Обид Жўрабоев: “Навбаҳор”дан кетишимга Равшан Бозоров сабабчи”
19 янв 2017 14:40
Новости
Обид Жўрабоев: “Навбаҳор”дан кетишимга Равшан Бозоров сабабчи”
Кейинчалик захира футболчисига айланиб қолишни истамаган Жўрабоев Наманганнинг “Навбаҳор” клубида ўтган йилги чемпионатнинг биринчи даврасида фаолият оглиб борди. Иккинчи даврадан эса “Андижон” клубида ҳаракат қилди. Айни дамда Обид Жўрабоев собиқ жамоаси Ғузорнинг “Шўртан” клуби билан бир йиллик шартномага имзо чекди. Биз Обид Жўрабоев билан боғланиб фаолияти тўғрисида суҳбатлашдик.
- Ўтган йилги чемпионатимизнинг биринчи даврасида “Навбаҳор” клубида эдингиз. Иккинчи даврада эса “Андижон” клуби шарафини ҳимоя қилдингиз. Афсуски “Андижон” олий лигада жон сақлаб қола олмади. Жамоанинг биринчи лигага тушиб кетиши нима билан боғлиқ?
- Биринчи даврада йўқотилган очколар иккинчи даврада таъсир қилди. Биринчи даврада мен “Навбаҳор” клубида эдим. “Андижон” клуби биринчи даврада Тошкентнинг “Обод” жамоасига ўз уйида мағлубиятга учради. Биринчи даврада жамоа 9 очко жамғарган бўлса иккинча даврада 15 очко ишлаб олдик. “Қўқон-1912” жамоасига мағлуб бўлганимиз, “Металлург” клуби билан бўлган учрашувда очко ололмаганимиз қайсидур маноъда олий лигадан тушиб кетишимизга сабаб бўлди, деб ўйлайман. Бир томондан омад ҳам етишмади. Клубда мураббийлар алмашинуви ҳам ўз таъсирини ўтказди. Ўтган йилги чемпионатнинг сўнгги бешта турида дуранг ўйнаб ҳар бир жамоадан 1 очкодан ишлаб олгандик. Чемпионатимизнинг сўнгги турида Наманганнинг “Навбаҳор” клуби билан бўлган ўйинда ғалаба қозондик. Лекин жамоанинг олий лигада қолиши учун битта гол бизга етишмади. Тошкентда “Обод” клуби билан бўлган учрашувда ҳам дуранг натижа қайд этдик. Агарда ушбу баҳсда ғалаба қозонганимизда сўнгги тур умуман бошқача бўларди. Умумий қилиб айтганда, ўтган йили жамоамиз учун омад етишмади. Ўйинларда дарвозамиз дахлсизлигини сақлаб қолган бўлсакда рақиблар дарвозасини ишғол қила олмадик. Иккинчи даврада “Андижон” жамоасида кучли таркибга эга эди. Иккинчи даврада кучли жамоалардан очколар олган бўлсакда ўртамиёна клубларга имкониятни бой бериб қўйдик. Ўз уйимизда “Қўқон-1912” жамоасига мағлуб бўлганимиз биз учун таъсир қилди. Билсангиз чемпионатимиз икки даврадан иборат. Биринчи даврада жамоа 10 очкодан кўпроқ очко жамғара олганда иккинчи даврада қийналмасмиди? Иккинчи даврада “Андижон” жамоаси сафига қўшилдим, клубга ёрдам бериш учун қўлимдан келган барча ишни амалга оширдим. Футбол шуниси билан қизиқ экан. Кимдур ғалаба қозонади яна кимдур мағлуб бўлади.
- Мураббийлар алмашинуви жамоага салбий таъсир ўтказдими?
