Мутолаа учун. Гакпо – "Ливерпуль" мухлислари учун рождество совғаси. Нидерландия терма жамоаси юлдузини МЮдан илиб кетишди
28 дек 2022 14:31
Новости
Мутолаа учун. Гакпо – "Ливерпуль" мухлислари учун рождество совғаси. Нидерландия терма жамоаси юлдузини МЮдан илиб кетишди
Ушбу мавсумни ёмон бошлаган "Ливерпуль" қишда кучаймоқда. Улар биринчи бўлиб ПСВдан ҳужумчи Коди Гакпо билан шартнома имзолашди. Эйндховен клуби 26 декабрдаёқ "Ливерпуль" билан келишувга эришилганини, футболчи тиббий кўрикдан ўтиш учун Англияга йўл олишини тасдиқлади.
Шартнома 2028 йилга қадар. Трансфернинг тахминий нархи – 37 млн фунт, ПСВ тарихидаги рекорд сотув. Бу ҳали ҳаммаси эмас: The Athletic'дан Дэвид Орнштейн нарх бонуслар билан бирга 50 млн еврогача чиқишини хабар қилди, The Guardian эса 50 млн фунт ҳақида ёзмоқда.
Гакпо жаҳон чемпионатини ёндирди – 5та ўйинда 3та гол. Аммо, клублар мавсумида ҳам яхши ҳаракат қилди: ПСВ учун 24та ўйинда 13та гол ва 17та ассист. Коди – Европада гол+пас тизими бўйича етакчи (ҳа, ҳатто Эрлинг Холанд ва Лео Мессидан ҳам кўп жамғарди).
Табиийки, "Ливерпуль" Гакпо учун Англиядаги топ-6нинг бошқа клублари билан курашишига тўғри келди.
Тен Хаг ёздан бери Гакпони сўради. Аммо, МЮ узоқ ўйлади ва имкониятни қўлдан бой берди
Гакпо учун узоқ вақт "Манчестер Юнайтед" асосий даъвогар ҳисобланди. Эрик тен Хаг ёздаёқ нидерландиялик ҳужумчининг ўтишига шахсан қизиқиш билдирган, ёзда ҳатто ўйинчи билан шахсий шартнома шартлари бўйича келишувга ҳам эришилганди.
Ўшанда Гакпо учун "Лидс" ва "Саутгемптон" "Юнайтед"дан кўпроқ пул таклиф қилишди. BBC'нинг ёзишича, Тен Хагнинг хоҳишига қарамай, МЮда трансферлар учун жавоб берадиганлар Гакпонинг харидига қаттиқ шубҳа билан қарашган. Улар Коди ПСВ сўраган 44 млн фунт эмас, балки 30 млн фунтга арзишини билдиришга ҳаракат қилишган.
"Юнайтед" ёзда битимдан воз кечди ва ўйинчининг ўсишини кутиш ва кузатишга қарор қилишди. Гакпо учун мавсум яхши ўтди, аммо "Манчестер Юнайтед" ҳозир ҳам шубҳа билан қаради.
"Ёзда кетишга яқин эдим. Биз Тен Хаг билан бир неча маротаба гаплашдик. Битим якунда амалга ошмади, бу эса мени хафа қилди, сабаби МЮ дунёдаги энг катта клублардан бири", – деб Кодининг ўзи ҳам музокараларни тасдиқлади.
The Guardian'нинг ёзишича, кейинчалик харид қилиш ҳуқуқи билан ярим йиллик ижара вариантини кўриб чиқишган. Бундай таклиф эса ПСВни ўзига жалб қилмаган, улар ўринбосар излашга кўпроқ вақт бўлиши учун "Ливерпуль"га сотувни афзал кўришди.
Англия ОАВ "Ливерпуль" кўп тўламагани, шунчаки тез ("Юнайтед" шубҳаланган пайт) ҳаракат қилшганини ёзмоқда. Ва шу сабаб футболчини олишга муваффақ бўлинган.
Нега "Юнайтед"га Гакпо керак бўлди? Тен Хаг ёздаёқ янги ҳужумчини сўради ва Гакпо мураббийнинг талабларига жавоб берарди. Криштиану Роналду кетганидан сўнг МЮда фақат жароҳатга мойил Марсьяль ва Рэшфорд қолганди. Шундай экан, Гакпонинг трансфери барбод бўлганидан сўнг "Манчестер" Осимхен, Влахович, Феликс ва Гонсалу Рамушга қизиқмоқда.
"Ливерпуль" мухлислари эса қўшнилари ҳақида ҳазил қилиш учун сабабга эга бўлишди – Гакпо сўнгги лаҳзаларда МЮнинг илиб кетилган ўйинчилар рўйхатида эди.
"Ливерпуль" Гакпони қандай қилиб оғдирди: спорт директори Рождествода ишлади, Ван Дейк ва Клоппнинг ассистенти – Кодининг мухлислари
Жаҳон чемпионати бошланишига қадар нидерландиялик журналист Ханс Краай шундай деганди:
"Гакпо аллақачон кетди. Балки "Манчестер Юнайтед"гадир, сабаби улар Криштиану Роналду билан хайрлашишди. Аммо, "Ливерпуль" варианти бор: Пеп Лейндерс (Клоппнинг ассистенти) – Кодининг катта мухлиси. У ҳатто ўйинчини Клоппга "етишмаётган бўғин" деб реклама қилди ва харидга ундади".
