RU

Последние новости

23:52"Барселона"нинг ёздаги илк трансфери ким бўлади?  0 23:10"Фулхэм" сўнгги марта "Челси" майдонида қачон ғалабага эришганди?  1 22:49"Бухоро-W" қизлари Қозоғистон жамоасига қарши ўртоқлик ўйини ўтказди  3 22:12МТРК учун футбол мусобақаларини ёритишга мослашган КТС сотиб олинади  10 21:57ДАҲШАТ! "Фулхэм" дербида "Стэмфорд Бриж"да ғалабага эришди!  27 21:34АПЛ. "Вулверхэмптон" - "Манчестер Юнайтед" баҳси асосий таркиблар маълум!  8 21:09"Манчестер Сити"да нохуш статистикалар  2 20:52Пеп Гвардиола: "Бизда ҳозир шундай даврки..."  9 20:19Аканжи: "Адолатсиз натижа"  6 19:56Моуриньюнинг "Фенербахче"си Абдуқодир Ҳусанов бўйича таклиф билан чиқмоқчи  32 19:32"ФарДУ" клубида мавсум якунларига бағишланган тақдирлаш маросими ўтказилди  2 19:24Муваффақиятсизлик давом этади: "Манчестер Сити" бу сафар ўз уйида "Эвертон" билан дуранг ўйнади, Холанд пенальтидан гол ура олмади  33 19:10АПЛ. Тез орада бошланадиган "Челси", "Тоттенхэм" ва бошқа жамоалар иштирокидаги ўйинлар учун таркиблар маълум  6 18:48"Шўртан": Суперлигага тайёргарлик давом этмоқда  1 18:41Қатор топ клублар ПСЖ футболчиси учун курашади  1

Максим Шацких: “Мураббий сифатида Ўзбекистонга қайтган бўлардим” Новости

Максим Шацких: “Мураббий сифатида Ўзбекистонга қайтган бўлардим”

Украина чемпионатида ёрқин из қолдирган ўзбекистонлик футболчи Максим Шацких ҳар доим алоҳида мавзу бўла олади.
Унинг у ерда эришган ютуқлари кишининг ҳавасини уйғотади. Шацкихнинг миллий терма жамоамиз сафида ҳам тўпурарлик маҳоратини кўрсатганини яхши биламиз. Лекин вақт олий ҳакам деганларидек, 37 ёшли Макс футболчилик фаолиятини тугатишга қарор қилган. Умид қиламизки, у билан уюштирган суҳбатимиз сизни ҳам бефарқ қолдирмайди.

- Максим Шацких. Бу исм-шариф ўзбек футболи ихлосмандлари учун жуда таниш. Ахир сиз ўзбек футболининг афсонавий ўйинчиларидан бири ҳисобланасиз. Айтинг-чи, ҳозир қандай ишлар билан машғулсиз? Аҳволларингиз яхшими?
- Раҳмат, яхши. Айни чоғда “Динамо”да ишлаяпман.

- Киев “Динамо”сидами?
- Ҳа, албатта.

- Сиз фаолиятингиз давомида Россия, Украина ва Қозоғистон чемпионатларида тўп сурдингиз. Лекин Қозоғистондаги фаолиятингиз узоқ чўзилмаган. Бунинг сабаби нимада?
- Ҳаммаси жойида эди. Суперклуб ташкил этиш ғоясини амалга ошириш ишлари борган. Ҳамма ҳаракат чемпионликка қаратилганди. Лекин клуб хўжайини билан муносабат ўзгаргани боис ҳаммаси кутилганидан кўра тез тугаганди. Жамоа чиндан ҳам жуда яхши шаклланганди. У ерда адашмасам, ярим йил қолиб кетгандим.

 

- Лекин Қозоғистондаги фаолиятингиз ҳам ёмон кечмаган, голлар киритгансиз...
- Ахир ҳужумчи сифатида бу менинг вазифам ҳисобланарди.

- Охирги марта Ўзбекистонга қачон келгансиз?
- Бунга анча бўлди. Хайрлашув учрашуви ўтказилган пайтда келгандим.

