“КЕЧА, БУГУН, ЭРТАГА”. Темур Кападзе: “Пахтакор”даги биринчи маошим 100 доллар эди”
28 июл 2015 15:16
Новости
“КЕЧА, БУГУН, ЭРТАГА”. Темур Кападзе: “Пахтакор”даги биринчи маошим 100 доллар эди”
119та ўйинда миллий терма жамоамиз шарафини ҳимоя қилган футболчининг эксклюзив интервьюсини мутолаа қилинг.
“Болалигим қизиқ ўтган. Акам Мурод ва менинг ўртамда бир ёш бўлгани учун у билан ёшликдан бирга ўсганмиз. Маҳаллада уришардик, уйда турли мусобақаларда ким ўзарга ўйнардик. Маҳаллада бўладими ёки бирон мусобақадами ким яхши ўйнашга футбол ўйнардик. Вақт ўтиши билан отам иккимизни ўз олдига чақириб, битта йўлни танлашимизни айтди: ё ўқиш, ё футбол. Қайси соҳани танлаймайлик, оиламизнинг муносиб давомчиси бўлишимиз керак эди. Акам лицейга киришни, мен эса футболда йўлимни давом эттиришга қарор қилдим. Шуни айтиб ўтай, акам ростан ҳам яхши футбол ўйнаган, аммо унинг қарорини ҳамма ҳурмат қиларди. Бу орада отам Тоҳир Кападзе Фарғонада “Автомобилист” деган жамоа тузилишида бош-қош бўлганлар. Фарғона шаҳрида битта зонада иккита жамоа бўлмаслиги учун “Автомобилист” Қўқонга кўчади. Айнан шу жамоа кейинчалик “Темирйўлчи” сифатида, бугун “Қўқон-1912” номи билан олий лигада иштирок этяпти. Ундан кейин отам “Цементчи” жамоасининг тузилишида иштирок этдилар. “Цементчи” иккинчи лигада иштирок этарди. Мен эса бу жамоанинг ёшлар таркибида ўйнай бошладим. Иккинчи лигада асосий таркиб ўйнашидан икки соат аввал жамоанинг ёшлари ўйнарди. Баъзан акам ҳам келиб турарди. Шунда отам иккимиз ўртамиздаги рақобат ошиши учун ким яхши ўйнаса ўшанга совға беришини айтарди. Қизиқ кунлар эди”, - дея тарихдан гап бошлади Темур Кападзе.
ПУЛЬКА ҚАҲРАМОНИ
– Демак, катта футболга жуда ҳам қуйи лигадан қадам ташлаган экансиз-да?
– Шундай деса ҳам бўлаверади. Иккинчи лига жамоаси ўринбосарлари сафида фаолиятимни бошладим. 1997 йили “Цементчи” пулька йўлламасини қўлга киритди. Биринчи лига йўлланмасини қўлга киритиш учун ўтказиладиган бу мусобақага Қувасой мезбонлик қилди. Регламентга кўра пулькада иштирок этадиган жамоа сафида икки нафар ёш футболчи ўйнаши керак бўлган. Жамоа бош мураббийининг фамилияси Мотлах эди. Хуллас мени рўйхатдан ўтказишди. Биринчи ўйин кечагидек ёдимда. Ҳужумчиман, илк маротаба асосий таркибда, кўплаб мухлислар иштирокидаги баҳсда аввалига ҳаракатларим ўхшамай турди. Қизиққон мухлислар мураббийга қараб, мени алмаштиришни сўрадилар. Отамга ҳам гапиришди. Шундай вазият бўлдики, 25-дақиқаларда тўп оёғимга жуда қулай тушди ва ҳисобни очдим, мана энди мен томон қарсаклар чалина бошлади. Айнан шу гол ҳаётимни ўзгартириб юборди десам ҳам бўлаверади. У пайтлар қизиқ бўларди, туман ҳокими томонидан учрашувнинг энг яхши футболчисига совға бериларди. Бир сафар гилам, бир сафар ваза. Пул мукофотлари. Гуруҳдаги 5та ўйиндан тўрттасида мен совғаларни қўлга киритдим. “Пулька” тўпурари бўлдим. Мендан ёши катта жамоадошларим ёш бўла туриб ҳамма совғаларни илиб кетдинг-а, деб ҳазиллашишарди. Шу тариқа “Цементчи” биринчи лига йўлланмасини қўлга киритганди.
