ЎФА Президенти Абдусалом Азизов футболимизнинг бугунги муаммолари ва келажакдаги режаларига бағишланган йиғилиш ўтказди
23 июл 2019 19:03
Новости
ЎФА Президенти Абдусалом Азизов футболимизнинг бугунги муаммолари ва келажакдаги режаларига бағишланган йиғилиш ўтказди
Унда футболимиздаги мавжуд муаммолар ҳамда ташкилотнинг яқин келажакдаги режалари муҳокама қилинди.
Дастлаб вилоят футбол ассоциацияларининг бугунги фаолияти кўриб чиқилди. Бу тизимдаги муаммоларни бартараф этиш чоралари, ассоциацияларни моддий қўллаб-қуватлаш, кадрлар малакасини кўриб чиқиш, маҳаллий хокимиятлар билан ҳамжиҳатликда вилоятларда футболни ривожлантириш борасида кўрсатмалар берилди.
ЎФА раҳбарининг асосий талабларидан бири футболдаги адолат ва ҳалол ўйин принципларига тўлиқ риоя қилишни таъминлаш. Келишилган ўйинлар ҳамда тотализаторга қарши курашиш борасида хуқуқни мухофаза қилиш органлари билан яқиндан ҳамкорлик қилган ҳолда, бу нопок йўл билан футболимизни орқага тортаётганлар, мухлисларнинг қизиқишини сўндираётганлар аниқланади ва тегишли жазога тортилади.
Яқин муддат ичида Ўзбекистон миллий терма жамоаси, олимпия ва ёш тоифадаги терма жамоаларимиз саралаш турнирларига киришадилар. ЎФА Президенти терма жамоаларимизнинг иш режалари билан яқиндан танишди. Дарвоқе, миллий терма жамоамизнинг яқин вақт ичида ўтказадиган ўйинлари учун “Миллий” стадион майдони ҳали талаб даражасида эмаслиги эътироф этилди. Йил охиригача ушбу стадион чимини тартибга келтириш вазифаси қўйилди. Унга қадар терма жамоалар бошқа стадионларда ҳам учрашувлар ўтказиши таклифи берилди.
Ўзбек футболининг мавқеини ҳалқаро майдонда мустаҳкамлашда ФИФА ва ОФК билан яқиндан ҳамкорлик қилиш, ушбу ташкилотларнинг, қолаверса, мухлисларнинг ишончини қайтариш жуда муҳим экани ҳам алоҳида таъкидланди. Абдусалом Азизов ҳалқаро ҳамкорлар билан муносабатлар ва келажакдаги ўзаро лойиҳаларни тўлиқ қўллаб-қўвватлаши ҳақида айтиб ўтди.
Шунингдек, ЎФА Президенти томонидан болалар футболидаги аҳволни яхшилаш, улар учун мунтазам турнирлар ташкил этиш кераклиги таъкидланди. Ўсмир ва ёшларнинг катта футболга ўтиш жараёнидаги муаммолар, уларнинг профессионал футболчи сифатида шаклланиши, миллий терма жамоага муносиб футболчи бўлиб етишиши бўйича ҳозирги кунда мавжуд бўлган камчиликларни бартараф этиш кераклиги айтиб ўтилди. Бу борада қитъамизнинг футболи жадал ривожланаётган мамлакатлари, хусусан, Япония, Қатар, Бирлашган Араб Амирликлари тажрибалари яқиндан ўрганиб чиқилади ва мутахассисларнинг тажриба алмашинуви йўлга қўйилади.
Терма жамоаларимизда диеталогия ва витаминизация етишмаслигини Абдусалом Азизов алоҳида эътироф этиб, тез орада малакали шифокорлардан иборат гуруҳ тузилиб, бу йўналишни кучайтиришга кўрсатма берди.
Йиғилишда мархум Пахтакор-79 жамоаси аъзоларига алоҳида тўхталиб ўтилди.
- “Ҳабарингиз бор, бу йил Пахтакор-79 авиаҳалокатига 40 йил тўлмоқда. Бу нафақат “Пахтакор” клуби, балки бутун ўзбек футболи учун катта фожеадир. Биз ҳеч қачон футболимизнинг фахри бўлмиш ушбу жамоани унутмаслигимиз ва ҳамма вақт уларнинг хотирасини ёд этишимиз зарурдир. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон футбол ассоциацияси ушбу сана муносабати билан ўтказиладиган барча тадбирларда фаол иштирок этиши, мазкур сана арафасида бўладиган Суперлига учрашувларида ўтганлар хотирасига хурмат бажо келтириши, жамоа аъзоларининг яқинларига эътибор қаратиши зарур”, дея таъкидлади Абдусалом Азизов.
Қайд этиш жоиз, футболни ривожлантиришда ҳомийлар ва ҳамкорлар кўмагисиз кўп нарсага эришиб бўлмайди. Ассоциация ҳам ўз навбатида юртимиз ва хорижнинг катта компаниялари билан ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўйиш борасида иш олиб боради.
Стадионларда байрамона атмосферани юзага келтириш, мухлислик маданиятини ошириш ҳам муҳим масалалардан бири ҳисобланади. Ҳозирги кунда ҳам ўйинлар пайтида футболчилар, мураббийлар, ҳакамларга қарата хақоратлар янграши каби футболимиз мавқеини туширадиган вазиятлар учраб турибди. Бу эса ўз навбатида стадионларга оилавий борилишга тўсқинлик қиляпти. Ассоциация томонидан мухлислик маданиятини ошириш учун махсус лойиҳалар, тадбирлар, ижтимоий роликлар тайёрланяпти.
Абдусалом Азизов миллий чемпионатимизда тартиб интизомни кучайтириш зарурлигини ҳам алоҳида таъкидлади.
- “Хозирда жамоаларда мураббий ва футболчилар шартномалари борасида ноаниқликлар учраб туришидан хабарим бор. Қисқа муддатли шартномалар ўрнини икки томоннинг мажбуриятлари тўлиқ акс этган профессионал шартномалар эгаллаши керак. Шунда мураббийлар ҳам маълум муддат ўз жамоаси билан ишлаб, уни кучайтириш ҳақида ўйлайди. Футболчилар ҳам бир йил ўтар-ўтмасдан ўзига бошқа клуб қидиришга тушмайди. Регламент, чемпионат формати ва жамоалар сонини ҳар йили ўзгартиришни тўхтатамиз. Кейинги мавсумда ҳам жамоалар сони шунчалигича қолади ва суперлигага чиқадиган жамоа спорт принциплари асосда курашиб йулланмага эга чиқсин. Турли аралашувлар орқали жамоаларни юқори лигаларга олиб чиқишга бўлган уринишларга йўл қўйилмайди”, - дея таъкидлади Абдусалом Азизов.
Кўриб чиқилган масалалар бўйича бошқарма раҳбарларига кўрсатма ва топшириқлар берилди.
Комментарии