Ҳаммаси Ойбек Қиличев ҳақида
05 фев 2017 11:00
Новости
“Навбаҳор” клуби яқинда ўз сафига Ойбек Қиличевни қўшиб олганидан хабардорсиз. Иқтидорли ярим ҳимоячи охирги пайтларда хорижда ўйнаётганди. Бу сафар олий лигада тўп суришга қарор қилди. Албатта, Қиличев яхши савиядаги ўйинчилар тоифасига киради. Шу боис ҳам фаолиятини кўпинча четда давом эттиради. Бироқ “Навбаҳор” бош мураббийи Илҳом Мўминжонов янги мавсум учун режаларига ушбу ўйинчини ҳам киритди. Шу тариқа келишув амалга ошди. Аммо бунга қадар Қиличев четда ўйнаб турли саргузаштларни бошидан ўтказди десак янглишмаймиз. Яқинда у билан “Ўзбекистон” меҳмонхонасида учрашдик.
“Эрон клуби менсиз ҳам мақсадига эриша оларди”
- Малайзиянинг “Перак” клуби билан икки йиллик шартнома имзолагандим. Ундан олдин эса Эронда “Пайкон” клубида ўйнадим. Ўшанда улар билан бир ярим йилга шартнома тузгандим. Афсуски, жамоа олти ой ичида биринчи дивизионга тушиб кетди. Гарчи у ерда яхши ўйинчилар бўлса-да, кўп ҳолатларда омад юз ўгирган. Чемпионат тугаганидан кейин клуб раҳбарлари мени яна қолишимни сўрашди. Биринчи дивизионда ҳам шартномада ёзилганидек ойлик маошларимни тўлашларини айтишди. Жамоа мутасаддилари билан муносабатим яхши бўлгани учун мен уларнинг таклифига рози бўлганман. Қолаверса, улар мени яхши кўришарди. Биринчи дивизионда ўйнашни бошладик ва ҳар бир рақибимизни камида 3 ёки 4 та тўп фарқи билан ютардик. Шундан кейин клуб менежерларига жамоа менсиз ҳам бемалол яна кучлилар орасига чиқа олишини, ўзимда эса кўпроқ юқори лигада ўйнаш ниятим борлигини тушунтирдим. Шу тариқа мавсум бошланганидан кейин бир ой ўтгач, шартномани бузишга қарор қилдим.
“Пахтакор”да ўйнаганимда ҳам малайзияликлар менга ойлик маош тўлаб туришган”
Ўзбекистонга қайтганимдан сўнг “Пахтакор” ва “Локомотив”да шуғулландим. Кейин менга агент Санъат Шарипов Малайзиядан таклиф бўлаётгани ҳақида айтганида бунга қаршилик қилмадим. “Перак” клубига борганимда улар аввалига мени яхшилаб кузатишларини айтишган. Яхши билсангиз мендан олдин Воҳид Шодиев “Перак” аъзосига айланганди. “Перак” таркибида битта ўртоқлик учрашувида ўйнаганимдан сўнг клуб мен билан шартнома тузди. Натижада Шодиев каби икки йиллик шартномага имзо чекдим. Афсуски, шундан сўнг воқеалар ривожи ўзгариб кетган. Малайзиядан олдин Эрон биринчи дивизионида тўп сурганман. Малайзияда эса шундай қонун бор эканки, у ерда ўйнайдиган легионер олдинги чемпионатларда фақат олий дивизионда тўп сурган бўлиши шарт. Аммо “Перак” клуби буни билмаган ва ўзлари хатога йўл қўйишган. Сўнг ўйин амалиётига эга бўлиб туриш учун “Пахтакор”га қайтиб келганман. Аммо “Перак” билан тузилган шартномам ўз кучида қолган. Гарчи “Пахтакор” клубида тўп сурган бўлсам-да, малайзияликлар менга ойлик маош тўлаб туришган.
