RU

Последние новости

14:03Пеп "Милан"га имконият бой берилгач: "Ман Сити" бугун яхшироқ ўйнади"  1 13:36Рожерио Микале: "Мисрликларнинг жанговар руҳи Ўзбекистонни мағлуб этишда ҳал қилувчи рол ўйнади"   14 13:14"Барселона" араблардан максимал равишда кўпроқ пул ишлаб олмоқчи  2 12:46"Севилья" "Интер" ярим ҳимоячисини сотиб олмоқчи  1 12:19Тадич ҳам Саудия Арабистонига кўчиб ўтадими? Унда "Ал Қодисия"дан таклиф бор  1 11:55Ўзбекистон футзал терма жамоаси Тошкентда йиғин бошламоқда — Даврон Чориев сафга қайтди   1 11:34МЮ ҳимоячиси "Вест Хэм"га ўтишга яқин турибди  3 11:09Доминикан Республикаси ОТЖ сардори Ўзбекистонга қарши ўйинни ўтказиб юборади  14 10:44Даврон Ҳошимов иккинчи даврани Суперлигада ўтказади  7 10:10«Сурхон» ўтган йилги легионерини ортга қайтарди  5 09:37«Барселона» «отмен»! Нико Уильямс келажаги борасида бир қарорга келди  7 09:05«Бухоро» «Андижон» футболчиси билан шартнома тузди  2 08:32Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Япония билан жанговар дуранг ўйнади  7 07:58Испанлар Европани «забт этишди». «Қизил фурия» икки кун ичида иккита «Евро»да ғалаба қозонишди  8 07:26Ўртоқлик учрашуви. «Қўқон-1912» «Сўғдиёна»ни мағлуб этди   1

Шамил Яфаров: “Бугунги ёшларга ҳавас қиламан” Новости

Шамил Яфаров: “Бугунги ёшларга ҳавас қиламан”

Кундан-кунга чирой очиб бораётган шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфаси кўзларимизни қувонтиради. Замонавий ва жаҳон талабларига тўлиқ жавоб берувчи спорт мажмуаларини айтмайсизми?
Қай ерга борманг, албатта, болалар билан гавжум спорт кошоналари, майдончаларига кўзингиз тушади. Буларнинг бари мустақиллик шарофати. Айнан истиқлол туфайли юртимизда жаҳон стандартларига тўлиқ жавоб берувчи муҳташам стадионлар ҳам бунёд этилди ва бу жараён жавом этяпти. Биргина Тошкент вилоятининг ўзида қисқа фурсат ичида иккита замонавий стадион қурилди. Бу вилоят футбол аҳли учун ҳақиқий совға бўлди. Олмалиқ ва Бекобод шаҳарларида қад ростлаган бу кўркам стадионларда бугунги кунда “Олмалиқ” ҳамда “Металлург” жамоалар ўз уй ўйинларини ўтказиб келишяпти. Бежиз пойтахт вилоятидаги стадионлар ҳақида сўз очмадик. Тошкент вилояти футбол федерацияси вице-президенти, футбол жонкуяри Шамил Яфаров билан уюштирган суҳбатимиз айнан шу мавзуда бўлди.

- Тошкент вилоятида жаҳон талабларига жавоб берувчи стадионларимиз йўқ эди, - дея сўз бошлади Шамил ака Яфаров. - Мустақилликка эришганимиздан сўнг, шунингдек, давлатимиз раҳбарининг бир нечта қарор ва фармонларидан кейин мамлакатимизда футболга жуда катта эътибор қаратила бошланди. Дастлаб Бекобод шаҳрида 15 минг мухлисга мўлжалланган стадион барпо этилди. Бу йил эса Олмалиқда 12 минг томошабинни ўз бағрига сиғдира олувчи стадион очилди.



