Ўзбекистон кубоги. Ярим финалга қадар босиб ўтилган йўл
27 сен 2018 12:00
Новости
Ўзбекистон кубоги. Ярим финалга қадар босиб ўтилган йўл
Финалга чиқиш учун бир қадам қолди. Ярим финалга қадар барча рақибларини мағлуб этган “Қўқон-1912”, “Бунёдкор”, “Пахтакор” ҳамда АГМК клублари етиб келишганини мухлисларимиз жуда ҳам яхши билишади. Улардан иккитаси юқори олтиликда, қолган иккитаси қуйи олтиликда иштирок этишмоқда.
Хабарингиз бор, бу йилдан мамлакат кубогининг барча босқич ўйинлари битта учрашувдан иборат бўлмоқда. Бундан ташқари ҳар бир босқичга алоҳида қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди. Қуръа жараёнида ҳеч бир клубга енгиллик тақдим этилмади ва исталган клубга исталган рақиб тўқнаш келиши мумкин бўлди. Шу боисдан ҳам мухлислар чорак финалнинг ўзида “Пахтакор” – “Локомотив” учрашувининг гувоҳига айланишди. Айнан янги формат сабабли ПРО-лиганинг бир йўла икки клуби чорак финалга қадар етиб боришди.
Ўқувчиларимиз эътиборига клубларнинг ярим финалга қадар босиб ўтган йўлларини тақдим этамиз.
"Қўқон-1912" (гол урганлар: Суҳроб Бердиев 2та, Баҳодир Акрамов, Мурод Холмуҳаммедов, Қувондиқ Рўзиев, Баҳодир Пардаев, Игорь Таран)
Нўъмон Ҳасанов бошчилигидаги жамоа Ўзбекистон кубогининг 1/16 финалидан бошлади. Қўқонликлар Зоминда ПРО-лига иштирокисига қарши ўйнашди. Айтиш мумкинки "Қўқон-1912" учун айнан мана шу босқич охиргиси бўлиши мумкин эди. Сабаби ўйиннинг 77-дақиқасида мезбонлар 2:0 ҳисобида олдинда боришаётганди. Сўнгги дақиқаларда ҳисобни тенглаштирган қўқонликлар қўшимча таймларда аниқроғи 116-дақиқада учинчи голни уриб кейинги босқчига йўл олишганди.
Эътиборлиси нимчорак финалда ҳам "Қўқон-1912" ирода намойиш этганди. Ўз майдонида "Нефтчи" билан баҳснинг бошида гол қўйиб юборган Ҳасанов шогирдлари биринчи таймнинг ўзида ҳисобни тенглаштиришди. Бироқ иккинчи таймда ҳисоб ўзгармади. Ғолибни аниқлаш учун қўшимча таймлар белгиланди. 113-дақиқада Мурод Холмуҳаммедовнинг пенальтидан урган голи эвазига чорак финалга чиққанди.
Яқиндагина ўтган чорак финалда "Қизилқум" ҳар бир бўлимда биттадан урилган гол эвазига доғда қолдирилди. Эътиборлиси бу сафар қўшимча таймларга мурожаат қилинмади.
АГМК (гол урганлар: Зафар Полвонов, Отабек Зокиров, Йован Жокич, Камолиддин Мурзоев, Владимир Бубанья, Жасур Ҳасанов)
Олмалиқнинг АГМК клуби ҳам худди "Қўқон-1912" каби мусобақани 1/16 финалдан бошлади. Бу босқичда ПРО-лиганинг "Норин" жамоасига қарши баҳс тақдирини Полвоновнинг урган ягона голи ҳал қилганди.
Кейинги босқчида АГМК жиддийроқ рақиб "Насаф" билан тўқнаш келди. Биринчи таймнинг ўзида иккита гол урган мезбонлар якунда 2:1 ҳисобида ғалаба қозониб, чорак финалга йўл олишди.
Эътиборлиси АГМК учала босқични ҳам ўз уйида ўтказди. Бунда албатта қуръада жамоанинг омади келгани билан боғлаш мумкин. Чорак финалда олмалиқликлар жуда қийин ўйин ўтказишди. ПРО-лига иштирокичиси бўлган "Машъал"га қарши баҳсда ҳисобда ортда қолаётган жамоа сўнгги дақиқаларда мувозанатни тиклашди. Қўшимча таймлардагина иккита гол уриб ярим финалга йўл олишди.
"Пахтакор" (гол урганлар: Жасур Ҳакимов 2та, Жасур Яхшибоев 2та, Тиаго Безерра 2та, Баҳром Абдураҳимов, Достон Иброҳимов, Егор Кримец, Игорь Сергеев)
"Пахтакор" Ўзбекистон кубогига 1/8 финалдан қўшилди. Бу босқичда жамоа Олтиариқнинг "Ифтихор" клуби меҳмони бўлиши керак эди. Аммо ПРО-лига жамоаси уй стадиони талабга жавоб бермагани учун баҳс Тошкентда "Пахтакор" стадионида бўлиб ўтди. Учрашувда "шерлар" 6:0 ҳисобида зафар қучишди.
Чорак финалда Шота Арвеладзе шогирдларига жиддийроқ рақиб тўғаноқ бўлди. Бу амалдаги кубок соҳиби "Локомотив" эди. Бироқ бу учрашувда ҳам "Пахтакор" рақибини йирик ҳисобда таслим қилди - 4:0. "Шерлар" фақат ярим финалдагина сафарда ўйин ўтказишади.
"Бунёдкор" (гол урганлар: Миржамол Қосимов 2та, Шаҳзодбек Нурматов)
Миржалол Қосимов бошчилигидаги "қалдирғочлар" 1/8 финалда ўз уйида "Сўғдиёна"ни қабул қилди. Миржамол Қосимовнинг урган голи эвазига ғалаба қозонган "Бунёдкор" кейинги босқчига чиққанди.
Чорак финалда эса жамоа водийда меҳмон бўлди. ПРО-лигада иштирок этаётган "Андижон"га қарши баҳснинг биринчи таймида Миржамол Қосимов ҳамда Шаҳзодбек Нурматовнинг голлари меҳмонларга ғалаба келтирди - 2:1.
Миржалол Қосимов финалга чиқиш учун ўз уйида Бахтиёр Ашурматов бошчилигидаги АГМК тўсиғидан ўтиши лозим бўлади.
ЯРИМ ФИНАЛЧИЛАР БОСИБ ЎТГАН ЙЎЛ
1/16 финал
"Зомин" - "Қўқон-1912" 2:3
АГМК - "Норин" 1:0
1/8 финал
"Қўқон-1912" - "Нефтчи" 2:1
АГМК - "Насаф" 2:1
"Ифтихор" - "Пахтакор" 0:6
"Бунёдкор" - "Сўғдиёна" 1:0
1/4 финал
"Қўқон-1912" - "Қизилқум" 2:0
АГМК - "Машъал" 3:1
"Андижон" - "Бунёдкор" 1:2
"Пахтакор" - "Локомотив" 4:0
Ярим финал
27 сентябрь
“Қўқон-1912” – “Пахтакор”
28 сентябрь
“Бунёдкор” – АГМК
Комментарии