Рақобатга муҳтож "Ювентус"дан ЕЧЛда рақобат кутамиз...
19 сен 2016 15:35
Новости
Рақобатга муҳтож "Ювентус"дан ЕЧЛда рақобат кутамиз...
Италия чемпионатининг охирги йиллардаги якка ҳокими "Ювентус" жамоаси учун мавсум яхши старт олганди. Аллегри бошчилигидаги "Юве" дастлабки турда "Фиорентина"ни, кейинчалик сафарда "Лацио"ни мағлуб этишни уддалаганди. "Юве" 3-турда ҳам "Сассуоло" устидан муҳим ғалабани қўлга киритганди. Бироқ шундан сўнг туринликлар ўйинида пасайиш кузатилди.
Даставвал ЕЧЛ доирасида "Севилья" қаршилигини енга олмаган "бьянконерилар", кеча Миланда "Интер" томонидан таслим этилди.
Бир қарашда катта инқироз кузатилмаётгани, бу натижалардан ҳавотирга тушишга ўрин йўқдек кўринади. Ҳа, "Ювентус" сўнгги икки учрашувда ғалаба қозона олмагани уларни сезиларли даражада кучсизлангани билдирмайди. Ҳали мавсум боши канлигини, футболчилар тўлиқ спорт формага кириб олишмагани ва бошқа бир қанча омиллар жиддий хулоса қилишга эрта эканлигини кўрсатмоқда. "Ювентус"нинг "Интер"га имкониятни бой бергани сенсация ҳам эмас. Мен шунчаки жамоа нега бир хил текисда мавсумни бошлай олмаганига тўхталишни лозим топдим.
Погба жамоадан кетгач Аллегри "Юве" етакчиси ролида Пауло Дибалани кўришни истади ва аргентиналик ёш иқтидор соҳибига катта кўламдаги ишларни юклади. Дибала ҳозирда соф ҳужумчи сифатида эмас, балки жамоанинг ҳужумларига йўналиш берувчи футболчига айланди. Дибаланинг майдондаги иш ҳажши ошди, елкасига юкланган масъулият ҳам шу баробарида икки ҳиссага ўсди. Погбанинг кетиши, Маркизионинг жароҳати ва Пьяничнинг ҳали жамоага киришиб кетмагани "Ювентус"нинг ўйинига салбий томондан ўз таъсирини ўтказмоқда. "Ювентус"га ҳозир майдон марказида ўйинни ўз қўлига олиш, ҳужумларни тузиш бўйича ҳақиқий етакчи етишмаяпти. Лемина ҳали ёш ва унда тажриба кам. Хедиранинг майдондаги вазифалари умуман бошқа. Сами Хедира кўпроқ ҳужумларни ривожлантиришда, ҳужумларга нуқта қўйишда ва таянч ҳудудида рақибнинг олдинги чизиқдаги режаларини бузишда фаол ўйнайдиган меҳнаткаш футболчи.
Аллегри майдон марказида уч футболчини қўйишни яхши кўрадиган мутахассис саналади. Массимилиано илк ўйинда майдон марказининг ўнгроғида Хедирани, ўртада Лемина ва чапроқда Асамовни қўйди. Кейинги учрашувда ҳам бу футболчилар алмашишмади. Кейинчалик эса Лемина ўрнига Пьянични қўя бошлади.
Тўғрисини айтиш керак, ҳозирги ҳолатда Лемина майдон марказида ёмон таассурот қолдирмаётганди. Пьяничга эса жамоага қўшилиб кетиш учун вақт талаб этилиши ойдинлашди. Қўшимчасига Аллегри Пьяничдан ҳужумчи ортида фойдаланишни мақсад қилганди. Аммо Погбанинг кетиши ва "Ювентус" ушбу бўшлиқни трансфер ойнасида ёпа олмагани ана энди панд бераётгандек. Аксель Витцель ва Матюиди борасида олиб борилган музокараларнинг ўхшамагани Аллегрига қўшимча бош оғриқларни тақдим этди.
Квадво Асамоанинг марказдаги ўйинлари ўзини оқламаётгани шундоқ кўриниб қолмоқда.
Конте Асамоадан чап қанот ярим ҳимоя ва ҳимояда фойдаланарди. Аллегри келгач эса Асамоа марказий ярим ҳимоячи сифатида кашф этилди. Аммо бу кашфиёт сўнгги учрашувларда "Ювентус" мухлисларини ранжитмоқда. Майдон марказидаги бу камчилик туфайли Аллегри Дибаланинг гарданига ҳужумларни ташкил этиш вазифасини ҳам юкламоқда. Бу эса Дибаланинг ҳужумдаги самарадорлигини камайтириб юбормоқда. Дибала юқори техника соҳиби, тўп билан муомала санъати қанчалик юксак бўлмасин, у барибир ҳужумчи. Дибала ҳужумчи сифатида хавфли ва кучли футболчи. Ундан плеймекер ясаш учун камида вақт керак. Аллегрининг бу қарори ҳужумдаги кескинликни камайтириб юбормоқда. Камига ҳужумлар ҳам кўнгилдагидек ташкил этилмаяпти. "Юве"нинг аксарият голлари қанот орқали қилинган ҳужумларда сўнг киритилмоқда.