Олмалиқда фақат стадион эмас, бутун бир спорт шаҳарчаси бунёд этилди, десам тўғри бўлади. У ерда баскетбол, волейбол, қўл тўпи, теннис каби бир нечта спорт турлари бўйича бемалол республика миқёсидаги мусобақаларни ўтказиш имконияти бор. Айнан мен санаб ўтган спорт турларида Тошкент вилояти жамоалари олий лига баҳсларида иштирок этиб келишяпти. Демак, бу жамоаларимиз учун ҳам мажмуа том маънода совға бўлди. Энди Тошкент вилояти футболи ҳақида гап кетганда, унинг бой тарихини ёдга олмай илож йўқ. “Пахтакор-79” жамоаси таркибида ёрқин из қолдирган дўстларим - Владимир Фёдоров, Михаил Ан, Олим Аширов Тошкент вилояти футболи тарбияланувчилари хисобланади. Биргина Сервер Жепаровни олсак, Чирчиқ шаҳрида туғилиб, миллионлар ўйинининг илк сир-асрорларини шу ерда ўрганган футболимиз фахри икки бор Осиёнинг энг яхши футболчиси деб топилди. Бу бизга чексиз ғурур бағишлайди. Бундан ташқари, Александр Гейнрих ва Илёс Зейтуллаев Ангрен шаҳрида футбол ўйнашни бошлашган. Оққўрғон туманидан Ислом Иномов, Бахтиёр Қамбаралиев, Бўкадан раҳматли Александр Шадрин ҳам вилоятимиз футболи фахри саналади.

Осиё ўйинларига терма жамоа таркибида йўл олган Фозил Мусаев ҳам пойтахт вилояти футболи тарбияланувчидир. ЎФФ Фахрийлар кенгашига раислик қилаётган Наримон Жалолов кўп йиллар давомида Тошкент вилояти спорт қўмитасига раҳбарлик қилганлар. Устозимиз ана шу йиллар мобайнида пойтахт вилояти спорти, хусусан футболининг ривожига жуда катта хисса қўшганлар. Фахрланадиган ҳолат шунадки, вилоятимиз клублари тажрибали мураббийларга эга. “Олмалиқ” жамоасида бош мураббий Игорь Шквирин истеъдодли мутахассислар Геннадий Денисов ва Ойбек Усмонхўжаев билан бирга ишлаб келяпти. “Металлург”да Февзи Давлетов ва Абдуқаҳҳор Маъруфалиев катта тажриба тўплаяпти. Иккала жамоамиз ҳам олий лигада бир текис ўйин намойиш этиб келмоқда. Энг муҳими, “Олмалиқ” ҳам, “Металлург” ҳам терма жамоаларимизга футболчилар етказиб бера бошлади.

“Металлург”дан Шаҳзод Нурматов Озарбайжон терма жамоасига қарши Боку шаҳрида бўлиб ўтган учрашувда миллий терма жамоамиз таркибида майдонга тушди. Мана куни кеча Осиё ўйинларида қатнашадиган терма жамоамиз сафида Кореяга жўнаб кетди. Олмалиқ жамоасидан ҳам турли терма жамоаларимизга футболчилар чақириляпти. Бундан албатта хурсанд бўламиз. Яна бир қувонарли ҳолат шундаки, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Уммонга қарши ўртоқлик ўйини Олмалиқ шаҳрида бўлиб ўтди. Бу вилоятимиз футбол ишқибозлари учун ҳақиқий совға бўлди.

- Тошкент вилоятида истеъдодли ёшларни ўз вақтида аниқлаб, етакчи клубларга тавсия қиладиган селекционер мураббийлар етарлими?
- ЎФФ ташаббуси билан барча вилоятларда селекция хизмати йўлга қўйилган. Хусусан, бизда ҳам истеъдодларни аниқлаб келаётган мураббийлар ишлашяпти. Минтақалар бўйича махсус турнирлар ташкил қилиниб, ҳар бир вилоятдан келган ёш футболчилар орасидан энг саралари танлаб олиняпти. Қолаверса, ўтказиб келинаётган уч босқичли узлуксиз спорт мусобақалари - “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ҳамда “Универсиада” ҳам истеъдодли футболчиларнинг юзага чиқишига замин яратмоқда. Ҳозирги ёшларга ҳавас қиламан.

