"Navruz Cup-2022"даги рақибларимиз ҳақида
23 мар 2022 01:01
Новости
"Navruz Cup-2022"даги рақибларимиз ҳақида
Ушбу мусобақада Ўзбекистон миллий терма жамоасидан ташқари Уганда, Тожикистон ва Қирғиз Республикаси жамоалари иштирок этади. Турнирда иштирок этаётган жамоалар ҳақида маълумот бериб ўтамиз.
Қирғизистон
Қирғизистон терма жамоаси илк халқаро учрашувини айнан Ўзбекистон терма жамоасига қарши ўтказган. 1992 йилнинг 23 август куни бўлиб ўтган ўйинда Ўзбекистон 3-0 ҳисобида ғалаба қозонган. Жамоанинг энг йирик ғалабаси Мьянмага қарши тўқнашувда қайд этилган. 2019 йилда ўз дарвозасидан жавобсиз 7 та тўп қабул қилиб олган жабрдийда мьянмаликлар ўтган йилнинг ёзида 1-8 ҳисобидаги навбатдаги йирик мағлубиятини қабул қилиб олишган. Қирғизистоннинг энг йирик мағлубияти эса Эрондан қабул қилиб олинган (0:7). Осиё кубогида жамоа бир марта, охирги турнирда иштирок этган. БАА мезбонлик қилган мусобақада қўшниларимиз гуруҳ босқичидан чиқишни уддалаган. Нимчорак финалда мусобақа мезбонларига муносиб қаршилик кўрсатиб, 2:3 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйганди. Умуман олганда, жамоа анча ўсишга эришган. Қирғизистон ФИФА рейтингида 96-ўринни эгаллаб турибди. Охирги ўртоқлик учрашувида жамоа Баҳрайнга 2:4 ҳисобида ютқазган (2021 йил, 16 ноябрь).
Қирғизистон билан Ўзбекистон терма жамоаси 8 маротаба тўқнаш келган ва уларнинг барчасида мамлакатимиз футболчилари зафар қучишган.
1992 йил 23 август. Ўзбекистон — Қирғизистон 3:0
1992 йил 3 октябрь. Қирғизистон — Ўзбекистон 2:6
1994 йил 19 апрель. Ўзбекистон — Қирғизистон 3:0
2007 йил 9 март. Ўзбекистон — Қирғизистон 6:0
2011 йил 23 июль. Ўзбекистон — Қирғизистон 4:0
2011 йил 28 июль. Қирғизистон — Ўзбекистон 0:3
2017 йил 25 август. Ўзбекистон — Қирғизистон 5:0
2019 йил 9 ноябрь. Ўзбекистон — Қирғизистон 3:1
Бош мураббий: Александр Крестинин (Россия)
Россиялик мутахассис 2014 йилнинг октябрь ойидан буён қўшниларимизга устозлик қилади. Унинг қўл остида терма жамоа 41 ўйинда 16 ғалаба, 7 дуранг ва 18 мағлубият қайд этган. Фаолияти давомида асосан, рус ва қирғиз клублари, шунингдек, Россия U-19 терма жамоасини бошқарган. Мураббийликдаги муваффақиятларига "Дордой Бишкек" билан биргаликда эришган.
Жамоа сардори: Валерий Кичин — "Енисей"
Қирғизистонлик ҳимоячи айни дамда легионер саналади. У Россиянинг "Енисей" клубида тўп тепди. Миллий терма жамоа сафида 33 баҳсда майдонга тушиб, 2 та гол урган. Фаолияти давомида Россия, Беларусь ва қирғиз клублари шарафини ҳимоя қилган.
Жамоа тўпурари: Мирлан Мурзаев — "Ченнаийин" (Ҳиндистон)
Қирғизистон тўпурари ҳам айни дамда лигеонер саналади. 31 ёшли вингер Қирғизистон либосида рақибларини 48 ўйинда 14 маротаба ранжитган. Фаолиятининг катта қисмини турк клубларида ўтказган. Унинг охирги голи Япония дарвозасига киритилгани эътиборга молик.
Таркиб
Қирғизистонда ҳам авлодлар алмашинуви юз берди. Жамоадаги кўпгина футболчиларнинг ёши 30 га бормайди. Маҳаллий футболчилар билан бир қаторда, лигеонерлар ҳам таркибга жалб этилади. Улар орасида "Бунёдкор" клубининг 26 ёшли ярим ҳимоячиси Одилжон Абдураҳмонов ҳам бор. Абдураҳмонов 21 ўйинда 1 та гол урган. Шунингдек, 2005 йилда туғилган Бекназ Алмазбеков "Галатасарой" шарафини ҳимоя қилади.
Уганда терма жамоаси
Африка жамоаси ФИФА рейтингида биздан бир поғона юқорида, 84-ўринда жойлашган. Эҳтимол, шу сабаб жамоа турнирга чақирилгандир. Буниси бизга маълум эмас. Уганда терма жамоаси илк учрашувини 1923 йил Кенияга қарши ўтказган (1:1). Энг йирик ғалабаси ҳам айнан ушбу жамоага қарши ўйинда қайд этилган (13:1). Энг йирик мағлубиятини эса Миср ва Тунис жамоаларидан қабул қилиб олган (0:6). Угандаликлар 2022 йилда тўртта назорат учрашуви ўтказишга улгурди — Исландия (1:1), Молдова (3:2), Ироқ (0:1), Баҳрайн (1:3). Камерунда ўтказилган Африка миллатлар кубогида терма жамоа иштирок этмади.
