RU

Последние новости

17:01"Реал" АПЛда шу ойнинг ўзида МЮ ва "Тоттенхэм"га гол урган 19 ёшли футболчига қизиқмоқда  0 16:36Расман: "Насаф" футболчиси "Навбаҳор"га ўтди  2 16:14"Металлург" академияси ёпиладими? Академия бунга жавоб берди  0 15:53Расман: Егор Кримец - "Сўғдиёна" футболчиси!  4 15:27ЖЧ-2010нинг энг яхши футболчиси Форлан: "Испанияда "Атлетико" рамзини ҳеч қачон ўпмаганим учун танқид қилишарди"  4 14:54Йўғе! Дани Ольмо агенти билан бирга Манчестерга учиб келди  3 14:22Олмалиқдаги "ОКМК спорт мажмуаси" ҳудудида янги табиий майдон қурилмоқда  1 13:54"Бунёдкор" ўз тарбияланувчиси билан шартномани 2 йилга узайтирди  0 13:27"Шўртан" 2025 йилги мавсумни Қаршидаги стадионда бошлайди  1 12:51Эронда нима гаплар? Юсуповда навбатдаги "қуруқ ўйин", Машарипов тўлиқ ўйнади  2 12:20ПФЛ "Олимпик"ка 5 январгача муҳлат берди, акс ҳолда...  9 11:51Қиз фарзанди дунёга келгани сабаб ўйиннинг 1-бўлимини ўтказиб юборган ва 2-бўлимга етиб бориб хет-трик қайд этган футболчи ҳақида билармидингиз?!  5 11:22Бекободда футбол ўлмоқда. "Металлург" кетидан Шавкат Мирзиёев ташриф буюрган академия ҳам ёпилади   22 10:55Қойил! Аморим тен Хагнинг антирекордини янгилади  16 10:22Аббосбек Файзуллаев «Монако» ҳақидаги саволга жавоб берди  5

Жамшид Асадов: "Меҳрибонлик уйи болалари кўпчилик ўйлаганидек безори эмас" Новости

Жамшид Асадов: "Меҳрибонлик уйи болалари кўпчилик ўйлаганидек безори эмас"

Хабарингиз бор, 10-18 май кунлари Россия пойтахти Москва шаҳрида бутун дунё меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ўртасида жаҳон чемпионати ўтказилди.

Ушбу мусобақада қатнашган 12та жамоа орасида Ўзбекистон ҳам бор эди. Жамшид Асадов бошчилигидаги Ўзбекистон терма жамоаси жаҳон чемпионати дебютанти бўлишига қарамай, дастлабки иштирокидаёқ олтин медалларни қўлга киритди.

Чемпионларимиз Тошкентга қайтиб келгач, жамоа бош мураббийи Жамшид Асадовдан интервью олдик.

- Жамшид, авваламбор сизни ва жамоангизни меҳрибонлик уйлари ўртасида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатидаги ғолиблик билан табриклаймиз. Келинг, шу ўринда ўз ҳақингизда маълумот бериб ўтсангиз.
- Табрик учун раҳмат. Мен - Асадов Жамшид, 2015 йил Тошкент давлат Жисмоний тарбия институтини битирганман. Спорт психологияси факультетида таҳсил олганман. Олийгоҳни тугатгач дастлаб спорт мактабига ишга кирдим. У ерда бироз муддат ишлагач, ёзги таътил пайтида мени тарбиячи сифатида болалар дам олиш масканига жўнатишди. Оромгоҳга бориб билдимки, бу оддий лагерь бўлмай, меҳрибонлик уйи болалари келиб дам оладиган жой экан.

Хуллас уч ой ёзда шу ерда болалар билан ишладим. Тақдир тақозоси билан кейинчалик меҳрибонлик уйига ишга таклиф этишди. Бошида 22 ва 23-сонли меҳрибонлик уйларида ярим ставкадан иш бошладим. Икки ойдан сўнг 23-сонли меҳрибонлик уйи раҳбари мени тўлиқ ишга таклиф қилди. Кўпроқ мана шу ердаги болаларга ўрганиб қолганим учунми таклифни ўйлаб ўтирмай қабул қилдим. 2015 йил 23-сонли меҳрибонлик уйида футбол жамоасини ташкил қилган бўлсам, Худога шукр ҳозиргача ўз фаолиятини давом эттириб келяпти ва яқинда Россияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида чемпион бўлиб қайтдик.