– Дадангиз у ерда қандай лавозимда эдилар?
– Жамоада менежер эдилар. Ўзи ўтган йили мураббийлик лицензиясини олиб “Қўқон-1912”да иш бошлагандилар, кўп ўтмай Фарғонадан чорлов бўлди.
ЮРИЙ САРКИСЯННИНГ “НЕФТЧИ”СИДА
– Кўп ўтмай “Нефтчи” сафидан жой олдингиз, бу қандай рўй берди?
– Биринчи лига йўлланмасини қўлга кириганимиздан сўнг “Цементчи” сафида ҳар йили Фарғонада ташкиллаштириладиган анъанавий мусобақа “Ҳоким Кубоги”да қатнашдик. “Нефтчи” билан ўйиндан кейин уйга келдим. Кечга яқин дадам келдилар. Машинани ҳовлига киритиш учун эшикни очгани чиққандим, “Сени “Нефтчи”га чақиришяпти” деб қолдилар. Бироз ҳайратланиб турдим. 16 ёшли фарғоналик бола учун “Нефтчи” деган сўз, жуда катта маъно билдирарди. Дадамга, балки ҳали эртадир, аввал биринчи лигада бироз ўйнаб тажриба тўплай дедим. Шунда дадам, майли эртага клубга борайлик-чи, у ёғи бир гап бўлади дедилар. Эрта бўлиши билан отам билан Юрий Вазгеновичнинг қабулига кирдик.
– Вазгенович эса Фарғонада катта шахс эди...
– Ҳа, хонага кираверишда у столни орқасидаги катта креслода ўтирар эди. Саркисян кўп гапирмади. Мен у ерга бирон нима десам керак деб боргандим. У битта савол билан барчасини ҳал қилди: “Нефтчи”да ўйнашни истайсанми?” Бу саволга ким ҳам йўқ дея жавоб бера олади? “Ҳа” дедим ва у ёрдамчисига “Бўлди, унга хонасини кўрсатиб қўй”, дея бизни чиқариб юборди. Қолган масалаларни отам билан гаплашиб олди. Бўлди, бошқа ҳеч қандай гап бўлмади. Чемпионат бошланишига икки ҳафта қолганди. Мен Азиз Мамажонов деган футболчи билан бир хонада жой олдим. Биринчи сафаримиз Термизга бўлганди. Ўринбосарлар таркибидаги биринчи ўйиним ҳам пулькадагидек омадли келди. У пайтда “Нефтчи” ўринбосарлари жуда кучли эди. Олий лигада бешинчи ўринга талашса бўларди. Уч йил кетма-кет ўринбосарлар сафида чемпион бўлдим. 2001 йил эса олий лигада. Аввалги уч йилда асосий таркибда ҳам ҳаракат қилиб келардим. Жамоамиз ўша йиллари уч марта кумуш медални қўлга киритганди. Кўпроқ ўринбосарлар сафида ҳаракат қилганим боис, менга олтин медаллар насиб этган.
– “Нефтчи” сиз учун нима эди?
– Буни бир гап билан айтиб бера олмайман. 1995-96 йиллари “Нефтчи”нинг “Икарус” русумидаги яшил ранг ва клуб логотипи туширилган автобуси бўларди. Ўша давр учун бу жуда катта нарса эди. “Нефтчи” ўйинларига мухлис сифатида ташриф буюрадиган пайтларим, мана шу автобуснинг кириб келишини кўрардим. Атоян, Қуттибоев, Фёдоров каби футболчилар унда салобат босиб ўтирар эдилар. Қулоқларида наушник таққанча бир неча маротаба олдимдан ўтиб кетишган. Биз фарғоналиклар учун бу ушалмас орзу деса бўладими, шунга ўхшаш нарса эди.
– Уч йил ўринбосарлар сафида ҳаракат қилдингиз, асосий таркибнинг муқим футболчиси бўлмаётганингиздан руҳий тушкунликка тушган пайтларингиз бўлганми?