- Уммон терма жамоасига қарши ўтказилган ўша ўйинми?
- Ҳа, ўша учрашувни айтяпман.

- Ишқибозлар фаолиятингиз давомида бир қанча клублар шарафини ҳимоя қилган ҳолда ўз ҳисобингизга 206 та гол ёзиб қўйганингизни биладилар. Нима деб ўйлайсиз, бу ҳужумчи учун етарлими?
- Фаолиятим қандай кечган бўлса, афсусланиш учун бирор-бир сабабни кўрмайман. Менимча, бу ёмон кўрсаткич ҳисобланмаса керак. Албатта, фахрий ёшга етган пайтимда ҳам ўзим ўйнаган клубларга фойда келтиришим мумкин эди. Лекин вақт ўз улушини олмасдан қўймайди, деганларидек бир кун келиб ёшларга ўрин бўшатиб бериш даркорлигини тушуниб етдим. Шунда фаолиятимни тамомлаб, ўзимни янги соҳа – мураббийликда синаб кўришга қарор қилдим.

- Максим Александрович, Ўзбекистонда бирга тўп сурган ўйинчилар билан алоқани ушлаб турибсизми?
- Ҳа, имкон топилган заҳоти бир-биримиз билан ҳол-аҳвол сўраб турамиз. Мен Виталий Денисов, Виктор Карпенко ҳамда Улуғбек Бақоев билан тез-тез қўнғироқлашиб тураман. Шунингдек, Миржалол Қўшоқович билан боғланаман. “Локомотив”да маъмур бўлиб ишлаётган Бахтиёр билан ҳам смс ёзишиб турамиз. Кўриб турганингиздек, алоқани ушлаб келяпмиз.  

- Ўзбекистон чемпионатини интернет орқали бўлса ҳам кузатиб турасизми?
- Ҳа, албатта. Интернет ёрдамида чемпионат баҳслари қандай давом этаётганини кузатиб бораман. Бундан ташқари, терма жамоанинг қандай ўйин кўрсатаётганидан ҳам воқиф бўлиб боришга интиламан.  

- Эндиликда мураббий сифатида иш бошладингиз. Айтинг-чи, Ўзбекистонда ишлаш варианти юзага келса, бу ерга қайтган бўлармидингиз?
- Ҳа, таклифларни кўриб чиққан ҳолда ўзим учун бегона бўлмаган юртга албатта қайтган бўлардим.

- Келажак режаларингиз билан ўртоқлаша оласизми?
- Эндиликда Киев “Динамо”сида ишлаш орқали мураббийлик борасида тажрибамни оширишга ҳаракат қиляпман. Албатта, менда режалар бор. Яхши мураббий бўлиб етишган ҳолда шунга яраша натижаларга эришишни истайман.

- Акангиз Олег Шацкихни ҳам ҳозиргача эслаб юрадилар. Айни чоғда акангиз қандай иш билан банд? У билан кўришиб турасизми?
- Ишлари чакки эмас. Ҳозир у Москвада. Тез-тез гаплашиб турамиз.

- Унинг иши ҳам футбол билан боғлиқми?
- Йўқ, футболга боғлиқ эмас.



- Тушунарли. Максим Шацких Ўзбекистон терма жамоасида 61 учрашувда майдонга тушиб рақиблар дарвозасини 34 марта ишғол этган ва ҳозиргача бу МТЖ миқёсида энг юқори кўрсаткич бўлиб турибди. Боз устига, айни чоғда Ўзбекистон терма жамоасида сиз каби сермаҳсул ҳужумчилар деярли йўқ ҳисоби. Сизнингча, бунинг сабаби нимада?
- Футболчи қайси амплуада тўп сурмасин кунда ўз устида ишлашдан тўхтаб қолмаслиги, маҳоратини сайқаллашда давом этиши керак. Бунинг учун жамоа билан амалга ошириладиган машғулотлар орқали кифояланиб қолмаслик даркор. Шунда бунинг самараси ўйинда кўринади. Назаримда, Ўзбекистонда ҳужумчилар талайгина. Уларнинг маҳорати ҳам чакки эмас. Шунчаки, ишлаш ва яна ишлаш керак холос.

