RU

Олий лига-2015. Мавсум тўпурарлари Новости

Олий лига-2015. Мавсум тўпурарлари

2015 йилги олий лигада "Пахтакор" ҳужумчиси Игорь Сергеев 23та гол билан тўпурар бўлди.

Биз мавсумда энг кўп гол урган футболчиларни ёдга олишга қарор қилдик.

Артур Геворкян ("Насаф") - 11та гол
"Насаф" сардори мавсумни бир текисда ўтказа олмади. Бунга жароҳатлар ҳам сабаб бўлди дейиш мумкин. Мавсум бошида дастлабки 5та турда 4та гол урган Геворкян ёзги танаффусга 5та гол билан чиқиб кетди. Кузда эса ўзига келиб олди ва голлари сонини 11тага етказиб олди. Ўтган мавсум тўпурари бўлган туркманистонлик футболчи бу йил "Андижон" ва "Навбаҳор"га қарши ўйинларда дублга эришди. Геворкяннинг олий лигадаги жами голлари сони 88тага етди.


Камолиддин Мурзоев ("Олмалиқ"/"Динамо") - 11та гол
Мавсумни "Олмалиқ" сафида бошлаган Мурзоев Игорь Шквирин жамоасида 12та ўйинда 3та гол урди. Ёзда "Динамо"га кўчиб ўтди. Бу трансфер жуда ҳам самарали бўлганини таъкидлаш лозим. Иккинчи даврада 13та ўйинда рақиблар дарвозасига 8та гол уришга эришди. Камолиддин кетма-кет 4та ўйинда майдонни голсиз тарк этмади. Мурзоев мавсум давомида фақат бир марта 11тадан кўп гол урган. 2006 йил "Машъал" шарафини ҳимоя қилган ҳужумчи 26та ўйинда 15та тўп киритганди. Мурзоевнинг сўнгги турда "Олмалиқ" дарвозасига урган голи унинг учун олий лигадаги юбилей 50-гол бўлди.



Марат Бикмаев ("Локомотив") - 11та гол
Бикмаев ҳам Мурзоев сингари мавсум давомида 11та гол уришга муваффақ бўлди. Бикмаевни мураббийлар асосан "жокер" сифатида ўйнатишди. Яъни Марат захирадан майдонга тушиб гол урадиган футболчи ролини ўйнади. Ҳужумчи 11та голнинг 5тасини захирадан майдонга тушиб рақиблар дарвозасига урган. Бикмаев мавсум давомида 27та ўйинда иштирок этди, аммо фақатгина 5тасида тўлиқ ҳаракат қилди. Ҳужумчи "Навбаҳор" ва "Бухоро" билан учрашувларда дублга эришди.



Илҳом Шомуродов ("Насаф") - 12та гол
"Насаф"нинг асосий ҳужумчиси бўлган Илҳом Шомуродов олий лигада бу йил 29та ўйинда майдонга тушиб 12та тўп киритди. Шомуродов икки ўйинда "Динамо" дарвозасига 3та, "Навбаҳор"га 2та гол урди. Умуман олганда унинг зарбасидан 9та жамоа жабр чекди. Эътиборлиси Илҳом Шомуродовнинг олий лигада урган жами голлари сони 59тага етди. Кейинги мавсумда уриладиган илк гол ҳужумчи учун 60-гол бўлади.



Шаҳбоз Эркинов ("Навбаҳор") - 13та гол
Олий лигада бир неча йиллардан буён ўйнаб келаётган ҳужумчи бу йил 26та ўйинда 13та гол урди, яъни Эркинов ҳар иккинчи ўйинда битта гол урди. У "Олмалиқ" ва "Қўқон-1912"га қарши учрашувларда дублга эришди. Ўтган мавсум Шаҳбоз 14та гол билан тўпурарлар пойгасида иккинчи ўринни банд этган эди. Ҳужумчининг олий лигада урган жами голлари сони 79тага етди.



Санжар Шоаҳмедов ("Локомотив") - 14та гол
"Олмалиқ" сафида 4 мавсум давомида 98та ўйинда 11та гол урган Санжар Шоаҳмедов бу йилни "Локомотив" сафида ўтказди. Натижа ажойиб: 29та ўйин 14та гол! Шоаҳмедов "темирйўлчилар" сафида ўзини анча яхши ҳис қилди. "Сўғдиёна" билан учрашувда дублга эришди. Математикани яхши ўқиганлар Санжарнинг олий лигадаги голлари сони 25та етганини аллақачон англаб бўлишди.



Баҳриддин Ваҳобов ("Қизилқум") - 21та гол
32 ёшли Баҳриддин Ваҳобов бу йил ўзининг иккинчи ёшлигини бошдан кечирди дейиш мумкин. "Қизилқум" ҳужумчиси мавсумни "Сўғдиёна"га қарши ўйинда хет-трик билан бошлаганида кўпчилик уни тўпурарлар пойгасида узоқ вақт карвонбошчилик қилишини ҳаёлига ҳам келтирмаганди. Ваҳобов бу йил иккита хет-трикка эришган ягона футболчи бўлди. Бундан ташқари ҳужумчи учта ўйинда дубль расмийлаштирди. "Қизилқум" бу йил 38та тўп киритди, шулардан 21тасини (голларнинг 56 фоизи) Ваҳобов рақиб дарвозасига киритган.



Игорь Сергеев ("Пахтакор") - 23та гол
"Пахтакор" клубининг 23 ёшли ҳужумчиси Игорь Сергеев бу йил 23та гол уриб Ўзбекистон чемпионати тўпурарига айланди. Олдинги 4та мавсумда 52та ўйинда 16та гол урган Игорь бу йил 30та баҳсда 23та тўп киритишга эришди. Ҳужумчи бу йил "Бухоро" билан ўйинда хет-трикка эришди. Беш марта дубль расмийлаштирди. Сергеевнинг олий лигада урган жами голлари сони 39тага етди. Игорь Сергеев нафақат "Пахтакор" сафида балки миллий терма жамоада ҳам тўпурарлик маҳоратини намойиш этиб бормоқда. Юртимизда шундай ҳужумчи ўсиб келаётгани барчамизни қувонтириши табиий.
 


Нарзулла Сайдуллаев

Рейтинг: +9   

Комментарии

championat.asia
< посмотреть последние новости
Яндекс.Метрика