Шиддатли ва қизиқарли тарзда кечаётган Ла Лиганинг 8-тур учун превьюси
30 окт 2020 13:17
Новости
Шиддатли ва қизиқарли тарзда кечаётган Ла Лиганинг 8-тур учун превьюси
Зерикарли ўтиши кўп бора айтилган бироқ якунда бунинг акси бўлиб чиққан баҳсда мадридликлар ғалаба қозонишди ва турнир жадвалида ўз ҳолатларини анча яхшилаб олишди. “Барселона” эса ўзи учун номуносиб ўринда. Хўш, 8-турда бизни қандай баҳслар кутмоқда, кутяпсизми, албатта биз ҳам. Бугун тунда бошланадиган тур учрашувлари превюси билан эса қуйида танишишингиз мумкин.
30.10 01:00 (Тошкент вақти) “Эйбар” – “Кадис”
Ўтган турда ўз майдонида “Вильяреал” билан дуранг ўйнаган “Кадис” жамоаси бу турда 7-турда “Севилья” майдонидан ғалаба билан қайтган “Эйбар”га қарши баҳс олиб боради. Жамоаларни турнир жадвалида 3 очко ажратиб турибди. “Кадис” еврокубокларга йўлланма бериши мумкин бўлган “кучли олтилик”да жойлашган, “Эйбар” эса 11-ўринда. Тўплар нисбати ҳам деярли ўхшаш: “Эйбар” – 5-6, “Кадис” – 6-6. “Эйбар” ўтган турдаги ғалабадан илҳомланиб бу турда ҳам 3 очко учун ҳаракат қилиши табиий, меҳмонлар эса рақиблари ўзлари билан тенглашиб олмаслигига ҳаракат қилишлари аниқ.
Ўзаро ўйинлар: Жамоалар сўнгги бор ўзаро 2008-йилда ўзаро баҳс олиб боришган. Ўз тарихларида эса 7 бор. Шундан 4 ғалаба “Эйбар”да, 1 ғалаба “Кадис” ҳисобида бўлса ва яна икки учрашувда томонлар муроса кўчасини танлашган.
Жамоаларнинг жароҳатланган футболчилари: Коте, Серхио Куберо, Педро Бигас, Ресио (“Эйбар”). Лусими Кесада, Исаак Карселен, Мауро Маркос (“Кадис”).
31.10 18:00 (Тошкент вақти) “Реал Мадрид” – “Уэска”
“Эль классико”даги ғалабадан сўнг кўпчилик мадридликлардан янада олға юришни кутишган бўлса-да, жамоа ЕЧЛда “Боруссия М”га қарши ўйинда дуранг ўйнаб қайтди. “Уэска”нинг ишлари эса ҳавас қиларли эмас. Турнир жадвалида хавфли зонада, 20 жамоа ичида икки ғалаба қозона олмаган жамоанинг бири. Ўтган турда ҳозирда пешқадам бўлиб турган “Реал Сосьедад”дан қақшатқич зарбага учради (4:1). Чемпионлар лигасида ишлари юришмаётган ва чемпионатда биринчи ўринга кўтарилмаётган “Реал” бу ўйинда фаворит, лекин “Уэска” ҳам ҳаракат қилиб кўради, “Шахтёр” 3 талаб гол урган жамоага улар ҳам ура олиши мумкин.
Ўзаро ўйинлар: Тарихларида атиги 2 бор тўқнаш келишган бўлса, шу иккиси ҳам ўтган мавсумга тўғри келади ва барчасида мадридликларнинг қўли баланд келган. Тўплар нисбати: 4:2.
Жамоаларнинг жароҳатланган футболчилари: Алваро Одриосола, Дани Карвахал, Мартин Эдегор, Мариано Диас (“Реал Мадрид”). Шинжи Оказаки, Педро Лопес, Микел Рико, Пабло Инсуа, Антонио Валера (“Уэска”).
31.10 20:15 (Тошкент вақти) “Атлетик Бильбао” – “Севилья”
Турнинг марказий учрашуви? Нега йўқ?! Ушбу мавсумда ишлари кўнгилдагидек бўлмаётган икки жамоанинг ўзаро тўқнашуви. Афиша эътибори билан ҳам бошқа ўйинларга қараганда марказийроқ. Интригачи? Келинг статистикага қараймиз. Меҳмонлар “Севилья” жамоаси 13-ўринни банд қилиб туришибди, 7 очко билан. Бильбаоиликларда 6 очко мавжуд, 16-ўрин. Ўйинлар сони билан таққослайдиган бўлсак “Атлетик Б” бу борада бир бош баланд. Ўтган турда иккиси ҳам мағлубият аламини тотиб кўришди. Ўзларига муносиб бўлмаган ўринлардан юқорига кўтарилишга интилаётган жамоалар тўқнашуви кузатамиз.