- Ўзбекистон терма жамоасининг ЖЧ-2018 саралаш баҳсларидаги иштирокини кузатяпсизми?
- Юқорида айтиб ўтганимдек, интернет орқали Ўзбекистон чемпионати ва миллий терма жамоани кузатиб бораман. Адашмасам, терма жамоа бир саралаш босқичидан кейингисига ўтган...

- ... энди терма жамоамиз саралашнинг якуний, учинчи босқичида қатнашади.
- Ўйлайманки, Ўзбекистон ўзи учун узоқ вақтдан бери орзу бўлиб келаётган мақсадига бу сафар эришади. Бунинг учун терма жамоа охирги саралашни ҳам аввалгилари каби кучли ўтказиши керак.

- Ўзингиз яхши билган собиқ футболчилар – Ашурматов, Фёдоров, Файзиев, Лушан, Шквирин, Қосимов улар энди мураббий сифатида ишламоқдалар. Фаолиятлари қай даражада чиқаётганидан қизиқиб турасизми?
- Албатта, қизиқиб тураман. Адашмасам, ҳозирча Миржалол Қўшоқович фаол ишдан четда.

- Гапингиз рост, Қосимов анчадан бери мураббийлик қилмаяпти.
- Бундай кишилар яна футболда ишлашлари керак. Ахир Қосимовда бу борада катта тажриба бор. Ўйлайманки, у яна мураббийлик ишига қайтади.  

- Эътибор бераётган бўлсангиз, сизнинг ёшингиздаги собиқ футболчиларнинг кўпчилиги эндиликда бош мураббий сифатида ишламоқдалар.  
- Бу жуда яхши. Ахир ёш мураббийлар авлодининг футболга бўлган ўзига хос қараши бор. Уларда ўйинни ташкил этиш, машғулотларни олиб бориш борасида янгидан янги ғоялар мавжуд. Ўйлайманки, бундан кейин шундай авлодга кўпроқ ишонч билдирилса, фойдадан ҳоли бўлмайди.



- Максим Александрович, сизнинг ўйинчи сифатида қўлга киритган соврин ва унвонлардан иборат коллекциянгиз жуда салмоқли. Фаолиятингиз мобайнида бир неча бор Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси бўлгансиз. Украинада қўлга киритиш мумкин бўлган барча ютуқларга эришдингиз: чемпионлик, Украина Кубоги ва Суперкубогидаги қатор ғалабалар, устига-устак украин биринчилигида энг яхши тўпурар мақоми... Шунча натижалардан сўнг хаёлингизга ўйинчи сифатида эришиш мумкин бўлган ютуқларни қўлга киритганман, деган фикр келадими?
- Ҳа, доим бўлмаса ҳам буни эслаб тураман. Шундай чоғларда шукр, ўйинчи сифатидаги фаолиятим бекор ўтмабди, деган ўй хаёлимдан ўтади. Ўйинчи учун ҳам шуниси муҳим. Қолаверса, ҳар қандай футболчи мухлисларни қувонтириш илинжида тўп суради. Албатта, баъзида бундан ҳам юқорироқ натижаларга эришишим ҳам мумкин эди, деган фикр хаёлимдан ўтади. Аммо ўйинчи сифатидаги фаолиятим шундай кечганидан асло нолимайман.

- Украина чемпионатининг энг яхши тўпурари сифатида ном қолдиргансиз. Шуни биламизки, ўз вақтида “Динамо” тепасига келган Юрий Сёмин олдингидан фарқли равишда сизни учрашувларда кам майдонга туширган. Лекин бунинг сабабларидан бехабармиз. Айтинг-чи, нима учун бундай бўлган?
- Ўртамизда деярли ҳеч қандай зиддият бўлмаган. У бош мураббий эди. Афтидан, менинг хизматимга унчалик эхтиёж сезмагани боис захира ўриндиғига ўтказиб қўйган бўлиши мумкин.

