Минбарда "Навбаҳор" ПФК матбуот котиби: Шавкат Содиқов
16 авг 2015 16:00
Новости
Минбарда "Навбаҳор" ПФК матбуот котиби: Шавкат Содиқов
Сайтимизда клуб матбуот хизмати вакиллари билан суҳбат уюштирамиз ва уларнинг иш фаолиятлари билан танишамиз.
Шавкат Содиқов, “Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати раҳбари:
- Газетада ишлаб юрган пайтларимда, клуб раҳбарлари ва мураббийлари билан ўзаро муносабатларимиз доимо дўстона бўлган. Шу сабабли, улар кўп ҳолларда турли статистик маълумотлар, рақиблар ҳақида, футболчиларнинг иштирокига оид рақамлар ва карточкалар ҳисоби каби бир қатор масалаларда мурожаат қилиб туришарди. Ўз навбатида уларнинг истагини қондириб келардим. 2006 йили эса маълум вақт давомида клубда жамоатчилик асосида матбуот котиби сифатида ҳам иш юритдим. Ўша пайтдаги клуб раҳбарияти молиявий томондан имконият чегараланган, шу сабабли ойлик тўлай олмаймиз дейишганда розилик бергандим. Лекин, шароит яратиб бериш борасидаги ваъдалар бажарилмагач, жамоадаги дастлабки фаолиятим қисқа бўлганди. 2009 йил мавсум якунига яқин клуб раҳбариятида ўзгариш рўй берди. Шундан сўнг, ўша пайтдаги клуб президенти Ҳакимжон Ҳошимов ва вице-президент Анвар Сулеймановларнинг таклифига кўра, 2010 йил бошидан расман клуб матбуот котиби сифатида иш бошлаганман. Ўшандан бери “Навбаҳор” футбол клубида ишлаб келмоқдаман.
2. Матбуот хизмати бўлимида неча киши фаолият юритади?
- Олдинлари барча ишларни ўзим бажарардим. Кейинчалик, матбуот хизматига бўлган эътиборни ортиши натижасида, клуб сайти очилди. Шунга яраша шароитлар ҳам яхшиланди. 2013 йили Ғанишер Исмоилов клуб директори этиб тайинлангач, матбуотга бўлган эътибор янада кучайтирилди. Бахтиёр Ашурматов бош мураббий бўлгач эса бу жиҳат янада мустаҳкамланди. Айни пайтда, клуб матбуот хизматида мендан ташқари уч киши фаолият юритмоқда.
3. Клуб томонидан қанча маош тўланади? Яратилган шароит сизни қониқтирадими?
- Клуб билан тузилган шартномада қанча ойлик маош олишимни ошкор этмаслик борасида банд борлиги учун бу ҳақда аниқ маълумот бера олмайман. Лекин, белгиланган ойлик маошни ўртача деб айтиш мумкин. Шароитларга келсак, секин-аста бу борадаги камчиликлар бартараф этилмоқда. Шу сабабли нолишга асос йўқ.
4. Клуб фаолияти ижтимоий тармоқларда (Facebook, Instagram, Twitter) қай даражада ёритиб борилади?
- Айни пайтда клубимиз “Twitter” ижтимоий тармоғида ўз саҳифасига эга. Келгусида “Facebook” ва “Instagram”тармоқларида ҳам ўз саҳифамизга эга бўлишни режага киритганмиз.
5.Сафар ўйинларига бориш сиз учун муаммо туғдирмайдими?
- Олдинлари сафар ўйинларига бориш борасида муаммолар юзага келарди. Моливий ҳолат рўкач қилиниб, сафарга юбориладиган таркибдан четда қолардим. Аммо, водийдаги ва пойтахтдаги учрашувларга ўз ҳисобимдан бўлсада борардим. Сўнгги икки йилда эса жамоанинг сафар учрашувларига матбуот хизмати вакиллари ҳам жалб этилмоқда.
6. Клуб экипировкасини оласизми?
- 2013 йилги мавсум арафасида клуб экипировкасини беришганди. Сўнгги икки мавсумда эса экипировка берилмади.
7. Мукофот пули оласизми?
- Кўп бўлмасада, мукофот пули оламан.
8. Жамоа билан ҳориж йиғинида иштирок этасизми?
- Сўнгги йилларда жамоамиз хориж йиғинларида иштирок этганича йўқ. Шу сабабли бу саволга аниқ жавоб бериш мушкул.
9. Жамоа автобусида массажчи, маъмур ва клуб шифокорлари каби ўз ўрнингиз борми ёки қайси ўриндиқ бўш бўлса ўша ерга ўтирасизми?
- Автобусда ўз ўрнимга эгаман.
10. Стадионда ОАВ вакиллари учун яхши сервис йўлга қўйилганми? Симсиз интернет, яъни wi-fi, медиа-трибуна ва бошқа шароитлар?
- Айни пайтда Намангандаги ўйингоҳ клубга қарашли эмас. Шундай бўлсада, жамоамизнинг уй урашувларини ёритиш учун ўйингоҳга келадиган ҳамкасбларимизга шароитларни яратиб беришга имкон қадар ҳаракат қиламиз. Ўз навбатида ўйингоҳ маъмуриятига ОФК талабларидан келиб чиққан ҳолда қулайликлар яратиш борасидаги талаб ва таклифларимизни билдирамиз. Ўйингоҳда “wi-fi” тизими ҳам йўлга қўйилди. Иккинчи даврада ОАВ вакилларига қулайлик яратиш борасида ўйингоҳ маъмуриятига кўрсатма ва зарур таклифлар берилган. Ўйлаймизки, улар журналистлар учун муносиб тарзда шароит яратиб беришади.
11. Қайси клуб матбуот хизматига ҳавас билан қарайсиз ва нега?
- “Бунёдкор” ва “Насаф” клублари матбуот хизматидаги ҳамкасбларимга ҳавас қиламан. Негаки, уларни самарали фаолият юритишлари учун барча шароитлар етарли.
P.S.
Ушбу лойиҳа матбуот котибларини клуб раҳбарияти олдидаги мавқеини ошириш мақсадида қилинди.
Комментарии