- Футбол жамоасини ташкил қилиш қийин бўлмадими?
- Очиғи, осон кечгани йўқ. Чунки мен имкон қадар профессионал жамоа тузишни мақсад қилгандим ва бу йўлда анча тер тўкишга тўғри келди. Аввалига бошқа меҳрибонлик уйлари ўртасида бўлиб ўтган футбол мусобақаларида қатнашиб юрдик. Кейинчалик секин-аста тажриба тўплаб “Пахтакор”, “Бунёдкор”, “Локомотив”, “Спартак” клублари тарбияланувчилари билан икки бор турнир ташкил қилдик. Ва иккаласида ҳам ғолибликни қўлга киритдик.

Қолаверса, футболимиз ва футзал юлдузларимиз иштирокида бир нечта учрашувлар ташкил қилдик ва улар бизга бир нечта мастер-класс ўтаб беришди. Албатта, бу ҳам кони фойда бўлди. Шу ўринда таъкидлаб ўтишни хоҳлардим, 2015 йил футбол жамоасини тузган бўлсак, шу пайтдан бери Тошкентнинг “Локомотив” футбол клуби билан ўзаро ҳамкорлик қилиб келяпмиз ва бунинг учун клуб бош директор ўринбосари Тўлабек Акрамовга катта раҳмат айтсам арзийди.

- Бир кун келиб бу жамоа жаҳон чемпионатида ўйнашини ҳеч тасаввур қилганмидингиз?
- Тўғриси, бошида ўйламаган ҳам. Мақсадимиз биринчи навбатда болаларни чиниқтириш, қолаверса спорт билан ошно тутинишларига замин яратиш эди. Яхши биласиз, футболни кўпчилик севиб ўйнайди, шу боис мен ҳам ўзим ишлаётган меҳрибонлик уйидаги кўнгли ярим болалар бекор юрмасин деб футбол жамоаси тузишни ният қилгандим. Кейин эса мақсад жиддийлашиб профессионаллик сари қадам ташлай бошладик.

2017 йилнинг бошида Ўзбекистон футзал терма жамоаси бош мураббийи Хосе Мария Мендес ёш футзалчиларни саралаб олиш мақсадида кўрик ташкил қилганди. Шунда мен ҳам шогирдларимдан етти нафарини олиб кўрикка бордим. Ўшанда Мендес икки нафар футболчимизни танлаб олганди. Кейинчалик шу ўйинчиларимиз “Олмалиқ” ва “Локомотив”га ўтиб кетишди. Жаҳон чемпионатида қатнашишимизни эса ҳеч кутмагандим. Бу ҳам биз учун бир имконият бўлди деб ўйлайман.

- Қўл остингиздаги футболчиларга қандай таъриф берган маъқул: ҳаваскорми ё профессионал?
- Мен бу болаларни ҳаваскор футболчилар дея олмайман. Чунки уларнинг барчаси бинойидек футбол ўйнай олади. Аммо профессионал бўлишдан ҳали анча узоқмиз. Шу боис ярим профессионал деган маъқулроқ. Тўғриси, барча ўйинчилар худди ўзимнинг укаларимдек бўлиб қолган. Биз - бир оламиз. Жаҳон чемпионатига кетишдан олдин заявка берганимизда футболчиларнинг барчаси 23-сонли меҳрибонлик уйидан эди. Аммо мусобақада ёш чегараси қўйилгани учун тўрт нафар футболчимиз заявкадан ўта олмади. Шундан сўнг бошқа меҳрибонлик уйларидан селекция қилишга тўғри келди ва ўзим биладиган бошқа болаларни чақирдим. Қолган бир ой ичида янги жамоа шакллантиришимга тўғри келди.


