МТЖ ва бош мураббий ҳақида
19 июн 2015 06:25
Новости
МТЖ ва бош мураббий ҳақида
Бизда ҳар бир мағлубиятдан кейин Қосимовнинг истеъфосини талаб қилиш урфга айланмоқда. Ҳар бир ғалабадан кейин футболчиларни осмонга кўтариб, улар нақадар кучлилиги ва бошқа мураббий қўл остида ўйнаганларида янада кучлироқ ўйнашларини бот-бот таъкидлаётганлар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Мен Миржалол Қосимовни ёнини олиб, уни терма жамоада қолиши керак деган фикрни илгари сурмоқчи эмасман. Танқид бу фақат Қосимовнинг истеъфосини талаб қилиш керак дегани эмас. Шунчаки бор камчиликларни ёйиб ташлаш ва мураббий йўл қўяётган хатоларни мисол келтириб, келажакда шу нарсаларни такрорламасликка ундаш керак аслида. Бу мени шахсий фикрларим. Миржалол Қосимовни ЎФФ раҳбарлари истеъфога чиқаришмаяпти. Демакки улар мураббийга ишонишмоқда ва унга керак бўлса имкон беришмоқда.
Вақтида Миржалол Қосимов ишдан бўшаш учун ариза ёзганида ҳам уни бўшатишмаган. Кейин шартномага амал қилиб ўз ишини давом эттирганди Қосимов. Миржалол Қосимовни ишдан олишмаётганига ҳам бош мураббийни айблаш қанчалик тўғри энди? Миржалол Қосимов эндигина МТЖга бош мураббий этиб тайинланганида бир гапни айтганди: "Ватан жамоасини бошқариш таклифини рад эта олмайман, чунки бу бош жамоамиз" дея бу борада фикр билдирганди. Ариза ёзганидан кейин унга ишонч билдиришларини айтишганидан кейин Қосимов йўқ ишламайман дея МТЖни шунчаки ташлаб кета олмасди. Миржалол Қосимов шундай ватанпарвар инсон. Унинг истеъфосини ўзидан эмас, ЎФФ раҳбарларидан талаб этилса тўғри ва яхши иш бўларди. Истеъфога чиқмаётганликда ҳам биргина Қосимовни айблаш адолатдан эмас. Мен шу курсида қоламан, кетмайман деб ўтиргани йўқку Қосимов.
Энди Миржалол Қосимов йўл қўяётган хатолар ҳақида икки оғиз. Терма жамоамиз бош мураббийининг хатоларидан бири бу футболчининг тажрибасига ишониб унга имконият бераверишида. Мураббий сал таваккалчи, пайти келганда баъзи ўзгаришларни қилишга қўрқмаслиги керак. Масалан терма жамоага янги қон керак деган эди Қосимов. Лекин МТЖда Тимур Кападзени ҳисобга олмаса, қолган "қария"лардан ҳали воз кечилгани йўқ. Кападзе ўз имконияти даражаси, ёшларга имконият бериш ва футболчи ўз ёшини ҳисобга олиб, вақтида терма жамоадаги фаолиятини якунлади. Ўзини ҳурмат қилган футболчи аслида шундай қилади. МТЖда энг муносиб ва тайёр футболчилар ўйнашлари лозим. КХДР билан бўлган ўйиндаги киритилган голларнинг видеосини кўрдим. Ҳали айтганимдек, ўйинни тўлиқ кўриш имконияти бўлмади. Бош мураббий таъкидлаб ўтганидек, жуда оддий ва қўпол хатолар эвазига осон голларни ўтказиб юборганмиз. Учрашув дебютидаги гол ва стадиондаги муҳит терма жамоамизни бироз эсанкиратиб қўйган экан. Тезкор голдан, голлардан сўнг режалар