Ўзбекистоннинг бўлажак рақиби БАА нега фавқулодда кучайиб кетди?
06 сен 22:00
Новости
Ўзбекистоннинг бўлажак рақиби БАА нега фавқулодда кучайиб кетди?
Ўзбекистон "Бунёдкор" стадионида КХДРни меҳмон қилиб, минимал (1:0) ғалабага эришган бўлса, "А" гуруҳининг бошқа вакиллари — Эрон Исфахонда Қирғиз Республикаси билан тўқнаш келиб, 1:0 ҳисобида ютди, БАА Қатар майдонида 3:1 ҳисобида зафар қучди. Хўш, Бирлашган Араб Амирликлари амалдаги Осиё чемпионини қай йўсинда мағлуб этди? Паулу Бенту шогирдларининг ғалаба калити нимада? Мақолада айнан шу саволларга жавоб топишга уриниб кўрамиз.
Қатар – БАА учрашуви тафсилотлари
Ар-Райяндаги "Аҳмад бин Али" стадиони мезбонлик қилган баҳснинг бошида икки жамоа футболчилари бироз босим остида тўп тепишди ва бир қатор вазиятлар кўкка совурилди. Биринчи гол 38-дақиқага тўғри келди — Акром Афиф тўпни 18 ёшли шериги Иброҳим Ал Ҳассанга узатди, ёш футболчи бир кишини алдаб ўтгач, пастки бурчакни нишонга олди – 1:0.
БАА ўйин боришини ўзгартиришга ҳарчанд уринмасин, биринчи таймда ҳисоб ўзгармади. 68-дақиқага бориб меҳмонлар ярим ҳимоячиси Ҳариб Суҳайл катта саҳнага чиқди. Унинг чап оёқда йўллаган кучли зарбасидан кейин қатарликлар посбони ожиз қолди – 1:1.
80-дақиқада ҳимоячи Ҳолид Иброҳим ўйин тақдирини ўзгартириб юборган тўпни киритди – 1:2.
90+4-дақиқада Паулу Бенту қўл урган ўзгариш БААга қўл келди. Португалиялик мутахассис 88-дақиқада ярим ҳимоячи Таҳнун Ал Зааби ўрнига ўйинга қўшган англиялик (ҳа, адашмадингиз, англиялик) хавбек Маккензи Хант ўзидан сал аввал захирадан майдонга тушган ҳужумчи Али Солиҳни тўп билан таъминлади ва у ҳисобни 1:3 кўринишига келтириб қўйди.
БАА мазкур учрашувда қуйидаги таркибдан фойдаланди:
БАА: 17.Ҳолид Эйса, 2.Абдулла Идрис, 4.Куаме Каудио, 8.Таҳнун Ҳамдан (18.Маккензи Хант, 88), 9.Ҳариб Абдалла (16.Муҳаммад Ал Балуши, 90+3), 11.Кайо Канедо, 12.Ҳалифа Муборак, 14.Абдулла Ҳамад Ал Менҳали, 15.Яҳё Нодир, 19.Ҳолид Ал Дҳанҳани, 20.Яҳё Ал Гассани (7.Али Солиҳ, 75).
Захира: 1.Али Ҳасейф, 22.Ҳолид Тавҳид, 3.Зайид Султон, 5.Али Ҳассан, 6.Абдилраҳмон Солиҳ, 10.Фабио Де Лима, 21.Иссам Файз, 23.Фаҳад Бадир.
Кўриб турганингиздек, таркибдаги бир қатор номлар бежиз ажратиб кўрсатилмади. Улар аслида араб бўлмаган ва маҳаллийлаштирилган футболчилардир. Бенту хоҳлаган футболни қуришда уларнинг ҳиссаси жуда катта.
Паулу Бенту 5 сентябр кунги Қатар, 10 сентябрь кунги Эрон билан учрашувлар учун 30 нафар футболчини чақирганди. Ажабланарлиси, таркибдаги нақ 7 нафар(!) футболчи маҳаллийлаштирилган футболчи ҳисобланади. Қуйида улар билан батафсил танишасиз.
Маҳаллийлаштирилган чарм тўп усталари
Ҳимоячи Куаме Каудио 2000 йил Кот-д'Ивуарнинг Урагахио шаҳрида туғилган. 2019/20 йилги мавсумдан буён БАА чемпионатида тўп тепади, 2023 йилда БАА фуқаролигини қабул қилган ва шундан бери мамлакат термаси шарафини ҳимоя қилиб келмоқда.
Ўйнаган жамоалари: "Мимозас" U-19 (Кот-д'Ивуар), "Хорфаккан", "Ал Айн" (бугунги кунгача).
