RU

Последние новости

11:40ПСЖ Нуну Мендеш билан янги шартнома имзолайди  0 11:21Қатар - Ўзбекистон. Бугун ўйинолди матбуот анжумани ва расмий машғулот бор  0 10:42Жек Грилиш АПЛнинг бошқа бир ТОП клубига кўчиб ўтиши мумкин  2 10:00«Реал» ёзда кимлар билан шартнома тузишини аниқлаб олди  2 09:24«Барселона» Левандовскига Германиядан ўринбосар топди  3 08:50Криштиану Роналду навбатдаги соврини қўлга киритган ўз фикрларини билдириб ўтди  6 08:18«Рома»нинг янги мураббийининг номи деярли маълум  13 07:44Остон Ўрунов «Персеполис»дан қимматбаҳо совға олди  8 00:43Мбаппеда бир неча ойдан бери руҳий муаммолар бор (L’Equipe)  14 00:16Тайрелл Маласиа 17 ой деганда майдонга қайтмоқда. У бугун ўринбосарлар сафида футбол ўйнайди  1 23:33Шомуродов, Ашурматов ва Файзуллаев ҳам қўшилди. Ўзбекистон МТЖнинг бугунги машғулотидан ГАЛЕРЕЯ  3 23:19Фрэнк Лэмпард мураббийликка қайтиши мумкин, аммо...  2 22:50Лисандро Мартинес жароҳат сабаб Аргентина терма жамоаси ўйинларида иштирок этмайди  1 22:10Родри "Олтин тўп"да кимларга овоз берган бўларди? Футболчининг ўзи жавоб берди  17 21:42Элдор Шомуродов: "Қатарга қарши ғалаба учун майдонга тушамиз, аммо гол ўтказиб юбормаслик ҳам жуда муҳим"  16

“Келишилган ўйинлар қироли”. ХV боб Новости

“Келишилган ўйинлар қироли”. ХV боб

Уилсон Раж Перумалнинг "Келишилган ўйинлар қироли" китобининг ўн бешинчи бобини тақдим этамиз.

2010 йили ЖАРда ўтказилган мундиал олдидан Перумал ҳамтовоқлари билан келишилган руҳдаги бир қанча ўртоқлик ўйинларини ташкил этиб, чўнтакларини анча қаппайтириб олганидан сўнг ортга қайтганми? Агар унинг ўрнида бошқа одам бўлганида «Миллионларим бор. Энди пулни пулга уриштириб, бехавотир яшасам ҳам бўлади-ку!» деган қарорга келиши ҳеч гап эмасди. Бироқ ўзини ашаддий ўйинчи деб ҳисоблаган «қаҳрамонимиз»нинг хаёлига шунга ўхшаш фикр келишига ишониб бўлмайди.


МУНДИАЛ ПАЙТИДАГИ ОМАДСИЗ УРИНИШ  

Ҳар бир омадли ўйин бизга тахминан 1,5 миллион доллар келтирди. Биз 4-5 миллион долларга ишладик. Жаҳон чемпионатининг бир қанча ўйинларини томоша қилиш мақсадида ЖАРда қолдим. Иброҳим орқали африкалик бир реферига чиқиб, жаҳон чемпионатида ишлайдиган ҳар бир ўйини учун 400 минг доллар таклиф қилдим. У қўрқиб кетди ва таклифимни рад этди. Кўрган фойдамнинг бир қисмини ЖАРда ишлатиб юбордим. Испаниянинг Гондурасга қарши ўйини учун -2 фораси билан 800 минг доллар тикдим. Яна 400 мингни голлар фарқига сарфладим. Бир ўйин учун максимал ставкам 1,2 миллион долларни ташкил қилди. Давид Вилья дублни жуда тез расмийлаштирди, аммо иккинчи бўлимда пенальтидан самарали фойдалана олмади. Шу тариқа 400 минг долларни ютқаздим. Омадсизликда футболчини эмас, балки ўзимни айбладим.
ЖАРдаги келишилган ўйинлар орқали ютган пулларимнинг деярли ҳаммасини бой бердим. ЖАРдан учиб кетиш олдидан оиламдагиларга Малайзиядаги қариндошларимизнинг ҳолидан хабар олишларини илтимос қилдим ва ўзим ҳам ўша ёққа равона бўлдим. Улар билан яна қачон учрашишимни билмасдим. Сингапурга қайтмоқчи эмасдим. Макаолик букмекерга деярли ҳамма қарзимни тўладим. Малайзияда мени Муҳаммад Ҳасан исмли киши билан таништириб қўйдилар. У НR (кадрлар хизмати) билан шуғулланиб, нуфузли бизнес марказидан офисни ижарага олганди. Лекин бундай жойнинг ижарасини тўлаш учун у жуда оз даромад оларди. Унга салкам 100 минг доллар қарз бердим ва Ҳасан ўша ерда туриб мен учун ишлашга розилик билдирди. Ўзим эса Буюк Британияга учдим.


