"Насаф" эгасиз қолган — Шаҳбоз Беғамов
30 авг 2021 22:26
Новости
"Насаф" эгасиз қолган — Шаҳбоз Беғамов
"Насаф" чўкмаяпти — ЧЎКТИРИЛЯПТИ! Айбдорлар кема ичида
Бу футбол жамоатчилиги орасида ўзига хос муҳокамаларга сабаб бўлди. Кимлардир мақолада келтирилган баъзи маълумотларнинг тўғрилигига шубҳа қилмоқда. Шу туфайли "Насаф" клубига яқин бўлган шахслардан муносабат олишни бошладик. Дастлабки суҳбатдошимиз АГМК клуби матбуот котиби, сайтимизнинг "Тезкор студия" лойиҳаси муаллифи Шаҳбоз Беғамов бўлади.
Маълумот учун, Шаҳбоз Қаршида туғилган, Қашқадарё футболи билимдонларидан ҳисобланади. Шунингдек, у маълум муддат "Насаф"да ҳам фаолият юритган.
"Бевосита "Насаф" ҳақида гапирадиган бўлсам, анча аввал пайдо бўлган "жароҳат йиринглаб кетган" ва энди ўз асоратларини кўрсатяпти. Ҳозир бошқа жойда ишлаётган бўлсам ҳам, ҳалигача "Насаф" борасида кўплаб маълумот ва мурожаатлар келиб туради. Рости, Қаршидаги воқеалардан 100% хабардорман.
Ҳозирги ҳолатдан хулоса шуки, кимдир истеъфога чиқиши керак. Бердиев ва Кучеренко ўртасидаги зиддият шу даражага етиб келдики, энди улар 1 жойда ишлай олишмайди. Клуб президенти ва Сергей Петрович ўртасидаги муносабатлар зўр. Улар Бердиевнинг кетишини исташмоқда.
Рўзиқул ака яхши ишлаяпти, клубни доимий равишда юқорида олиб юрибди. Бундан ташқари, унинг ўзбек футболидаги обрўси ва мухлислар меҳри бор. Шу туфайли раҳбарият Бердиевни тўғридан тўғри бўшатиб юборишга қодир эмас. Бу факт. Улар мураббийнинг ўзи кетишини кутишяпти.
Ўз навбатида Бердиев ҳам бир неча бор Кучеренко билан бирга ишлай олмаслигини таъкидлади. У бош менежернинг кетишини истайди.
Хулоса шуки, айни пайтда кимдир истеъфога чиқиши шарт. Ҳолат ўзгармайдиган бўлса, бундан фақат ва фақат "Насаф" ютқазаверади. Жамоа юқори ўринни олса, лицензиялаш билан боғлиқ муаммо пайдо бўлади, ташкилий масалаларда камчиликлар бўлаверади. Менимча, бу шунчаки тасодиф эмас. Қандайдир сунъий ҳолатгаям ўхшаяпти. Чунки томонлар бир-бирининг хатосини кутиб яшаяпти.
Жанжал бўлган уйдан 40 кун файз кўтарилади, дейишади. "Насаф"да ҳам ҳозир шундай ҳолат.
Бевосита истеъфо масаласига фикр билдираман. Мухлислар томонидан қарасак, Бердиев қолиши ва ишлашда давом этиши керак. Аммо раҳбарият Кучеренкога ишонч билдиришда давом этмоқчи. Клуб президенти Сергей Петровичнинг сиёсатидан тўлиқ қониқиш ҳосил қиляпти.
Бу муаммолар ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолгани йўқ. Айни пайтда клубни эгаси йўқ десак ҳам бўлади. Жамоа алоҳида лагерга ажралиб қолган, раҳбарият алоҳида. Бу жуда жиддий ҳолат. Клуб президенти аниқ бир қарорга келолмаяпти ёки буни ошкор қилмаяпти. У аниқ баёнот бериб, 1 кишини танлаши керак. Лекин ҳозирча жимлик. Фақат воқеадан азият чекаётган томон баъзи-баъзида овоз чиқариб қўймоқда.
Хуллас, кимдир кетиши аниқ. Кўпчилик Бердиев қолсин, дейди. Аммо якуний қарорни қабул қиладиган томон бу фикрда эмас. Шу туфайли бу жуда қизиқ жараён бўлади", — дейди Беғамов.
Комментарии