RU

Последние новости

12:21Про лигани қандай қутқариб қолиш мумкин?  0 11:31Гвардиола: "Кейинги мавсум Чемпионлар Лигасида иштирок этмаслигимиз мумкин"  2 10:53"Машъал" Суперлигага қайтибгина қолмай, чемпионлик учун кураш олиб боришга тайёр!"  17 10:51«Сурхон» яна икки нафар футболчиси билан шартномани узайтирди  0 10:22«Нефтчи»ни яна бир легионер тарк этди  0 09:48«Қизилқум» терма жамоамиз собиқ футболчиси билан шартнома имзолайди  0 09:15Олег Зотеевнинг янги жамоаси «Бунёдкор» эмас, балки водий клуби бўлади  7 08:42ЎФФ янги раҳбари: «Мен сеҳргар эмасман, бироқ...»  4 08:10«Сурхон» «Пахтакор» футболчисини сотиб олиш ҳуқуқи билан ижарага олди  0 07:41«Нефтчи»нинг икки нафар футболчиси фаолиятини Андижонда давом эттиради  5 02:08Александр-Арнольд "Реал"нинг шорт листида биринчи ўринда турибди  3 00:44"Барселона" Германия терма жамоаси ўйинчисини трансфер қилишга яқин  1 00:02Моуринью Рэшфордни Туркияга чорламоқда  6 23:31Азизов, Эрматов, Аҳмедов, Маматқулов, Имомхўжаев ва бошқалар. Янги очилган футзал федерацияси тақдимотидан ГАЛЕРЕЯ  0 23:16Каземиро Ла Лигага қайтиши мумкин  1

"Педколлеж"дан чиққан футболчи билан суҳбат Новости

"Педколлеж"дан чиққан футболчи билан суҳбат

Икром Алибоев билан шахсан таниш эмасмиз. У мени телевизорда кўрган, мен уни футбол майдонида. Журналист сифатида унга ёқаманми ёки йўқ аниқ билмайман, лекин у менга футболчи сифатида ёқади.

Катта укамдан кичик, кичигидан каттароқ бўлган Икромнинг ўйинларини биринчи бор шаҳар чемпионатида кўргандим. Қувондиқ Рўзиев билан яхши тандем ҳосил қилишарди. “Пахтакор”нинг асосий жамоасига кира олмагани балки яхшиликка хизмат қилгандир, чунки у бошқа жамоада танилди.

“Пахтакор”нинг яхши тарафи, болалар футболига катта эътибор беради. У ерда ишлайдиган мураббийлар чамамда Алибоевнинг келажагига ишонч билан қарашмаган. Футболчи ўтиш даврида турганида “Локомотив” варианти пайдо бўлди ва бу танлов Икромни катта футбол сари етаклади.

Телефон рақамини олишим билан, телеграмига хабар қолдирдим, танишига шубҳам йўқ эди. Жавобида мен билан сухбатга йўқ дея олмаслигини билдирганида, хурсанд бўлдим. Чунки аввалроқ бир эмас, иккита нашр мухбири у билан суҳбатлашиб улгурганини билардим.

Ортиқча чўзиб ўтирмайман, ёзишмаларимизнинг ўзини сухбат тарзида сизга илинаман. Ундан бир нима олишингизга ишончим комил эмас, аммо бир чашка қаҳва билан бир нафасда ўқиб чиқса бўлади, ҳар қалай.   

Икром, агар сенга қулай бўлса, овозингни ёзиб қолдиришинг мумкин. Битталаб ёзиб чиққанингдан камроқ вақт сарфлайсан.
Менга фарқи йўқ, ака. Бераверинг саволларни, жавоб қайтараман.

(Шундан сўнг жавобларни эринмасдан ёзиб чиқди. Аслида гонораримни ярмини унга беришим керак).

Ўзингни анча кеч танилган деб билмайсанми? 94-йилда туғилган футболчилар ҳақида одамлар 2010 йилдаёқ гапиришарди…
Европа билан солиштирганда кеч чиқдим. Ўзбек футболи учун кеч демаган бўлардим. Бу ерда биз тенгиларга ҳали ҳам ёш деб қарашади. Аслида унча ёш эмасман. Европада мен қаторилар нималар қилиб ташлашмаяпти…

Ўша европалик йигитлар эришаётганини кўриб ичингдан нимадир ўтса керак?
Ачинаман… Мен ҳам улардек бўлишни истайман. Бу йўлда астойдил меҳнат қиляпман.



1994 йилда туғилган футболчилар Мексикада юрган пайти сен нима қилаётгандинг?
Улар Мексикада пайти мени олимпия заҳиралари коллежидан ҳайдашаётганди. Натижаларимни паст деб ўқишдан четлаштиришган.

