Мундиаль 2022. Эквадор!
30 окт 2022 20:44
Новости
Тахаллуси – "уч ранглилар"
FIFA рейтингида 44-ўрин.
Жаҳон чемпионатига тўртинчи марта боради (2002, 2006, 2014, 2022)
D гуруҳи. Рақиблар: Нидерландия, Сенегал, Қатар.
1-тур, 20 ноябрь. Қатар — Эквадор
2-тур, 25 ноябрь. Нидерландия — Эквадор
3-тур, 29 ноябрь. Эквадор — Сенегал
Муваффақиятлар
Эквадорликлар фақат бир марта, аниқроғи 2006 йилда гуруҳдан чиқишган.
Жанубий америкаликлар бир гуруҳда, коста-рикаликлар, поляклар ва мусобақа мезбонлари бўлмиш немислар билан ўйнашган.
Полякларга қарши ўйинда бирор бир жамоага яққол устунликни бериш мумкин бўлмаса-да, "уч ранглилар" аутсайдер сифатида чиқишди десак ҳам бўлади. Аммо, 24-дақиқада Карлос Тенорио ҳисобни очди, 80-дақиқада эса Агустин Дельгадо Эквадорнинг устунлигини оширди. Жамоа ишончли равишда ғалабани ўзиники қилди.
Кейинги ўйин катта эҳтимол билан Эквадор учун гуруҳ босқичи тақдирини ҳал қилди.
Коста-Рика устидан ғалаба плей-оффга чиқишни англатарди. Мағлубият бўлган тақдирда эса имконият деярли йўқ эди.
Эквадорликлар Карлос Тенорионинг ҳаракати сабаб 8-дақиқадаёқ ҳисобни очди. 54-дақиқада Агустин Дельгадо биринчи ўйинда бўлгани каби жанубий америкаликларнинг устунлигини оширди. Иван Кавьедес эса учинчи голни урган ҳолда, ўйиндаги якуний ҳисобни ўрнатди. 3-0 – Эквадор илк бор плей-оффга чиқмоқда. Аммо, қайд этиш керакки, йирик ҳисобга қарамасдан, Коста-Рика Эквадор учун кўплаб муаммоларни яратди ва ўйинни "уч ранглилар" учун енгил машғулот деб қарамаслик керак.
Германия билан гуруҳ босқичидаги сўнгги ўйин кўпроқ машғулот характерини ўтади. Икки терма жамоа ҳам плей-офф учун ўринни ҳал қилишган, аммо немислар билан биринчи ўрин учун курашиш қийин эди. Шунга қарамасдан, "уч ранглилар" уриниб кўришди. Аммо, ўхшамади, ҳисоб Германия фойдасига 3-0, бу эса Эквадорни 1/8 финалда Англия билан ўйин кутиб турганини англатарди.
Англияликлар албатта ўйин фаворити эдилар. Эквадор эса Англияга шунчаки кураш таклиф этмади, балки у билан тенгма-тенг ўйнади, агар Бекхэмнинг жарима зарбасидан сеҳрли голи бўлмаганда, барчаси нима билан якунланиши номаълум эди. Аммо, бу аҳамият касб этмайди, Англия кейинги босқичга ўтди, Эквадор эса уйига кетди.
Мураббий ва ўйин услуби
Густаво Альфаро – Эквадор терма жамоаси устози.
Альфаро мураббийлик фаолиятини 1992 йилда бошлаган 2019 йилгача фақатгина Аргентинада ишлаган. Шу сабаб Эквадор терма жамоаси аргентиналик мураббий учун ҳам шахсий чақириқдир.
Қайд этиш керакки, Густаво Альфаро 2019 йилда "Бока Хуниорс" устози бўлган эди. Бу эса унинг Жанубий Америкадаги мураббийлик обрўсидан далолат бериб туради.
Эквадор терма жамоаси ўйин услуби: 4-3-3 (учбурчак), камроқ 4-2-3-1.
Ўйин услуби – кучли прессинг, тезкор футбол.
Эквадор қанотларда жуда кучли. Улар футболчиларнинг индивидуал салоҳиятидан фойдаланиб, қанотдан ўтишни билишади. Яқинда Аргентинага қарши ўйинда эквадорликлар шунчаки ўнг қанотда рақибни "янчиб ташлашди". Эквадорликлар қанот ҳимоячиси Первис Эступиньян доим Аргентина мудофаасининг ўнг қанотига жавоб берадиган Гонсало Монтиэлдан ўтиб кетаверди.
Ҳужумдаги "ортиқча" ўйинчи ҳисобига Эквадорда иккинчи темп пайдо бўлди ва рақиб жарима майдончаси ичидаги вазият янада кескинлашди.
Эквадорликлар вақти-вақти билан кучли босим ўтказиб, барча эҳтимолий пас вариантларини тўсиб қўйишади ва тўпга эгалик қилаётган рақибга ҳужум қилишади.
