RU

Последние новости

11:59Эшитдик-да! "Локомотив"ни тарк этган футболчига "Нефтчи" ва "Динамо" қизиқмоқда  0 11:42Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг Қатарга йўл олган таркиби маълум  1 11:30"Қизилқум" мавсумни Самарқандда бошлайди, "Динамо" ўз уйида тўп тепади  0 11:10Забиҳилло Ўринбоев фаолиятини собиқ жамоаларидан бирида давом эттириши мумкин  5 10:49Расмий хабар: "Сўғдиёна" 32 ёшли нигериялик ҳужумчи билан шартнома тузди  9 10:17«Реал Мадрид» МЮ анча вақтдан бери қизиқаётган футболчи билан шартнома тузмоқчи  3 09:45Игорь Сергеев «Пахтакор»га қайтмоқдами? Ҳужумчининг ўзи бунга жавоб берди  19 09:14«Динамо»нинг яна бир тўпурар футболчиси жамоани тарк этиши мумкин  2 08:40Яқинда шартномасини узайтирган Шомуродов «Рома»ни тарк этишга яқин  11 08:13«Ливерпул»га ПСЖ ҳужумчиси керак  3 07:35Ўтган мавсум «Сўғдиёна»да ўйнаган футболчи янги мавсумни «Қўқон-1912»да давом эттириши мумкин  0 00:42"Манчестер Юнайтед" трансферлар учун 230 млн евро ишлатишга тайёр. Бу пул кимларга сарфланади?  13 00:08Алекс Фергюсон Роналдуни йиғлатгани ҳақида билармидингиз?  8 23:35Деярли барча футболчилари билан хайрлашган "Металлург" черногориялик ҳужумчисини трансферга қўйди  7 22:45"Реал" нимадан норози?  6

Одил Аҳмедов: “Клуб президенти текинга қўйиб юборишга ҳам рози” Новости

Одил Аҳмедов: “Клуб президенти текинга қўйиб юборишга ҳам рози”

Ўн кун давомида Ўзбекистон миллий терма жамоаси Тошкентда ўқув-машғулот йиғинини ўтказди.
Ушбу йиғин терма жамоамиз учун Иордания ва Янги Зеландияга қарши ўтказилган ўртоқлик учрашувларига тайёргарлик вазифасини ўтаб берди. Йиғинда Осиё ўйинларига борадиган таркибдан ташқари, БАА, Россия, Украина, Хитой чемпионатида ўйновчи легионерларимиз ҳам иштирок этишди. Анчадан бери терма жамоамизни тўлиқ таркибда кўрмаётган эдик. Биз Россияга жўнаб кетиши олдидан Одил Аҳмедовдан эксклюзив интервью олдик.

- Одил, аввало сиз билан кўришиб турганимиздан хурсандмиз. Суҳбатимиз аввалида Одил Аҳмедовнинг “Краснодар” клубидаги бир кунлик ҳаёти қандай ўтаётгани ҳақида маълумот берсангиз.
- Ўйнаётган клубингизга қараб кун тартиби тузиб чиқилади. Масалан, “Анжи” ёки “Пахтакор”да ўйнаган пайтларим ҳозиргидек кун тартибига эга эмасдим. “Краснодар”даги кундалик ҳаётим аввалги жамоалардан фарқ қилади. Масалан, ҳозирги жамоамда машғулотлар эрталаб ўтказилади. Машғулот якунига етганидан сўнг уч соат клуб ихтиёрида қолишингиз шарт. Аввалдан белгиланган дастур асосида ишлаймиз. Шу боис, у ердаги ҳаётим асосан футболга бағишланяпти. Эрталаб уйдан чиқиб кетиб, кечқурун қайтаман. Сўнгги пайтларда оилам учун кам вақт ажратяпман.  



- Машғулот жараёни ҳам фарқ қиладими?
- Албатта. Бу нарса мураббийга боғлиқ. Ҳар бир мураббийнинг ўз иш услуби бор. Шунга қараб машғулот давомийлиги тузиб чиқилади.

- Миллий терма жамоамизнинг машғулотичи?
- Энди анчадан бери ҳозиргидек тўлиқ таркибда йиғилмагандик. Кейин бу сафар мураббийлар таркибни иккига бўлишди. Ёшлардан иборат таркиб Иордания, қолганлар эса Янги Зеландияга қарши ўйинга алоҳида-алоҳида тайёргарлик кўрди. Рақибга қараб ҳам машғулотлар турлича тузию чиқилади.