ўзгариб кетган. Ҳисоб 2:0 бўлганидан кейин Одил Аҳмедовда яхши имконият бўлган экан. Бироқ тажрибали футболчимиз икки метрдан дарвозани ишғол этолмаган. Ёки иккинчи бўлимда Санжар Турсунов, Насимовларда гол уриш учун қулай вазиятлар юзага келган. Лекин, аммо, бироқ... Терма жамоамиз аъзосининг сўзларига кўра, агарда ҳисобни 4:3га айлантира олганимизда мағлубиятдан ҳам қутулиб кета олардик. Бунинг учун етарлича вазиятлар яратилган, имкониятлар бўлган. Иккинчи бўлимда КХДР табиийки катта куч билан ўйнамаган. Бизникилар эса ўзларини йўқотиб қўймай, олдинга интилишган ва икки маротаба дарвозани ишғол этишган. Бу эса табиийки камлик қилди. Миржалол Қосимов айтиб ўтганидек, қолган имкониятлардан ҳам самарали фойдаланганида ушбу ҳисобдаги фарқни йўққа чиқаришимиз ҳам мумкин эди. Шу ерда фақатгина бир нарса одамни бироз бўлсада қувонтира олади. Яъни вакилларимиз биринчи бўлимдан кейин "нокаут"га учраб қолишмаган ва ўзларини қўлга ола билишган. Голларни ҳам терма жамоамизнинг келажакдаги етакчи футболчилари бўлишлари кутилаётган Игор Сергеев ва Сардор Рашидовлар киритишган. Яна бир нарсага эътибор қаратишни истардим, терма жамоамиз сафидаги легионер футболчиларимиз МТЖда ўз имкониятлари даражасида ўйнай олишмаяпти. Яъни Виталий Денисов, Одил Аҳмедов, Баҳодир Насимов, Санжар Турсунов каби футболчилар ўзларидан кутилган ўйинни кўрсата олишмаяпти. Бу ҳам муаммо. Уларни яхши ўйнамаётганларига нима сабаб бўлаётгани маълум эмас. Балки бош мураббийи уларни тўғри ўйната олмаётган бўлиши мумкин дерсиз. Балки? Лекин етакчи футболчилар қандай қилиб муҳим ўйинларда "йўқолиб" қолишмоқда? КХДР билан бўлган учрашувда ҳам айнан Насимов, Аҳмедов, Турсуновларда гол уриш учун қулай фурсат бўлган экан. Бироқ бизнинг ишонган легионерларимиз, етакчи футболчиларимиз керакли пайтда жамоамиз жонига оро кира олишмаган. Виталий Денисов эса ҳимояда шу куни ишончли тура олмаган. Бу билан улар атайин КХДР билан ўйинда ўйнашмаган деган фикрдан йироқман. Шунчаки бу футболчилар негадир терма жамоада ўз даражасида ўйнай олишмаяпти. Нафақат КХДР билан, балки сўнгги учрашувларимизда бу футболчилар ўйинни ўз қўлларига олиб, жамоадошларини ўз ортиларидан етаклаганларини кўрганим йўқ. Айнан шулар эмасми бизнинг ишонган "тоғ"ларимиз? Агарда Денисов, Аҳмедов, Турсуновнинг номига қарамайдиган бўлсак ва ўйин давомида уларнинг иштирокини диққат билан кузатадиган бўлсак, унда майдонда "Локомотив"даги Денисовни, "Краснодар"даги Аҳмедовни, "Ворскла"даги Турсуновни қидириб ҳам тополмай қоламиз. Бу нима билан боғлиқ? Бу борада Қосимов яхшигина бош қотириши шарт! Керак бўлса шу футболчилар алоҳида гаплашиб олиши, муаммо нимада бўлаётганини билиши лозим. Акс ҳолда уларни ўрнига бошқа футболчиларни ўйнатиш керак.
