RU

Последние новости

14:20Шаҳзод Убайдуллаев "Металлург"ни тарк этди  0 14:14Про лига. Хоразмдаги баҳсни аёл ҳакам бошқаради, 27-тур ўйинларида кимлар ишлаши маълум  0 13:53Ўткир Юсупов Сон Хён Мин билан бир жамоада   8 13:24"Аморим хоҳласа Роналдуни МЮга чақириши мумкин"  1 12:53"Арсенал" "Реал"нинг ёш юлдузини ижарага олмоқчи  0 12:22Эрон, Корея ва Япония пешқадам, Ўзбекистон мундиал сари навбатдаги қадамни ташлади. Гуруҳлардаги ҳолат  41 11:45Мутахассис фикри: "КХДР билан 1:0 дегани ғалаба эмасди, ҳужумда ким ўйнаса ҳам ўйинни ўзига олиши керак"   34 11:15Ўзбекистон аёллар терма жамоаси Тошкентда Беларусга қарши ўйнайди  0 10:50«Барселона» афсонаси «Интер Майами»ни бошқариши мумкин  3 10:47Суперлига. 25-тур ҳакамлари маълум  0 10:17«Ливерпуль» 85 миллион еврога ҳужумчи сотиб олмоқчи  1 09:44«Реал» Эндрикни АПЛ жамоасига ижарага бериши мумкин  0 09:10Месси яна бир рекордни такрорлади  6 08:37Sofascore. Кечаги учрашувда футболчиларимиз неча баҳога лойиқ кўрилди?  46 07:59ЖЧ-2026 саралаш. Бразилия ва Уругвай ўзаро дуранг ўйнади, Аргентинада қийин ғалаба ва бошқа натижалар  4

Мозийга қайтиб... Пойдевор (сўнгги қисм) Новости

Мозийга қайтиб... Пойдевор (сўнгги қисм)

Аввал эслатиб ўтганимиздек, 1993 йилнинг 21 июлидан юртимизда “Ўзбекистон футболи” газетаси чоп этила бошланди.

Орадан 14 йил ўтиб, “Одамлар орасида” газетаси чиқа бошлаганда, унинг бош муҳаррири Хайрулла Ҳамидов менга юзланиб юртимизда болалар футболи муаммолари ҳали ҳам ҳал бўлмагани, шу ҳақда таҳлилий мақола ёзиб беришимни сўради. Шу тариқа “Пойдевор” мавзуси давом эттирилди ҳамда газетанинг бир неча сонида ўқувчилар эътиборига ҳавола этилди.



Мозийга қайтиб... Пойдевор (1-қисм)        

Мозийга қайтиб... Пойдевор (2-қисм)        

Мозийга қайтиб... Пойдевор (3-қисм)         

Мозийга қайтиб... Пойдевор (4-қисм)


ПОЙДЕВОР. БЕШИНЧИ МАҚОЛА
(“Одамлар орасида” газетасининг 2007 йил 17 май сонидан олинган).


Англиянинг «Ливерпуль» жамоаси бундан икки йил аввал драматик тарзда «Милан»ни енгиб Европа Чемпионлар лигаси кубогини қўлга киритганди. Бу йил ярим финалда «Ливерпуль» жаҳон юлдузларини ўзида жамлаган «Челси»ни мағлуб этиб яна финал йўлланмасини қўлга киритди. Ваҳоланки, таркибдаги юлдузлар бўйича «Ливерпуль» қитъада юқори ўнталикка ҳам кирмайди. Бундай кўрсаткичларни тасодифий деяётганлар хато қилишади. Гап шундаки, «Ливерпул» клуби қошидаги болалар академияси Англиядаги энг яхши футбол мактабларидан бири ҳисобланади. Ҳозир унинг ҳамма афзалликлари ҳақида ҳамду-сано ўқимаймиз, сабаби академия менежери Фрэнк Скелли буни оддийгина тушунтиради: «Бизнинг асосий йўналишимиз тўртта: Техника, Шижоат, Координация, Тезлик. «Натижа» деган сўз «Ливерпуль» болалар академиясида йўқ ва бўлмайди ҳам. Нафақат «Ливерпуль», балки Англиянинг барча академияларида 16 ёшгача бўлган болалар мусобақа жадвали ва ўринни аниқлайдиган чемпионат ҳамда турнирларда иштирок этиши таъқиқланади. Болаларнинг бу ёшларда индивидуал қобилиятини ривожлантириш учун ҳаракат қилиш лозим, натижа учун ишлаш эса болакайларнинг руҳий жиҳатдан синишига олиб келиши мумкин. Болалар фақат ўртоқлик учрашувлари ёки фестивал турнирларда қатнашишлари мумкин, бироқ бундай ўйинлар сони мавсум давомида ўттиздан ошиши керак эмас».