- Сизда футбол майдонида амалга ошмай армон бўлиб қолган орзу борми?
- Ҳа, бор. Европа Чемпионлар лигасида зафар қучишни ва миллий терма жамоа билан жаҳон биринчилигида иштирок этишни жуда орзу қилгандим. Бахтга қарши бу орзу рўёбга чиқмай армон бўлиб қолган. Ҳолбуки, бизда бунинг учун яхши имконият юзага келганди. Умид қиламанки, бугунги терма жамоа шундай ишнинг уддасидан чиқа олади. Бунга кучи етади, деб ўйлайман.

- Умуман айтганда, Ўзбекистон терма жамоасининг 2018 йили Россияда ўтадиган жаҳон чемпионатига йўл олиш имкониятини қандай баҳолаган бўлардингиз? Бошқача айтганда, бу борадаги тахминингиз билан ўртоқлашсангиз? Самвел Бабаян бошчилигидаги ҳозирги терма жамоа бу ишни амалга ошира оладими?
- Футболда олдиндан бирор нарса дейиш қийин. Бу саволга Самвел Бабаяннинг ўзи ҳам тайинли жавоб айтмаса керак. Чунки ўйин давомида кўзга кўринмас жиҳатлар ҳам унинг боришини бир зумда ўзгартириб юбориши мумкин. Аммо ҳаракат қилса, мақсадга эришиш мумкин. Бунинг учун катта кўламда иш олиб бориш даркор. Асосийси, кўзланган мақсаддан оғишмаган ҳолда олдинга қараб интилиш керак холос. Учинчи саралаш босқичи олдидан терма жамоаларнинг мундиалга бориш имконияти деярли тенг. Бизникилар гуруҳда қолган рақибларини бемалол доғда қолдиришлари мумкин.

- Терма жамоамиз учинчи саралаш босқичида Эрон, Қатар, Хитой, Сурия ва Жанубий Корея билан куч синашади. Ушбу терма жамоаларни эса яхши биласиз.
- Ҳа, осон бўлмайди. Аммо футболда мағлубиятга учрамайдиган жамоанинг ўзи йўқ.



- Максим Александрович, сизда сертификат борлигини билардик. Лекин “Про” лицензиясини олишга қачон улгурганингиздан бехабармиз...
- Вақтни бой бермаслик учун майдонда тўп суриб юрган кезларимда параллел равишда бунинг учун ўқишни давом этганман.

- Ушбу лицензияни қўлга киритиш учун Украинада сабоқ олганмисиз?
- Ҳа, Киевда.

- Футболчи сифатида клуб ва терма жамоа билан кўплаб мамлакатларда бўлишга улгургансиз. Сизни ҳаммадан кўра қайси диёр ўзига мафтун қила олган?
- Ҳар бир давлат ва шаҳарнинг ўзига яраша жозибаси бор. Масалан, менга Барселона шаҳри, Италия ва Австрия давлатлари ёққан. Фақат учрашувларда иштирок этиш учун борганимиз туфайли ўша жойларни бемалол айланиб чиқиш учун етарлича имконият бўлмаган. Бироқ таътил чоғида ҳаммасини бемалол ўрганиб, томоша қилиб чиқиш учун вақтингиз бўлади.  

- Айни кунларда Францияда давом этаётган Европа чемпионати баҳсларини кузатиб боряпсизми? Агар сир бўлмаса қайси терма жамоага мухлислик қилмоқдасиз?
- Ҳа, албатта кузатиб боряпман. Ҳозирча мен Германия ва Испания терма жамоаларига мухлислик қилмоқдаман. Италияни улардан кейин учинчи ўринга қўйган бўлардим.