– Йўқ, боиси мураббийимиз кўп ҳолларда асосий таркиб ўйинларига мени олиб қоларди. Кубок ва ўртоқлик ўйинларида ўйнаш имкониятини берарди. Мен билан Илья Коваленко шундай тарзда асосий таркибга жалб этилиб борардик. Қолаверса, асосий таркибдаги рақобатни ҳам билардик. Писарев, Исоқов, Қуттибоев ва Дўрмонов асосий таркиб аъзолари эди. Биз вазиятга реал қарардик. Ундан ташқари у пайтлар ўринбосарлар чемпионати ҳам анча қизиқарли ўтарди.
– Демак, “Ҳоким кубоги” каби мусобақаларнинг жамоаларга фойдаси катта бўлган. Ҳозир сифат тушиб кетгандек...
– Албатта, бу турдаги мусобақалар ёшлар учун катта эшикларни очиши аниқ. Бугунга келиб асосий таркиб Туркияда йиғин ўтказяпти. Бу ҳам яхши, у ерда яхши рақиблар бор. Бир томондан, майдонларнинг бугунги ҳолати ҳам футболчиларнинг кўзга ташланишига тўсиқ бўляпти деб ўйлайман. Ғадир-будур майдонда ҳамма ҳам ўз имкониятини тўлиқ кўрсата олмайди. У йиллари, турнирда иштирок этадиган барча жамоа футболчилари “Нефтчи”нинг назарига тушишни истарди. Селекция жиҳатидан бу керакли мусобақа эди.
– Ўша йиллари “Нефтчи”да Умид Исоқов анча гуллаган эди. Унинг рақобатчиси Шуҳрат Мирхолдиршоев “Навбаҳор”да. 20та голни, улар гол деб ҳисобламасдилар. Сиз шундай ҳужумчи билан ўйнагансиз, Исоқовга сизнинг таърифингиз.
– Умид Исоқов туғма талант эди. Машғулотларда ҳамма билан бир хил ишларди, ортиқ эмас. Лекин ўйин пайтида унинг ортиқ жойлари катта эди. Ҳозирги ҳужумчилар нима учун гол ура олмаяпти, демак имконият берилмаяпти унга. Имкониятни ким беради, ҳужумчининг ўзи. Агар у гол уриш учун яхши вазиятни ўзига ярата олмаса, у қандай ҳужумчи бўлсин? Исоқов ва Мирхолдиршоев мана шундай ҳужумчилардан эдилар. Бугунги футболчиларда нимага бундай бўлмаяпти? Бунга минталитет ҳам сабаб деб айта оламан. Авваллари битта эришилган натижалар билан тўхталиб қолинмасди. Ҳозир битта машина ва уй билан чегараланиб қолишяпти. Футболчи ҳар доим ҳам шундай пул бўлади деб ўйлайди шекили, доим янада яхши бўлиш учун ҳаракат қилиши керак. Футболчининг фаолияти қисқа бўлади ва ундан муносиб фойдаланиб қолиш керак.
ПУЛ
– Сефир Алибаев билан суҳбатлашганимда, у футболчилар аввал ҳам, бугун ҳам, эртага ҳам оддий аҳолидан молия жиҳатидан устун турган ва туради деб айтган эди. Тўғри, авваллари ҳозиргидек 100 миллион даромад кўрилмагандир, аммо 5-6 миллионга ўша даврда уй ёки машина олса бўларди. Демоқчиманки, шароит ўша-ўша. Лекин сиз айтган юқоридаги муаммо сўнгги 5 йилда авж олгандек.
– “Нефтчи”да 4 йил тўп тепган бўлсам, бирон марта шартномамни кўрмаганман. Мен учун пулдан кўра, ўйин амалиёти муҳим эди. Футбол ўйнашни истардим, ўз номимга эга бўлиш учун меҳнат қилиш кераклигини ўзим учун билдим. “Пахтакор”га ўтганимдан кейин ҳам катта маош олмаганман. Ойлигим 100 АҚШ доллари эди, мукофот пулларимиз барчаники билан бир хил бўларди. Мақсадимиз яхши жамоаларда тўп тепиш бўлган холос. Аммо у пайтларда агентлар бугунчалик ривожланмагани туфайли мен ва мен билан тўп тепган кўп футболчилар олий лигада қолиб кетдик. Балки жамоалар чиққандир, аммо биз билмаганмиз. Лекин аниғи шуки, ёшликдан пул учун ўйнаганимизда ҳозир сиз билан гаплашиб ўтирмаган бўлардик.
