Неймар барибир буюк бўла олмади. "Ал Ҳилол"га ўтиш – абадий истиқболнинг якуни (мутолаа учун)
30 авг 2023 13:24
Новости
Неймар барибир буюк бўла олмади. "Ал Ҳилол"га ўтиш – абадий истиқболнинг якуни (мутолаа учун)
Неймар ҳалигача замонамизнинг энг яхши ўйинчилари рўйхатига киради. Аммо, унинг буюк футболчи мақомини олиши амримаҳол. Тахмин қилинишича, бразилиялик Лионель Мессининг соясидан чиқиш ва "Олтин тўп"га даъвогарлик қилиш учун "Барселона"дан ПСЖга ўтди. Аммо, барчаси фақатгина бир марта Чемпионлар лигаси финалига чиқиш ва Саудиянинг "Ал Ҳилол"ига ўтиш билан якунланди. Ҳатто бразилияликлар ҳам ватандошларига Европа футболидан жой топилмаганидан ҳайратдалар.
Неймар "Барселона"да тўрт мавсум ўйнади. У бу вақт давомида 186та ўйинда 105та гол ва 76та ассист қайд этди. У ўзини юлдуз жамоадаги элит ўйинчи сифатида кўрсатди ва мунтазам равишда сўнгги, учинчи майдонда ўз маҳорати билан "Камп Ноу"даги мухлисларнинг ҳайратига сазовор бўлди. Бразилиялик Суарес ва Месси билан замонавий футболнинг эҳтимолий энг яхши ҳужум триосини шакллантиришди, "МСН" эса 2014/15 йилги мавсум Луис Энрике қўл остида каталонияликни требл томон бошлади.
Неймар ўша мавсумда 39та гол урди, улардан бири "Ювентус"га қарши Чемпионлар лигаси финал ўйинида киритилди. Энрике келаси мавсум ўйинчини лойиҳанинг марказий ролига ўтказди ва бу унга салоҳиятини тўлиқ очишга имкон берди, "Барселона" эса ўшанда яна бир уй дублини қайд этди. Мутахассис Неймарнинг "Райо Вальекано" (5:2)га қарши ўйиндаги 4та голини кўриб, ўз шогирди учун мақтовларни аямади.
Испания кубогидаги учинчи кетма-кет соврин эса каталонияликларни хафа қилувчи 2016/17 йилги мавсумдан қутқарди. Неймар шу билан бирга шахсий даражада ўсишда давом этди ва жамоани ПСЖга қарши Чемпионлар лигаси 1/8 финал ўйинида ақлбоварқилмас "ремонтада"ни амалга оширишида ёрдам берди. Парижликлар уй ўйинида 4:0 ҳисобида ғалаба қозонишди, аммо "Камп Ноу"да 1:6 ҳисобида енгилишди. Бразилиялик 2та гол ва 2та ассист қайд этди. Бу унинг "Барселона"даги фаолиятининг энг чўққиси ва ўзини ҳақиқатдан ҳам Месси билан бир қаторда қўйиши мумкин бўлган пайт эди.
Неймар ўзининг каталонияликлар сафидаги юзинчи голини "Алавес" устидан Испания кубогидаги ғалабали финалда киритди. Унда ўз номини клубнинг Шон-шараф залига ёзиш учун барчаси бор эди. Аммо, шундан сўнг ПСЖ қўнғироқ қилди ва у ўзининг содиқлик бўйича илк ҳақиқий тестдан ўта олмади. Ўйинчи ва мухлислар ўртасидаги муносабатлар у "Парк де Пренс"га кетган пайт тузатиб бўлмас даражада бузилди. Бразилиялик "кўк-анорранглилар"га кўплаб эсда қолувчи лаҳзаларни совға қилди, аммо унинг кетиши клуб учун жиддий таназзулнинг бошланишини белгилаб берди.
Неймарнинг ПСЖдаги биринчи йил учун статистикаси унинг Франциядаги фаолиятида энг яхшиси бўлди. У Лига 1да 32та гол ва Чемпионлар лигасининг етти ўйинида 6та тўп киритди, бу эса қайсидир даражада унинг тарихдаги энг қиммат ўйинчи мақомини оқлади. Бразилиялик парижликларга 3та уйдаги совринлар, жумладан мавсум сўнггига 5 тур қолганда расмийлаштирилган чемпионлик титулини қўлга киритишида ёрдам берди. Аммо, вингер шу билан бирга жами жароҳатлар сабаб 21та ўйинни ўтказиб юборди.