Биз тўп тепа бошлаган даврда футбол билан шуғулланиш учун шароитлар ҳозиргидек эмас эди. Фахрий футболчиларимиз бу ҳақда кўп гапиришган. Бутса ва тўплар оғир бўлган. Майдонларнинг сифатида ҳам унчалик яхши эмас эди. Ёшларимиз бугунги кунда яратилган шароитларнинг қадрига етишлари керак. Табиий чимли ва сунъий қопламали майдонлар кечаю кундуз ёшларнинг ихтиёрида. Ўз ўрнида биз ҳам жойларда оммавий футболни ривожлантиришга эътибор қаратяпмиз. Очиғи, пойтахтда йўқ майдонлар Тошкент вилоятида бор. Бундан фахрланамиз.   



- Шамил ака, биз сиз билан суҳбат қуриб ўтирган “Пахтакор” стадиони бой тарихга эга. Бу стадионда кимлар ўйнамади, қандай клублар меҳмон бўлмади, дейсиз. Шахсан сизга ҳам бу бахт насиб қилган. Бўлиб ҳам, “Пахтакор”нинг олтин авлоди билан бирга тўп тепгансиз...
- Ҳақиқатан ҳам мен бахтли инсонман. 1973 йили “Пахтакор” жамоасига таклиф қилишган. Ўша пайтда шонли жамоамизга Вячеслав Соловьев мураббийлик қиларди. Вячеслав Дмитриевич ўзбек футболи ривожига жуда катта хисса қўшган инсонлардан бири хисобланади. У жамоага асосан маҳаллий ўйинчиларни таклиф қилган. Тошкент, Самарқанд, Навоий, Бухоро вилоятларидан истеъдодли ёшларни “Пахтакор”га олиб келган. 1979 йили авиаҳалокатга учраган марҳум футболчилар билан олти йил бирга бўлиш бахти насиб этган. Бундан ҳар доим фахрланиб келганман. Оилавий борди келдиларимиз бўлган.

Базада бирга яшардик. Бирга машғулот ўтказардик. “Пахтакор”га келган илк пайтларимда менга тажрибали футболчилар Биродар Абдураимов, Владимир Штерн ва Тўлаган Исоқов жуда катта ёрдам берган. Оддий қишлоқдаги мактабдан келган ёш болага бу даражада эътибор қаратишади, деб сира ўйламагандим. Катталар қўллаб-қувватламаса, ҳеч қандай натижага эришиб бўлмайди. Икки-уч йил олдин “Пахтакор” жамоасининг яна бир олтин авлод вакилларидан бири Василис Хадзипанагис Тошкентга меҳмонга келди. У билан “Ўзбекистон” меҳмонхонасида учрашдик. Ўша пайтда “Насаф” жамоаси ҳам шу меҳмонхонага жойлашган экан. Василис футболчиларни кўриб, бу қайси жамоа ўйинчилари, деб сўради. Мен Қашқадарёда футбол жадал суратларда ривожланяпти, бу эса воҳанинг биринчи жамоаси “Насаф”, унга Анатолий Демьяненко мураббийлик қиляпти, деб жавоб бердим. Шунда Хадзипанагис ўша ернинг ўзида Демьяненко билан учрашди. Ўзбек футболининг бугунги куни, ўтмиши ҳақида анча пайт гаплашишди. Тошкентда дунёга келган Хадзипанагис ҳақиқий истеъдод эди.

