Мауро ва Спалетти ростдан ярашдими ёхуд Икарди қачон кетади?
08 апр 2019 20:50
Новости
Мауро ва Спалетти ростдан ярашдими ёхуд Икарди қачон кетади?
Аренанинг асосий қисмини "Женоа" мухлислари эгаллаган ва улар ғазабини яширмади. Шунга ўхшаш реакцияни "Интер" ишқибозлари жойлашган трибунада ҳам кўриш мумкин эди. Қизиғи, бу нафратнинг барчаси биргина одамга — Мауро Икардига йўлланган эди.
Генуя клуби тифозилари ҳужумчининг "Сампдория" сафидаги ўйинларини унутишмаган (2012 Икарди дербида "Женоа" дарвозасини ишғол қилган), "Интер" мухлислари эса аввалроқ ҳужумчидан тезроқ "қутилиш" зарурлигини ва уни жамоанинг бир қисми деб ҳисоблашмаслигини билдиришганди. У майдонга тушар экан, ўзларини шу каби тутишга ваъда беришганди.
Икарди буткул хотиржам кўринарди. Биринчи бўлим ўрталарига қадар, жамоа Маурога қарши деган фикрни олға сураётганлар учун барчаси ойдек равшан эди, аргентиналик тўпни бирор марта қабул қилиб олмади. Лекин 20-дақиқада, тўпга иккинчи марта тегиниши билан, штангани пойлади, 40-дақиқада эса рақиб марказий ҳимоячиси Кристиан Ромерони ўзига нисбатан қўполлик ишлатишга мажбур қилди. Натижада Ромеро қизил карточка олиб майдонни тарк этди. Ўзи эса пенальтидан унумли фойдаланди. "Интер" мухлислари секторидан кимдир голни нишонлашга тушди, аммо ультрас етакчиси голни нишонламасликларини сўради. Майдонда эса бундан ҳеч ким бош тортгани йўқ.
"Sky Calcio" шарҳловчилари вазиятни, жамоа Икардини қандай табриклаганини эътибор билан кузатиб туришди. Майдондаги барча 9 футболчи келиб уни қутлади. Биргина Ханданович "бу кругга" қўшилмади. Сардорга баҳона ҳам топиб беришди. Дарвозабон голни нишонлагани келса, ўз жойини эгаллашга улгурмасди. Хўш, Перишич-чи? Келишмовчиликдан асар ҳам йўқ. Икки бўлимда Икардининг узатмасидан сўнг, хорватиялик гол урди. "Бу дўстона, қаттиқ қучоқлаш (табриклаш) эди", — деди "Corriere dello Sport" бош муҳаррири Иван Дзадзарони.
Деярли барчани вазиятнинг эмоционал томони қизиқтирарди, лекин ҳозир "Интер" учун энг муҳими рақамлар. Орадан 53 кун ўтиб майдонга қайтган Икарди:
— чемпионат доирасида 15 декабрдан буён илк марта гол урди (голсиз етти ўйин);
— чемпионатда 25 сентябрдан буён илк голли узатмани амалга оширди;
— пенальти ишлади ва рақиб "Женоа" бир киши кам бўлиб қолди;
— бирорта ҳам ноаниқ пас бермади.
"Интер" учинчи ноябрдан буён илк бор А Серия урчашувида 3тадан кўп гол урди (5:0 ўша "Женоа" билан). "Баъзан оқибати қандай бўлиб кетиши мумкинлигини билмай туриб ишлар қиламиз. Мен биринчи қадамни ташлашим керак эди, буни бошқалардан кутдим. Нимадир етишмасди, лекин ушбу ғалаба барчасини ўз ўрнига қайтаради, – деб ҳулоса қилганди Лучано Спаллетти. — Мауро пенальти бўлган вазиятда характерини намойиш қилди. У жамоадошлари билан суҳбатлашиб олди ва улар пенальтини айнан Мауро тепишини исташди. Биз барчамиз бир томондамиз. Бу ерда барча меҳнати учун маош оладиган профессионаллар йиғилган. Икарди қилган ишига яраша жазо олди. Уни таркибга киритмаслик адолатдан бўлди. Жамоа ўзини яхши томонлама кўрсата олди. Энди бизда яна бир ҳужумчи бор".