Ҳужумчи Кайо Канедо 1990 йил Бразилиянинг Волта-Редонда шаҳрида дунёга келган. 2014/15 йилги мавсумдан бери БАА чемпионатида ҳаракат қилади, 2020 йилнинг январида БАА фуқаролигига қабул қилинган. Термадаги дебютини 2020 йил 12 ноябрда Тожикистонга қарши (3:2) ўртоқлик ўйинида ўтказган. Бугунги кунда "Ал Васл" жамоасида ўйнамоқда.
Ўйнаган жамоалари: "Волта-Редонда", "Ботафого", "Фигейренсе", "Интернасьонал", "Витория" (барчаси – Бразилия), "Ал Айн", "Ал Васл" (иккиси – БАА).
Ҳужумкор ярим ҳимоячи Фабио Де Лима 1993 йил Бразилиянинг Арасажи муниципалитетида таваллуд топган. 2014/15 йилги мавсумдан бери БАА чемпионатида ўйнайди. 2020 йилнинг февраль ойида БАА фуқаролигини қабул қилган. Термадаги дебютини 2020 йил 12 октябрь куни Ўзбекистонга қарши (1:2) ўртоқлик беллашувида нишонлаган.
Ўйнаган жамоалари: "Икаса", "Атлетико Гоияниенсе", "Васко да Гама" (барчаси – Бразилия), "Ал Васл" (БАА, бугунги кунгача).
Чап қанот ҳимоячиси Маккензи Хант 2001 йил Англиянинг Ливерпуль шаҳрида дунёга келган. 2007 йилдан 2024 йилнинг ёзигача "Эвертон" тизимида ҳаракат қилган. Маккензи Премьер-лига клуби асосий жамоасининг қайдномасига 20 марта кирганига қарамай, умуман майдонга туширилмаган. У болалигининг асосий қисмини Дубайда ўтказган ва инглиз макбатига қатнаган. Кейинчалик Дубайдаги коллежда 2 йил таҳсил олгач, яна Ливерпулга қайтган. Унинг отаси Марк ҳамон Дубайда яшаб, ўша ерда ишлаб келади. Айтиш жоиз, у шу йил бошида БАА фуқаролигини олган.
Маккензи Хант куни кеча – 30 август куни БАА терма жамоасидан чақирув олди ва кеча Қатар билан баҳсда нафақат дебют қилишга, балки ассист қилишга ҳам улгурди.
Ўйнаган жамоалари: "Эвертон", "Флитвуд" (иккиси – Англия, бугунги кунгача).
Иссам Файз 2000 йил Марокашнинг Хурибга шаҳрида туғилган. 2018 йилдан бери БАА чемпионати вакили "Ажман" жамоаси шарафини ҳимоя қилмоқда. 2023 йилда БАА фуқаролигини олган ва миллий терма жамоада 2024 йил 26 март куни ЖЧ саралаши доирасидаги Яман билан баҳсда дебют қилган.
Сентябрдаги йиғинга жалб қилинган, аммо Қатар билан баҳсда кўриниш бермаган футболчилар
Ҳужумчи Жуниор Ндиайе 2005 йил Дубайда таваллуд топган. Франция U-17 термаси сафида майдонга тушишга улгурган. Бироқ эндиликда у яна БАА шарафини ҳимоя қилмоқда. Унинг отаси Самба "Ал Насср" таркибида 2 мавсум ҳаракат қилган.
Дарвозабон Адли Муҳаммад 2004 йил Баҳрайн пойтахти Манамада туғилган. Бугунги кунда "Саутгемптон" U-21 таркибида ўйнамоқда. У ҳам Қатар ва Эронга қарши учрашувлар учун илк бор термага чақирилган.
Эътиборлиси, "Ал Васл" ярим ҳимоячиси Али Солиҳнинг Адли Муҳаммад ва Маккензи Хант қатори Британияга алоқаси бор. Гап шундаки, унинг онаси Шотландия пойтахти Эдинбургдан.
Хулоса шуки, бир муддат олдин ўзбек футболи мутахассислари ва ишқибозлари БААни жиддий рақиб сифатида қабул қилмаётганди. Қатар билан ўйин кўрсатдики, бу нотўғри қараш ва БАА миллий терма жамоаси тўғри релсга тушиб олган ва дадил равишда олдинга илдамламоқда. Ишонамизки, Ўзбекистон терма жамоаси мураббийлар штаби ҳам БААнинг ўйинларини астойдил ўрганади. Ҳар ҳолда рақиб бу ишни аллақачон бошлаб юборган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон – БАА учрашуви 15 октябрь куни ташкил этилиши режалаштирилган.
Шерзод Нурматов
Комментарии