Питер Хюистранинг норасмий дебюти йирик мағлубият билан бошланди
24 янв 2021 13:40
Новости
Питер Хюистранинг норасмий дебюти йирик мағлубият билан бошланди
Питер Хюистра бошқарувига ўтган "Пахтакор" учун янги бош мураббий қўл остидаги илк норасмий ўйинга айланган баҳсда жамоа иккита таймда икки хил таркиб билан ўйнади. "Зенит" мазкур беллашувга асосий футболчиларига дам бериб, кўпроқ ёшларга имконият тақдим этди. Семак асосий таркиб футболчиларидан фақат Круговой, Сантос, Барриос, Оздоев ва Мостовойларни майдонга туширди.
Биринчи бўлимда "Пахтакор" дарвозага Қувватовни, ҳимоя марказига Кримец ва Исмоиловни туширди. Қанотларда Алижонов ўнгда. Сайфиев эса чапдан жой олди. Ўртага Ҳамробеков ва Собирхўжаев туширилди. Қанот вингерлари сифатида Эркинов ва Собиржонов ҳаракат қилган бўлса, ҳужумчи ортида Диёр Холматов майдонга туширилди. Ҳужумда Эрен Дердийок.
Тан олиш керак, биринчи бўлимда "Зенит" футболчилари катта устунлик билан ҳаракат қилиб, ўйинни асосан "Пахтакор" майдончаси олдида ҳужумлар ташкил этиш билан ўтказишди. "Пахтакор" ҳимояси эса биринчи таймда ишончсиз ҳаракат қилгани туфайли "Зенит"да кўплаб вазиятлар юзага келди. Ҳар иккала гол ҳимоядаги парокандалик натижасида юзага келди. Дастлаб Мостовой ўйин дебютида ҳимоядаги хатодан унумли фойдаланган бўлса, орадан 15 дақиқа ўтиб Крапухин чиройли гол муаллифига айланди.
Биринчи таймда "Пахтакор" рақиб дарвозаси томон фақатгина бир марта аниқ зарба йўллаб, жиддийроқ вазият яратди. Биров Васютин бу вазиятда ишончли ҳаракат қилди. Қолган дақиқаларда вакилларимизда имконият юзага келмади.
Иккинчи таймда Питер Хюистра таркибни бутунлай янгилади. Дарвозага Суюнов, ҳимоя чизиғида эса ўнгда Азмиддинов, чапда Йўлдошев. Ҳимоя марказида Аъзамов ва Чобанов жуфтлиги ишончли ўйнади. Таянч нуқтасига Козак ва сал марказроққа Иминов туширилди. Қанот вингерлари сифатида Акром Комилов ва Руслан Розиев ҳаракат қилган бўлса, ҳужумчи ортида Шерзод Темиров ўйнади. Ҳужумда эса Улуғбек Ҳошимовга ишонч билдирилди.
Айтиш керакки, иккинчи таймдаги "Пахтакор" асосий таркибга нисбатан анча хотиржам, ишончли ва дадил ўйнади. "Пахтакор" учрашувнинг иккинчи қисмида номдор рақибига нисбатан яхши ўйнаш баробарида кўпроқ хавфли вазиятлар яратди. Фақатгина сўнгги нуқтани қўйишда баъзан аниқлик, баъзида эса рақиб мудофааси халақит берди. Ўтказиб юборилган учинчи гол эса Чобановнинг жарима майдончаси ичидаги рақибга нисбатан бироз қўполлиги, яъни контакт юзага келгани натижасида пенальти юзага келди. Мостовой эса "нуқта"дан адашмади.
Тўп назорати, ўйин ташкиллаштириш ва "Зенит"га рақиб майдончаси олдида юқори прессинг қилишда ҳам жамоа анча ишончли ва фаол кўринди. Буни "Зенит" клубининг "YouTube" саҳифасида жонли тарзда ўйинни шарҳлаб борган таниқли шарҳловчилар Денис Казанский ва Роман Гутцайт алоҳида таъкидлади.
Казанский иккинчи бўлим аввалида тажовузкор "Пахтакор"ни кўргач шундай деди: "Зенит" ҳақиқатдан ҳам яхши спарринг рақибга эга бўлди. Айниқса иккинчи таймдаги таркиб жуда зўр қаршилиқ кўрсатди. Ўйин ташкиллаштириш ва тўпни назорат қилиб хотиржам ўйнашмоқда".
Қўшимча қилиш керакки, "Пахтакор"дан Драган Черан ва Аброр Исмоилов кичик жароҳати боис учрашувни ўтказиб юборди.
Ўртоқлик учрашуви.
24.01.2021. Дубай, "Над Ал Шеба"
"Пахтакор" - "Зенит" 0:3
Бош ҳакам: Михал Оченаш (Словакия)
Голлар: Андрей Мостовой, 2 - 0:1. Станислав Крапухин, 16 - 0:2. Андрей Мостовой, 57 пенальти - 0:3.
"Пахтакор": Санжар Қувватов, Ҳожиакбар Алижонов, Анзур Исмоилов, Егор Кримец (С), Фаррух Сайфиев, Одил Ҳамробеков, Сардор Собирхўжаев, Ҳожимат Эркинов, Асадбек Собиржонов, Диёр Холматов, Эрен Дердийок
Захирадан тушганлар: Элдор Суюнов, Шаҳзод Азмиддинов, Марлен Чобанов, Шерзод Аъзамов, Акром Комилов, Владими Козак, Ҳумоюнмирзо Иминов, Руслан Розиев, Шерзод Темиров, Иброҳимҳалил Йўлодошев, Улуғбек Ҳошимов.
"Зенит": 78. Александр Васютин, 2.Дмитрий Чистяков, 3.Дуглас Сантос, 4.Данил Круговой, 54.Саба Сазонов, 87.Данила Прохин, 5.Вильмар Барриос, 17.Андрей Мостовой, 27.Магомед Оздоев, 92.Даниил Шамкин, 36.Станислав Крапухин.
Захира: 91.Давид Бязров, 93.Михаил Погорелов.
Комментарии