Яхши-ку…
Бошқа коллежга ўтказишган, “Чилонзор”даги педколлежга (педагогика коллежи).

Ўқитувчи бўлишинг учунми?))
Шунақа бўлса керак (ўксинган смайлик). Лекин ўқишга кам борардим… Футболни севганим учун…

Сен шаҳар чемпионатида ўйнаб юрганингда, “Пахтакор” сафига кира олмаганлар “Чилонзор” ёки шунга ўхшаш жамоаларда юришарди. Биттаси ўзинг. “Пахтакор”га олишмаганми?
Олишмаган. 2-лигага, “Тошкент” клубига чақиришган.

РОЗКда Қувондиқ Рўзиев билан яхши тандем эдинг…
Ҳа, Қува билан ўйнардик болалар чемпионатида. Билар экансиз…))

РОЗКдан ҳайдашганига афсусланасанми?
Йўқ! Балки кетказишмаганида бугун “Локомотив”да бўлмасмидим… Умуман футболни ҳам йиғиштириб қўйишим мумкин эди.

Балки мураббий билан чиқишмагандирсан?
Мураббийим ёқарди. Рустам ака Орипов коллеждан ҳайдашганидан кейин ҳам ташлаб қўймади, биз билан ишлашда давом этди. “Тошкент”да ҳам ўзлари мураббий эдилар. 2-лигага бадал пули топиб, тўп сурганимиз эсимда.

2-лигада мен ҳам ўйнай оламан. Катта футболга ким тортди?
Бунда ҳам мураббийим катта рол ўйнади. 2012 йил “Локомотив” олий лигага қайтганди. 2-лигада “Локомотив-2” билан ўйнадик. Ёшлар лигасида ишлаётган Равшан Бозоровга Рустам аканинг ўзи тавсия қилди. Ўйинимиз маъқул бўлиб, бизни олиб кетишди. Кейинги мавсум Марат Мифтахутдинов жамоани қабул қилиб олди ва у ҳам бизни олиб қолди.

Мен футболни айнан шу босқичда ташлаб кетгандим. Тўп тепганлар яхши билишади, бу даврда сен ё футболни ёки ундан ташқари оламни танлашинг керак бўлади. Алибоевга омад кулиб боқди, демаган бўлардим. Ўйини бор эди. Аммо унутмайлик, ўйини бўла туриб футболдан четда қолган талантлар тўлиб ётибди.

Абрамов билан танишганиндан хурсанд бўлгандирсан?
Албатта! Катта ёрдам берган менга.

Биринчи суҳбатинг ёдингдами?
Йўқ.



Асосийга биринчи марта чақиришганичи?
Эслайман. Бу Ҳаким Фузайлов даврига тўғри келади. Қўқонда, кубок ўйинида 80-дақиқада майдонга тушиб, 81-дақиқада сариқ карточка олгандим))

Менга майдонда ўзингга бўлган ишончинг камдек туюлади…
Ҳеч ким айтмаган гапларни айтяпсиз (айбдордек смайлик). Бошида ишонч билан ўйнадим. Мавсум охирига келиб билмадим нега, ўзимга бўлган ишончим камайди. Ўзимга келишим қийин бўляпти…

Бу қайси пайтга тўғри келди?
Сентябрь-октбярь ойларига тўғри келади. Олимпия терма жамоаси билан Словакияга кетишимиз олдидан хаёлим шулар билан банд эди.

Сабабини билиб туриб, айтишни хоҳламаётганга ўхшайсан…
Сабабини билганимда бу ҳозиргача давом этмасди.  

Ишқилиб кўрсатган футболинг сенинг максимуминг эмасми?

Ундай демаган бўлардим. Бундан кучли ўйнашимга ишонаман. Ичимда заҳираларим бор.

2016 йил сен учун яхши бошланмади…
Балки яхшиликкадир… Бу ҳолат кучимга куч қўшиши керакдек.

Олимпия терма жамоасида сенга нима етишмади?
Мураббий ишончи. У асосийда ўйнай олишимга ишонмади. Шунга қарамай қарорини хурмат қиламан.

Энди “Локо”да ҳам осон бўлмайди. Кахи билан Сервер келди.
Тўғри. Лекин улар билан рақобатлашаман (:

Бу смайлик гапингга ўзинг ҳам ишонмаслигингни билдирадими?))
Мен ўзимга ишонаман!

Эрон билан миллий жамоадаги биринчи ўйинни эслайсанми?
Худди кечагидек.

Лекин КХДР билан ўйинда сени асосийда кутмагандим. Аниқроғи, ўйнаб кета олишингга ишонмасдим…
Ўзим ҳам кутмагандим. Бошланғич таркибга кирганимни ўйин куни билганман.