"Интер" мураббийининг фикрлари унинг ўзи яқиндагина "Sky Calcio Club" кўрсатувида жонли эфирда, "Лацио"дан учралган мағлубиятдан кейин айтган сўзларидан тубдан фарқ қиларди. Ўшанда Лучано "нерадзурри" мухлисларига ёқиб тушган фикрларни айтиб ўтди. Алленаторе ўзи учун жамоа ичидаги ишонч муҳимлигини таъкидлади. Икарди майдонда Месси ёки Роналду жамоага бера оладиганчалик фарқни тақдим этолмаслиги ва футболчи "ёқтирган" жамоа либосини кийиш учун уни мажбурлаш ёки ундаш нияти йўқлигини айтиб ўтганди. Куч — профессионаллик ва тартиб эканини таъкидларди. Барчаси Лучано Икарди масаласида қатъий фикрдалигини кўрсатарди. Лекин унинг охирги интервьюларидаги сўзлари — Беппе Маротта форвард таркибга қайтиши учун кўп тер тўкканини билдириб турарди.
Спаллетти бу билан Икардидан сардорлик боғичини олиб қўйиш бош директорнинг қарори эмаслигини билдириб қўйди. Бунга мураббийнинг ўзи туртки берган жамоа етакчилари билан келишмовчилик Спалетти учун янгилик эмас. Ўзининг "Капитан" номли китобида Франческо Тотти шундай деган: "Рома"га қайтгач, Лучано ўзини менга нисбатан жуда ғалати тутди. Бир неча бор ёқалашиб кетишимизга сал қолди. "Спаллетти барчага шубҳа кўзи билан қарайдиган бўлиб қолган, ҳудди кимдир унинг ортидан иш қилаётгандек, унга қарши иш бошлаётгандек туюлаверадиган бўлиб қолди", — деб ёзганди Тотти.
"Интер"да аслида нима бўлганини ҳеч ким билмайди. Биринчи вариант бўйича, Спаллетти ўйиндан сўнг ғалаба қозонилганига қарамай, футболчиларни кескин танқид қилгани сабаб Икарди билан урушиб кетишига сал қолган. Бошқа бир вариантда, Мауро жамоадошлари билан келишолмай қолган мураббий бундай вазиятда у сардор бўла олмайди деб ҳисобалаган. Кимдир барчасига Ванда Наранинг суяксиз тили айбдор деб айтмоқда. Нима бўлганда ҳам, Спаллетти қарори оқибатларини ўйлаб кўриши лозим. Икарди – майдонда ўз ишини яхши бажара оладиган профессионал, аммо омма кўз ўнгида камситилишига чидаб ўтирадиган инсон эмас. Лучано узоқни кўра билмади, раҳбарият эса аралашишига ҳожат қолмаслиги керак бўлган вазиятда муаммони ҳал қилишига тўғри келди.
Ҳозирда Спаллетти Икардининг қўлини қисиб, барча келишмовчилик ортда қолганини айтмоқда. Олдинда жамоани "Аталанта"га қарши муҳим ўйин кутмоқда, Лаутаро Мартинес ҳамон жароҳатидан қутилгани йўқ. Бальде Кейта эса "Лацио" билан ўйинда марказий ҳужумчи эмаслигини кўрсатиб қўйди. Мауро "Интер"га керак ва Лучанодан ўз принципларига қарши боришни сўрашган (ёки буюришган).
Яқин икки ой давомида Икарди, Спаллетти ва "Интер" мақсадга етиш учун бир қайиқда сузади. Ёзда эса раҳбарият танлов қилишга мажбур. Мауро ва Лучано яқин дўст бўлиб кетишлари қийин масала. Ҳар икки шаҳснинг ҳам "эго"си кучлилик қилади. Икарди ўзини жамоа етакчиси сифатида кўрмайдиган мураббий билан ишлаши қийин. Спаллетти эса фақатгина энг яхши тўпурар бўлибгина қолмай, лойиҳанинг марказий фигураси бўлишни истайдиган футболчи билан чиқиша олмайди. Биргаликда улар "Интер"ни Чемпионлар Лигасига қайтаришди. Аммо ваъда қилинганидек, чемпионат олтин медаллари учун кураша олиш ўрнига, гап-сўзлар "жанги" бўлиб кетди ва бу ҳолат яна бир йилга чўзилмаслиги керак.
Ким билади, балки янги мавсумда уларнинг иккисини ҳам кўрмасмиз. "Corriere dello Sport" Антонио Конте жамоани қабул қилиб олишга розилик берганини ва Икардини сотишга қарши эмаслигини маълум қилган.
Комментарии