МТЖда ҳеч кимга асосий таркибдан жой кафолатланмаган ва кафолатланиши керак эмас. Асосий таркибга киришга муносиб ва лойиқ бўлиш лозим. Футболчининг тажрибасига суянса бўлади, қачонки футболчи ўша тажрибадан унумли фойдалана олса. Қуруққа тажрибаси бўлсаю, аммо уни ўйин давомида кераклигича ишлата олмаса, унда унинг тажрибасидан не наф? Терма жамоамизга янги қон керак. Футболчиларни жалб этишда ҳам унинг тажрибасига эмас, ўйинига, кўзидаги оловига, иштиёқига ҳам эътибор қаратиш керак. Баъзи ўйнагиси келмай қолган футболчилар ўрнига кучли иштиёқли, терма жамоада ўйнашга кўзи чақнаб турадиган футболчиларни олиш лозим. Ўша ёш футболчи ҳам терма жамоада ўйнаб ўз тажрибасини оширади. Муҳим ва керакли ўйинларда уларга ишонч билдирилмаса, унда улар халқаро майдондаги тажрибасини қаердан ошириб олишади? Миржалол Қосимов буёғига терма жамоанинг ўзаги сифатида Игор Сергеев, Сардор Рашидов, Шоҳруҳ Гадоев, Шуҳрат Муҳаммадиев, Егорь Кримец, Элдор Суюнов, Фарруҳ Сайфиев, Жамшид Искандеров, Икром Алибоев каби футболчиларга эътибор қаратса мақсадга мувофиқ бўларди. Уларга кўпроқ ишонч билдириб, улар атрофида жамоа тузилса чакки бўлмасди. Одил Аҳмедов, Азизбек Ҳайдаров, Виталий Денисов каби тажрибали футболчилар уларга бош-қош бўлишлари керак аслида.
Ҳужумчи муаммоси жуда кўп йиллардан буён давом этиб келмоқда. Игор Сергеев яхши ҳужумчи, керакли ва муҳим голларни ҳам ура олади. Фақатгина унинг бир ўзи олдинги чизиқда ёлғизланиб қолаётгандек. Терма жамоада унинг олдида яхши шерик йўқ. Игор Сергеев ўз маҳоратини ошириши учун ҳам унинг олдига етарли малакага эга футболчи бўлиши зарар қилмасди. Александр Гейнрих балки 90 дақиқа давомида бир маромда ўйнай олмас, Қосимов айтганидек курашчан футболчи эмасдир. Лекин иккинчи бўлимда майдонга тушиб ўйинни кучайтира олиш салоҳиятига эга Саша. Сергеев ҳам унинг олдида шуғулланиб баъзи ўзига керакли сифатларини ошириб олиши мумкин. Биздаги ҳужумчи муаммосини ҳисобга оладиган бўлсак, унда бу чизиқда тажрибага суянсак ёмон бўлмасди. Бу борада Гейнрихнинг хизматларидан фойдаланиб турилса мақсадга мувофиқ бўларди. Гейнрих ҳар ҳолда ранг-барангликни ёқтирадиган ҳужумчилар тоифасидан. Унинг ижодкорлик даражаси ҳам юқори. Бир сўз билан айтганда Миржалол Қосимов таркибда бир-қатор ўзгартиришларни амалга ошириши лозим.
Терма жамоа бош мураббийининг истеъфосини кутиб эмас, унга бу борада ҳамма қўлидан келганича ёрдам бериб, керак бўлса қўллаб-қувватлаши зарур. Терма жамоага ким бош мураббийи бўлишидан қатъий назар бу барчамизнинг жамоамиз. Ҳамма ўз имконияти даражасида иш тутса мақсадга мувофиқ бўларди. Футболчилар майдонга тушишганидан сўнг юракдан ўйнашлари керак. Футболчи мураббий танлаш имкониятига эга эмас, айниқса терма жамоада. Кимда-ким қайсидир мураббий қўл остида ўйнашни истамаса, унда бу ҳақида очиқ-ойдин ўзига айтгани маъқул. Шунчаки ҳар эҳтимолга қарши. Мураббий ўзи истаган футболчиларни йиғиб олиш имкониятига эга. Унинг номи ва тажрибаси эвазигагина эмас, унинг айни пайтда тайёргарлиги ва ўйинидан келиб чиқиб таркибга жалб этиши керак. Терма жамоада номлар эмас, муносиб футболчилар ўйнашлари лозим. Миржалол Қосимов бу муаммоларни ечимини топишига ишонамиз ва бунга умид қиламиз.