Тайёрмасмидинг? Нима ёқмади? Мухлис кўплигими ёки стадионнинг сунъий қопламали эканими?
Булар баҳона бўлолмайди. Улар ҳам худди шундай шароитда тўп суришди.

Миллий жамоада икки марта ўйнадинг, икки марта ютказдинг. Кейин чақиришмади сени. Нимани ҳис қилдинг?
Ўзимни жуда ёмон ҳис қилдим.

Ўзингга ишончсизлик ҳарактернинг бўш эканлигидан эмасмикан?
Ҳарактерим бўш эмас деб қўрқмасдан айта оламан. Ишончсизлик ўткинчи нарса, ҳамма футболчида бўлади шундай давр.

Жусса кичиклигичи? Муаммо туғдирмайдими?
Шундан кўп нолийман. Лекин барибир шукр қилишим керак, чунки Худо менга қўрқмас юракни берган. Жуссам кичиклиги ҳозир кўп аҳамият касб этмайди.

Саволларга жавобни аканг билан бермаяпсанми?
(аудио келди). Ўзим ўтирибман, қанақа ака?!

Ҳазиллашдим. Аканг сенга кўп ёрдам берган деб эшитгандим…
Шу даражага етишишимда унинг менга ишончи ва ёрдами жуда катта. Миннатдорман ундан.

Ҳам Абрамов, ҳам Қосимов, ҳам Бабаян билан ишлаш қизиқ бўлса керак?
Биз профессионал футболчилармиз. Мураббий танламасдан ишлашимиз керак, бизнинг вазифамиз футбол ўйнаш. Лекин битта томони бор, бизда бирор мураббий янги жамоани қабул қилиб олса, ўзига ёқадиган футболчиларни таклиф қилади ва жамоани ўзгартириб юборади.

Қайси мураббий кўпроқ ёқади?
Сиз айтган учала мураббий билан ҳам кўп ишлаш насиб қилмади. Абрамов билан нисбатан узоқроқ шуғулландим, тушунардим.

Ҳар учаласининг ўйин фалсафасига тушуниб етганмисан? Ким нимани кўпроқ талаб қилади?
Абрамов тўп назоратини афзал билади. Қосимовда футболчининг индивидуал маҳорати кучли бўлиши керак, айниқса олдинги чизиқ вакилларида. Бабаянда вертикал футбол, прессинг билан тўпни тезроқ рақиб жарима майдонига олиб бориш кераклигини уқтиради.

Сенга ҳужум қилиш ёқадими ёки уни қайтариш?
Албатта ҳужум қилиш. Лекин ҳимояланишда ҳам менимча ёмон ўйнамайман.

Марказда ким билан тандем қилиш қулай?
Қува, Шоаҳмедов ва Копа ака билан. Жепаров ва Махарадзе билан ҳали ўйнаб кўрмадим.

4-4-2 яхшими сенга ёки 4-5-1?

4-3-3 ёқади.

“Барса”ни мухлисиман дегин))
Ҳа, бу клубга меҳрим бўлакча))

Майдондаги кумиринг ким?
Диего. Ўйинларини кўришни бошлаганимдан буён яхши кўраман.

 
Алибоевнинг фикрлаши илиқ таассурот қолдирди. Ҳар ҳолда ўзбек футболининг ҳозирги босқичига унинг каби футболчилар керак, менимча.


Шунчаки оддий футболчи бўлиб ўтиб кетишдан қўрқмайсанми?
Қўрқаман. Одамлар сени эслаганида “ооо” деб юбориши ёқимли барибир.

Олий лигада ўтиб кетган футболчилар ҳам ёмон яшашмади лекин…
Яшаш? Мен пул учун ўйнамайман. Мақсадим Европада тўп суриш. Фақат пул ҳақида ўйласам айтганингиздек шу ерда ҳам оддий футболчи бўлиб юрсам бўлади.

Биздаги деярли ҳамма машҳур футболчилар билан танишдинг. Ким кўпроқ ҳайратда қолдирди?

Ҳам инсон сифатида, ҳам футболчи сифатида Жасур Ҳасанов ва Тимур Кападзедан кўп нарса ўрганса бўлади.

Термадаги легионерлар қандай қабул қилишди?
Ажойиб. Ўзимни узоқ вақт улар билан бирга тўп сурган ўйинчидек ҳис қилдим.

“Локо”да энг кўп кимдан танбеҳ эшитасан?
Ҳеч кимдан десам ҳам бўлади…

Бўлиши мумкин эмас. Футболни мен ҳам ўйнаганман))
Эшитаман, Жасур акадан (мазза қилиб кулаётган смайлик). Ҳамма нарса майдонда қолади. Нари борса ечиниш хонасидан нарига ўтмайди. Эртасига ҳеч нарса бўлмагандай кетаверамиз.