- Албатта, жаҳон чемпионати бу - алоҳида мавзу. Лекин унгача бўлган жараён қандай кечди?
- Биз 11 апрель куни йиғилиб, 23-сонли меҳрибонлик уйида ўқув-машғулотларни бошладик. Бир ой давомида кунига икки маҳалдан шуғулландик. Болаларга яхшилаб тушунтирдим: олдимизда бир ой бор, мана шу бир ой ичида тайёр бўлишимиз керак, кунига икки маҳал машғулот бўлади, ҳа, оғир бўлади, лекин чидашга мажбурсизлар, чунки жаҳон чемпионати оддий мусобақа эмас.

Мен билардим, жаҳон чемпионатида бошқа жамоалар бир-икки йиллаб тайёргарлик кўришини. Бизда эса атиги бир ой бор эди. Мен ҳам кўриб тургандим, болалар қанчалик қийналаётганини. Баъзан раҳмим келиб кетган пайтлар бўлди. Инсон сифатида машғулотларни тўхтатсам бўларди, лекин мураббий сифатида бундай қила олмасдим. Россияга кетиш олдидан “Локомотив” ўринбосарларига қарши иккита ўртоқлик учрашуви ўтказдик. Шу ўринда “Локомотив” футбол мактабида ишлаётган Жамшид Саидовга ҳам ўз миннатдорчилигимни билдираман. У киши бўш пайтларида олдимизга келиб болаларни шуғуллантиришда амалий ёрдам бердилар. Бу мен учун ҳам, ёш футболчилар учун ҳам мароқли бўлди.

- Мусобақага тайёргарлик чоғида нечта футболчи қатнашди?
- Тўққиз нафар. Мусобақа регламентига кўра, ўйинлар кичкина майдонда ўтказилади ва жамоалар еттига етти ўйнайди. Яъни, бир дарвозабон ва олти футболчи. Шунингдек, иккита футболчи захирада қолади. Ўйинларнинг бир тайми 15 дақиқадан иборат.


- Бу жамоа билан ишлашни бошлаганингизда қийинчилик кузатилдими, айтайлик, болаларда барибир биз футболчи эмас-ку нима кераги бор шунча югуриб деган хаёл бўлган бўлиши мумкин.
- Тўғриси, шунақа пайтлар ҳам бўлди, буни яширмайман. Футболчи бўлиш осон эмас, бу катта машаққат талаб этади. Қийин машғулотларга ўтганимизда бир-иккита болалар айтганди: Жамшид ака, мен бажара олмаяпман, барибир мендан футболчи чиқмайди деб. Лекин мен дарҳол улардан воз кечганим йўқ. Секин-аста тушунтириб ишлашга ундадим. Чунки болаларда салоҳият борлигини билардим. Вақт ўтиб ҳозир ўша болалар қўл остимда ўйнаяпти ва жаҳон чемпионатида айнан эринчоқлик қилган болалар иштирок этиб чемпион бўлиб қайтишди.

Бу ҳаётда меҳнатсиз завқ йўқ. Буни болаларга озгина бўлса-да сингдира олганимдан хурсандман. Мен нимани хоҳладим? Гарчи бу болалар меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари бўлса ҳам ўзларини худди футболчи сингари ҳис қилсин. Юриш-туриши, гап-сўзидан спортчи экани билиниб турсин. Жаҳон чемпионатига борганимизда ташкилотчилар ҳам айтди: Ўзбекистон терма жамоаси ўзини жуда сипо тутар экан, уларнинг тарбиясига қойил қолдик деб. Тўғри, кундалик ҳаётда футболчиларимизнинг барчаси очиқкўнгил ва мулойим, лекин майдонга чиққач ҳамма “жангчи”га айланади. Менга шогирдларимнинг шу характери ёқади.