- Сиз "Анжи" клубида машҳур мутахассис Гус Хиддинк қўл остида ўйнагансиз. Дунё тан олган мураббий. Голландиялик устозингиз ҳақида нима дея оласиз?
- Ҳақиқатан ҳам яхши ва кучли мутахассис. Ўзи мураббий биринчи галда футболчиларни яхши кўриши керак. Нафақат 11, балки 20 нафар футболчини ўйинга бирдек тайёрлаш олиши лозим. Гусда худди шу хислатлар бор эди. Бу мураббий ҳақида фақат ижобий фикрларни билдиришим мумкин.

- У қаттиққўл мураббийлар сирасига кирармиди?
- Қаттиққўл эмасу, лекин талабчан. Шундай десам тўғрироқ бўлса керак. Футболчилар Хиддинкнинг дарғазаб бўлишига йўл қўйишмасди. Вазият унгача етиб бормас эди. Айтган вазифаларини вақтида бажарардик.   

- Миллий терма жамоадан илк чақирув олган кунни футболчи бир умрга эслаб қолади. Бугунга келиб сиз ҳар томонлама етуклик даражасига етдингиз. Айтингчи, ҳозир бу жараённи қандай қабул қиласиз? Одатдагидекми?
- Ҳалигача ҳаяжон билан қабул қиламан. Терма жамоадан чақирувни оддий қарши олиб бўлмайди. Ҳар бир футболчи учун миллий терма жамоа либосини кийиш орзу ҳисобланади. Ҳар сафар чақирув олганимда хурсанд бўламан. Айниқса, уйдаги ўйинларга таклиф этилганимда, икки хисса қувонаман. Чунки ҳар доим ҳам юртдошларимиз олдида ўйнаш насиб этавермайди. Легионер сифатида ҳориж клубида ўйнаймиз. Тошкентда жуда кам бўламиз. Мухлисларни соғинамиз. Шу ерда футбол ўйнашни бошлаганмиз. Шу даражага етишишимизда футбол ишқибозларининг хиссаси катта. Шу боис, улардан бир умр қарздормиз.



- Укангиз Азим Аҳмедовга ҳам миллий терма жамоада ўйнаш бахти насиб этди. Ўша Олмалиқ шаҳрида Уммон терма жамоаси билан бўлиб ўтган учрашувда бир неча бор укангизга дакки берганингизга гувоҳ бўлгандим...
- Укам бўлгани учун бундай қилишга ҳаққим бор деб ўйлайман. Ўзимнинг ҳам бошимдан ўтган. Қандай ўйнаётганини айтиб туришади. Узоқда бўлсамда, ҳар доим унга қўнғироқ қилиб, керакли маслаҳатларни бериб келаман. Зарур пайтда танқид ҳам қиламан. Менинг танқидимни доим тўғри қабул қилади. Маслаҳатларим унга ас қотади, деб ўйлайман. Ўзига яраша ютуқларга ҳам эришяпти. “Навбаҳор”нинг асосий таркиб футболчисига айланди. Миллий терма жамоадан чақирув ола бошлади. Шундай бўлсада, ҳали камчиликлари кўп. Бу ҳақда унинг ўзига айтаман. Уларни бартараф қилиб борса, келажак фаолияти учун ҳам яхши бўлади.

-  “Краснодар” жамоаси сўнгги турда ўз уйида “Динамо”га имкониятни бой бериб қўйди. Бу мағлубиятни Европа Лигаси доирасидаги ўйинда “Реал Сосьедад” жамоасига кўп куч сарфлаб юборилгани билан изоҳласа бўладими?
- Тўғри, сан-себастьянликларга қарши кечган жавоб ўйинида жуда кўп куч сарфланди. Илк ўйинда 0:1 ҳисобида ютқазган эдик. Лекин бу баҳона бўла олмайди. Худди биз каби “Динамо” ҳам ўйин ўтказганди. Энди бу футбол. Ҳар доим ҳам ғалаба қозонишнинг имкони йўқ. Ўша куни “Динамо” бизга нисбатан яхшироқ тайёргарликка эга бўлгани учун уч очкони қўлга киритди. Шундай десам, тўғрироқ бўлади. Ҳали олдинда ўйинлар кўп. Бу мағлубиятни навбатдаги учрашувларда ғалаба қозониб, ювишга ҳаракат қиламиз.