Ўтган йили ҳам "Ювентус" учун мавсум старти анча оғир келганди. Ўшанда жамоа ҳақиқий инқироз кўчасига кириб қолганди. Бу сафар ўтган йилги каби катта инқироз даври бўлмаслиги аниқ. Аммо камчиликлар ва хатоларни тўғрилаш учун маълум бир вақт талаб этилади. Аллегри ўтган йили Видаль ва Пирлонинг ўрнини Погба ва Маркизио орқали ёпа олганди. Бу йили эса Погбанинг ўрнига ҳам муносиб номзод тарбиялашига шубҳа йўқ.
Ҳар қандай ҳолатда ҳам "Ювентус" Италия чемпионлиги учун асосий даъвогар бўлиб қолади. "Ювентус"нинг шов-шувли трансфери Гонсало Игуаин ҳозирча ўзига билдирилаётган ишончни тўлқ оқламоқда, десак муболаға бўлмайди. Игуаин ошиқча вазни туфайли мавсумнинг дастлабки ўйинларида кўпроқ захирадан майдонга туширилди ва керакли голларни уриб, жамоаси жонига ас қотишга улгурди. Игуаин ҳали ўзининг тўлиқ оптимал формасига киргани йўқ. Пауло Дибала эса ҳали рақиблари дарвозасига йўл топа олгани йўқ ва бу жиҳат "Ювентус" мухлисларини анча ўйлантириб қўймоқда. Аммо Дибаланинг гол урмаётгани бу шунчаки вақтинчалик ҳолат. Унинг майдондаги иш ҳажминиг ўзгаргани ҳам аргентиналик футболчининг рақиб жарима майдончаси ичида кам пайдо бўлаётгани сабаб.
Марио Манжукич эса Гонсало Игуаинга кучли рақобат тақдим этмоғи лозим. Игуаин асосий таркибга лойиқ эканлигини ҳар сония исботлашига тўғри келади. Акс ҳолда Манжукичдек меҳнаткаш ҳужумчини исталган мураббий асосий таркибга киритгиси келади.
Аллегрининг иш услубидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, "Ювентус" секин-аста ўзининг оптимал формасига кириб бораверади. Аллегри ҳар доим ўз жамоасини қишдан кейинги ҳал қилувчи паллага тўлиқ тайёрлаб боришга катта эътибор қаратади. Шу боис бу йили Италияда яна интрига қайтиши ва "Ювентус" чемпионлик учун анча тер тўкишига тўғри келади. Агарда унинг рақобатчилари "Рома", "Интер" ва "Наполи"нинг ишлари яхши кечса, унда "Ювентус"ни баҳор фаслида чемпионлик пойгаси учун ҳақиқий синов кутиб туради. Акс ҳолда бўлса, "Ювентус" осонлик билан яна чемпионликни расмийлаштириб қўйиши мумкин.
Лекин Аллегри ва унинг жамоаси учун бу йили нафақат А Серия ва Италия Кубогида зафар қучиш муҳим саналади, балки ушбу мавсумда туринликлар ЕЧЛда ҳам бош соврин учун курашишларини бот-бот таъкидлашди. Агарда "Ювентус" ростан ҳам Европа чемпионлар лигасида ғолибликни кўзлайдиган бўлса, унда қишки трансфер ойнасида камида битта топ трансферга қўл уриши ва футболчи марказий ярим ҳимоячи бўлиши талаб этилади. Йўқса "Ювентус"нинг мавжуд савияси фақатгина Италия миқиёсида якка ҳокимликка даъвогарлик қила олади.
Тан олиш керак, жамоаларнинг имкониятлари ва футболчилар даражаси ва савиясидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, "Бавария", "Барселона" ва "Реал" ҳозирги "Юве"дан ушбу жиҳатлар борасида яққол устунликка эга.
"Ювентус" бу жамоаларни фақатгина кучли тактикага асосланган ўйин орқали енгиши мумкин ва буни Аллегри уддалай олишини охирги икки йилда исботлади.
Бу йилги "Ювентус"ни кузатиш қизиқ бўлади. Агарда "Наполи", "Интер" ва "Рома" Италияда "Юве"га муносиб рақобат ташкил этиб бера олса, "Ювентус" эса аксинча ЕЧЛда "Реал", "Бавария" ва "Барселона"га ушбу чинакам рақобатни туғдира олса, унда бу йилги футбол мавсуми мухлислар хотирасида узоқ вақт сақланиб қолишига шубҳа йўқ.
Катта муваффақиятларга кичик хатолардан сабоқ олган ҳолда эришилади.
"Ювентус" охирги икки йил ичида кичик хатолар эвазигагина ЕЧЛнинг сўнгги бекатларида қоқилди. Бу йили эса уларнинг мақсадлари жиддий эканлигини сўнгги пайтларда кўп овоза бўлмоқда.
Ички чемпионатда рақобатга муҳтож бўлиб турган "Юве" ЕЧЛда "Бавария", "Барселона" ва "Реал"га рақобат қила оладими?
Буёғини энди вақт кўрсатади.
Омонжон Тўхтамирзаев
Комментарии