- Навбатдаги савол оғир ботса олдиндан узр сўраймиз. Бизда меҳрибонлик уйи болалари деганда кўпчиликнинг хаёлига безори, урушқоқ, гапга кирмас болалар келади. Шу томонлама олиб қараганда улар билан ишлаш қийин бўлмадими?
- Тўғри савол бердингиз. Бизда ҳақиқатан ҳам меҳрибонлик уйи деса одамлар бошқача тушунади. Аммо шу ўринда бир нарсани айтиб ўтишни хоҳлардим: шунақа фикрдаги одамлар меҳрибонлик уйида тарбия топаётган болалар аслида қанақа бўлишини билмайди.

Бошида ўзим ҳам шунақа ўйлаганман, ҳозир гап таъсир қилмайдиган болалар ичига тушиб қолсам керак деб ўйлагандим. Лекин улар билан ишлай бошлагач тасаввурим кескин ўзгарди. Тўғрисини айтсам, бу болалардаги қизиқиш, кўзи ёниш ва астойдил меҳнатни бошқа болаларда кўрмадим. Балки кўнгли ярим бўлгани учунми, бу болалар ҳар бир ишни сидқидилдан бажаради, улар дангаса эмас - меҳнатга чанқоқ.

Сиз айтган нарса ўртоқлик учрашувларида кўп кузатилди. Бошқа жамоалар билан ўйнаганимизда бизга бошқача кўз билан қарашарди: булар меҳрибонлик уйи болалари бўлса, тўп тепишни билармикан деган маънода. Баъзилар эса бизни жуда қўпол футбол ўйнайди деб тасаввур қилар экан. Шунда мен рақиб жамоалар мураббийларига айтдим: шогирдларимнинг футболга қизиқиши, ҳаракати ҳеч кимдан кам эмас, улар қўпол футбол ўйнамайди, сизлар қандай тўп тепсангиз, биз ҳам шундай ўйнаймиз.


- Энди жаҳон чемпионати ҳақида маълумот бериб ўтсангиз?
- Бу мусобақа шу пайтгача очиқ турнир сифатида ўтказиб келинган бўлиб, бу йилдан биринчи марта жаҳон чемпионати мақоми берилди. Омадимиз бор экан Ўзбекистон нафақат ўз тарихида, балки меҳрибонлик уйлари ўртасида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатининг дастлабки ғолибига айланди. Бу жаҳон чемпионати ҳам худди катта мундиал сингари ҳар тўрт йилда бир марта ўтказилади.

Жаҳон чемпионати қайси мамлакатда ташкил этилса, мусобақадан бир ойдин олдин ўша ерда меҳрибонлик уйлари орасида жаҳон чемпионати ўтказилади. Демак, кейинги мусобақа тўрт йилдан сўнг Қатарда бўлади. Ҳозирча фақат биз жаҳон чемпиони сифатида кейинги мусобақага лицензия олдик. Қолган иштирокчилар кимлар бўлишини ташкилотчилар ҳал қилади.

- Москвада ўтказилган мусобақага таклиф қандай юзага келди? Умуман жаҳон чемпионатининг бош ташкилотчиси ким?
- Буюк Британиядаги “Street Child” (“Кўча боласи”) болалар жамғармаси мусобақанинг асосий ташкилотчиси ҳисобланади. Бу жамғарма Россиянинг “Мегафон” компанияси билан ҳамкорликда ушбу мусобақани ўтказди. Кимлар қатнашишини Буюк Британия ҳал қилади.

Тўғрисини айтсам, биз тасодифан жаҳон чемпионати иштирокчисига айланиб қолдик. Албатта, ҳаракат бор эди, лекин биринчи марта қатнашишимизга рухсат беришларини сўраб хат ёзганимизда рад жавоби келганди. Шундай сўнг ҳеч бўлмаса конкурсдан ташқари бўлса ҳам ўйнайлик деб яна хат ёздик. Лекин яна рад жавоби берилди. Шунда ноумид шайтон дея барибир кутишда давом этдик. Ва ниҳоят бу орада Руминия терма жамоасининг Москвага бора олмаслиги маълум бўлиб қолди. Натижада 8 апрель куни мусобақада қатнашиш учун расмий таклиф олдик. 11 апрелдан эса тайёргарликни бошладик.

