«Кеча, бугун, эртага». Камолиддин МУРЗОЕВ: «Муомалани пулдан устун қўяман» II қисм (видео)
03 сен 2013 12:00
Новости
«Кеча, бугун, эртага». Камолиддин МУРЗОЕВ: «Муомалани пулдан устун қўяман» II қисм (видео)
Камолиддин Мурзоев билан бўлиб ўтган интервьюнинг биринчи қисмини мутола қилган ўқувчиларимизни иккинчи қисмга таклиф этамиз.
СОҒИНЧ, ДАВЛАТОВ, “БУНЁДКОР”...
– Шундай асабий пайтларда ёшлигингиз ўтган «Металлург»даги ҳаётингизни соғинасизми?
– Нафақат бундай паллада, ҳар доим соғинаман. Баъзан ёш бола бўлиб фақат футбол ўйнашни соғинасиз.
– «Металлург» мавзусини эсласак, 17 ёш учун яхши натижага эришгансиз…
– Бекободда Шавкат Саидов деган устозим жуда кўп маслаҳатларни берганлар. Атрофимда яхши одамлар кўп бўлган. Баъзи мураббийлар мени ўйнатмасди, аммо бир гап билан катта маслаҳат бериб кетишарди. «Металлург»да Капров, Валицкий, Рустам ака Мирсодиқов, Сакаев, Ҳикмат ака Эргашевнинг маслаҳатларидан кам бўлмадим.
– «Пахтакор» ва «Машъал». Якуний танлов «Машъал» бўлган…
– Шавкат ака Саидовнинг маслаҳатлари билан Баҳром Давлатовнинг таклифини қабул қилганман. Ҳали мавсум якунига етмасдан аввал муборакликлар менга қизиқиш билдиришганди. Таклиф биринчи бўлиб «Машъал»дан келган эди.
– Ҳар қандай бинони қуриш учун катта вақт талаб қилинади. Лекин уни бузишдан осони йўқ. Давлатов кўп йиллар давомида «Машъал»да катта база ярата олди, аммо у кетгач… «Машъал» ҳозир қуйи лигада. Умуман, Баҳром Давлатовни ўзбек футболида тутган ўрни. Давлатов футболчиларни кўра билади. Бу эса мутахассисдан катта билим талаб қилади. Қолаверса, аввалги «Машъал» ҳозирги «Бунёдкор»ни чемпионликларида катта ҳисса қўшиб келяпти.
– «Машъал» кўп футболчиларга трамплин бўлди-ю, ўзи катта мақсадларга эриша олмади. Ўз тарбияланувчиларини сақлаб қола олмади. Лекин «Машъал»нинг ўз базаси бор ва у синмайди. Баҳром Давлатов у ерда ҳақиқатдан ҳам катта мактабга асос солди. Вақт ўтгани сайин «Машъал» тарбияланувчилари кўплаб клубларимизда ўйнайверишади. Бундай жамоа йўқ бўлиб кетмайди.
– Баҳром Давлатов каби мутахассиснинг ўзбек футболидан четга чиқиб қолишини мен минус деб ҳисоблайман. Агар бизнинг футболимизда мутахассислар кўпчиликни ташкил қилсаки, унинг йўқлиги билинмаса…
– Кўп бўлган тақдирда ҳам у мутахассис! Одамнинг ичидаги билими учун ҳам хурмат қилиш керак. Балки биз билим борасида катталардан устундирмиз, аммо кўриш борасида улардан ортдамиз. Айтишади-ку, битта бўлса ҳам кўп кўйлак йиртган деб. Баҳром Бойжонович ҳам кўп нарса қила олди. Ҳар ким ҳам ундай ёшларга катта эътибор бера олмайди. У мутахассис ва ўз соҳасида ишлаши керак.
– Бўлиб ҳам,Муборакда мактаб яратиш, чўлнинг марказида. Шаҳар марказида бу иш осон кечади, аммо ҳамма ҳам чўлга боравермайди, тўғрими?