– Лекин баъзи чақирувлар ёшларни бузяпти...
– Бу агентга боғлиқ. Агар у ўз мижозига ростмана келажак тиласа, уни аввало яхши ўйнашга ундайди. Агар мақсади пул бўлса, қулоғига “лағмон” илиб унинг фаолиятига кескин таъсир ўтказиб қўйиши мумкин. Аслида энг катта реклама бу терма жамоа. Терма жамоага кириш эса ўта қийин, унинг ортида катта меҳнат ётади. Терма жамоадан муқим ўрин олган футболчи ўзига жамоа топишда ҳам қийналмайди. Истаган мамлакатга боринг, биринчи бўлиб “Терма жамоада ўйнайсанми?”, - деб савол беради. Лекин фақат агентларни айблаб бўлмайди, футболчиларни ҳам, ОАВни ҳам, ҳамма ҳар хил бўлади. Ҳамма соҳада яхши ва ёмон бор. Яна бир нарсани истардим, ОАВ футболчиларни қўллаб-қувватласа. Агар захирамизда яна бир неча юқори савиядаги ўйинчи бўлса экан, ўйнаб турганини танқид қилиб йўқ қилсак. Ёмонни ёмон десангиз, у ёмон бўлиб кетаверади. Қўллаб-қувватлашда гап катта.
– Масалан, Темур Жўраевни олайлик, айнан босим туфайли у аввалги мавқеига қайта олмади...
– Сабаби Темурнинг ўзи бу нарсаларни ўқирди ва ўзига оларди. Терма жамоанинг мағлубиятида фақат у айбдор эмасди. Тўғри, танқид керак, лекин танқид қилаётган киши ҳам ҳеч бўлмаса ўша соҳани чуқур тушуниши керак. Бу бола МТЖга шунчаки эшикни очиб кириб келмади. Меҳнат қилди... Ёки яна бир мисол, терма жамоамиз ёки клубларимиз халқаро майдонларда майдонга чиқишларидан аввал рақибни жуда кучли таърифлаб юборасизлар. Бу эса таркибдаги ёшларга салбий таъсир кўрсатади. Масалан, мен у ёшдан ўтганман, рақиб сафида ким тўп тепишидан қатъий назар майдонга чиқамиз. Ёшлар эса аксинча. Мен уларни қўллаб-қувватлашларингизни истардим, ишончда гап катта.
ТЕХНИКА
– “Пахтакор”да тўп тепган йилларингизни эсланг, стандарт вазият бу гол дегани эди. Бугун на терма жамоада, на клубларимизда бундай сермаҳсуллик йўқ.
– Бунинг устида ишлаш керак. Ўша стандарт вазиятларда ким қаерга югуриши керак, ким қандай тўп узатиши керак ўргатилиши керак. Агар доимий равишда стандарт вазиятдан гол уришни истасангиз, бу борада махсус комбинацияларни ишлаб чиқариш керак. Қолаверса, бунинг учун бўйи узун футболчилар кўп бўлиши керак, ҳозир эса ундай эмас. “Пахтакор”да, Солиев, Ашурматов, Гочкулиев ва Тожиев бўйи узун футболчилар эди, қолаверса, Тачмурод Агамуродов ҳам бу борада анча меҳнат қиларди. Лекин аввалги футболни ҳеч қачон бугунгиси билан солиштирмаган бўлардим. Ҳозир ҳамма жамоалар 90 дақиқа ўйнашга тайёр.
– Бугунги футболчилар иккита футболчини алдайман деса мураббийлардан дакки эшитишяпти, ахир футболчи ўйин пайтида ўз техникасини такомиллаштирмайдими?