- Тўғрисини айтсам, мураббийларни униси яхши буниси ёмон демоқчи эмасман. Бу масалани рахбарларнинг ўзлари хал қилади. Футбол шундай спорт турики, агарда жамоа яхши натижа қайд этмаса рахбарият бош мураббийни алмаштиради. Ориф Маматказин бош мураббий бўлганида кучли жамоалардан очко олишни уддасидан чиқди. Виталий Легай бош мураббий бўлганида ҳам жамоа ёмон натижа қайд этмади. Фақат дуранг кўпроқ бўлди. Бундай вазиятда мураббийларни айбламаган бўлардим. Лекин қайсидур томондан бу рахбариятнинг қарори. Мураббийлар алмашинуви футболчиларга ҳеч қандай таъсир ўтказгани йўқ. Барча футболчилар бош мураббий кўрсатмаси остида майдонда ҳаракат қилади. Чемпионат пайтида “Андижон” оғир аҳволга тушиб қолганида жамоа рахбарияти биздан фақат натижа талаб қилди. Ҳар бир учрашувда ғалаба қозонишимизни истади.
- Биламизки, сиз Тошкентнинг “Бунёдкор” жамоаси сафида тўп тепгансиз. Ушбу клубдан кетишга сизни нима мажбур қилганди?
- “Бунёдкор” жамоасидан кетишимга ўзим сабабчи бўлганман. Ушбу клубда рақобат кучли. Шунга қарамасдан ОЧЛ мусобақасида ҳам ўйнадим. ОЧЛ мусобақасида футболчи кўп куч сарф қилганидан сўнг ички чемпионат баҳсларида мураббий футболчига бироз дам беради. Менда ҳам шундай бўлди. Кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлиш учун клуб рахбарияти олдига кириб “мени бошқа жамоага қўйиб юборасизми, кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлмоқчиман” дегандим. Шунда клуб президенти жамоадан кетишимга розилик билдирганди. Лекин жамоада қолишимни, мен уларга керак эканлишимни ҳам айтишганди. Ўз хоҳшимга кўра “Бунёдкор” жамоасидан кетганман.
- “Бунёдкор”дан кетганингизга афсусланганмисиз?
- Албатта, афсусланганман. Бундай жамоалар сафида тўп тепишни ўзи бўлмайди. Мени “Бунёдкор”га Бахтиёр Мелиевич билан бош мураббий Сергей Лушан таклиф қилганди.
- “Бунёдкор” жамоаси сафида рақобатга бардош бера олмадим деб ўйлайсизми?
- Йўқ. Ҳар доим рақобат бор жойда ўсиш бўлади. Мен рақобатдан ҳеч қачон қўрмаганман. Бош мураббий менга ишонч билдириб “сен менга кераксан” деганди. Қарор қабул қилишни ўзимга қўйиб берди. Мен “Бунёдкор”дан кетишни хоҳладим.
- Лекин “Навбаҳор”да ҳам ярим мавсум тўп тепдингиз. Ушбу клубдан кетишингизга нима сабаб бўлган?
- “Навбаҳор” жамоасидан менга кўп маротаба таклиф бўлганди. Мана яна ўтган йили таклиф бўлди, ушбу таклифни жон деб қабул қилдим. Кўпчилик билса керак, биринчи давранинг ярмига бормасдан жамоада бош мураббий алмашинуви юзага келди. Равшан Бозоров жамоага келгач мен ҳаракат қиладиган амплуада биринчи лигадан ўзи билан олиб келган ёш болани мендан кучли деганидан кейин жамоадан кетишга мажбур бўлдим. У ердан ўзимнинг истагим билан кетдим. Мен “Навбаҳор”га яхши ниятлар билан ташриф буюргандим. Жамоадан кетишни ҳам истамагандим. Рахбарият бош мураббийни алмаштирганидан сўнг Равшан Бозоров жамоага келиб мана шу фикрини билдирганидан сўнг клубдан кетишга мажбур бўлдим. “Навбаҳор” клуби менга кўтарма пулларимни ҳам ойликларим бир қанчасини ҳам бермади. Фаолиятим давомида бундай гап эшитаман, деб ўйламагандим. Қайси жамоага борган бўлсам ҳеч қаерда ёмон бўлмаганман. Мана яна Ғузорнинг “Шўртан” жамоаси сафига ташриф буюрдим. Бу ерда барча мени бағрини очиб кутиб олди. Ўз юртимнинг бош жамоасидан мана шундай тарзда кетаман деб ўйламагандим.