«МЕНГА ИШОНИНГ ВА БОЙИБ КЕТАСИЗ»
Сингапурга қайта олмасдим ва буни истамасдим ҳам. Чунки яқин беш йилни панжара ортида ўтказиш хавфи остида қолгандим. ЖЧ-2010дан кейин Лондонга ўрнашишга қарор қилдим. «Уэмбли» стадионидан унча узоқ бўлмаган ҳинд кварталида ижарага уй олдим. Квартирамга тамиллар ТВсидаги дастурларни улаб бердилар. Бундай дастурлар ва ҳинд ошхонасида тайёрланадиган таомларсиз яшашимни тасаввур қила олмайман. Ҳамма  Англияда ниманидир режалаштираётганим ҳақида ўйларди. Бироқ улар хато қилдилар. Эрталаб қаҳва ичиб, газеталарни ўқиб бўлганимдан кейин «Уэмбли» атрофида айланиб юрардим. Баъзида шу ерда яшаётган тамилларга футбол ўйнашни таклиф қилардим, улар эса крикетни маъқул кўрардилар. Букмекерлик идораларининг доимий меҳмонига айландим. Буюк Британияда турли таклифлар Сингапурга қараганда ҳам жуда кўп: ит уриштириш, итларнинг пойгаси, автомат ўйинлар... Бундай ўйинларни доим ёмон кўрганман. Деярли ҳар қадамда марихуана сотилса-да, одамлар менга нисбатан жуда мулойим муносабатда бўлардилар. Муҳожирлар кўпинча маҳаллий безориларнинг қурбонига айланардилар. Кунлардан бирида ирландлар мени тунаб кетишди. Сингапурда эса оқ танлилар кўчаларда бировни тунашга ботина олмайдилар.
Кўп вақтимни компьютер қаршисида келишилган ўйинларни ташкил этиш билан ўтказардим. Футболни энди худди ёш пайтимдаги каби шунчаки қизиқиш учун томоша қилмасдим. Лондонда яшасам-да, АПЛ учрашувларига бормасдим. Лекин инглизларнинг ҳужумчилари жуда ёмон ўйнашларини илғаб етдим. Улар учун 20 миллион фунт тўлайдилар. Ҳужумчилар эса беш метрдан тўпни дарвозага тўғри йўллай олишмайди. Даррен Бент  билан Энди Кэрроллни бунга яққол мисол сифатида кўрсатиш мумкин. Бу аҳволда Англиянинг яқин юз йил ичида жаҳон чемпионатини юта олмаслигига ишончим комил.
ЖАРдаги ЖЧдан кейин ҳам Дан билан ҳамкорлик қилишда давом этдим. У қочиб юрганимдан хабардор эди. Хорватияда Дино билан Адмир қўлга тушганларидан кейин Дан Европага келишга  қўрқиб қолганди. Қонун билан боғлиқ муаммоларимиз борлигига қарамасдан катта миқдорда пулларга ишладик. Ҳатто пулларни кўчмас мулкларни сотиб олишга сарфласам қандай бўларкин, деган хаёлга бордим. Ишим кўриб чиқиладиган судга бетараф ҳакамни тайинладилар. Бу мен учун энг яхши вариант эди. Бироқ ортга қайтишни истамасдим.