Ўзаро ўйинлар: Ла Лига доирасида ўтказилган баҳсларга қарайдиган бўлсак 152 учрашувда 59 ғалаба “Атлетик Бильбао”да, 63 ғалаба эса “Севилья”да. Тўплар нисбатида эса бильбаоликлар устун: 240-226.
Жамоаларнинг жароҳатланган футболчилари: Унай Венседор, Перу Ноласкоайн, Ибай Гомес, Кенан Кодро, Оскар де Маркос (“Атлетик Бильбао”). Жорис Нянон, Уссама Идрисси (“Севилья”).
31.10 22:30 (Тошкент вақти) “Осасуна” – “Атлетико Мадрид”
7-турда икки жамоа ҳам уч очколик бўлишган. Турнир жадвалида энг кам гол ўтказган (1 та) “Атлетико” жадвалда ўзидан икки поғона пастдаги жамоа билан куч синашади. Жамоаларни атиги 1 очко ажратиб турибди ва учрашув “Осасуна” майдонида ўтказилишини ҳисобга оладиган бўлсак ғалаба учун мотиватсия мезбонларда кўпроқ. Ўз майдонида, ғалаба қозониш “кучли олтилик”ка кириш имконини беради. Аммо юқорида айтганимиздек, турнирда бор йўғи 1 гол ўтказган жамоа ҳам бир четда қараб турмаслиги табиий.
Ўзаро ўйинлар: Сўнгги 5 учрашувнинг 4 тасида мадридликлар ғолиб бўлишган бўлса, биттасида “Осасуна”. Умумий ўйинлар статистикасига ҳам назар ташлаймиз: 26-42. 13 учрашувда эса дуранг натижа қайд этилган. Голлар нисбати: 89-128.
Жамоаларнинг жароҳатланган футболчилари: Брандон Лямас, Дарко Брашанатс, Чими Авила, Лукас Торро, Хонатан Калери, Анте Будимир (“Осасуна”). Саул Нигес, Диего Коста, Шиме Врсалко (“Атлетико Мадрид”).
31.10 01:00 (Тошкент вақти) “Алавес” – “Барселона”
Каталонияликлар жамоаси президенти истеъфога чиққанидан сўнг жамоа ўтказган илк учрашувда ғалабага эришди ва кимсан “Ювентус” устидан. ЕЧЛда ишлари юришаётган “Барселона” Ла Лига баҳсларида оқсаяпти. 12-ўринга жамоа охирги маротаба қачон тушганини эслай олмаса ҳам керак. 7 очко 5 ўйиндан сўнг. “Алавес”да ҳам шунча очко бироқ 7 ўйин ўтказиб қўйган жамоа. 7-турда “Вальядолид”ни меҳмонда мағлубиятга учратган клуб, “Эль классико”да ўз майдонида мағлуб бўлган жамоага қарши. Бирида ўтган ўйиндаги ишонч бор, яна бирида эса алам. Мағлубиятга учрашга иккисининг ҳам ҳаққи йўқ.
Ўзаро ўйинлар: 25 учрашув, 19 ғалаба “Барселона”да, 4 ғалаба “Алавес”да, икки бора дуранг. Ўтган мавсумда “Алавес” майдонида бўлиб ўтган ўйинда “кўк-анорранглилар” жавобсиз 5 та тўп киритишган.
Жамоаларнинг жароҳатланган футболчилари: Пере Лонс, Рубен Дуарте, Флорян Лежён (“Алавес”). Марк-Андре тер Штегн, Самуел Умтити (“Барселона”).
Юқоридаги 5 ўйиннинг ҳарорати қай даражада эканлигини ўқидингиз, ноябрнинг илк кунларида ўтказиладиган яна 5 ўйин ҳам булардан кам эмас. Интрига жиҳатидан ҳам, ўйин аҳамиятлилиги даражасидан ҳам. Ла Лига 7-турнинг қолган ўйинлари рўйхати қуйида:
01.11 18:00 (Тошкент вақти) Бетис - Эльче
01.11 20:00 (Тошкент вақти) Сельта - Реал Сосьедад
01.11 22:30 (Тошкент вақти) Гранада - Леванте
01.11 01:00 (Тошкент вақти) Валенсия - Хетафе
02.11 01:00 (Тошкент вақти) Вильярреал - Вальядолид
Оғабек Самисов тайёрлади
Комментарии