- Сизлардан йирик ҳисобда мағлубиятга учраган “Реал Сосьедад” кейин уйида Мадриднинг “Реал”ини савалади. “Краснодар” Европа Лигаснинг гуруҳ босқичига чиқди. Жамоа мухлислари бундай ҳолатда мағлубиятни тўғри қабул қилишгандир?
- Албатта. Улар бизга ишонч билдириб далда бўлишаётган экан, бунга муносиб тарзда жавоб ҳам қайтаришимиз керак.

- “Краснодар”нинг муваффақиятли одими сири нимада?
- Жамоавий ўйин. Таркибимизда айтарли юлдуз футболчилар йўқ. Жамоавий ўйин ва кучли интизом эвазига муваффақиятга эришяпмиз. Машғулот жараёнида ҳам жиддий тер тўкилади.   

- Қуръа натижасига кўра, “Краснодар” Европа Лигасининг гуруҳ босқичида Англиянинг “Эвертон”, Франциянинг “Лилль” ҳамда Германиянинг “Вольфсбург” клубларига қарши ўйнайдиган бўлди. Кўпчилик айнан шу гуруҳга ўлим гуруҳи номини беряпти. Шахсан сиз, “Краснодар”нинг гуруҳдан чиқишига ишоняпсизми?
- Футболда ҳар қандай натижа бўлиши мумкин. Масалан, “Реал Сосьедад” билан ўйиндан олдин ҳамма испан клубига фаворит сифатида қараётганди. Амалда эса тескариси бўлиб чиқди. Олдимизга кейинги босқичга чиқиш вазифаси қўйилган. Тўғри, кучли клубларга қарши ўйнаймиз. Лекин бу уларни мағлуб эта олмаймиз, деган гап эмас. Ўз ўйинимизни намойиш эта олсак, албатта, гуруҳ босқичидан муваффақиятли ўтиб оламиз.



- Эътиборга молик жиҳати шундаки, сиз собиқ жамоадошингиз Самуэль Это`Ога қарши майдонга тушасиз. Камерунлик тажрибали ҳужумчи яқинда “Эвертон” билан шартнома имзолади. Бўлажак тўқнашувдан нималарни кутяпсиз?

- Самуэль билан бирга ўйнаганмиз. Майдонда бир-биримизни тушуниб ҳаракат қилар эдик. Жуда тажрибали ҳужумчи. Энди аксинча, бир-биримизга рақиб сифатида майдонга тушамиз. Бундан хурсандман. Албатта, қизиқарли ўйин бўлиши турган гап.   

- Европа Лигасида ўйнаётган экансиз, табиийки, кўзга кўринган скаутлари диққат марказида бўласиз. Кузатувлар асосида кучли клублардан таклифлар тушса, унга қандай муносабатда бўласиз?
- “Краснодар”га ўтганимга ҳали кўп вақт бўлгани йўқ. Ўзи бирор жамоага ўтиш олдидан мақсад қилинади. “Краснодар” билан ютуқларга эришишни истайман. Клуб раҳбарлари, мураббийлар ва мухлислар ишонч билдирганидан кейин, унга муносиб жавоб беришингиз ҳам керакда! Шу боис, ҳали бошқа жамоа ҳақида ўйлаётганим йўқ. Ҳозирги клубим ғалабаларига ўз хиссамни қўшмоқчиман. Агар Европанинг кўзга кўринган клубларидан таклифлар бўлса, жамоа раҳбарияти билан ўзаро маслаҳатлашган ҳолда бу масалани кўриб чиқамиз. Бундан ўзим ҳам хурсанд бўлардим.

- Шартномангизда кучлироқ клубдан манфаатли таклиф бўлганида, жамоа раҳбарияти қаршилик кўрсатмасдан қўйиб юбориши ҳақида банд борми?  
- Клубимиз президенти футболни жуда яхши тушунадиган инсон. Европа жамоаларидан таклиф бўлса, хатто текинга қўйиб юборишга ҳам рози. Бунга қаршилик қилмайди. Энди ҳаммаси ўзимга боғлиқ. Европа Лигаси ўйинларида ўзимнинг ижобий тарафларимни кўрсата олсам, кучли клублар назарига тушаман. Бунинг учун эса ҳаракат қилиш керак.  