ЯНА ФИНЛЯНДИЯДА  

2010 йилнинг баҳорида Мега менга «Рованиеми» иштирокида келишилган ўйинларни ташкил этиш мақсадида Финляндияга учиб бормоқчи эканлигини айтганди. У ерда ўйнаётган зимбабвеликларга пул қолдиргандик. Мегага бирга ишлашни таклиф қилдим. Аммо у бошқа боссга ишлаётганини айтиб, таклифимни рад этди. Мега зимбабвеликлар ва грузинлар билан келишиб олганди. «Рованиеми» дастлабки икки ўйинда 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Учинчи марта шундай натижа такрорланганидан кейин босс футболчиларга пул тўлашдан бош тортди. Нега деганда, у 4:0 ҳисобидаги ғалабани талаб қилганди. У ўзини худди ҳаваскор ўйинчидек тутарди. Футболчилар бундан норози бўла бошладилар. Уларнинг ўртасидаги ишга аралашиш фурсати етиб келганлигини ҳис қилдим. Шу боис Энтонини Финляндияга юбордим.
Энтони у ерга борганидан сўнг олдинги йили ўзим пул қолдириб келган футболчини қидириб топди. Шундан сўнг ўзим ҳам учиб боришга қарор қилдим. Дастлаб «Хака» клубида ишлайдиган ходимлар билан учрашишни режалаштириб, худди Брайан сингари ҳомийлик қилишим мумкинлигини таклиф этмоқчи бўлдим. Брайан Швейцариянинг «Кьяссо» жамоаси билан шундай йўл тутганди. Тан олишим керак, бу ишга ёмон ҳозирлик кўргандим.
- Клубингизга салкам 500 минг доллар ажратмоқчиман, - дедим «Хака»нинг менежерига. - Таркибни кучайтира оладиган 5 ёки 6 нафар футболчини топамиз. Агар улар клубда яхши ўйнаб кета олсалар, бошқа жамоаларга сотиб юборамиз.
Менежер бу таклифимни директорлар кенгашига етказишини айтди. У гап орасида «Тампере»нинг банкрот бўлиш ёқасида қолгани ва ҳомийга муҳтожлик сезаётганини маълум қилди. Шундан кейин «Рованиеми» қўним топган Лапландияга йўл олдим.  Навбатдаги ўйин олдидан футболчиларни ўз хонамга йиғдим ва уларга учрашувни жангсиз топширишни таклиф қилдим.
- Йўқ, ғалаба қозонишимиз ҳам мумкин, - дея жавоб берди футболчилар.
- У ҳолда майдонга чиқинг ва ғалаба қозонинглар!
Ўйинчиларга аванс тариқасида 25 минг евро бердим. Улар эса учрашувни жуда бўш ўтказиб, «Викингиту»га 0:3 ҳисобида ютқазиб қўйдилар. Пулларни қайтариб олдим. Замбиялик бўлган бу йигитлар футболни жуда ёмон ўйнардилар. 20 ёшимда улардан бир неча карра аълороқ даражада тўп сурганман. Ёшлар ўртасида ўтказиладиган турнирларда скаутлар изғиб юрадилар. Агар 17 ёшли футболчини скаутлар илғамай қолсалар, у 20 ёшга етганида сўнгги имкониятга эга бўлиши мумкин. Акс ҳолда ўша йигит топ-савияда ўйнашни фақат тушида кўради. Бундай ҳолатда у ойига 3 минг евродан умид қила олади холос.
Навбатдаги ўйин арафасида футболчилардан ҳар бир бўлим учун иккитадан голни талаб қилдим. Голнинг қайси дарвозага киритилиши аҳамиятсиз эди. Аммо бу тентаклар фақат 3:0 ҳисобида ғалаба қозондилар. Ҳамкасбларимнинг нима сабабдан «Рованиеми» билан ишлашни истамасликларини шунда тушуниб етдим. Ўша телбаларга вазифани шундай сўзлар билан тушунтиришга ҳаракат қилдим:
- Нима сабабдан менга ишонмаяпсизлар? Агар ҳаммасини айтганимдек бажарадиган бўлсанглар, бойиб кетасизлар. Бунинг учун гапимга кирсанглар бас.
Финляндиядаги дастлабки омадсизликдан сўнг Лондонга қайтдим ва бутун эътиборимни Мисрга қаратдим.  У ерда Того, Кения, Нигерия, Марокаш, Малави ва Замбия U-23 терма жамоалари иштирокида турнир ташкил этдим. Муруганни ўша ёққа юбордим. Маҳаллий ФА менинг компаниямни жуда яхши биларди. Амалдорлар харажатларнинг катта қисмини қоплашимиз мумкинлиги ҳақидаги таклифни жон деб қабул қилдилар. Букмекерларнинг бўлажак ўйинлар учун ставкаларни қабул қилишга киришишларини билардик. Чунки Мисрдаги учрашувларни ТВ орқали мунтазам намойиш этадилар. Муруган ишни аъло даражада бажаргани боис катта пулга эга бўлдик.
Августда яна  Финляндияга қайтдим. «Рованиеми» КЕМИ билан учрашиши керак эди. Ўйиндан олдин «Рованиеми»да тўп сурадиган  зимбабвеликлар ва грузиялик эгизак ака-ука Коргуашвилиларни бир жойга йиғиб, уларга нима қилишлари кераклигини тушунтирдим. Футболчилардан 0:0 ҳисобида дуранг ўйнашларини сўрадим. Йигитлар рози бўлишди. Савия борасида  жамоалар ўртасидаги фарқ жуда катта эканлиги боис «Рованиеми» бемалол 5 ёки 6 гол фарқи билан ғалаба қозониши мумкин эди. Аммо баҳс голсиз дуранг билан ниҳоясига етди. Ниҳоят, футболчилар ўз пулларини олдилар.