Бош мураббий: Милутин Средоевич (Сербия)
Африканинг бир қатор жамоаларида фаолият олиб борган 52 ёшли серб мутахассиси 2021 йилдан буён Угандани бошқариб келмоқда. Средоевич учун бу жамоа бегона эмас. 2013-2017 йилларда ҳам у терма жамоага устозлик қилган.
Энг кўп ўйин ўтказган футболчи: Гудфрей Валусимби
2009 йилдан терма жамоада тўп тепа бошлаган чап қанот ҳимоячиси Уганда сафида жами 105 ўйинда майдонга тушиб, 3 та голни ўз ҳисобига ёздириб қўйган. 32 ёшли футболчининг охирги клуби Албаниянинг "Влазния"си саналади.
Жамоа тўпурари: Эммануэль Окви — "Ал Иттиҳод" (Миср)
2009 йилдан бери терма жамоа либосида тўп тепадиган 30 ёшли чап қанот вингери ҳозиргача мамлакати учун 82 ўйинда майдонга тушиб, 26 та гол киритган. Фаолияти давомида Африка клубларида тўп тепган.
Таркиб
Уганданинг жорий таркиби анча ёшарган. Сўнгги йиғинларда 30 ёшдан ошган фақатгина бир футболчи таркибга жалб қилинган. Ҳозирги таркибдаги деярли барча футболчилар маҳаллий чемпионатда тўп тепишади. Легионер футболчилар ҳам Африка клубларида ўйнайди.
Тожикистон
Буни қарангки, Қирғизистон сингари Тожикистон терма жамоаси ҳам дастлабки халқаро учрашувини Ўзбекистон миллий терма жамоасига қарши ўтказган. 1992 йилнинг 17 июнь санасида ўтказилган баҳсда 2:2 ҳисоби қайд этилган. Қўшниларимиз ФИФА рейтингида 115-ўринни эгаллаб турибди. Жамоа энг йирик ғалабасини Гуамга қарши учрашувда тантана қилган (16:0). Энг унутилмас мағлубиятини эса 2011 йил Япониядан қабул қилиб олган (0:8). Ўзбекистон терма жамоаси Тожикистон билан ҳозиргача 9 маротаба тўқнаш келган.
1. Тожикистон - Ўзбекистон 2:2
17.06.1992, Марказий Осиё кубоги
2. Ўзбекистон - Тожикистон 1:1
17.04.1994, Мустақиллик кубоги
3. Тожикистон - Ўзбекистон 4:0
08.05.1996, ОК-1996 саралаши
4. Ўзбекистон - Тожикистон 5:0
19.06.1996, ОК-1996 саралаши
5. Ўзбекистон - Тожикистон 0:0
10.11.2003, ОК-2004 саралаши
6. Ўзбекистон - Тожикистон 4:1
17.11.2003, ОК-2004 саралаши
7. Тожикистон - Ўзбекистон 0:1
02.09.2011, ЖЧ-2014 саралаши
8. Ўзбекистон - Тожикистон 3:0
15.11.2011, ЖЧ-2014 саралаши
9. Ўзбекистон – Тожикистон 2:1
3.09.2020, Ўртоқлик учрашуви
Тожикистон сўнгги учрашувини 2021 йилнинг ноябрида Қозоғистон терма жамоасига қарши ўтказган ва 0:1 ҳисобида мағлуб бўлган. Тожик қўшниларимиз ҳозиргача Осиё кубогининг финал босқичида иштирок этишмаган.
Бош мураббийи: Петар Сигрт (Хорватия)
55 ёшли хорватиялик мутахассис фаолияти давомида Грузия ва Афғонистон терма жамоаларида ишлаган. 2022 йилдан бошлаб Тожикистон терма жамоаси бош мураббийи ҳисобланади. Унга терма жамоада грузин мураббийлари ёрдам беришади.
Энг кўп ўйин ўтказган футболчи: Даврон Эргашев ("Бунёдкор")
"Қалдирғочлар"нинг 34 ёшли легионер ҳимоячиси ўз мамлакатида энг кўп учрашувда майдонга тушган ўйинчи саналади. Эргашев ҳозиргача 69 баҳсда мамлакати шарафини ҳимоя қилиб, 8 бор рақб дарвозасини ишғол қилган.
Жамоа тўпурари: Манучеҳр Жалилов ("Истиқлол")
31 ёшли форвард терма жамоасининг энг голеадор ўйинчиси саналади, унинг ҳисобида 39 ўйинда 19 та гол мавжуд. Манучеҳр ўз мамлакатида, бизга яхши таниш бўлган "Истиқлол" клубида тўп суради.
Таркиб
Жалилов, Эргашевларни ҳисобга олмаганда, Тожикистон терма жамоаси ҳам "ниҳол"ларга ишонч билдирмоқда. Жумладан, жамоадаги уч дарвозабоннинг энг каттаси 23 ёшда, ҳатто 17 ёшли ўйинчилар ҳам таркибга киритилган. Терма жамоа таркибининг катта қисми мамлакат клублари, шунингдек, Ўзбекистон ва Эрон чемпионатларида тўп суради. Ўзбекистон клубларидан Даврон Эргашев ("Бунёдкор"), Зоир Жўрабоев ("Сурхон"), Эҳсони Паншанбе ("Навбаҳор"), Алишер Жалилов (АГМК) жалб этилган.
Оқил Абдубарноев
Комментарии