Мухлислар эса табиийки севимли жамоаларини қўллаб-қувватлашлари керак. Жамоа ғалаба қозонганда мухлислик қилиш осон. Лекин ишқибозлар жамоасининг оғир пайтида ҳам мухлислик қилишни билиши зарур. Мухлис ўзи нима учун? Футболчиларни, мураббийни ҳақорат қилиш учун эмас, балки керак пайтда уларга далда бўлиб, қўллаб-қувватлашлари лозим эмасму ахир? КХДР - Ўзбекистон ўйини лавҳасини кўриб, нега улар ғалаба қозонганликларини бироз бўлсада тушуниб етгандекман. Бу каби олқишлар, мухлислик маданияти ва ҳамжиҳатликда яратилган фантастик муҳитда футболчилар исташса-исташмаса чин юракдан борларини бериб ўйнаб юборишади. Биз ҳам улардек мухлислик қила оламизми? Ўйлайманки, бизларнинг мухлисларимиз бунданда чиройлироқ ишқибозлик қила олишади. Қатар билан бўлган ўйиндаги муҳитни ярата оламиз. Фақатгина битта камчилигимиз бор: Биз натижаларга қараб мухлислик қилишга одатланганмиз. Шу муносабатимизни ўзгартирсак, менимча натижаларимиз ҳам ҳар тарафлама яхшиланиб боради.
Ҳозир ҳамма Миржалол Қосимовни истеъфосини талаб қилмоқда ва керак бўлса шуни кутмоқда.
Дейлик, терма жамоамизга хориждан кучли мутахассисни олиб келдик. Лекин ўша чет эллик мураббий ҳозирги шароитда ишлайдими? Албатта йўқ. Терма жамоа мураббийларига ишлаш учун яратиб берилаётган шароитни ҳар бир кичик деталларигача эътиборни кучайтириш лозим бўлади. Ўзини ҳурмат қилган хорижлик мутахассис ўз талабларини ўртага ташлайди ва шуларни бажарилсагина иш бошлаши мумкин. Энди савол туғилади, нега айнан шу шароитларни Миржалол Қосимовга тақдим этилмаяпти? Яхшиси Қосимовга керакли шароитларни яратиб бериб, унга бемалол ишлаш, янги футболчиларни синаш учун имконият яратиб берилса бўлмайдими? Кучли жамоалар билан ўртоқлик ўйинлари ташкил этиш шу қадар муаммоми? Йўқ, шуначки бу борада стол атрофига ўтириб бироз ишлаш, изланиш керак. Шулар ҳақида ҳам жиддий бош қотирилса яхши бўларди.
Кейин футболчилар терма жамоада керакли витаминлар билан таъминланишмаяпти. Фақатгина баъзи легионер футболчиларимиз ўзлари билан витамин олиб келишади. Қолган футболчиларимиз эса нима қилсин? Барча футболчилар бир хил маромда ўйинга тайёр бўлишлари керак эмасми? Мана бу каби муаммоларни ҳам бартараф этиш вақти етиб келди. Эътиборсизликларни йиғиштириш керак. Бундан буёғига МТЖга жиддий эътибор қаратилиши зарур. Осиё Кубогида Азиз Ҳайдаров имкониятидан келиб чиқиб, ўз чўнтагидан бутун жамоадошларига витамин ҳарид қилган экан. Йўқдан кўра бор деганларидек ўшанда футболчилар номига бўлса ҳам витамин истеъмол қилишган. Ҳозирги замонавий футболда витаминизациянинг ўрни жуда катта. Бу нарса четдан қараганда билинмаслиги мумкин. Бироқ айнан шу омиллар ҳам баъзи бир натижаларга ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Ўз ишига профессионал тарзда ёндошиш керак, шундагина кўзланган мақсадга эришиш мумкин. Бу борада ТЖМ керакли хулосани чиқаради деган умиддамиз.