– Камдан-кам футболчи узоқ масофада тўп тепишни истайди. «Машъал»да тўп тепадиган футболчи асосий вақтини йўлда ўтказиб қўяди.
– Сизнинг фаолиятингизга энг катта таъсир ўтказган мураббий ким?
– Деярли ҳамма. Ҳар бир даврим учун яхши мураббийларга учрадим. Ёшлигимда ҳам, олий лига клубларида ҳам. Ҳар бир пайтда менга устозлик қилган мураббийлар катта ёрдам беришди ва бунинг учун уларга миннатдорчилигимни билдираман.
– Ҳозир ҳам фаолиятингизни «Бунёдкор»да давом эттиришингиз мумкинмиди?
– Мумкин эди. Лекин ўзим Миржалол ака Қосимовдан рухсат беришларини сўрадим. Яратилган шароит борасида ҳеч қандай муаммо йўқ эди. Аммо гол ура олмаётганим учун қийналдим. Бу борада мураббийимиздан маслаҳат ҳам олдим. Клубни алмаштиришим пул учун эмас, инсон сифатида ўсишимга керак эканлигимни тушунган эдим.
– Ижара асосида ярим йил «Бунёдкор»да ўйнадингиз, қайтиш ҳато бўлмаганмиди?
– Нима деб айтсам экан, футболчи доим яхши нарсага интилади. «Насаф»да ҳам қолишим мумкин эди, аммо келишув даврида шартнома туза олмадик. Менга айтилган гаплар қоғозда акс этмади. Қайтишим эса хато бўлмади, аксинча, бу ерда яхши даврларни ўтказдим. ОЧЛда ўйнадим, умуман яхши бўлди.
САВИЯ, ОАВ, МУХЛИС...
– Афсуски, сўнгги йилларда олий лиганинг савияси кўплаб омилларга кўра орқага қараб кетаяпти. Мухлис учун олий лигани қизиғи қолмаяпти…
– Мухлислар ТВ орқали кўришаётган Испания ва Англия чемпиоатини олий лига билан солиштиришни бошлашди. Биз ҳам майдонга чиқиб келганимизда мухлис бўлмаса кайфиятимиз бузилади. Структура борасида Қозоғистондан жуда катта устунликка эгамиз. Клубларга берилаётган эътибор туфайли деярли барча клубларимизни ўз стадиони ва базалари мавжуд. Лекин баъзи жабҳаларда ортда қолаяпмиз.
– Менимча, олий лига жамоаларида янги тизимни қабул қила олмаётган ва қабул қилишни истамаётган раҳбарларнинг кўплиги. Қон алмаштириш даври келгандек... Ўз пайтида Бабаян ва Давлатов футболимизга келишганида анча ёш бўлишган. Юқорида таъкидлаганингиздек, бизда структура, база ва энг муҳими истеъдодлар бор. Клубларни ёшларга топшириш вақти келгандек…
– Футболга янгилик киритиш шарт эмас. Рекламага эътибор берилмайди. Ёки олайлик, бир турда олий лиганинг нечта ўйини ТВ орқали намойиш қилиняпти? Африкада Бекхэмни қаердан танишяпти, ҳаммаси тарғибот орқали-ку! Бир йилда «Пахтакор» ё «Бунёдкор» билан бўлиб ўтадиган ўйинларда мухлис футболчисини кўриши мумкин ёки МТЖ таркибида. Бекободлик мухлис ўз жамоасидан бошқа клубнинг футболчисини танийдими?
– FIFA.uz қизиқиш ортирдими?
– Албатта. Аввалига танимаган ўйинчингиз Сизга катта очколарни келтирди, кейин у билан иштирокчи танишишни бошлади. Мен ўзим ёшлигимда «Ўзбекистон футболи» деган газетада жамоаларнинг рўйхати билан танишар эдим. Ҳозир ТВ ривожланган даврда Наманганда туриб, «Шўртан» футболчисини танимаймиз. Баъзан ёнингизда бир футболчи туради, аммо Сиз уни танимайсиз.