Адашмасам оилада кенжа фарзандсан. Тошкентда яшашинг қандай?
Келганимга 8 йил бўлди. Клуб базасида яшайман ҳозир. Акам ўйинларимнинг ҳаммасини стадиондан томоша қилади.

Гулистондан туриб ҳам тергаб туришса керак?
Албатта. Улар учун ҳар доим ёш бола бўлиб қолавераман.



Қарор қабул қилишдачи?
Уйдагилардан маслаҳат оламан. Ҳамма масалада. Мураббий Рустам акадан ҳам фикр оламан.

Топган биринчи пулингни нима қилганинг ёдингдами?
Шундайлигича дадамга берганман. Ҳозир ҳам шундай қиламан.

Мактабда неча баҳога ўқигансан? Инглиз тилини билади, деб айтишди.
3-4 баҳога ўқирдим. Сизни алдашган, инглиз тилини билмайман. Кўрсаткичим 3 фоиз ҳам чиқмаса керак.

Футболчиларимиз ўсмай қолишига билимсизлигини сабаб деб биламан…
Мен ҳам шундай ўйлайман. Европа клублари Осиёдан футболчи ҳарид қилаётганида биринчи саволи инглиз тилини билиши ҳақида бўлади. Фақат бу эмас, билими бор футболчи майдонда ҳам яхши фикрлайди.

Унда нега яхши ўқимадинг?
Ёмон ҳам ўқимадим. Майдонда ҳам фикрлайман.

Навоийга меҳринг баландлигини твиттер орқали ҳамма билди…
Энди билишмайди))

Тоҳир Маликнинг футболчилар ҳақида айтганларини ўқигандирсан?
Ўқидим. Энди китобларини ҳам ўқиб чиқишни ният қилганман.

Нега футболчилар китоб ўқишмайди?
Нега ундай дейсиз, мен ўқиб тураман.

Фақатгина Ўткир Ҳошимовними?
Қаердан сизда шунча маълумот??? “Тушда кечган умрлар”дан бошлагандим. Кейин “Дунёнинг ишлари”ни ўқидим. Ҳозир “Икки эшик” орасини ўқиб ўтиргандим.

Футболчилар узоқ сафарга йўл олганларида, ҳамма ҳам китоб ўқимайди. Сервер ҳақида эшитганман, Шацких ҳам нималаргадир кўз югуртириб кетиши ҳақида айтиб беришганди. Мен ҳамма китоб ўқиши керак, деб бонг урадиганлар сирасига кирмайман. Аммо китоб ўқийдиган кишиларни бошқача хурмат қиламан. Ҳеч бўлмаса янгиликлардан бохабар бўлиб турадиган футболчиларни.


Ижтимоий тармоқларга нима мақсадда кирасан?
Зерикишдан.

Демак қизлар билан шунинг учун кўп гаплашасан.
Адашасиз, girlfriend(яхши кўрадиган қиз)им йўқ.

Биламан. Бир қизнинг профилидан кириб, сен билан гаплашгандим, осон ўраларкан дегандим ўшанда…
Нимааа (лол қолган смайлик). Қаерда? Исмини айтинг, илтимос…

Ҳазиллашдим. Демак, чиндан ҳам кўп гаплашасан))
Йўўқ)) Гаплашсам ҳам кейин уйланадиган бўлиб, гаплашаман.

Масалан “Дунёнинг ишлари”ни совға қилган қиз билан (совға қилган қиз менинг ҳам танишим).
Биринчи навбатда онамни хурмат қиладиган қиз билан.

Суҳбат тайёр бўлганидан кейин ўқиб кўрасанми ёки газетани ўзидан ўқий қоласанми?
Фарқи йўқ… Майли, ўзим биринчи ўқийман))

Эгоизм қурсин-а, одамларнинг сен ҳақиндаги фикрлари анча аҳамиятли эканда?))
Муҳими майдонда эгоист эмасман-ку)) Сайтларда қолдириладиган изоҳларни ўқимайман, акам айтиб туради.


2016 йил Икром учун осон бўлмайди. Балки йўқолиб қолар, балки аввалгидан ҳам яхшироқ ўйнаб кетар, билмадим. Аммо иккинчи вариантни чин дилдан хоҳлардим. Сиз-чи?

Диёр Имомхўжаев суҳбатлашди

Суҳбат “Эрудит-спорт” газетасининг 28.01.2016, №4 сонида чоп этилган

Рейтинг: +18   

Комментарии

championat.asia
< посмотреть последние новости
Яндекс.Метрика