улкан мақсадлар қўйилмаган. Равшан Ражабов мураббийлик қилаётган “Пахтакор” жамоаси бюджети жуда ҳам кичкина. Мураббийнинг ўзига ҳам осон эмас. Жамоа деярли ҳар йили янги таркибда иштирок этади. Сабаби эса оддий. “Пахтакор”да иқтидорли футзалчилар пайдо бўлиши билан, уларни жиддийроқ жамоалар ўз таркибига қўшиб олишга тушишади ва кўп холларда шундай бўлади ҳам. Лекин “Пахтакор”нинг кучли томони ҳам шунда. Жамоадан ҳар доим ёш иқтидорлар чиқади, албатта бунда мураббийнинг ҳам хизмати катта.
11.МЕТАЛЛУРГ (Бекобод ш.)
Чемпионат дебютанти. Жамоа шаклланиши билан таркибга бир қатор тажрибали футзалчилар жалб этилди. Бош мураббий этиб эса, Ўзбекистон терма жамоасининг собиқ ўйинчиси Николай Одушев тайинланди. Одушев мураббийлик фаолияти билан ҳам яхши таниш. Мураббий сифатида у “Максам-Чирчиқ”, “Ардус” ва терма жамоаси сафида ҳам ишлашга улгурган. “Металлург” ўзининг илк мавсумидан қандай натижа кўрсатишинини эса вақт кўрсатади.
P.S. Қуйида Ўзбекистон чемпионатининг 1-босқичи, 1-тури доирасида ўтказилган дастлабки кунда ўтказилган натижалар келтирилган.
14 ноябрь, сешанба
Пахтакор – Бунёдкор 1:5
Металлург – Локомотив 4:1
Дўстлик-AIN – Максам-Чирчиқ 3:2
Когон – Ардус 3:2
Олмалиқ – Нафис 6:1
Комментарии