– Лекин кўп футболчилар тадбирларимизда иштирок этишдан бош тортишади…
– ОАВ ва футболчи биргаликда футболни ривожлантириши керак. Баъзи футболчиларимиз тадбирларда иштирок этишдан уялишади. Аксар вазиятларда эса ОАВнинг баъзи вакилларини футболчиларга бўлган муносабати яхши эмас. Менимча, бирлашадиган пайт келди.
– Тўғри, катта хато нимада бўляпти-ки, мухлис фикри журналист фикри сифатида чиқиб кетяпти.
– Жаҳл устида айтилган гап бошқа, ақл билан айтилгани бошқа. Ўзбек футболи ичида ёмон инсон йўқ. Тўғри, гуруч курмаксиз бўлмайди. Лекин мен билганларимнинг ҳаммаси тарбияли. Бизнинг ўзбекистонликлар ватаним дейди, ота-онам дейди. Четга чиқиб кўринг, ўзим бўлсам дейди. ОАВнинг тарғиботи орқали стадионлар мухлисларга тўлади. Мухлисларнинг камайиб кетишига яна бир сабаб, жамоаларда маҳаллий футболчиларнинг камайиб кетаётганида. Майли ютқазса ҳам ўша бола ўйнасин, фақат мухлислар буни тўғри тушунишсин. Шунда стадионга мухлиснинг келиши кўпаяди, натижа ҳам ортади.
– Яқинда бир журналист «championat.asia» сайтига ўз фикрини билдирар экан, бизни пахта қўювчи деб атади. Эмишки танқид йўқ. Лекин ёмон, ёмон деяверсангиз яхши ҳам ёмон бўлиб кетади. Меъёрни ушлаган ҳолда мақтаб ҳам туриш керак. Бу менинг стратегиям!
– Мутахассис даражасида танқид қилсангиз бу бошқа. Танқид футболчи фойдасига ўйнаши мумкин, танқидга олинган футболчи танилади. Лекин ҳамма ҳам танқид қилишдан олдин футболчини яхши ўрганяптими? Танқид орқали ўз номини чиқариб олиш мақсад бўлиб қолаётгандек. Яқинда мени жиддий танқид остига олишди. Майли, кел, мен билан суҳбатлаш. Ўйинни кўриб, жахл қилиб мақолани жаҳл устида ёзиб ташлаш керак эмас-ку! Бу нарса футболчига жуда оғир ботади. Уни яқинларимиз ўқишади, оила аъзоларимиз фикр билдиришади. Футболчининг характерини билмайсан, у билан суҳбатлашмагансан. Бу уни қоралаб ташлаш керак дегани эмас-ку. Баъзи футболчилар интервью беришга қўрқиб қолишган. Сайтлардаги фикрлар жуда оммалашиб кетди. Лекин ўша фикрни ким билдираётганини билмаймиз-ку, балки у саккиз ёшли болачадир. Ҳозир сайтингизга Криштану Роналду ҳақида битта хабар ёзинг, қанчадан-қанча фикр билдирилади. Токи, ўзбек футболига оид жиддий қоралаб ёзилган мақола бўлмасин, бошқа хабарларга солиштирсангиз фикрлар сони жуда кам. Лекин бу ўйинчиларга жиддий таъсир қилади. Ҳозир футболчи, «мен кимман?» деган саволга жавоб топиш учун ўзи ҳақида чиққан хабар тагидаги фикрларни ўқияпти. Футболчи бўлиш осон эмас, биз соғлигимиздан воз кечамиз, оила аъзоларимиздан айро юрамиз. Олаётган жароҳатларимизда катта оғриқни ҳис қиламиз.
– Бу борада Қозоғистон чемпионатини солиштирганда-чи?
– Менга ёққан жиҳати шунда бўлдики, премьер лига ўйинларининг деярли ҳаммаси интернет орқали тўғридан-тўғри кўрсатилар экан. Бу менга жуда маъқул келди. Барча ўйинларни тўғридан тўғри кўриш имкониятига эгасиз.