Қайд этиш керакки, эквадорликлар фақат баланд тоғли минтақадаги жойлашган Кито шаҳридаги "Ла Каса Бланка" стадиони (денгиз сатҳидан 2800 метр баландликда)даги уй учрашувларида яхши ўйнашади деган фикр бор. Шу сабаб рақиб юқорида мослашишга вақт топа олмайди ва жисмоний ҳолати сезиларли даражада пасайади. Умуман олганда бу ҳақиқат, аммо унчалик эмас.
Терма жамоа етакчилари
Первис Эступиньян – ақлбоварқилмас даражадаги иқтидорли чап қанот ҳимоячи.
Эступиньян – ҳужумда агрессив ва ҳимоядаги ишончли ўйинчи. У аллақачон Ла Лига мухлисларини "Вильярреал"даги иштироки орқали ҳайрон қолдира олди, ушбу мавсумда эса АПЛда "Брайтон" сафида ўзини кўрсатишга уринмоқда.
Эступиньян Эквадор терма жамоасида Канададаги Альфонсо Дэвисни эслатиб юборади. Аммо, Первис канадаликка нисбатан қанотга кўпроқ эътиборини қаратган.
Transfermarkt эквадорликни 20 млн еврога баҳоламоқда ва бу уни дунёнинг энг қиммат қанот ҳимоячиларидан бири қилади.
Эътиборингизга Первиснинг Чили терма жамоасига урган голини тақдим этамиз.
Пьеро Инкапиэ – истиқболи ёрқин бўлган марказий ҳимоячи.
Пьеро январда 20 ёшни қарши олди, у Эквадор терма жамоасида аллақачон 19та ўйинда майдонга тушган.
Инкапиэ – замонавий марказий ҳимоячининг яққол мисоли. У баланд бўйли эмас (183 см), тезкор, қатъиятли ва тўп билан муомала қилишни билади. Ҳам марказда, ҳам чап қанотда ўйнай олиши мумкин.
Ёш эквадорлик Леверкузеннинг "Байер" клуби билан шартнома имзолади. Пьеро у ерда дарҳол асосий марказий ҳимоячига айланди.
Эквадорда Инкапиэга атаб қўшиқлар ёзилмоқда, ҳужжатли фильмлар суратга олинмоқда, унинг болалаги ҳақида китоблар ёзилмоқда.
Эннер Валенсия – терма жамоаси афсонаси ва сардори.
Валенсия терма жамоада 72та ўйинда майдонга тушиб, 35та гол урган. У катта фарқ билан терма жамоанинг энг яхши тўпурари ҳисобланади.
Эннер Эквадор ўлчамлари бўйича "қария" ҳисобланади. Аммо, 32 ёшли ҳужумчининг ўйинига қараб, унинг фаолиятини якунлаши борасидаги савол ҳаёлга ҳам келмайди. У айни дамда "Фенербахче"да ўйнамоқда ва мавсумнинг дастлабки 4та ўйинида 6та гол уришга эришди!
"Валенсия" ҳужумларни совуққонлик билан тезлаштиришни билади, яхши зарбага ва ҳақиқий гол сезиш хусусиятига эга ва бу унга кўплаб голлар уришга ёрдам беради.
Эннер Валенсиянинг голларидан кичикроқ тўплам.
Кучли ва заиф томонлари
Кучли томонлари: жисмоний ҳолат, тезкор ҳужумлар, жасорат.
Заиф томонлари: сўнгги пас, вазиятлардан фойдаланиш, ҳимояда чалкашлик.
Жисмония жиҳатдан жуда кучли, чидамли ва ёш терма жамоа. Ўртача ёш – 25. Эквадорликлар бундай доим фойдаланишади ва Чили каби ёши катта жамоаларни "қувиб ўтишга" ҳаракат қилишади.
Эквадор жуда ҳам тезкорлик билан ҳужум қилади, бу уларнинг услуби. Айниқса эквадорликлар аргентиналик, бразилиялик ва колумбиялик, умуман Жанубий Америкадаги деярли барча рақибларни қийнаган чап қанот ажойиб кўринади.
Ушбу жамоага тез-тез сўнгги пас етишмайди. Жамоа кўплаб вазиятлар яратади, аммо ҳужумчи ортидаги ўткир футболчи йўқлиги сабаб кўпроқ олдириб ҳам қўяди. Бу муаммо ҳозирда кўплаб терма жамоаларда бор, аммо барчада ҳам Эквадордаги каби ажойиб имконият йўқ, шу сабаб бу бироз қайғули.
Вазиятлардан фойдалана олмаслик – шу Аргентинани саралаш босқичида мағлуб этишга имкон бермади.
Жамоага шунингдек мудофаада хотиржамлик етишмайди. Гап футболчиларнинг даражасида ҳам эмас, балки жамоанинг қизғин ўйин услубида. Эквадорликлар баъзан рақиб ностандарт ўйнашни бошлаган пайт мудофаада кулгили хатоларга йўл қўйишади.
Алишер Остонов таржимаси
Комментарии