RU

Последние новости

23:35Суперлига. "Сурхон" – "Шўртан" 1:0  0 23:24Ўзбекистон терма жамоасининг Дубайдаги машғулоти  2 22:57 8 та ўйиндан бери ғалаба қозона олмаётган "Аталанта" Юрични ишдан бўшатди  2 22:04Ўзбекистон U-17 терма жамоасининг расмий машғулоти  3 21:15Февзи Давлетов: "Рустам Турдимуродов жамоада қоладими? Тўғриси, бу саволга жавоб бериш мен учун қийин"  4 21:00Асрор Алиқулов: "Оддий вазиятда хатога йўл қўйиб гол ўтказиб юбордик"  0 20:42Месси "Камп Ноу"га келиб, стадионга кириш учун шахсан рухсат сўради  12 20:02Суперлига. "Сурхон" ўз майдонида "Шўртан"дан устун келди  16 19:50"Галатасарой" президенти Месси билан боғлиқ миш-мишлар ҳақида: "Биз бундай музокаралар олиб бориш мумкин бўлган даражага етдик"  5 19:21"Реал" Винисиус билан янги шартнома бўйича музокараларни тўхтатди  5 18:52Тимур Кападзе: "Мухлисларга доимий қўллаб-қувватлов, энергия ва жамоага бўлган ишончи учун катта раҳмат!"  19 18:35Puma Африка Миллатлар Кубоги тўпини тақдим этди  0 18:07"Барселона" бельгиялик вингерга кўз тикди  0 17:38"Барселона" "Атлетико" футболчисини Левандовскига ўринбосар деб билмоқда  4 17:12Ўзбекистон иқтидорларининг энг катта бозори — U-19 чемпионати плей-офф баҳслари эртадан старт олади  2

"Реал" очко йўқотди, "Арсенал" ва "Бавария" сенсацион тарзда тўхтатилди, Италияда янги етакчи — Еврофутбол дайжести Новости

"Реал" очко йўқотди, "Арсенал" ва "Бавария" сенсацион тарзда тўхтатилди, Италияда янги етакчи — Еврофутбол дайжести

Омонжон Тўхтамирзаев еврофутболда ортда қолган ҳафта қандай ўтганлиги ҳақида батафсил маълумот беради.

Гвардиола "Ливерпул"га имкон қолдирмади, "Реал", "Бавария", "Наполи" ва "Милан" ғалаба қозона олишмади. Анъанага мувофиқ янги ҳафтани еврофутбол дайжести билан бошласак. АПЛда инглиз "класико"си бўлиб ўтди, Италия топлари, "Интер"дан ташқари, яна очко йўқотди. 


Англия: "Арсенал" биринчи бор 2 та гол ўтказиб юборди, Гвардиола Слотга имкон қолдирмади

"Эвертон" ўз майдонида "Фулхэм"ни мағлубиятга учратди (2:0). "Вест Хэм" ва "Бёрнли" ўртасидаги аутсайдерлар курашида лондонликларнинг қўли баланд келди (3:2). "Ноттингем Форест" "Лидс"ни таслим этди (3:1) ва элитада жон сақлаш учун имкониятларини яхшилаб олди. "Ньюкасл" яна сафарда имкониятни бой берди — "Брентфорд" меҳмонларни ранжитди (1:3). "Кристал Пэлас" эса "Брайтон" билан муроса кўчасини танлади (0:0).

МЮ ғалаба қозонган тақдирда АПЛда топ-2га айланиб оларди — аслини олганда барчаси шунга қараб кетаётганди, ҳар икки жамоа сўнгги дақиқаларга анча сокин футбол намойиш этаётганди: "Юнайтед" ғалабали ҳисобни сақлаб қолиш учун ҳаракат қилса, "Тоттенхэм"нинг эса вазиятни ўзгартириб юбориш учун кучи етмаётгандек эди. Аммо кейин нималар бўлиб кетганини кўрганлар кўрди. Етти дақиқада  лондонликлар ҳисобда олдинга чиқиб олди — Ришарлисон гол ургач, ғалаба қувончидан йиғлаб юборай деди, лекин Маттейс де Лигт тажрибалироқ жамоадоши Гарри Магуайрнинг конспектларидан фойдаланган чоғи, Рубен Аморим жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолди.