«БИЗНЕС»НИНГ ФОШ ЭТИЛИШИ  

Бу орада узоқ вақтдан бери Зимбабведа олиб бораётган муваффақиятли бизнесим фош бўлди. Айрим ўйинчилар Осиё турнеси чоғида учрашувларни жангсиз топширганларини тан олдилар. Розмарини сўроққа чақирдилар. Малавилик Феликс исмли агент бу аёлнинг мен билан алоқаси борлигини билдириб, ФИФАга шу хусусда хат юборди. Воқеалар ривожи бундай тус олганидан сўнг ўз номимга доғ туширмаслик учун Зимбабве ОАВ вакилларига шундай мазмунда хат юбордим:
- Сингапурдаги спорт фирмаларидан бири учун ишлашимни эътиборга олишингларни сўрайман. Биз бутун дунё бўйлаб ўртоқлик мақомидаги турнирларни ташкил этиш билан шуғулланамиз. Келишилган ўйинларни ўтказишимиз ҳақидаги айбловлар қуруқ туҳматдан бошқа нарса эмас. Розмарини анчадан бери яхши биламан. У ҳеч қачон бундай ифлос ишларга қўл урмаган.
Розмари билан Феликс ўртасида нима юз берганини билмайман. Эҳтимол, Феликс ундан халос бўлишни истаган кўринади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам ўша воқеадан кейин Зимбабведаги ишни давом эттира олмасдим. Бутун диққатимни Финляндияга қаратдим. «Рованиеми» «Эспу»ни қабул қиларди. Футболчилардан 1:0 ҳисобида ғалаба қозонишларини сўрадим. Улар эса кўрсатмамга эътироз билдириб, 3 ёки 4 гол фарқи билан ғалаба қозона олишларини айтишга тушдилар. Ўйинчилар кўпинча ўзларини мендан кўра ақлли деб ҳисоблайдилар. Уларга пул тўлаётганим учун норасмий устози эканлигимни айтдим. Футболчилар расман бош мураббий бўлмасам-да, менга бўйсунишлари керак. Агар бу аҳмоқ йигитлар гапимга кўнганларида бир мавсумда 150 минг евродан ишлардилар. Лекин улар клуб учун ҳаракат қилиб, ойига 1-2 минг еврога тенг бўлган маош билан кифояландилар.
Айтишим керакки, бу орада футболчиларнинг ўзлари ҳам пулларини йирик ҳисобдаги ғалабалар учун тикишни истаб қолдилар. Бу Дан билан мени қаноатлантирарди. Охир-оқибат улар ҳатто бир ўйинда гол киритишни ҳам уддалай олмадилар. 150 минг долларни йўқотдим. Ўша куннинг оқшомида клуб директорлар кенгашидан кимдир менга қўнғироқ қилиб, хитойлик қандайдир бир кимса футболчиларни сотиб олаётганини гапириб берди. Бу Мега бўлса керак, деган хаёлга бордим. Ишни эплай олмаганидан сўнг авансимни қайтариб олиш учун зимбабвеликнинг ҳузурига бордим. Хонада унинг жамоадаги икки шериги ва бошқа клубда тўп сурадиган икки ҳамюрти ҳам бор эди. Уларга ўзимни фош қилмаслик ва бу ерга яхши ниятда келганимни кўрсатиб қўйиш мақсадида 500 евродан бердим. Кутилмаганда ташқарида «Рованиеми» директорлар кенгашида ишлайдиган одамнинг овози келиб қолди. Зудлик билан ётоқхонага беркиниб олдим. У хонага кирган пайтда мендан бор-йўғи бир метр нарида турарди. Мен бўлсам, сумкамдаги 80 минг еврони чангаллаганча беркиниб олгандим. Ўша кунги воқеадан сўнг маҳаллий барда тўпланишга келишиб олдик.