- Мураббийларингиз ҳақида гапирганингизда марҳум устозингиз Идгай Тазетдиновни кўп бор эслайсиз. Бунинг ўзига яраша сабаблари борми?
- Идгай Борисовични биринчи мураббийим деб биламан. “Пахтакор”дан олдин Тошкент вилоятининг “Политотдел” клубида ҳам ишлаган. Тазетдиновнинг дунё қараши, маданияти, педогогик услубларини ҳурмат қилардим. Бир кун машғулот ўтказмасанг, бутсангни ўша куниёқ михга илиб қўявер, дерди. Қаттиққўл мураббий эди, деб айта олмайман. Футболчиларнинг оилавий ҳолати билан ҳам қизиқарди. Уйида муаммоси бор футболчи ҳеч қачон яхши ўйин намойиш эта олмаслигини билгани учун ҳам ҳамиша бу нарсадан эътибордан четда қолдирмаган.

- Сизнигча, ўзбек футболининг ХХ асрдаги энг яхши уч нафар футболчиси ким?
- Бундай футболчилар кўп бўлган. Геннадий Красницкий, Биродар Абдураимов, кейинги авлод вакиллари сифатида Тўлаган Исоқов, Владимир Фёдоров, Михаил Ан, кейинроқ Миржалол Қосимов, Игорь Шквирин, бугунги кунда Одил Аҳмедов, Сервер Жепаров... ҳар бир даврнинг ўз юлдузлари бор. Красницкийнинг кучли зарбаси ҳақида узоқ гапириш, мисоллар келтириш мумкин. Покатилов машғулотдан сўнг қўлларим зирқираб оғрияпти, Красницкийнинг кучли зарбаларидан сўнг қўлларим шишиб кетди, деб нолир экан. Биродар Абдураимов ўзига яраша кучли техникага эга бўлган. Иккала футболчини ҳам Москва клублари ўз сафига чорлаган. Геннадий Александрович ажойиб таклифлар бўлишига қарамай, “Пахтакор”дан кетмаган. Эркин ака Абдураимов маълум вақт ЦСКА клубида ўйнаган. Григорий Федотов клубига аъзо бўлган. Ҳаммага ҳам бундай бахт насиб этавермасди.

Федотов клубига аъзо бўлиш, бу жуда катта обрў эди. Олий лига баҳсларида 100 та гол уриш осон эмасди. Ўша пайтда 18-20 нафар футболчигина бу клубнинг аъзоси бўлган. Биродар аканинг айтишича, у урган голларини санамаган. Есенин деган статист Абдураимовнинг голлари сони 80дан ошди, деб мақола ёзганидан кейингина, бу ҳақда ўйлай бошлаган экан. Кейин “Пахтакор” клуби тарихида энг кўп ўйин ўтказган футболчи ҳам айнан Абдураимов бўлган. Бу нарса ҳам менга катта фахр туйғусини бағишлайди. Ўзи аслида клуб тарихига эътибор қаратадиган бўлсак, “Пахтакор” ўз ҳужумчилари билан машхур бўлган. Ҳар бир даврнинг ўзига яраша кучли ҳужумчилари бўлиб, рақиб жамоаларни доимо қўрқувда ушлаб турган. Бу анъана мана бир неча йилдирки, узилиб қолди. “Пахтакор” хатто ўз майдонида битта ҳужумчи билан ўйнаган пайтлар бўляпти.



Ҳужумчилар олдинга ўтишга қўрқишади. Кўп кўраман, фақат орқага тўпни қайтаришади. Ўзлари 2-3 ҳимоячининг орасидан финт, дриблинг ишлатиб ўтиб кетишга юраклари дов бермайди. Футболимизда аксарият ҳолларда қанотлардан уюштирилаётган бесамар ҳужумларга гувоҳ бўляпмиз. Яхши ҳужумчилар деярли йўқ. Тўпурарлар рўйхатига эътибор қаратсангиз ҳам бунга гувоҳ бўласиз. Бунга ким айбдор? Албатта, мураббийлар, айниқса болалар билан ишлайдиган мутахассислар бу нарсани ўз зиммаларига олишлари керак. Истеъдодлар жуда кўп, фақат уларни ўз вақтида аниқлаб, юзага чиқариш лозим.  Юқорида айтганимдек, Красницкий ва Абдураимов бугунги кун ҳужумчиларига ҳар томонлама ўрнак бўла олади. Рақиб ҳимоячилар бу икки ҳужумчимиздан ростакамига қўрқишган.