"Сандерленд" бу мавсум ажабтовур ўйин намойиш этмоқда. АПЛ дебютантларига хос бўлмаган тарзда ишончли ўйин кўрсатаётгани етмагандек, Артета жамоасининг афсоналарга сабаб бўлиши кутилаётган "қуруқ серияси"га нуқта қўйди. "Арсенал" бунгача 812 дақиқа гол ўтказмаётганди, бу сафар эса Райя дарвозасидан бир йўла иккита тўп олиб чиқди. Алам қиладиган яна бир жиҳат "канонир"лар дарвозасига йўлни жамоа тарбияланувчиси — Дэниел Баллард очиб берди. Яна бир қизиқ факт: "Сандерленд" 90-дақиқадан кейин 5-голини уришга эришди — бу борада айнан улар Премьер-лигада етакчи.

"Челси" "Карабах" билан баҳсдаги дуранг учун "Вулверхэмптон"ни йирик ҳисобда мағлубиятга учратиб, мухлислари олдидаги айбини ювди. Бошқа томондан АПЛдаги Португалия филиалини бу мавсум ким истаса ютмоқда. Ўйин тақдирини эса кутилмаган персонажлар ҳал қилди, биринчидан, Мало Гюсто профессионал фаолиятидаги илк голини урди. Иккинчидан, танқидлар ёмғири остида қолаётган Алехандро Гарначо голли узатмалар бўйича дубль расмийлаштирди. Лондонликлар учун чиндан сифатли ўйин бўлди.


Испания: "Реал" очко йўқотди, Левандовскидан хет-трик

"Реал Сосьедад" "Эльче" билан баҳсда сўнгги дақиқаларда мағлубиятдан қутилиб қолди (1:1). "Жирона" Виктор Циганковнинг "Алавес" дарвозасига урган голи эвазига ғалаба қозонди (1:0) ва хавфли зонадан чиқди. "Севилья" қаторасига уч мағлубиятдан кейин ғалаба қозонди — "Осасуна" таслим этилди (1:0). "Атлетик" қийинчилик билан бўлсада, "Овьедо"ни (1:0) мағлуб этди.

Антуан Гризманн яна майдонда фарқ қилиб берди. Франциялик захирадан майдонга тушиб, 28 сонияда "Леванте" дарвозасини ишғол этди. Бундан ташқари Антуан бир мураббий қўл остида гол уриш бўйича Лионель Мессининг Ла Лигадаги рекордини янгилашга муваффақ бўлди. Лео ҳисобида Хосеп Гвардиола қўл остида 137 та гол бор эди, Гризманнда — Диего Симеоне билан 138 та бўлиб улгурди.

"Вильярреал"нинг ишлари ундан ҳам яхши. Марселино Тораль жамоаси сафарда "Эспаньол"ни енгди. Морено ва Молейро томонидан урилган голлар жамоага ғалаба келтирди. Жерар Морено узоқ бурчакни аниқ нишонга олган бўлса, ёш юлдуз Альберто Молейро керакли вақтда керакли жойда пайдо бўлиб, яқин масофадан бўш қолган дарвозага йўллаб қўйди. Мезбонлар 14 марта дарвоза томон зарба йўллади ва мағлубиятдан қутилиб қолиши ҳам мумкин эди, бироқ омад шу кеча рақиб томонда эди.

Ашаддий хейтерлар "Райо"ни "Реал"нинг "қотили" дейишлари мумкин ва бунга асослар етарли. "Мадрид" уч йилдан буён бу рақибни сафарда мағлуб эта олмаяпти, куни-кеча қайд этилган дуранг (0:0) қаторасига тўртинчиси бўлид. Аввалги ўйинларда мадридликлар ҳеч бўлмаса гол урарди, бу сафар у ҳам бўлмади. Хаби Алонсо оптимистик руҳни сақлаб қолмоқда: мавсум ҳали узоқ давом этади ва ваҳима қилиш шарт эмас. ЕЧЛда мағлуб бўлган "Реал" яна юта олмагани огоҳлик қўнғироғи бўлиши ҳам мумкин.