- Сафарга бориб келиш харажатлари ким томонидан қопланди?
- Ҳаммаси турнир ташкилотчилари томонидан: самолёт чиптаси, меҳмонхона, умуман ҳаммаси юқори савияда ўтди. Кутиб олиш, жойлаштириш, ўйинлар, тақдирлаш. Очиғи мен бундай эътиборни кутмагандим. Ўйинлар ҳақида гапирадиган бўлсам, биз кучли гуруҳга тушгандик. Покистон шу пайтгача ўтказилган очиқ турнирларда жуда яхши қатнашган экан. Россия ҳам кучли, ҳам мезбон эди. Шунда кўпчилик Ўзбекистонга жуда қийин бўлди деб бизни менсимай бошлади.

Айниқса, Покистон турнирга худди профессионал жамоа сифатида ташриф буюрган экан. Тўққиз нафар футболчидан ташқари бош мураббий, ёрдамчиси, шифокор, массажчи. Мураббийлар штабини кўриб лол қолдим. Қийин рақиблар сифатида ҳам шу икки жамоани кўрсатган бўлардим. Шундай бўлдики, Россия гуруҳда қолиб кетди. Биз билан Покистон кейинги босқичга чиқди. Чорак финалда Непал рақибимиз бўлди ва уларни 2:1 ҳисобида мағлуб этдик. Ярим финалда Бурунди жамоасидан 1:0 ҳисобида устун келдик. Финалда эса яна Покистон рўбарў келди.


- Покистон шунчалик кучли эканми?
- Ҳа, анча кучли. Қолаверса уларда ёши катта болалар ҳам бор эди. Футболчилари тинмай югуради, чарчоқ йўқ. Ўйинлар ҳар куни ўтказилгани боис жамоамиз толиқиб қолганди. Ҳартугул финалдан бир кун олдин дам беришди, бу эса бизга қўл келди. У ерда бизни Ўзбекистон элчихонаси вакиллари бефарқ қолдиришмади, финалдан олдин бизни меҳмонга чақиришди, мусобақа ҳақида суҳбатлашдик.

Элчихона вакиллари жамоамизга омад тилаб, финалда ғалаба албатта Ўзбекистонники бўлишини айтишди. Финалга чиққанимизни эшитиб жуда кўпчилик ҳамюртларимиз турли смс-хабарлар, видео-роликлар юборишди. Бизга омад тилаганлар орасида Одил Аҳмедов, Азиз Ҳайдаров, “Локомотив” футбол клуби вакиллари, “Олмалиқ” футзал жамоасидан ходимлар борлигини кўриб жуда қувондик. Буларни ўйиндан бир кун олдин барча футболчиларга кўрсатдим, бизга эътибор юқори финални ютмасак бўлмайди деб алоҳида уқтирдим. Покистон билан кечган финал баҳсида 1:1 қайд этилди, пенальтилар сериясида эса 4:3 ҳисобида зафар қучдик. Финалдан кейинги ҳиссиётларни эса икки оғиз гап билан айтишим қийин.

- Ҳакамнинг финал ҳуштаги чалингач биринчи галда хаёлингизга нима келди?
- Тўғрисини айтсам, биринчи навбатда кўз ўнгимда она Ватанимиз - Ўзбекистон гавдаланди. Мен бир зумгаёқ чемпион бўлганимиздан сўнг ўз юртимизда қанақа байрам бўлаётганини ҳис этдим. Тошкентга қайтиб борганимизда қандай кутиб олишлари, бизни олқишлашлари бирма-бир кўз олдимдан кечди. Финални ютдик, лекин хурсанд бўлиш ўрнига ҳамма футболчилар йиғлаб юборди, албатта бу қувонч кўз ёшлари эди. Шу ўринда бизга мухлислик қилган барча юртдошларимизни ушбу ютуқ билан табриклаб қоламан.

Х.Холиқов ва Н.Сайдуллаев суҳбатлашишди.  


Рейтинг: +59   

Комментарии

championat.asia
< посмотреть последние новости
Яндекс.Метрика