ПСЖ 2018/19 йилги мавсумда Неймарсиз 29та ўйинни ўтказди. Аввалига уни мушаклар билан боғлиқ кичик муаммо безовта қилди, кейинчалик эса яна оёғидаги энг кичик бармоқ суягини шикастлаб олди. Бу жароҳат сезилар-сезилмас ўйинчининг Францияда доим таъқиб қилди. У барибир барча мусобақаларда 23та гол ва 13та ассист қайд этишга эришди, аммо унинг фақатгина ўзи жамоанинг ўйинига муҳим таъсирни ўтказмади ва Килиан Мбаппе лойиҳа марказига чиқди.
Айнан француз сўнгги 4 йилда парижликларнинг ҳаракатлантирувчи кучи бўлди, Неймар эмас. Шубҳасиз, Килианнинг ўз камчиликлари бор, аммо у яхшироқ жисмоний ҳолати сабаб кўпроқ жамоа учун фойдаси тегди. Шу билан бирга, жароҳатлар сабаб кўплаб муҳим ўйинларни ўтказиб юборган бразилияликни ҳам унутмаслик керак. "Зиёфатчи" обраси футболчининг репутациясига янада кўпроқ путур етказди.
Неймар жорий йилнинг февралида яна жиддий жароҳат олди. Бу сафар оёқ билагидаги боғлам. Шундан сўнг ПСЖ ҳеч қачон бразилияликка тўлиқ ишонч билдириб бўлмаслигини тушунди, шу сабаб бутун ёз бўйлаб ўйинчи учун харидор излашди. Бу эса унинг шартномасига энг кўп қизиққан Саудия Арабистонининг "Ал Ҳилол"и бўлди.
Неймар ПСЖ ўйинчиси сифатида ҳам "Барселона"га қайтиш хоҳишини билдирди. Аммо, каталонияликлар бразилиялик кетганидан кўп ўтмай молиявий инқирозга юз тутишди. Улар унинг сотувидан тушган пулни самарали сарфлай олишмади. Филиппе Коутиньо, Усман Дембеле ва Антуан Гризманнга 300 млн евродан ортиқ сарфланди ва уларнинг барчаси муваффақиятсизликка учради. "Кўк-анорранглилар" жорий ёзда ўтган Илкай Гюндоганни фақатгина Ла Лигада мавсум бошланишига 2 кун қолгандагина рўйхатдан ўтказишди.
Неймарнинг "Барселона"га қайтиши Жоан Лапорта ва бош мураббий Хави Эрнандеснинг сўнгги 2 йилда қилганларини барбод қиларди. ПСЖ ўйинчини икки томон учун ҳам яхши нархга қўциб юборишга рози бўлиши мумкин эди, аммо бразилияликда пасайишдан сўнг ҳам жуда юқори маош қоларди. Бундан ташқари, у "Барселона"да яқинда тикланган кийим алмаштириш хонасини бузиши мумкин эди. Хавининг шундан қўрққани ҳақида хабарлар бор, шу сабаб клуб собиқ ўйинчиси билан масофа сақлади.
Неймарни шунингдек АПЛга эҳтимолий ўтиш билан боғлашди, "Челси", "Манчестер Юнайтед", "Манчестер Сити" ва "Арсенал" футболчи учун эҳтимолий янги клублар сифатида кўрилди. Аммо, уларнинг варианти бирин-кетин йўқолди. "Челси" варианти умумий фонда "кўклар" раҳбари Тодд Боулининг у билан тўғридан-тўғри боғлангани сабаб ҳақиқатга яқинроқдек кўринганди. Аммо, лондонликлар бош мураббийи Маурисио Почеттино ПСЖдаги собиқ ўйинчиси "Челси" услубига мос тушмайди деб ҳисоблади.
Неймар бир авлодда фақатгина бир марта пайдо бўладиган ўзгача футболчи. Аммо, у ўз ноёб иқтидорини максимал тарзда кўрсатиш учун етарлича меҳнат қилмади. Бразилиялик – дриблинг устаси, у бошқалар кўрмайдиган имкониятларни кўради. У ўзи учун ҳам, шериклари учун ҳам йўқ жойдан вазиятлар яратадиган футболчи. Аммо, у фаолиятининг энг яхши йилларини шунчаки сарфлаб юборди.
Неймар "Ал Ҳилол" билан шартномаси якунланганда 33 ёшда бўлади. Унинг элит клуб даражасида узоқ бўлмаганидан сўнг Бразилия терма жамоаси таркибида ЖЧ-2026га бориш имкониятлари юқори бўлиши аниқмас. У молиявий жиҳатдан ўзи ва кейин авлодларини таъминлаши мумкин, аммо Саудия Арабистонига йўл олиш эрта нафақага чиқиш хавфини оширади. Аммо, барчаси бошқача бўлиши мумкин эди.
Goal материллари асосида Footballhd.ru сайтида тайёрланди. Алишер Остонов таржимаси
Комментарии