Геннадий Красницкий жарима тўпи тепаётганда, жонли деворда турган футболчилар “Гена фарзандларимиз бор, бизни ўйламасанг ҳам, уларни ўйлагин”, деб айтишар экан. Красницкий дастлаб “Пишевик” клубида тўп тепган. Булоқ топилгани учун “Пишевик” стадионини бузиб ташлашади. Шундан сўнг Геннадий Александрович “Пахтакор” футбол мактабига борган. У ерда тажрибали мураббий Сергей Арутюновдан футбол сир-асрорларини ўрганишни давом эттирган. Ярим йилдан сўнг уни “Пахтакор”нинг асосий таркибига жалб этишган. 17 ёшида Ўзбекистон терма жамоаси таркибида ўйнай бошлаган. Михаил Ан ҳақида гапирсам, у майдонда диспетчерлик вазифасини бажарарди. Агар Миша майдонга тушмаса, ўйин схемаси умуман ўзгариб кетарди. Чунки, жамоа ўйини Ан орқали тузиларди.  

- Халқ орасида Красницкийнинг зарбаси кучли бўлганидан оёғига боғич боғлаб тушарди, деган гап юради. Шу тўғрими?
- Унинг зарбаси жуда кучли бўлганлиги айни ҳақиқат. Лекин оёғига боғич боғлаб тушмаган. У бетакрор истеъдод соҳиби бўлган. Бежизга уни Ўзбекистоннинг ХХ асрдаги энг яхши футболчиси деб топишмаган. Красницкийни ўз сафида кўришни истаган жамоаларнинг оҳири йўқ эди. Ўша пайтнинг энг кучли клублари уни катта пул, машина, уй-жой, дала ҳовли эвазига ўз сафларига чорлашарди. Лекин у ҳақиқий ватанпарвар эди. Уни бойлик умуман қизиқтирмаган. “Пахтакор”ни жуда яхши кўрарди. Ўзи бизнинг ва биздан кейингги авлод футболчиларига бу ҳислат хос бўлган.

- Футболчиларнинг ёшини сунъий равишда кичрайтиришлар ўша пайтда ҳам бўлганми?
- Шахсан мен бундай ҳолатга гувоҳ бўлмаганман. Балки бўлгандир. Бу нарсага жиддий қараларди. Бугунги кунда кўп эшитиб қоляпмиз, давлат томонидан бериладиган туғилганлик ҳақидаги ҳужжатни қўрқмасдан қалбакилаштиришяпти. Шунинг учун ҳам аксарият футболчилар 30 ёшга тўлмай, фаолиятларини якунлашяпти. Ёшни кичрайтирган билан инсоннинг организми ёшариб қолмайди. Барча шароитлар муҳайё этилган даврда яшаётган ёшларга талабни кучайтириш керак. Ҳукуматимиз томонидан болалар футболига жуда катта эътибор бериляпти. Бу қўлга киритилаётган ютуқлар замирида айнан давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган оқилона сиёсат ва ғамҳўрлик ётибди.

Эътибор берсангиз, дунёнинг ҳеч қайси бир давлатида Ўзбекистонда бўлгани каби спортга, хусусан футболга эътибор қаратилмаяпти. Федерациямиз раҳбари Мираброр Усмоновга ҳам катта раҳмат. Барча ёш тоифасидаги терма жамоалар учун керакли шароитларни яратиб беряпти. Европанинг кўзга кўринган давлатларида турнир ва йиғинлар ташкил қилинмоқда. Аввал биз ўйнаган пайтлардабундай имкониятлар бўлмаган. Бугунги кун ёшлари ўзлари учун яратилаётган шароит ва тақдим этилаётган имкониятлардан максимал даражада фойдаланишлари шарт. Бу борада замонамиз ёшларига ҳавас қиламан.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди
Рейтинг:    

Комментарии

championat.asia
< посмотреть последние новости
Яндекс.Метрика