- Ўтган йилги “Андижон” клуби сўнгги турда “Навбаҳор” клубини 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратди. Лекин олий лигада қолиш учун битта гол етишмади. Ўша ўйин ҳақида нима дея оласиз?
- Сўнгги турдаги ўйин “Андижон” жамоаси учун ҳам “Навбаҳор” жамоаси учун муҳим эди. Ушбу учрашув ким олий лигада қолиш ёки қолмаслигини аниқлаб берарди. Худди чемпионлик учун кураш олиб бораётгандай ўйин бўлиши кутилганди. Лекин об-ҳаво бироз ноқулай келгани қор ёғгани учун майдоннинг ҳолати бироз ёмонлашганди. Биз кутган даражада ўйин кўрсата олмадик. Лекин икки жамоа бир хил шароитда ўйин олиб борди. Бунадай майдонда икки баробар куч сарфланади. Биринчи бўлимда рақиблар дарвозасини ишғол қилиб ҳисобда олдинга ўтиб олгандик. Иккинчи бўлимда рақиблар дарвозасини ишғол қилиш учун бир қатор қулай вазиятлар бўлди, лекин улардан самарали фойдалана ололмадик. Олий лигада қолиш учун “Андижон”да сўнгги тургача имконият бўлди. Мухлислар ҳам сўнгги дақиқагача тинмай қўллаб-қувватлашди. Жамоани олий лигада олиб қолиш учун барча шарт-шароитлар яратиб берилганди. Иккинчи даврада “Андижон”нинг ўйини турдан-турга яхшиланиб борди. Бир қатор имкониятлар бўлди, афсуски яратиб берилган имкониятлардан фойдалана ололмадик. Бир тарафдан қизиқарли, мухлисларга ёқадиган ўйин бўлди. Ушбу баҳс барчани эътиборида бўлди. Водий мухлисларини қаттиқ ҳурмат қиламан. Ҳақиқий футбол шинавандалари водийда.
- Эшитишимча “Андижон” клуби билан яна 1 йиллик шартномангиз бор экан. Лекин ҳозир “Шўртан” клуби билан келишувга эришдингиз. Бунга қандай изоҳ бера оласиз?
- Очиғини айтсам “Андижон” клуби раҳбарияти билан ярим йиллик келишувга эришгандим. Лекин клуб рахбариятлари мендан бесўроқ шартномани 1,5 йил қилиб белгилаб қўйган экан. Келишув бўйича шартномам ярим йил бўлган. Айни дамда жамоа рахбарига ҳеч қандай эътирозим йўқ. ушбу клуб шарафини ҳимоя қилиб ёмон бўлганим йўқ. ушбу муаммони яхши томонга келишган ҳолда ижобий хал қилдим. “Андижон” клуби билан яна бир йиллик шартномам борлигини билмагандим. Куни кеча шартномани кўздан кечириб чиққанимда шунга амин бўлдим. Клуб раҳбарияти билан гаплашганимда “жамоада қолишингизни биз хоҳлаймиз”, деганди. Барибир олий лигани талабларини бажариб бера олмайсизлар. Мен олий лигада ўйнашни истайман дегандим. Кейинчалик томонлар масалани ижобий хал қилди ва “Андижон” клуби билан яхши хайрлашдим.
- Шартномага қўл қўйишингиздан олдин уни ўқиб чиқмаганмидингиз?