НИКАРАГУАЛИК ЭСКИ ТАНИШ

Терма жамоалар ва клублар иштирокидаги ўйинлар учун ставкаларни амалга ошириш бир-биридан мутлақо фарқ қилади. Терма жамоалар билан келишиш осонроқ: ўйинни ташкил этасан, пулларни тикасан, ютуқни оласан, ҳамма хурсанд ва уй-уйига тарқайди. Клублар билан эса эҳтиёт бўлиб ишлаган маъқул. Улар ҳар ҳафтада майдонга тушардилар. Ставкаларга муккасидан кетиб қолсанг, букмекерлик идораларида ишлайдиганлар шубҳалана бошлайдилар. Натижада ўша ўйинларни текширишга киришиб кетадилар. Одатда тотал учун тикаман. Агар «Рованиеми»нинг мураббийи бўлганимда 3 ёки 4 нафар яхши футболчини сотиб олган бўлардим. Аҳолиси 5 миллион кишини ташкил этадиган Финляндияда топ-лигада 12, иккинчи дивизионда 10 ва учинчи дивизионда эса 40 та клуб иштирок этади. Футболчиларнинг савияси ҳам унчалик юқори эмас. Турли тактикаларнинг уларга фарқи йўқ. Масалан, маҳаллий клублардан бирининг эгаси бўлган тақдиримда масалан, Колумбиядан ўйинчиларни олиб келган ва уларни икки қисмга ажратиб чиқардим. Ҳужумчилар талабимга кўра гол киритсалар, ҳимоячилар керак пайтда рақиб ҳужумчиларини ўтказиб юборардилар. Шундай қилсак, ғалаба қозонишимиз ва кўпроқ пулларга ишлашимиз мумкин эди. 2010 йилнинг сентябрида Никарагуада мен билан Кариб ҳавзасида келишилган ўйинларни ташкил этишда фаол қатнашган Армандо тиззасидан жароҳат олиб фаолиятини якунлашга мажбур бўлди. У кунлардан бирида парагвайлик маҳбубасига ифлос ишларда қатнашганлигини «гуллаб» қўйди. Бундай гаплар маҳаллий ФА амалдорларининг қулоқларига етиб борди. Никарагуа Гватемалага 0:5 ҳисобида ютқазганидан сўнг уни умрбод футболдан четлатдилар. Шу тариқа Армандо Колладо бутун диққат-эътиборини келишилган ўйинларни ташкил этишга қаратди. Уни КОНКАКАФ Чемпионлар лигасида «Реал Солт-Лейк» билан «Депортиво Арабе Унито» клублари иштирокида ўтадиган ўйинда «ишлаш»га юбордим. Армандо Парагвайда туриб ишларди. Шунингдек, у Жанубий Америкада ўз тармоғини йўлга қўйди ва Колумбия чемпионатига ҳам аралашишни бошлади.
Ўша йилнинг сентябрида Баҳрайн мен ташкил этган ўртоқлик ўйинида Тогони қабул қилди. Тогода бош мураббийнинг ёрдамчисини танирдим. Того ФА таклиф учун электрон хат ололмасди. Шу сабаб Лондонда туриб, шундай мазмундаги мактубни учинчи шахс орқали юборишимга тўғри келди. Маълум бўлишича, асосий терма жамоа бундан икки кун олдин Ботсвана билан ўйин ўтказган экан. Шунинг учун ким тўғри келса, шундайлардан терма жамоа тузилди. Учрашувни бошқариш Иброҳимга топширилди. Яъни, Того терма жамоаси уларга қўшимча равишда ҳакамлар мен томонда эди: 14 кишига қарши 11 киши. Сингапурга ўйиннинг келишилганлиги ҳақида миш-мишлар етиб борди. Ҳамма 3,5дан кўпроқ тотал учун тикишга тушди. Бундай пайтда пул ишлашнинг ягона йўли тотални қисқартиришдан иборат. Бош мураббийи ёрдамчисига захира ўриндиғининг ўзидан қўнғироқ (бу пайтда Баҳрайн ҳисобни очишга улгурганди) қилиб, ўйинни «қуритиш» ва ҳамма ҳимояланиши кераклигини етказдим. Имкон туғилган заҳоти Иброҳимга ҳам кўрсатма беришга улгурдим:
- Бошқа голлар керак эмас. Рақиб ҳужумга ўтган маҳалда ўйиндан ташқари ҳолат юзага келганини билдириб, ҳуштак чалавер.
Ўзимнинг юлдуз реферим ҳисобланадиган Иброҳимга ишонардим. Баҳрайн 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Эртаси куни тоголик журналистлар ФИФА расмий сайти орқали миллий терма жамоа иштирокида шубҳали ўйин ўтказилгани ҳақидаги хабарни ўқидилар. Улар таркибни синчковлик билан ўрганиб чиққанларидан кейин Баҳрайнга сохта терма жамоа юборилганини тушуниб етдилар. Бундай алдов учун ёрдамчи мураббийни айбдор деб топдилар. Катта можаро юзага келди. Ўша кунга қадар Баҳрайн ФА билан муносабатим аъло даражада эди. Улар мен ташкил этган ўйинларда доим ғалаба қозонардилар. Баҳрайнликларнинг ЖЧ-2010 финал босқичига чиқишларига ҳам жуда оз қолганди. Лекин улар Янги Зеландияга қарши ўтказилган плей-офф баҳсларида омадсизликка учрагандилар. Баҳрайнликлардан кўра уларнинг мундиалга боришларини кўпроқ мен истаганман.