-  Жорий мавсумда “Краснодар” клуби олдига қандай вазифа қўйилган?
- Премьер-лигада совринли ўринлардан бирини қўлга киритишимиз керак. Мавсумни ёмон бошламадик. Агар “Динамо”ни мағлуб этганимизда, ҳозир 3-ўринни эгаллаб турган бўлардик. Тан олиш керак, Россия чемпионатининг савияси кўтарилиб, йилдан-йилга рақобат кучайиб боряпти. Турнир жадвалида “Зенит” йўқотишларсиз пешқадамлик қилаётган бўлсада, ҳали питерликларни чемпионлик билан табриклашга жуда эрта. Чемпионат эндигина бошланди. Ҳали ЕЧЛ ва Европа Лигаси гуруҳ баҳслари бошланганидан кейин “Зенит” ва ЦСКА клублари қийинчиликка дуч келади. Кубокни ҳам қўшиб ҳисобланаганда, учта мусобақада иштирок этиш қийинчиликларни юзага келтиради. Етакчи клублар ҳали очко йўқотади. Бизни олдинда қизиқарли учрашувлар кутиб турибди. Ўз ўрнида зиммамизга юклатилган вазифа сари интиламиз.



- Бир пайтлар яқин дўстингиз Санжар Турсунов агар “Волга” клуби чемпион бўлса, катта қозонда ош бераман, деганди. Мабодо, Краснодар жорий мавсумда чемпионлик шоҳсупасига кўтарилса, сиз бу ишни амалга ошира оласизми?
- “Краснодар” чемпион бўлмаган тақдирда ҳам ош қилишга тайёрман. Ош пиширишни яхши кўраман. Хабарингиз бор, “Анжи” клубида ўйнаб юрган кезларим ҳам бу ишни бир неча маробата амалга ошириб, дўстларимни меҳмонга таклиф қилганман. Агар “Краснодар” клуби кучли учликдан жой олса, Санжар айтганидек, катта қозонда ош тайёрлайман.

- Бугунги кунда юртимизда тил ўрганишга жуда катта эътибор қаратиляпти. Юқорида айтдик, “Краснодар” клуби сиз учун сўнгги манзил бўлиб қолмаслиги керак. Сизни яқин келажакда Европанинг кучли бешлик чемпионатларининг бирида кўришдан умидвормиз. Бунинг учун эса ҳеч бўлмаганда инглиз тилини билиш талаб этилади. Ўзингиз учун осон бўлади-да! Бу ҳақда ҳам ўйлаяпсизми?
- Албатта. Инглиз тилини мукаммал ўрганишни мақсад қилганман. Бу борада ўқитувчи ёллаганман. Яқин кунларда инглиз тили сабоқлари бошланади. Инглиз тили фақат Европанинг кучли бешлик чемпионатида керак бўлмайди. Ҳозирги клубимда ҳам легионерлар етарли. Улар билан гаплашганда ҳам инглиз тили ас қотади.

- Миллий терма жамоа мавзусига яна қайтсак. Ҳозирда терма жамоани ёшартириш жараёни кетмоқда. Мана Озарбайжон ва Иорданияга қарши кечган учрашувларда Миржалол Қосимов ёш футболчиларга имконият берди. Бу жараёнга муносабатингиз қандай?
- Бу табиий ҳолат. Ўз вақтида биз терма жамоага кириб келган пайтда ҳам шундай ҳолат юз берганди. Авлодлар алмашинуви ҳамма жамоада ҳам рўй беради. Бу жараёндан имкон қадар тезроқ ўтиб олинса, натижаларга салбий таъсир кўрсатмайди. Ёшлар бизнинг келажагимиз. Лекин бирданига таркибни ёшартириб ҳам бўлмайди. Ёшлар кимдандир ўрганиши керакку! Энди ёшлар ҳам ўзларига тақдим этилаётган имкониятдан фойдаланиб қолишлари лозим. Терма жамоа либосини кийиш бу оддий нарса эмас. Миллий терма жамоада ўйнаш орқали футболчи яхшироқ клубга ўтиши мумкин. Терма жамоа кенг имкониятлар майдони. Миржалол ака олиб бораётган ишларни қўллаб-қувватлайман. Иккала ўйинда ҳам ёш футболчилар ёмон ҳаракат қилишмади. Улар кўпроқ мана шундай халқаро ўйинларда тобланишлари керак. Халқаро тажрибанинг камлиги керакли вазиятларда панд бериб қўйди.

