НОДИРХЎЖА Юлдашев: “АКЦИЯ ДАВОМИДА 50 000 000 СЎМДАН ОРТИҚ ПУЛ ТЎПЛАНДИ”
04 дек 2014 12:46
Новости
НОДИРХЎЖА Юлдашев: “АКЦИЯ ДАВОМИДА 50 000 000 СЎМДАН ОРТИҚ ПУЛ ТЎПЛАНДИ”
24 октябрь куни бошланган акциянинг финали 29 ноябрь куни Тошкентда бўлиб ўтди. Бир ойдан ошиқ вақт давомида давом этган тадбирни газетамиз мунтазам ёритиб борди. Хўш, акцияда кўзланган мақсадга эришилдими? Шу ва бошқа маълумотлар ҳақида лойиҳа раҳбари Нодирхўжа Юлдашев қуйидагиларни маълум қилади.
“Аввало лойиҳани қўллаб-қувватлаган барча-барчага раҳмат, шу жумладан газетага ва унинг ўқувчиларига ҳам. Чунки газета орқали хабар топиб акцияда қатнашганлар кўп бўлди. Ким 20 000 сўм, яна ким 50 000. Бу хайрия акцияси бўлганлиги учун аниқ ставка йўқ эди, ҳамма кўнгилдан чиқариб берди”, - дейди суҳбатдошимиз гап бошида.
– Бошидан бошласак, акцияни ташкил этиш фикри қандай келди?
– Энди-энди фаолиятимни бошлаётган пайтим, футболдаги устозларимдан бири Бахтиёр ака Ширинов Шахрисабзга, ўз уйига тадбирга таклиф қилган эдилар. Кўпчилик бўлиб бордик, Яккабоғ у ерга яқин эмасми, Камолиддин акани кўргани уйларига бордим. Бу 2007 йил эди. Шу-шу, орадан 7 йил ўтиб, шу йилнинг февраль ойида “12 ой, 12 вилоят” лойиҳаси туфайли яна Шаҳрисабзга бордик. Аслида мақсадим интервью олиш эди. Кенжаевни хонадонига ташриф буюрганимда, 7 йил аввалги Камолиддиндан асар ҳам қолмапти. Руҳан тушкун эди, кайфияти йўқ. Интервью олишга ботина олмадим. Шунда ўйлаб юрдим, “Насаф” раҳбарлари билан учрашиб, кўнглини кўтариш учун биронта тадбир ўтказмасак бўлмасди. Март ойларида режа тузгандек бўлдик. Лекин бошида ҳаммаси қолиб кетди.
– Март ойида тузилган режа нима учун амалга ошмади? Ярим йил ўтиб қандайдир бир ой ичида катта тадбир бўлиб кетди?
– Тўғри, ҳаммаси гап билан қолиб кетаётгани учун ўзимдан хафа ҳам бўлдим. Боиси бу ҳақда Кенжаевнинг ўзига ҳам етказиб қўйган эдик. Қолаверса, Миржалол Қосимовга ҳам айтиб улгургандик. Боиси, терма жамоамизнинг роли бу акцияда катта бўлишини билардик. Чемпионат якунланиб бораётган бир пайт, Александр Гейнрих шу мавзуда гап очиб қолди ва у билан учрашиб яна бир бор лойиҳани жонлантиришга қарор қилдик. Ишни Қосимов билан учрашиш билан бошладим. Боиси МТЖнинг Осиё Кубогидан олдинги режаси биз учун жуда муҳим эди. Акцияда МТЖ футболчилари қатнашади деган гап, унинг салобатини оширарди. Буни маркетинг деса ҳам бўлади. Кейин Рўзиқул Бердиевнинг ёрдами керак бўларди. Поездга билет олдим-у “Насаф” раҳбарлари билан учрашувга отландим. Улар лойиҳамизни тўлиқ қўллаб-қувватладилар. “Насаф” шу кунгача Камолиддинга доимий равишда маош беришади. Бунинг учун уларга раҳмат айтишимиз керак.
– Билишимизча, Қаршидаги тадбирга “Насаф” бош-қош бўлди.
– Ҳудди шундай, шунингдек, мухлислар клубининг фаоли Зиёдулла ака Сафаров кенг ҳажмдаги ишни амалга оширдилар. “Насаф”дан Шамил Ярулин, Виталий Ни, бош мураббий Рўзиқул Бердиев ва жамоа матбуот котиби Азиз Нурий, Қаршида бўлиб ўтган тадбирни тўлалигича ўзлари ўтказдилар. Махсус футболкалар тиктирилди. Рўзиқул Бердиев сардорлигида ретро таркиб йиғилди.
– Ҳар бир ишни бошлаётганда кишининг қандайдир бир мақсади бўлади. Сизлардаги мақсад ёки вазифа нима эди?
– Аввало Камолиддин аканинг кайфиятини кўтариш, руҳий ёрдамга мухтож эди. Кейин эса табиийки, имкон қадар моддий ёрдам кўрсатиш. Минимум вазифа Қаршидан уй олиш ва унга етадиган маблағни йиғиш бўлди. Ўзи Қарши марказидан 100 км. олисда тургани боис, қиш кунлари шаҳарга чиқишга қийналар экан. Шунга битта уй бўлса ёмон бўлмасди деган фикрга келдик. Бунинг учун камида 80-90 миллион сўм атрофида пул йиғишимиз керак эди. Бу борада Қашқадарёдаги “Асака банк” филиали билан ҳамкорликда Кенжаев номига ҳисоб-рақами очдик. Бизни қўллаб-қувватлагани учун банк маъмуриятига ўз миннатдорчилигимизни билдириб ўтган бўлардим.