ЯНГИ «ТАКЛИФ»

 Агар шундай воқеа юз берганида камида тўртта келишилган ўйинни ўтказишим ва тиллага кўмилишим мумкин эди. Афсуски, мураббий ёрдамчиси менинг фирмамни кўрсатди. Қандайдир қисқа фурсат оралиғида жуда машҳур бўлиб кетдим. Кўп ўтмай «Рованиеми»даги зимбабвелик ўйинчи қўнғироқ қилди. У менга «Оулу» клубидаги дўстлари ўйинни топширишмоқчи эканликларини етказди. Яна Финляндияга учдим.
- Сизлар 0:2 ҳисобида ютқазишингиз керак,  - дея уларга кўрсатма бера бошладим. - Агар бирортангиз қизил карточка оладиган бўлсангиз, воқеалар ривожи ўз-ўзидан бизнинг фойдамизга ишлайди.
Трибуналардаги ягона ҳинд мен бўлсам керак. Совуқдан дилдираб ўтирардим. «Оулу» 0:5 ҳисобида мағлубиятга учради. Ўз ўйинчиларимга 50 минг евро бердим. Орадан маълум вақт ўтгач, фирмамга Финляндиянинг иккинчи дивизионида тўп сурадиган «ПоПа» клубидан хат келди. Улар ҳомий қидираётган эканлар. Афтидан ўзим билан яхши таниш бўлган «Хака» менежери ҳамкасбига шундай таклиф билан чиққанимни гапириб берган кўринади. «ПоПа»нинг таклифини қабул қилишга шошилмадим ва яна «Хака» билан боғландим. Улар бундан шубҳаланган шекилли, таклифимни рад этдилар.
«Тампере» клуби эса пулларга муҳтожлик сезарди. Жамоага миллион доллар миқдорида инвестиция киритишим мумкинлигини ва ноябрдаёқ ҳисоб рақамига 300 минг ўтказиб беришга ваъда қилдим. Улар рози бўлишди. Фин олий лигасида тўп сурадиган «Марихамн» клубида ўзим яхши таниш бўлган кениялик Уиллис исмли дарвозабон ўйнарди. 

(Давоми бор)


Ж.ЗАЙНОБУТДИНОВ тайёрлади.

Рейтинг:    

Комментарии

championat.asia
< посмотреть последние новости
Яндекс.Метрика