Нўъмон Ҳасанов: “Навбаҳор” ОЧЛда ҳам бемалол ўйнай олади”
21 окт 2020 11:56
Новости
Нўъмон Ҳасанов: “Навбаҳор” ОЧЛда ҳам бемалол ўйнай олади”
"Ўзинглар гувоҳ бўлдинглар, футболчиларимиз анча чиройли ва ҳужумкор ўйин намойиш этишди. Рақиб билан бўлган яккакурашларда ҳам устун келишди. Аммо яратилган кўплаб вазиятлардан фойдалана олишмади. “Металлург”да эса адашмасам, деярли хавфли вазият ҳам бўлмади. Гол урилган ҳолатда эса бекободликлар дарвозабондан қайтган тўпни дарвозага киритишди. Ўйиннинг дастлабки 20 дақиқасидаги жамоамизнинг ҳужумини кўриб, 2-3 та гол урамиз, деб ўйлагандим.Бироқ бу – футбол. Футболда эса кутилмаган ҳолатлар бўлиб туради. Шундай бўлса-да, бугунги ўйин учун йигитларга раҳмат айтмоқчиман. Вазиятлардан самарали тарзда фойдаланиш борасида футболчилар билан иш олиб бориш лозим.
Мен бир йўналишга амал қиламан. Кўрдинглар, “Андижон” билан ўйнадик, рақиб жамоанинг хатолари ва яхши томонларини йигитларга кўрсатдим. “Металлург”нинг ўйинини кўриб чиқдик, ҳимоядан ҳужумга ўтишларини ўргандик, бунга қарши қандай йўл тутиш кераклиги бўйича кўрсатмалар бердик. Авваллари жамоага шу нарса етишмаган.
Мабодо, футболчи машғулотга 5 дақиқага кеч қолса, уни машғулотга қўймайман. Футболчилар билан кўп гаплашаман, улар ҳеч қачон менга ёмон муносабатда бўлишмайди. Буни бугунги ўйинда ҳам кўриш мумкин эди. Биринчи 20 дақиқада жуда чиройли футбол кўрсатишди, маза қилиб кузатдим. Шунчаки, гол уролмаяпмиз. “Металлург” эса гол урилган вазиятдан бошқасида дурустроқ имкониятга эга бўлолмади, шунинг учун ҳозир футболчиларимизни ёмонлашга асос йўқ, улар яхши ўйнашди.
Азизбек Турғунбоев ва Игорь Голбан яқинда терма жамоада ўйнаб қайтишди. Шунга қарамай, ҳозир бу футболчиларни захирага ўтқазиб қўёлмайман. Азизбекни захирага олмоқчи бўлиб турганимда, Азимжон Аҳмедов алмаштиришни сўради, шунинг учун режалар ўзгарди.
Турғунбоев яхши ўйинчи, шунчаки, ҳимояга қайтишга улгурмаяпти. Унинг позицияси бўйича ҳам ишлаймиз, уни ҳужумчи ортида ўйнатиб кўришни режалаштиряпман. Бугунги ўйинда эса таваккал қилгим келмади.
Ҳар доим стандартлар вазиятлар амалга оширилганда 5-6 хил вариантимиз бўлади, лекин уларни футболчиларга айтсам, фақат 2-3 таси эсида қолган бўлади.
Жамоага келганимга кўп бўлмади, вазиятни ўзгартириш учун вақт керак. Мунтазамликни таъминласак, яхши бўлади.
Руслан Болов машғулотларда жароҳат олди, шунинг учун бугун қайдномага ҳам киритилмади. Жавлон Иброҳимовнинг оиласида рўй берган воқеадан хабардор бўлсанглар керак, у кўплаб машғулотларни ўтказиб юборишга мажбур бўлди. Унинг ҳолатидан келиб чиқсак, бунақа вақтда футбол ўйнамай тургани маъқул. Жавлоннинг нималарга қодирлигини биламан, айни пайтда астойдил ҳаракат қиляпти. Машғулотларда ишлашни тўхтатмаса, тез орада ўзига келиб олади, унга имкон берамиз. “Металлург” билан учрашувдан ўйинга тайёрлигини айтди, лекин мен футболчининг аҳволини яхши биламан. Шунга яраша иш тутдим.
Азизбек Турғунбоевнинг ўрнига Шоҳруҳ Маҳмудҳожиевни майдонга туширмоқчи эдим, лекин Аҳмедов боши оғриётганини айтиб, алмаштиришимни сўради. Режалар ўзгарди.
Бугунги баҳсда “Металлург” сафида жарима зарбасини йўллаган Евгений Чумакнинг ўйини ёқди. “Навбаҳор”дан эса Азимжон Аҳмедов яхши ўйнади. У позицияси алмашганига қарамай, жуда яхши тўп сурди. Агар жароҳат олмаганида, яхши бўларди.
“Навбаҳор” ҳозирги таркиби билан камида 2-3-ўринларда юриши керак эди. Мана, бир-икки ҳафта астойдил ишладик, самарасини бугунги баҳсда кўрдинглар, ижобий ўзгаришлар бор. Агар 1-2 ой аввалроқ шу иш бошланганда, бу жамоанинг янада кучлироқ футбол намойиш эта олишига ишончим комил эди.
Менинг ўзимга яраша услубим бор. Масалан, айрим мураббийлар футболчи тўпни қабул қилганида рақибни алдамасликни сўрашади. Менинг бу борадаги фикрим ўзгача. Тўғри, ўз ярим майдонимизда алдаш нотўғри, лекин олдинги чизиқларда бунга тўсқинлик қилмайман. Кўплаб футболчиларни алдаб, жарима майдончасига кирсин, шундай маҳорати бўлса, ёмонми?
“Навбаҳор”да маҳоратли ўйинчилар жамланган, бу жамоа Чемпионлар Лигасида ҳам бемалол ўйнай олади. Кубок беллашувлари бошлангунча ҳали вақтимиз ҳам, ўйинларимиз ҳам бор. Ҳар бир баҳсда футболчилар кучайиб боришади ва Ўзбекистон кубогида муносиб қатнашиб, Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун курашамиз.
Кўрасизлар, ўйин тарафлама “Навбаҳор”да ҳали катта ўзгаришлар бўлади",- дейди Нўъмон Ҳасанов.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.
Комментарии