– Бизни яна бир оқсаётган томонимиз шунда-ки, футболчиларни рағбатлантира олмаяпмиз. Рамзий терма жамоага тушиш ёки ойнинг «Энг яхши футболчиси» бўлиш…
– Бу катта стимул. Катта эътибор. Совға қимматбаҳо бўлиши шарт эмас. Лекин буни ҳам ҳақиқатпарварлик билан амалга ошириш лозим. Бунинг учун вилоятдаги мухбирлардан адолат талаб қилинади. Рамзий терма жамоадан ўрин олиш маъсулиятни оширади.
Ёдингизда бўлса, Даврон Файзиев муаллифлигидаги «Турдан тургача» кўрсатувида рамзий терма жамоа эълон қилинаётган эди. Буни яқинларимиз кўришади. Ўз навбатида селекция учун мураббийнинг кўзи бўласизлар.
– Куни кеча Россиянинг бир қатор сайтлари Денисовни рамзий терма жамоа рўйхатига қўшдилар. Бу ҳақдаги ахборотларни таржима қилиб сайт ва газеталарда босдик. Ваҳолангки, ўзимизнинг қора кўзларни ҳам шундай тарғиб қилиш борасида оқсаяпмиз.
– Аслини олганда бу оддий иш. Лекин ҳаққонийликни талаб қилади.
Масалан олайлик, йил тугади. Ҳозир медалларни қўлга киритган жамоалар мавсум якунига бағишлаб дастурхон тузайди. Ҳамма жамоа шундай қилсин, майли еб ичиш учун нарса қўймасин. Фақат эътиборни ошириш керак. Икки оғиз ширин гап. «Битта гап билан борсан, битта гап билан йўқсан», бежизга бу гапни айтишмаган. Мана ўзиз бир ўйланг, «Реал»ни бошлиғи жамоа мағлубиятга учраса ечиниш хонасига кириб сўкадими? Бизда, ҳар бир мағлубиятдан кейин кутамиз. Ютинг-чи, ўша раҳбар кирадими. Қани энди кирса (кулади).
– «Иртиш» ўйинларига мухлисларнинг стадионга ташрифи қандай?
– Футбол маҳаллий ишқибозлар учун халқ сайили экан. Стадион атрофида ишқибозлар оилавий дам олиб, еб-ичиб ўтиришади. Икки йил аввал кабоб сотишни маън қилиб қўйишибди. Бундан кўпчилик норози. «Кабобсиз ҳам футбол бўладими» деганларни кўп учратяпман.
– ОАВ-чи?
– Бугунги кунда қозоғистонлик ишқибозлар EЧЛ ва Eвропа Лигаси саралаш ўйинлари билан яшашяпти. Биз ҳам ОЧЛни катта байрам сифатида кутардик. Мухлислар, фотомухбирлар ва журналистлар кўпайиб кетишарди. Стадиондаги камералар сони ортарди, ўзингизни ростакам фуболчидек хис қиласиз-да. Ўзбекистон чемпионатига чиқсангиз, худдики ўртоқлик учрашуви. Қолаверса, мухлисларни стадионга қайтариш борасида ишларни амалга оширишимиз керак.
Камолиддин Мурзоевнинг юлдузли таркиби: П.Бугало, В.Денисов, Х.Каримов, А.Шораҳмедов, О.Аҳмедов, Л.Тўраев, И.Қурбонов, А.Алиев ("Динамо" Киев), В.Карпенко, А.Солиев ва К.Мурзоев.
Менимча, бу интервью аввалгилардан анча фарқли бўлди. Камол билан суҳбатлашар эканмиз, вақт ўтганини билмай қолдик. Аслида Мурзоев офисимизга ташриф буюраркан, 20 дақиқа ичида саволларимизга жавоб бериб ортга қайтишни режалаштираётган эди. Аммо суҳбатга ўзи шу қадар берилиб кетди-ки, қандай қилиб икки соат вақт давомида ўтирганини билмай қолди.
«Кеча, бугун, эртага» лойиҳасининг кейинг меҳмони, Илҳомжон Суюнов бўлади.
Нодирхўжа Юлдашев
Фото: Дониёр Шарипов
Комментарии