Терма жамоамизнинг Тошкентда Эрон ва КХДРга қарши ўйинларига кўрган тайёргарлик жараёнларини шахсан ўзим ҳар куни бевосита кузатиб бордим. Шунингдек, 10 июнь куни Эроннинг "Жар"да Ўзбекистонга қарши ўртоқлик ўйини олдидан ўтказган машғулотини кўриб, ўртадаги тафовут анча катта эканлигига яна бир бор амин бўлдим. Ишга ёндошиш, ҳар бир кичик деталларга бўлган эътибор, муносабат барчаси бошқача. Юксак даражада.
ЎФФ раҳбарияти терма жамоа мураббийлар штабида Қосимовга ёрдамчи қилиб хорижлик мутахассис жалб этишни ваъда беришган эди. Биз ушбу мутахассисни қачон кўрамиз? Терма жамоа мураббийлар штабида баъзи ўзгартиришларни амалга ошириш зарур. Шуҳрат Мақсудовнинг хизматларига раҳмат айтиб, унинг ўрнига Қосимовнинг олдига тажрибали, малакали мутахассисни жалб этилса мақсадга мувофиқ бўларди. Бахтиёр Ашурматов учта фронтда ўзини қандай ҳис қилаётганини билмадим-у, бироқ ҳозир ушбу мутахассиснинг терма жамоадаги фаолиятига якун ясаб турса яхши бўларди. Ҳали Ашурматов МТЖда ишлаш учун етарли салоҳиятга эга эмас. Яхши боғбон аввал бир жойни гуллатади.
ЎФФнинг хорижлик мутаҳассис борасидаги ваъдалари ҳали ҳам ваъдалигича қолиб кетмоқда.
Миржалол Қосимов айни пайтда жуда юқори босим остида қолиб кетган. Қосимов мухлислар томонидан бўлаётган ишончни ўзида ҳис қилмаётгани аниқ. Аксинча, мухлислар томонидан ишончсизлик кучайган. Келинг терма жамоа бош мураббийини истеъфосини кутиб эмас, балки уни қўллаб-қувватлаб, янги марралар сари интилишида кўмакчи бўлинг. Мураббийлар ва футболчилар мухлислар тарафидан бўлаётган ишончни ўзларида ҳис этишсин!
Биз авваллари Осиё чемпиони, мундиалларнинг давомий қатнашчиси бўлганмидик, эндиги баъзи ўйинлардаги натижаларни ҳам рукач қилиб, истеъфони талаб қилаверсак. Терма жамоа бош мураббийини алмаштириш бизнинг ёки сизнинг қўлингизда эмас. Келинг, сизлар ҳам ўз қўлингиздан келадиган ишни, яъни терма жамоамизнинг қўллаб-қувватлашни кучайтириб, уларга далда бўлинг! Зора шу ишонч уларнинг ўз кучларига бўлган ишончни ҳам кучайтириб юборса. Ҳали ЖЧ-2018 учун йўл узоқ ва бу мундиални чиптасини қўлга киритиш имконияти ўз қўлимизда турибди.
Миржалол Қосимов терма жамоани мундиалга етаклай оладиган салоҳиятга эга, менимча. Фақатгина баъзи камчиликлар устида жиддий иш борилса кифоя. Ўтган сафар тўплар-нисбати ёки бир очко камлик қилганди. Бу галги уринишда ўша камчиликларни тўлдира оламиз, ишонинг! Бунга кучимиз ҳам, қурбимиз ҳам етади. Барчаси ўз қўлимизда!
Саломат бўлинг!
Шаҳбоз Беғамов
Комментарии