Гакпонинг "Ливерпуль"га ўтишига ПСВ спорт директори Марцель Брандс ҳам шама қилди:
"Улар доим эътибор берган ҳолда ҳаракат қилишади. Баъзан улар ноябрдаёқ кейинги мавсум учун ўйинчилар билан шартнома имзолайдилар. Улар келгуси ёзда Гакпони сотиш учун яхши шерик бўла олишадими? Ҳа, албатта".
Лейндерс сўнгги йилларда "Ливерпуль"даги ўрнини мустаҳкамлади: Клоппнинг айнан Пепнинг ёрдамчи сифатида қолишга тайёрлиги янги шартнома имзолашида роль ўйнаган. Пеп шундай қилиб трансферни амалга ошириши мумкин эди. Айниқса, мавсум сўнггида спорт директори Жулиан Уорд ва бош таҳлилчи Иэн Грэм кетган шароитда.
Қандай бўлмасин, бош инглиз инсайдери Дэвид Орнштейн "Ливерпуль"нинг скаутлар бўлими узоқ вақтдан бери Гакпо билан музокара олиб борганини ёзди. Спорт директори Уорд эса битимни тузиш учун бутун байрам пайтларида ҳам фаол ишлаган. Дастлабки музокаралар Дубайдаги йиғин пайтида ўтказилган ва барча тафсилотлар роджество ҳафталигига 72 соатда қолганда келишилган.
Англияда Гакпо ва Диаснинг ўтган қишдаги ўтишига ўхшатилмоқда. Унда ҳам ўйинчи "Тоттенхэм" билан барча тафсилотларни келишиб олган, аммо кейинчалик Уорд ва "Ливерпуль" келиб, ўйинчини илиб кетишган. Тахминан бир-икки кун ичида.
Нидерландиядаги ОАВда Ван Дейк ўтишда муҳим роль ўйнаганини ёзишмоқда. Нидерландия терма жамоаси сардори Гакпо билан яхши гаплашади, шу сабаби ҳужумчи Англия клубидан таклиф олганда, айнан Виржилга қўнғироқ қилган. ВВД "Ливерпуль"га ўтиш қарорига таъсир ўтказган.
"Коди – жуда яхши ўйинчи ва ёқимли йигит. Биз буни машғулотларда, сиз эса майдонда кўрасиз, – дейди Ван Дейк ЖЧ пайтида. – МЮ ёки "Реал"га ўтиш? Ушбу жамоалар ҳозирда тенг даражада дея олмайман. Коди олдинга қадам ташлаши керак деб ўйлайман".
Якунда Коди "Ливерпуль"да Ван Дейк билан олға қадам ташлайди.
Клоппга Гакпо нега керак? "Ливерпуль"да ҳақиқатдан ҳам ҳужум чизиғида кадрлар муаммоси бор
"Ливерпуль" биргина ёзда Садьо Мане, Дивок Ориги ва Такуми Минаминони йўқотди. Уларнинг ўрнига ёш Фабиу Карвалью ва мунтазам равишда голлар уришни бошлай олмаётгган Дарвин Нуньесни харид қилишди.
Барча йўқотишлар муаммо бўлмасди, аммо навбат билан жиддий жароҳатлар сабаб Луис Диас ва Диогу Жота сафдан чиқишди. Иккисини ҳам февраль-мартдан олдин кутиш керакмас. Клопп иккисига ҳам мавсум стартидан олдин жуда ҳам ишонч билдирганди, аммо ҳозирда мавсумнинг муҳим қисмини уларсиз ўтказади.
Чемпионлар лигасига эса йўлланма олиш керак. Премьер-лига қайтганидан сўнг ҳужумнинг чап қанотида Алекс Окслейд-Чемберлен ўйнади, у ҳам энг ишончли вариант эмас. Шундай қилиб клуб бозорга 1 январни кутмасдан чиқишга қарор қилди.
Гакпони яқин кунларда Ливерпулда кутишмоқда – Фабрицио Романо клуб трансферни чоршанба куниёқ эълон қилишини тахмин қилмоқда. Коди эса янги жамоасида душанба куниданоқ ўйнаши мумкин.
Энг қизиғи, бу билан Клоппнинг қишки харидлари тугаб қолмаган. Ярим ҳимоя марказидаги тешик ҳали ҳам ёпилмаган, шу сабаб "Ливерпуль"ни деярли барча қизиқарли ярим ҳимоячилар билан боғлашмоқда: Энцо Фернандес, Беллингем, Амрабат, Мак Аллистер.
Клуб балки олдин янграмаган қандайдир харидни якунлаётгандир, сабаби тинч ишлаш "Ливерпуль"нинг сўнгги йиллардаги ўзига хослигидир.
Алишер Остонов таржимаси
Комментарии