- Бугунги кунда фарзандларингиз ҳам улғайишяпти. Балки, футболни танлашар. Лекин футболнинг нонини ейиш қийин эканлигини ўзингиз ҳам кўрдингиз. Шундан келиб чиқиб, уларнинг қайси соҳани танлашларини истардингиз?
- Қайси соҳани танлашидан қатъий назар, улар инсон бўлишсин. Ота сифатида биринчи талабим шу бўлади. Қайси соҳага қизиқишига қараб, барча шароитларни яратиб бераман. Чунки, ўз вақтида ота-онам ҳам менга шундай имкониятларни муҳайё қилишган. Ўғлимга албатта, сен ҳам мен каби футболчи бўласан, деб мақсад қўймайман. Ўзини қизиқишига қараб ўша соҳани мукаммал ўрганишига ёрдам бераман.

- Ҳамма футболчи ҳам профессионал фаолиятини якунлаганидан сўнг мураббийликни танлайвермайди. Айримлар бошқа соҳани танлашади. Тасаввур қилайлик, Одил Аҳмедовдан келажакда қандай мураббий чиқиши мумкин?

- Мураббийлик жуда қийин соҳа. Бунга ҳозир гувоҳ бўляпман. Фаолиятим давомида бир неча мураббийлар қўл остида ўйнадим. Уларга қанчалик қийин бўлаётганини кўряпман. Шуни била туриб, мураббийликни танлашим нотўғри бўлади. Ўйлашимча, мендан яхши мураббий чиқмайди. Ҳозирги шароитда мураббийлик соҳасини танлаш ниятим йўқ. Лекин келажакда нима бўлишини билмайман. Балки вазиятнинг ўзи шунга тўғри келиб қолар. Айни пайтда бор эътиборимни футбол майдонидаги фаолиятимга қаратганман. Ҳали кўп йиллар футбол ўйнамоқчиман.

- Футболчи бўлмаганингизда, қайси касб орқали оила тебратишингиз мумкин эди?
- Бу ҳақда ўйлаб кўрмаган эканман. Чунки, футболчи бўлмасликни тасаввур ҳам қила олмайман. Болаликдан футболга қизиқдим ва шу касб орқали нон топишни мақсад қилганман.

- Акангиз Ёқуб Аҳмедов санъат соҳасини танлади ва айни пайтда кинода турли роллар ижро этяпти. Тасаввур қилинг, Одил Аҳмедовни кинога таклиф этишди...
- Бунга рози бўлмасдим. Сабаби оддий  кинода роль ижро этиш қўлимдан келмайди. Ҳар бир ишни ўзининг профессионали бажаргани маъқул.

- Агар сизга таклиф этилаётган рол бевосита футболчининг образини талқин этиш бўлсачи?

- Мабодо шундай бўлган тақдирда, буни ўйлаб кўрардим. Шу орқали ёшлар футболга янада қизиқса, бундан хурсанд бўламан ва шу мақсад учун ҳам рол ижро этардим.   



- "Краснодар" ихтиёрига қачон етиб борасиз?
- Янги Зеландия билан ўйиннинг эртаси куниёқ Москвага учиб кетаман. Режа бўйича 13 сентябрь куни "Уфа" клубига қарши майдонга тушишимиз керак. Шу ўйинга тайёргарлик кўришимиз керак.

- Демак, майдонда яна ўзбек футболчиларини кўрар эканмизда.
- Насиб қилса. Вагиз Галилулин билан майдонда кўришишдан хурсанд бўлардим. Унинг фаолиятига омад тилайман. Анча пайт жароҳат сабаб футбол ўйнай олмади.

- Суҳбатимиз сўнггида тилакларингиз бўлса, ўқувчиларимизга билдиришингиз мумкин.

- Барча ҳамюртларимизни куни кеча кенг нишонлаганимиз  мустақиллигимизнинг 23 йиллик байрами билан табриклайман. Хонадонларига тинчлик-ҳотиржамлик, дастурхонларига файзу барака тилайман. Олдинда терма жамоамизни Осиё ўйинлари кутиб турибди. Бу мусобақада иштирок этадиган футболчиларимизга ҳам зафар ёр бўлишини истайман. Миллий терма жамоамиз эса январь ойида Австралияда ўтказиладиган Осиё Кубогида қатнашади. Жаҳон чемпионатидаги омадсизликни айнан Осиё Кубоги-2015даги муваффақиятли иштирок билан тўғрилашни мақсад қилганмиз. Мухлислардан қарздормиз. Ўйлайманки, терма жамоамизни таъқиб этиб келган омадсизликлар ортда қолди.  
   
Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди

Рейтинг: +1   

Комментарии

championat.asia
< посмотреть последние новости
Яндекс.Метрика