– Амплуага қараб алдаса бўлади. Ҳимоячининг ўз жарима майдончаси яқинида алдашга ҳаққи йўқ, тўпни йўқотдими бу гол дегани. Ҳужумчи бўлса марҳамат, агар рақиб томондамисан алда. Мен бошқа нарсага эътибор қаратишни истардим. Замонавий футболда ҳамма бир жамоа сифатида ҳаракат қилиши керак. Баъзи футболчилар бор, биз уларга тўпни етказиб берамиз, аммо улар имкониятдан фойдалана олмаганларидан кейин яна навбатдаги тўпни кутиб ўтиришади. Гол ура олмадингми, орқага қайтиб бизга ёрдам бер. Ёки ҳеч бўлмаса пасларимизнинг ярмини голга айлантираётганларида бошқа эди, биз уларга доим тўп етказиб турсак. Ҳар бир йўқотилган тўпни қайтариб олиш учун катта меҳнат қилинади. Мана “Барселона” футболчиларига қаранг. Олдинги чизиқда Месси, Суарес ва Неймар. Агар улардан биронтаси голли вазиятни бекор қилиб тўпни олдириб қўйсин, уларни учови ҳам ортга қайтади ва имкон қадар тўпни яна ўз жамоасига олиб ҳужум қилишга ўтади. Бўлмасам улар ким, бири Месси, иккинчиси Суарес. Айтса бўлади-ку, мен Мессиман, менга тўпни етказиб турларинг деб. Йўқ, бу футбол ва унда жамоа ўйнайди.
– Бизда менимча фақат Сергеевда шу нарсани кузатяпмиз...
– Сергеевда алоҳида талант йўқ. Лекин у ишлаяпти, истаяпти. Кўп голларни у иккинчи зарбада уряпти, иккинчи зарбани бериш учун ҳужумчи доимо ҳаракатда бўлиши керак. Сергеевда мана шу нарсани кузатяпман. У ишлаяпти ва гол уряпти.
– Шацкихга Лобановский уни нечта ўйинда синаганлиги тўғрисида савол берганимда, жавоби қизиқ чиққанди. Лобановский унинг олдига бўш қоғоз қўйиб, сен ҳужум чизиғидасан, мана бу нуқтада тўпни йўқотдинг, энди нима қиласан деганида, Шацких тўпни қайтариш учун орқага югураман деб жавоб берган экан. Лобановский учун энг муҳими футболчининг фикрлаши бўлган, қолганини машғулотларда ўргатиб олишини айтиб у билан шартнома имзолаган экан. Ёки Гейнрихни олайлик, бир танишим, агар Холматовдаги меҳнат Гейнрихда бўлганида, ундаги истеъдод билан Европани қийинчиликсиз забт этиш мумкинлигини айтганди. Сиз мана шу футболчиларнинг бари билан МТЖ сафида тўп тепдингиз...
– Максим Шацких ҳақиқатдан ҳам меҳнат қиладиган футболчи эди. “Динамо” Киевда уни ўзининг роли бўлган, нима қилишни жуда яхши биларди. МТЖда эса тактика умуман бошқача эди, шунга қарамай, бу ерда ишларди. Ўз номини суъиистемол қилмасликка ҳаракат қилган. Гейнрих эса мухлисларга ёқадиган ўйин кўрсатгиси келарди. Жарима майдончаси ичига кирганидан кейин Гейнрих алдашга ҳаракат қиларди. Солиев ҳам Шацкихга ўхшаб, жамоавий ўйинчи эди.
КЕЙИНГИ БЕКАТ “ПАХТАКОР”!
– “Пахтакор”га келганиздан кейин сизни ҳужум чизиғидан таянч ярим ҳимоясига ўтказишган. Ўз навбатида бу сизнинг фойдангизга хизмат қилди, ким билади ҳозир амплуангиз ўзгармаганида бугунги даражага чиқмаган бўлармидингиз?
– Ҳужумчилигим фақат меҳнат эвазига эди. Ҳозирги Сергеев типидаги футболчи эдим. “Пахтакор”га келганимда бу нуқтада Солиев ва Қуттибоев ўйнашарди. Мен учун асосий таркибда тўп тепиш муҳим эди. Мураббий менга позициямни алмаштиришини айтганида иккиланиб ўтирмай рози бўлганман, боиси таркибга тушиб олсам бўлгани эди, у ёғи ўзимнинг қўлимда бўлишини билардим.
– Ўша йилларни ёдга олсак, “Пахтакор”да энг кучлилар эмас, ўша давр учун келажаги порлоқ футболчилар жамланган эди...