Ана энди Украина ва Англиядаги иш услубларининг афзаллик томонларини кўрсатишга ҳаракат қиламан. Афсуски, бизда болалар ёшлигиданоқ натижа учун ўйнайдилар, аниқроғи биз уларни шунга мажбур қиламиз. Масалан, пойтахтнинг ўзини оладиган бўлсак, ҳар йили болалар футбол мактаблари ўртасида шаҳар чемпионати ўтказилади. 8-9 ёшда футбол мактабига қабул қилинган болалар 10 ёшдан то 16 ёшигача ҳар йили шу чемпионатда ғолиблик учун кураш олиб борадилар. Ёмон натижага эришилган футбол мактабларида мураббий ва раҳбарлар алмаштирилади. Демак, улар бундай куйга тушмаслик учун барча воситани ишга соладилар. Яъни, мақсад воситани белгилайди. Бундай воситалар эса талайгина: ёши катта футболчиларни майдонга тушириш, ҳакамни қўлга олиш ва ҳоказо.
Ўтган йили бир воқеанинг гувоҳи бўлиб қаттиқ таъсирлангандим. Бир-бирига рақобатдош икки жамоанинг ўйинига ҳакам келмади. 10 ёшлиларнинг ўйинига мезбон мураббийлардан бири ҳакамлик қилди. 11 ёшлиларникига меҳмон томон ҳакамлик қилиши лозим эди. Улар «футболни яхши тушунади» қабиласида ...отани, яъни ўғли шу жамоада ўйнайдиган оталардан бирини қўлига ҳуштак тутқазишди. Мезбонлар норози бўлишганди, уддабурон меҳмонлар «ҳакам келмагани учун биз майдонга тушишдан бош тортсак, сизга мағлубият ёзилади, хуллас ё уни, ё буни танланглар» деб туриб олишди. Қисқаси, учрашув бошланди. Бошида ҳаммаси кўнгилдагидек кетаётганди. Бироқ мезбонлар ҳисобни очиши билан вазият ўзгарди. «Ҳакам» ҳар қандай ҳолатни меҳмонлар фойдасига хал қилишни бошлади. Бундай қарорларнинг бирига ўз норозилигини билдирган ёш футболчини майдондан четлатди. Бир ўйинчи кўп бўлган меҳмонлар учрашув якунланишига яқин ҳисобни тенглаштиришди. Бироқ ота ўғли ўйнаётган жамоа ғалаба қозониши учун қўлдан келганини қилди. Ўйинга 10 дақиқа қўшиб берди (ўзи бу ёшдагилар 25 дақиқадан ортиқ ўйнамасликлари керак), нотўғри бурчак тўпи белгилади ва қоида бузилиши оқибатида киритилган голни инобатга олиб ўйинни якунлади. Учрашув тугагач, икки томон ота-оналари бир-бирлари билан муштлашиб кетишларига сал қолди. Бўралатиб сўкиш ва ҳақоратлар орқасидан ёш футболчиларнинг луғат бойлиги янада ошди. Менга таъсир қилгани - мағлуб бўлган ёш футболчиларнинг руҳий ҳолати эди. Уларнинг орасида йиғлагани ҳам бўлди, бир нуқтага тикилиб ўтириб қолгани ҳам. Улар футбол ўйнаб завқ-шавқ олишлари ўрнига ноҳақлик, жазосиз қолган қоидабузарлик ва бошқа иллатларга гувоҳ бўлдилар. 11 ёшларида... Мана сизга натижа учун ўйнашнинг оқибатлари.