Инсайдерлар Роберт Левандовскини анча аввалдан нафақага кузатиб қўйишаётганди, лекин польшалик шошилмаган маъқул эканлигини "Сельта" билан ўйинда кўрсатиб қўйди. Унинг хет-триги "Реал" қоқилган турда жамоага муҳим 3 очкони тақдим этди. Виго жамоаси сўнгги вақтларда ишончли ўйин кўрсатаётганди ва каталонияликларга қарши тўқнашувдан аввал қаторасига 5 та ғалаба қозонганди. Аммо асосий рақиб дуранг ўйнаганидан руҳланган "Барселона"га қарши "Сельта"нинг кучи етмади.


Италия: "Интер" — А Сериянинг янги етакчиси, "Ювентус" — яна ғалаба қозона олмади

"Комо" бу сафар ҳам 0:0га имзо чекди — "Кальяри" билан. Ғалабалар бўлганида жамоа ҳозирга келиб, ТОП-4га мустаҳкам жойлашиб олган бўлармиди! "Рома" уйида "Удинезе"ни мағлубиятга учратди (2:0) — римликлар сафида Лоренцо Пеллегрини ва Зеки Челик голга муаллифлик қилишди. Натижада, энди "бўрилар" А Серия етакчилигини миланликлар билан бўлишмоқда. 

"Ювентус" аввалги 11 ўйинда 2 тагина ғалабали бироз ачинарли статистика билан дербига етиб келганди. "Турин дерби"си ишларни ўнглаш учун бошланғич нуқта бўлиши мумкин эди — ахир "Юве" бу тўқнашувда 2015 йилдан буён мағлубият нималагини билмайди. Бироқ Спаллетти жамоаси бу сафар ҳам рақибни таслим эта олмади: дарвоза томон берилган 22 та зарба таблодаги 0ни ўзгартира олмади.

Массимилиано Аллегри яна саргузаштлар оғушида. "Парма"га қарши баҳснинг 25-дақиқасига келиб, "Милан" 2:0 ҳисобида олдинда эди, лекин ғалабани қўлдан чиқарди. "Россонери" кийиниш хонасида танаффус вақтидаёқ навбатдаги уч очко байрамини уюштириб бўлганини сезиш учун мутахассис бўлиш шарт эмасди. Лекин майдондаги вазият ўзгариб, яна гол уриш керак бўлганида вазиятлар кўкка совурилди. Аутсайдерга қарши бундай ўйинлар билан чемпионлик қўлга киритилмаслиги ҳеч кимга сир эмас.

Антонио Конте Чемпионлар Лигасида мағлуб бўлиш билан кифояланмасдан, Скудеттони ҳам бой беришга киришган чоғи. "Наполи" "Болонья"га нафақат ҳисобда имкониятни бой берди, балки барча жабҳада рақибдан ёмонроқ ўйин намойиш этди ва учинчи ўринга тушиб кетди. Рақиб эса аксинча Тьяго Моттасиз ҳам "йўқолиб" қолишмади: ЕЧЛ зонасига максимал равишда яқин жойлашган "Болонья" етакчидан 3 очкогагина ортда қолмоқда.

Рақобатчилари хатоларидан унумли фойдаланиб қолган "Интер" А Серия етакчисига айланиб олди. Кристиан Киву шогирдлари "Лацио" билан ишончли ўйин ўтказишди ва 2022 йил августидан буён давом этиб келаётган римликларга қарши мағлубиятсиз серияни давом эттира олишди. Учинчи дақиқада Лаутаро Мартинеснинг голи эвазига олдинга чиқиб олган "нерадзурри", 62-дақиқада Анж-Йоан Боннининг голи туфайли асабий якундан ҳам қутилиб қолди. 22 ёшли франциялик форвард ҳисобида 11 ўйинда 4+3 эканлигини таъкидлаш лозим.


Германия: "Бавария" жорий мавсум илк бор қоқилди, Дортмунд ғалабани қўлдан чиқарди

"РБ Лейпциг" кутилмаганда "Хоффенхайм"га имкониятни бой берди (1:3). Бу учрашувда "буқаларга" ҳисобни айнан улар очгани ҳам ёрдам бермади, "Байер" "Хайденхайм"ни ер билан битта қилди (6:0), голлардан 5 таси танаффусгача урилгани эътиборга лойиқ. Ваниҳоят уйғонган "Боруссия Мёнхенгладбах" "Кёльн"ни таслим этди хавфли зонани тарк этди.