- Украина ҳамда Россия терма жамоаларининг ЕВРО-2016 да бу қадар бўш иштирок этишлари мумкинлигини кутмаган бўлсангиз керак.
- Ҳа, нимасини айтасиз?! Ушбу терма жамоаларнинг ЕВРОдаги иштироки бу қадар муваффақиятсиз чиқиши мумкинлигини кутмагандим. Афтидан бунинг замирида миллий чемпионатлардаги муаммолар ётибди. Ўзингиз ўйланг, маҳаллий чемпионат қанчалик кучли бўлса, бу ҳол ўз навбатида миллий терма жамоага ижобий таъсир ўтказмасдан қолмайди-ку! Украина мисолида кўриб чиқсак, маҳаллий премъер-лигада “Динамо” ва “Шахтёр”га бошқалар етарлича рақобат кўрсата олмайдилар. Украинада ушбу икки гранд билан беллашадиган жамоанинг ўзи йўқ ҳисоби.

- Ўйинчи сифатидаги фаолиятингиз узоқ давом этди. Шу давр оралиғида анча юртларни кездингиз. Фаолиятингиз мобайнида ўзингиз билан юз берган кутилмаган ва кулгили воқеаларни гапириб берсангиз?
- Ҳаммасини эслаш қийин. Лекин сафарлар чоғида кутилмаган ҳолатларга дуч келиб турардим. 



- Масалан, яқинда Швейцария терма жамоаси ўйинчиларининг футболкалари баҳс давомида йиртилиб кетди. Мен шунга ўхшаш ҳолатлар ҳақида сўрамоқчиман...
- Мен ўйнаб юрган кезларда ҳам футболкалар йиртилиб турарди. Назаримда, уларни тайёрлаш чоғида сифатсиз материалдан фойдаланганлари учун шундай ҳолатлар юзага келган. Масалан, икки бор ўйин чоғидаги якка курашларда менинг ҳам футболкамни йиритиб ташлагандилар.  

- Ўзбекча паловни тайёрлашни биласизми? Украинада ўзбек таомлари тайёрланадиган ресторан ва ошхоналар кўпми?
- Ҳа, палов дамлашни биламан. Унинг қанчалик мазали тайёрлай олишимга келсак, бир нарса дейишим қийин. Лекин дўстларим дамлаган ошинг жуда мазали бўлибди, дейишади. Ҳа, Украинада ўзбек миллий таомлари тайёрланадиган ошхона ва ресторанлар талайгина. Вақт топиб бундай масканларга ташриф буюриб тураман.

- Суҳбатимиз охирида ўзингиз яхши биладиган ўзбек мухлисларига қандай тилаклар билдирган бўлардингиз?
- Нафақат миллий терма жамоа ўйнаган пайтларда, балки ўзлари ишқибозлик қиладиган клублар майдонга тушган кезларда ҳам уларга стадионларга ташриф буюришда давом этишларини тилаб қоламан. Ахир футбол – халқ ўйини. У айнан мухлислар учун ўйналади. Аммо Украинада бўлгани каби Тошкентда ҳам клублар иштирокида ўтадиган беллашувларга жуда оз мухлислар ташриф буюраётганлари ачинарли ҳол, албатта. Энди мухлислар олдингидан фарқли равишда ўйинларни танламоқдалар. Улар учун мухлислик қилаётган клубининг кимга қарши тўп суриши, кучли рақиб ёки аутсайдергами, биринчи даражали масалага айланиб қолган. Рақиб кучли бўлса, стадионга кўпроқ ишқибоз ташриф буюради. Аксинча ҳолатда эса жуда ҳам оз. Уларга тилагим шуки, бунга парво қилмаган ҳолда стадионларга келишда давом этсинлар. Негаки, футболчилар айнан мухлислар учун ўзларининг энг яхши ўйинини намойиш этишга интиладилар. Яна терма жамоага омад тилаб қоламан. Истардимки, Ўзбекистон терма жамоаси узоқ вақтдан бери ўзи учун армон бўлиб келаётган мундиалда иштирок этиш имкониятини қўлга киритсин.  

ФИРДАВСХОН суҳбатлашди.

Рейтинг: +10   

Комментарии

championat.asia
< посмотреть последние новости
Яндекс.Метрика