"Ўйинга зўрға йиғилдик. Экипировкалар берилмаган, лўлидек бўлиб ўйинга боряпмиз" - Геннадий Кочнев
27 апр 2023 22:52
Новости
"Ўйинга зўрға йиғилдик. Экипировкалар берилмаган, лўлидек бўлиб ўйинга боряпмиз" - Геннадий Кочнев
- Бундай ўйиндан кейин нима дейиш мумкин... Тўғрисини айтсам, яхши сўзлар ҳам топа олмаяпман. Эрталаб соат 5дан йўлга чиққанимизни, таркибдаги бир қанча футболчиларнинг рулда бўлганини инобатга олсак, кимнидир айблашни истамайман. Ўтган йили раҳбарият томонидан жамоага бироз бўлса-да, эътибор бор эди. Ундан ташқари, машғулот жараёнлари ҳам тўлиқ бўлаётганди. Ёзда таркибга бир қанча яхши футболчиларни олиб, лигадаги ўрнимизни сақлаб қола олгандик. Ҳозир эса 28 апрель... Нимадир дейишни ҳам истамайман. Ўйинга зўрға йиғилдик. Йигитлар ҳолатни билиб туриб, ўйинга боришни исташмади. Марҳамат, мана бунинг меваси. Ўйнашди, ҳаракат қилишди. Қоқ саҳарлаб йўлга чиқиб, 8-9 соат йўлда бўлиб, таркибда тушиш қандай қийинлигини тушуниб турибсиз. Балки келажакда нимадир ўзгарар. Дам олиш кунларидан кейин вазиятга қараймиз. Вазият яхшиланармикин ёки йўқ. Ҳозир биздаги аҳвол жуда ёмон. "Локомотив"ни табриклайман. Жуда зўр жамоа. Таркиби ҳам зўр. "Локомотив" ва "Динамо" Суперлигага чиқишга ҳақли деб ҳисоблайман. Қолган барча жамоалар билан ўйнаса, натижа кўрсатса бўлади. Бу мавсум бизда ишлар ёмон.
- Фирдавс Асадов ўтган сафар ўйиндаги масъулиятни ўзига олганди. Бу сафар унчалик ўхшамади.
- У шундай тажрибаси билан хато қиляпти. Бизда марказда катта муаммо бор. Иккинчи бўлимда унинг жойини кучайтира олмадик. Бизда таркибда муаммолар катта. Марказдаги асосий футболчимиз Акбар Муродов "Навбаҳор-Фарм" билан ўйинда қизил карточка олди. Ўтган йили таркибда рақобат бор эди, захирадан тенг кучли футболчиларни майдонга тушираётгандик. Захирадан тушганлар ўйинни кучайтира ёки яхшилай олаётганди. "Машъал" билан ўйинда захирадан тушган футболчи гол ҳам урганди. Бу мавсумда эса... Биз ўйинни кучайтира олмаяпмиз. Ҳа, йўлдан чарчаб ўйинга келдик, иккита гол бизнинг хатоларимиз билан кириб кетди. Шу сабабли ҳеч кимни айблаш ниятим йўқ. Таркибдаги барча футболчилар хатога йўл қўйишди. Нима қилиш керак? Биринчи бўлимда голни олиб келишига бир баҳя қолган дарвозабонни ҳам алмаштирдим. Ўтган ўйиннинг энг яхшилари бугун ўзини кўрсата олмади. Одамлар бизнинг ўйин учун қандай йиғилганимизни билишмайди. Гуруҳ-гуруҳ бўлиб йиғилдик. Кимлардир машинани тўлдириб кетаверди. Ўйинга яқин қолганда кўрсатма бериш жараёнига яқин ҳам таркиб йиғилмаганди. Ўйин бошида футболчилар югурди, нимадир қилишга ҳаракат қилди. Агарда ишлар яхши бўлса, балки, иккинчи даврада таркибга бир қанча яхши футболчилар олиб келинар. Шу орқали йигитларнинг ҳам кайфияти кўтарилган бўларди. Ўтган турда "Андижон-SGS" жамоасини омадимиз келиб, ютиб қўйгандик. Ўшанда ҳам биринчи бўлимда гол уриб олиб, иккинчи бўлимда шунчаки ўйинни кузатгандик. Дарвоза тўсини бизни қутқарган ва 3 очкони қўлга киритгандик. Ҳозир энди клубдаги вазиятни кузатишда давом этамиз.
- Саволим клубнинг молиявий ҳолати ҳақида. "Ғиждувон" ҳали ҳам ўтган мавсумдаги либосларида ўйнамоқда. Ундан ташқари, Сиз ўйинга бугун етиб келдик, деб айтдингиз. Умуман олганда Сизларга маош беришяптими?
- Раҳбарият маош беришга ҳаракат қилмоқда. Ўтган мавсумга қараганда маошлар суммаси сезиларли ўзгарган. Йигитлар шунчаки рамзий рақамларга имзо чекишган. Биздан сабр қилиш кераклигини айтишмоқда, ҳомийга бир қанча ишларини битириши учун вақт керак экан. Ҳозирча ҳолатда яхшиланиш кузатилмаяпти. Тўғри сезибсиз, либосларимиз эски. Ушбу мавсумда жамоага янги келган футболчиларга ҳали экипировкалар берилмаган. Кўрганингиздек, ўйинарга лўлидек келяпмиз. Албатта, бу ноқулай. Барчасини вақт кўрсатади, балки ҳолат яхшиланар.
- "Бухоро"да раҳбариятда ишлагансиз. Сизнингча, жамоага йўқдан бор қиладиган менежер керакми ёки боридан яхши фойдаланадиганми?
- Албатта, йўқдан бошлаш. Бунинг ўзига ҳос плюс томонлари бор. "Ғиждувон"нинг ўз стадиони бор. Яхши стадион. Ўтган мавсум ўз майдонимизда бирор учрашувда мағлуб бўлмадик. Ҳозир эса ёритиш тизими яхши бўлмагани учун "Бухоро" марказий стадионида ўйнаяпмиз. Ҳозирча раҳбарияти фақатгина шунга ёрдам бермоқда. Клубнинг қароргоҳини қуриш режаси ҳам бор. Режалар доимо бор. Бироқ бунинг амалга ошиши йўқ. Жоним билан барчасини нолдан бошлаган бўлардим, барчасини секин-секин зинама-зина ривожлантириб борардим. Масалан, "Ғиждувон" биринчи босқичдан ўтди, биринчи лигада ўйнади ва Про-лигага чиқди. Биз бу ердаги ўрнимизни сақлаб қолдик. Энди секинлик билан ривожланиб борамиз. Ҳозир эса бу борада ҳеч қандай иложи йўқ.
Комментарии