Энди футболни алоҳида фан сифатида қабул қилиниши борасида. Катта футболга ўйинчилар қаердан келишади? Албатта футбол мактабларидан. Лекин футболга қатнамай туриб, тенгдошларидан яхшироқ ўйнайдиган ўқувчилар йўқми? Бор ва улар юзлаб. Ва айнан мактаб дарсларига футбол фанининг киритилиши ана шундай иқтидорларни кашф қилиш имконини беради. Бунинг йўли осон. Футбол дарсларида ўзини кўрсатган ўқувчилардан синф терма жамоаси тузилади. Синфлар ўртасидаги мусобақадан сўнг мактаб терма жамоаси тузилади. Сўнг туман, шаҳар миқёсидаги турнирлар. Финал учрашувларига ташриф буюрган мутахассислар ўзларига кераклича иқтидорларни кашф қилишади. Бу ерда энг муҳими натижа эмас, танлов бўлиши лозим. Яъни, футбол мусобақасида кўрсатилган натижага қараб жисмоний тарбия ўқитувчилари ёки мактаб раҳбарлари ишдан олинса, яна мақсад воситани белгилай бошлайди. Улар фақат бир ҳолатда ўз вазифаларидан четлаштирилишлари керак - нотўғри маълумот берсаларгина. Масалан мактаб терма жамоаси туман, туман термаси шаҳар ва шаҳар термаси республика биринчилигида қатнашиш учун буюртма берганда ўз-ўзидан мактаб директори, халқ таълими туман, шаҳар раҳбарлари шу ўсмир ҳақиқатан ҳам шу йилда туғилгани ва шу ерда ўқишини тасдиқлаб беришлари керак. Яна қайтариб айтаман, маҳаллий раҳбарлар натижа учун эмас, нотўғри маълумот берганликлари учун жазоланишса, фақат тенгдошлар қатнашадиган мусобақа ўтказилиши учун замин яратиларди.

Энди академия ўзи нима деган саволга жавоб изласак. Шу сарлавҳа остидаги учинчи мақоламизда футбол билан шуғулланадиган ўқувчилар машғулотлардан кечга қолмаслик учун ойига 50-60 соат дарсни қолдиришларига тўғри келаётгани ҳақида фикр билдиргандик. Академияда дарслар қолдирилмайди. Сабаби футбол билан шуғулланадиган тенгдошлар академия қошидаги мактабда бир синфда ўқишади, бирга шуғулланишади. Мусобақалар пайтида бирга бўлишади ва қолдирилган дарсларни бирга етказиб олишади. Яъни ўқиш ҳам, машғулот ҳам академиянинг ичида бўлади. Хориждаги ҳар бир нуфузли футбол клубининг ўз болалар академияси бор. Ҳеч бўлмаганда махсус синфлари.

Бизда бир марта ана шундай хайрли ишни бошлашга ҳаракат бўлган. Бундан чамаси 25 йиллар аввал 1974 йилда туғилган иқтидорли ёшларни тўплаб бир мактабга бирлаштиришган. Яъни оддий ўрта мактабда махсус синф тузилган. Унда фақат футбол билан шуғулланадиганлар таълим олишган. Бирга ўқиш, бирга овқатланиш, машғулотларга бирга бориш. Бу ишни иқтидорли мураббий Владимир Бондаренко бошлаб берганди. Яъни аввал мактаб директорини, сўнг туман ва шаҳар халқ таълими раҳбарларини кўндириб, мактаб қошида махсус синф тузилганди ва унда фақат футбол билан шуғулланадиганлар ўқиши белгиланганди. Кейинчалик махсус синф тарбияланувчиларидан бир йўла беш киши (тарихда бунақаси ҳали бўлмаганди!) Павел Бугало, Ёрқин Назаров, Андрей Яровой, Валерий Кечинов ва Олег Шацкихлар собиқ иттифоқ ўсмирлар терма жамоасига қабул қилинганлар. Яна бир битирувчи Николай Ширшов эса узоқ йиллар миллий термамиз шарафини ҳимоя қилди. Афсуски, кейинчалик бундай шакл бошқа қўлланилмади. Билишимча, мамлакатимизда ягона футбол академияси Муборакда фаолият юритмоқда. Яқинда «Пахтакор» футбол клуби Россияга кетиб қолган Владимир Бондаренкони ортга қайтариб клубга ишга қабул қилди. Мақсад клуб қошида болалар академиясини очиш. Мамлакатимизнинг энг машҳур мураббийи Юрий Саркисян ҳам тайёр футболчиларни сотиб олишдан кўра, уларга кетадиган маблағни болалар футбол мактабига сарфлашни афзал деб билди ва бунинг фойдасини амалда исботламоқда. Лекин қолган жамоаларда бу борада жим-житлик.

Қиссадан ҳисса шуки, ҳукуматимиз томонидан футболни, хусусан болалар спортини ривожлантириш учун катта ишлар амалга оширилмоқда. Бироқ замон билан ҳамнафас, жаҳон тажрибасидан келиб чиққан ҳолда ишни йўлга қўйиш учун мутахассисларимиз ҳам ўз сўзларини айтишлари зарур.

Акс ҳолда янги Миржалоллар яна қачон етишиб чиқар экан деган савол бериш билан чекланиб қолаверамиз...

Аброр ИМОМХЎЖАЕВ.


Рейтинг:    

Комментарии

championat.asia
< посмотреть последние новости
Яндекс.Метрика