Венсан Компанини қачон истеъфога чиқаркин, қизиқ... Мюнхенликлар "Унион" билан дуранг ўйнади ва 16 ўйиндан буён давом этаётган ғалабали сериясига нуқта қўйди. Майли, хазил-хазил билан-ку, лекин "Бавария" амалда ўзига-ўзи қилди. Харри Кейн кутилмаганда тўпни Данило Дукига "оширди" ва у иккинчи бор мюнхенликлар дарвозасини ишғол этди. Қўшиб берилган дақиқаларда англиялик хатосини қисман "ювди" ва голи билан жамоани мағлубиятдан қутқариб қолди. "Бавария"нинг яна бир голига Луис Диас муаллифлик қилди — колумбииялик жуда ўткир бурчакда бўлишига қарамай, рақиб дарвозасини ишғол эта олгани таърифга лойиқ.

Яна бир кутилмаган ҳолат Бундеслига етакчиларидан бири "Боруссия" ўйинида юз берди. Дортмунд вазиятлардан фойдаланиб борасида ҳамон оқсамоқда, Карни Чуквуэмека 64-дақиқадагина Даниэл Хойер дарвозасини ишғол этишга муваффақ бўлди. Ҳисобда олдинга чиқиб олган "арилар" хотиржамликка берилишди. Йўқотадиган нарсаси қолмаган мезбонлар бор кучини ҳужумга ташлади ва 90+7-дақиқада Миро Мухаймнинг узатмасига форвард Рансфорд-Йебоа Кёнигсдёрффер лаббай деб жавоб берди.


Франция: "Монако" ўз уйида йирик ҳисобда мағлуб бўлди, Шевальенинг хатоси 

"Марсель" ўз майдонида "Брест"ни осонлик билан мағлуб этди (3:0) — Мэйсон Гринвуд ва Пьер-Эмерик Обамеянг яна катта саҳнага чиқишди. "Страсбург" ўзаро учрашувда "Лилл"ни таслим этгач, жадвалда ҳам рақибни қувиб ўтди — эндиликда "Челси" "фарм-клуби" тўртинчи поғонада. "Ницца" кутилмаганда "Метц"га ютқазиб қўйди (1:2).

"Монако" яна аввалги ҳолатига қайтаётгандек, жамоадан қандай натижа кутишни билмайсиз. Аввалига пенальтидан гол урган Фоларин Балогун бир неча дақиқа ўтиб, майдондан четлатилди. Қўшимчасига Ансу Фати яна бир пенальтини голга айлантира олмади ва голсиз сериясини 6 ўйинга "етказди". Учрашувдан кейин "Монако" устози бошқа бир вазиятга эътиборни қаратди: "Агарда Головин 3-дақиқада "Ланс"нинг қўпол хатосидан кейин юзага келган вазиятдан фойдаланганида, барчаси бошқача кетиши мумкин эди".

Парижликлар яна чемпионатда муаммоларга дуч келди. Яхши спорт формасига кириб олган "Лион"га қарши ўйинда анча муаммоларга дуч келишди. Айниқса Люка Шевалье мухлислар асабини синовдан ўтказди. Охирги кунлар уни нафақат майдондаги ўйини учун, балки ижтимоий тармоқларда "лайк" босгани учун ҳам танқид қилишмоқда. Мазкур турдаги хатодан кейин гап-сўзлар янада кўпайиши аниқ: Эйнсли Мэйтленд-Найлснинг голида кипер дарвозасини йўқотиб қўйдими ёки бошқа сабаб, лекин ўтказиб юборилган голда асосий айб айнан Шевалье бўйнида. Люканинг бахтига Жоау Невеш 90+5-дақиқада ғалаба голини уриб берди.


Омонжон Тўхтамирзаев тайёрлади

Автор : Omonjon To`xtamirzayev
Рейтинг: -1   

Комментарии

championat.asia
< посмотреть последние новости
Яндекс.Метрика