- Мен “Андижон” клубидан кўтарма пулларимни ойликларимни барчасини олиб бўлгандим. Лекин ярим йилга оғзаки келишувга эришгандим. Барчасига ишонч хосил қилганимдан сўнг шартномани ўқимасдан унга қўл қўйгандим. Кейинчалик билсам шартномада 1,5 йиллик экан. Агарда “Андижон” клуби шартномада келишилган маошимни берса мен бемалол жамоага қайтиб бориб янги мавсумда ушбу жамоада ўйнашим мумкин. “Андижон” клуби менга шунчалик ишонч билдириб ўз жамоасига таклиф қилишгани учун катта раҳмат айтаман.
- Жамоада молиявий томондан муаммолар бўлганмиди?
- Иккинчи даврада клубга қўшилган бўлсам, молиявий томондан ҳеч қандай муаммолар бўлгани йўқ. Шартномада келишилган маошларни вақтида беришди. Мукофот пулларини ҳам вақтида олдим. Клубга ҳеч қандай эътирозим йўқ.
- “Шўртан” клуби билан шартнома имзоладингизми?
- Тўғрисини айтсам, “Шўртан” клуби билан бир йиллик шартнома имзоладим. Насиб қилса ушбу жамоада аввалги қўлга киритган ютуқларимга яна эришмоқчиман. Жамоага келганимдан “Шўртан” рахбарияти ва футболчилар барча-барчаси хурсанд.
- Айни дамда клубларимизда бир қатор трансферлар амалга оширилди. Бу йилги чемпионатимиз қай даражада қизиқарли ўтади деб ўйлайсиз?
- Ҳар йили чемпионатимиз якунига етганидан сўнг қишки йиғинда таркибларини бир қатор кучли футболчилар билан янгилашади. Керак бўлмаган футболчиларга рухсат берилади, керакли футболчилар билан шартнома имзолайди. Бунинг томони фақат яхшилик учун, ҳеч ким ёмон томонини ўйлаб футболчини жамоага жалб қилмайди. Трансфер вақтида клубларимиз томонидан янги футболчилар тўғри танланган бўлса бу йилги мавсум ҳам қизиқарли ўтишига ишонаман. Менимча бу йил ҳам кутилмаган жамоалар кучли бешталикка киради, деб ўйлайман.
- “Шўртан” жамоаси олдига қандай вазифа қўйилган?
- Клуб олдига чемпионатимизда кучли олтиликка кириш вазифаси қўйилган. Авваллари клуб 7-8 поғоналарда юрарди. Ҳозир эса олдимизга юқори ўринлар учун кураш олиб бориш вазифаси қўйилган. Клуб рахбарияти мана шундай ниятларни айтиб ўтди.
- Чемпионатимиз бошланмасидан аввал мухлисларга тилакларингизни билдирсангиз.
- Аввалам бор кириб келган 2017 йил билан барча юртдошларимизни табриклайман. Мухлис бор футбол бор. Аввало янги чемпионатимизда клубларимиз стадионлари мухлислар билан тўлиб турсин. Қачонки стадион трибуналари мухлислар билан тўлиб турса футбол ҳам ўзгача бўлади. Ишқибозларнинг ўз севимли жамоасини қўллаб-қувватлашлари футболчилар учун катта куч бағишлайди. Барча жамоалар янги чемпионатимизда яхши ўйин кўрсатиб мухлисларини хурсанд қилишсин. “Андижон” клуби мухлисларига сабр тилайман. Ҳақиқий мухлис севган жамоасининг яхши кунида ҳам ёмон кунида ҳам ёнида туради. Насиб қилса ушбу клуб кейинги йили яна олий лигага қайтади. “Андижон” клубида ярим йил бўлса ҳам фаолият юритдим. Ушбу клубдан ёмонлик кўрганим йўқ. мухлислари ҳурматга сазовор. Барча-барча футбол мухлисларига катта раҳмат айтаман.
Жаҳонгир Сотволдиев суҳбатлашди
Комментарии