– Режадаги пул йиғилдими, акция бошлангандан кейин кўпчилик унда иштирок этишни билдирди?
– Чет эл сафарларида бўлар экансан, уч кун ўтмай Ўзбекистонни соғинасан киши. Бу шунчаки лаганбардор гап эмас. Ҳақиқатдан ҳам Ўзбекистонга ўхшаши йўқ! Бизнинг халқ ҳеч қачон бировни четга ташлаб қўймаган, акцияни бошлаётганимизда мана шу омилларга ҳам эътибор қаратган эдик. Акция бошланиши билан биринчилардан бўлиб Аҳмедов алоқага чиқди, кейин Мурзоев ва Саломов, Малайзиядан Шарофетдинов ва Эронга ўтган Насимов. Бақоев ва Денисов. Кўпчилик футболчилар билан шахсан танишлигим иш берди, қолганларига ўзим қўнғироқ қилдим. Ҳеч бири йўқ демади. Сайт ва газета ўқувчилари, клублар ўз ёрдамларини бера бошлашди. Миржалол Қосимов эса МТЖ ва ўзининг номидан катта хайрия қилиб кетди. Бахтиёр Ашурматовга ҳам катта раҳмат! Шквиринга эса тасанно айтаман. “Пахтакор” қўллаб-қувватлади, шунингдек “Машъал” ва “Насаф” ҳам. Биринчи лигадан чиққан “Қўқон-1912” жамоаси. Мухлислар клуби сардори Абдураҳмон Фозилов ҳам моддий, ҳам маънавий тарзда ўз ёрдамини аямади. “Joma” компаниясининг Ўзбекистондаги расмий дилери Санжар Усмонов эса акцияда иштирок этган барчага махсус футболкаларни тақдим этди. Жами, 51 000 000 сўмдан ортиқ маблағ йиғилди. Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас. Кўплаб клублар декабрь ойига келиб ҳисоб китобни якунлайдилар. Шунинг учун аксар клуб мураббий ва футболчилари декабрь ойининг охирига қадар кутиб туришни илтимос қилишди. Ҳали Тошкенга келиб улгурмаган легионерларимиз ҳам бироз вақтдан сўнг учрашишга ваъда бердилар. Кенжаевдан кўра ўзим кўпроқ хурсанд бўлдим, тўғриси. Яна қолган пулларни йиғсак, янги йилдан кейин янги хонадонда палов еймиз.
– Тошкентдаги тадбирдан кўнглингиз тўлдими?
– Ҳа деса ҳам бўлади, йўқ деса ҳам. Чунки хайрия акциясига бировни таклиф этмайсиз. Бу туғилган кун эмаски, унга таклифнома юборсангиз. Тадбир якунига етганидан кейин баъзилар хафа ҳам бўлди. Мени айтмадинг деб, айтганлар орасида келмаган “раҳбарчалар” бўлди. Лекин, меҳмонга келганлар орасида, унча-мунча тадбир ташкилотчилари эшикларида навбат турадиган кишилар ҳам бўлди. Уларга мингдан-минг раҳмат айтишим мумкин. Маданият ва спорт ишлари вазирининг спорт ишлари бўйича биринчи муовини Мурод Алиев, МОҚ бош котиби Ойбек Касимов, терма жамоалар марказидан Асқар Толибжонов ва Рустам Акрамов, шунингдек ЎФФ фахрийлар кенгаши раиси Наримон Жалолов. Қойил қолганим, йил давомида уларни сайтимиз ва газетамизда танқид қилдик, аммо улар ишни шахсий ҳаётга аралаштиришмади ва тадбиримизда иштирок этдилар. Қосимовни қанча танқид қилардик, сўнгги марта мухлислар Қосимовни қачон футболда кўришганини эслай олмасалар керак, шу тадбиримиз учун Қосимовни шахсан ўзи таркиб тузиб келиб захира футболчисисиз 40 дақиқа тўп тепди. Шу куни сайтимизнинг 4 йиллик тўйчасини нишонладик. Мени хурсанд қилган яна бир жиҳати “Фифа.уз” ғолиби Илҳом Якуббековнинг ўзи учун аталган “Жома” спорт либосларини Камолиддин Кенжаевга совға қилгани бўлди.
– Суҳбат сўнггида шуни айтиб ўтсангиз, сайтнинг ютуғи нимада деб ўйлайсиз?
– Ҳаммаси оддий, шунчаки кўплаб стаидонларда ўз мухбирларимиз бор. Футболни воқеа жойидан туриб ёритишда гап катта. Кейин биринчи лига ва футзалга эътиборни оширдик, бу ҳам мутахассислар олдида ўз ўрнимизга эга бўлишимизга сабаб бўлди. Бу йил илк маротаба сайт талқинига кўра, ҳар бир чизиқ бўйича энг яхшилар эълон қилинди. Имкон қадар мутахассислар кўзи билан ёндошишга ҳаракат қилинди. Бундан футболчилар ҳам хурсанд бўлдилар. Гапим сўнггида, мен доимо бизни қўллаб-қувватлаб келаётган барча-барчага ўз миннатдорчилигимни билдирган ҳолда катта-катта мураббийларга ўхшаб, ўз жамоамдан фахрланишимни айтиб ўтмоқчиман.
Х.Холиқов суҳбатлашди.
Комментарии