– Эски “Пахтакор”дан уч-тўрт нафар футболчи қолганди. БААдаги йиғинимизда Агамуродов мени ярим ҳимояда ўйнатиб кўрди ва буни уддалай олдим шекили, кейинги ўйинларда ҳам асосий таркибга кира бошладим. Боиси, шу кунгача фақат ўринбосарлар сафида ҳаракат қилганим учун асосий таркибга киришни жуда истардим. Аввалига Власичев ўрнига тушиб юрдим, ярим мавсум ўтиб асосий таркиб аъзосига айландим.
– Жамоа ёш бўлишига қарамай, илк мавсумдаёқ чемпион бўлди...
– Бу борада Агамуродовнинг меҳнати катта бўлган. Бир чизиқли ҳимоя тактикасини қўллай бошлаганимиздан кейин рақибларимиз ўйиндан ташқари ҳолатга тушиб қолавердилар. Биз эса хориж йиғинида бу тактика борасида тинмай ишлагандик. Ҳимояда Гочгулиев чизиққа масъул эди.
– “Пахтакор”даги фаолиятингиздан қониқиш хосил қилганмисиз?
– Албатта. Бир неча маротаба Ўзбекистон чемпиони бўлдим, Кубок соҳиби бўлдик. МДҲ Кубогида зафар қучдик. Афсуски, ОЧЛда ярим финалдан ўта олмагандик. Энг аламлиси, “Бек Теро Сасана” билан бўлиб ўтган ўйиндан ўта олмаганимиз бўлган. Нима бўлган тақдирда ҳам бу жамоани мағлубиятга учратишимиз керак эди. Таиландда бўлиб ўтган ўйиндаги голларни ҳам ўз хатомиз туфайли ўтказиб юборганмиз.
– Жепаров қалин дўстингиз, у билан “Пахтакор”га келишингиздан аввал танишмидингиз?
– Йўқ. “Навбаҳор”да ўйнаб юрганида бир-икки кўришганмиз. “Пахтакор”га келганимиздан кейин дўстлашиб кетдик. Дастлабки йиллари Қибрайдаги базада турардим. Ажойиб дамлар эди. Илк марта чемпион бўлганимизда “Матиз” машинасидан беришганди. Уч кишига биттадан машина тўғри келгани учун, келишиб бўлишиб олардик. Пулим кўп бўлмаганлиги сабаб мен сотиб олмаганман. Сервернинг “Тико”си бўларди. Битта “Матиз”ни Нестеров олганди. Машина ҳайдашни билмагани учун Қибрай – Чирчиқ йўлида унга машина ҳайдашни ўргатганман. Кўпинча базадан чиқиб Сервернинг уйига борардик. Мана шундай қизиқарли дамларни ўтказганмиз.
– 2007 йил “Пахтакор”даги сўнгги мавсумингиз бўлди.
– Олти йил давомида таркибимиз деярли ўзгармаганди. Тўғриси, муҳитни ўзгартирадиган пайт ҳам келганди. Кучга тўлган пайтинг четга чиққинг келади. Нафақат менда, қолган футболчиларда ҳам шундай эди. Бироқ агентлар бизни, биз уларни билмасдик. Шунда Самвел Бабаян “Кубань”га юборди, жамоа мураббийи Тарханов эди. Клуб Туркияда машғулот ўтказаётгани учун ўша ерда уларнинг қароргоҳига бориб қўшилдим. Жамоа биринчи лигага тушиб кетгани учун легионерларга нисбатан лимит кам эди. 10 кун шуғулланганимдан кейин мураббий билан гаплашдим. Шу нарса маълум бўлдики, у мени ўз жамоаси сафида кўрмади. Шунда мен яна бир ҳафта жамоа излаб қолиб кетдим. Бу орада Европада трансфер ойнаси ёпилаётганди. Шунда мен билан Серверга Миржалол ака Қосимов алоқага чиқиб, “Бунёдкор”га таклиф этди. Бу пайтда терма жамоада Рауф Инилеев бош мураббий эди, орада Ливанга қарши ўйнаб келдик. Сервер ҳам “Амкар” билан шартнома келиша олмай юрган пайти эди. Хуллас, иккимиз ўша пайтдаги “Қурувчи” аъзосига айландик.
Давоми бор...
Нодирхўжа Юлдашев
Комментарии