“Шодиев туфайли клуб менга нисбатан режаларини ўзгартирган”
“Перак”да Шодиев қолганди. Негадир Воҳид аканинг ўйини қовушиб кетмаган. Голлар ура олмагани сабабли клуб ҳам норозилик билдирган. Футболчининг ўзи ҳам у ерда қолишни хоҳламай қолганди. Натижада иккала томон келишувга кўра шартномани бекор қилишган. Мен эса олти ойдан кейин боришим керак эди. Шунинг учун Шодиевга сабр қилиб, яна қолишини, балки мен борганимдан сўнг ишлари юришиб кетар, деган маънода ҳам гапиргандим. Клубга қайтганимда 11-ўринда эди. “Перак” билан шартномам муддатининг 1,5 йили қолганди. Шодиев яхши ўйнаб кета олмаганидан кейин улар менга нисбатан ўз позициясини бироз ўзгартирди ва агар олти ой давомида ўзимни кўрсата олмасам шартномани бекор қилишларини айтишди. Агентим билан уларнинг бу таклифига ҳам рози бўлдик. Иккинчи даврада барча учрашувларда 90 дақиқадан ўйнадим ҳамда жамоага ўз ҳиссамни қўша олдим.
“Клубга германиялик мураббий келди. У мен учун масхарабоз”
“Перак” клубида мураббий алмашди ва германияликни олиб келишди. У 82 ёшда эди. Биласизми, уни мураббий дейишга ҳам уялардим. Худди масхарабозга ўхшарди. Мен бундай инсонларни мураббий деб ҳисобламайман. Ҳатто, баъзи пайтларда гапирган гапини унутиб қўярди. Ёки машғулотимиз соат 10.00 да бошланишини ҳам эсидан чиқариб қўярди. Эшитишимча, у 20 йил олдин Малайзия терма жамоасида ишлаган экан. Шунинг учун уни яна олиб келишган. Тўғриси, иккинчи даврада омадимиз ҳам чопди ва якунда 6-ўринни қўлга киритдик. Мен жамоага жуда яхши киришиб кетгандим. Масалан, таркибга албаниялик ҳужумчи келганди. У Эроннинг “Сепахон” клубида ўйнаган ва иккаламиз форс тилида бемалол гаплаша олардик. Германиялик мураббий билан ўртамизда кўп тушунмовчиликлар бўлди. Бу вазиятга агентим ҳам қўшилди ва клубга эътирозларини билдирди. Тўғриси, охирги йилларда Эрон, БАА, Малайзия каби мамлакатларда юрдим ва четда ўйнашдан чарчагандим. Барибир ўзимизнинг юртимиздан қўймасин экан! Бунинг устига ўзимизнинг олий лигани ҳам соғингандим.
“Навбаҳор” билан ярим йилга шартнома туздим”
“Навбаҳор” билан ярим йиллик келишувга эришганмиз. Бош мураббий Илҳом Мўминжонов “Пахтакор” жамоасида ҳам ишлаган. Футболни яхши кўради. Собиқ “Трактор” клубида Илҳом ака билан бирга тўп сурганман. У пайтда анча ёш бола эдим. Энг асосийси, унинг одамгарчилик хусусиятлари жуда яхши. Хуллас, яқинда учрашдик ва жамоага ёрдамим кераклигини айтди. Ҳозирда “Навбаҳор” яхши ўйинчиларни қўлга киритяпти.
“Вазиятга қараб иш тутамиз”
Нима учун ярим йил? Боя айтдим, аввало юртимни соғинганим учун қайтганман. “Навбаҳор”да аввалига ярим йил ўйнаб тураман. Шундан кейин менга хориждан қизиқарли таклиф бўлиб қолса ўйлаб кўришим мумкин. Шунинг учун дастлаб биринчи даврагача келишувга эришдик ва бу ташаббус мендан чиқди. Агар четдан таклифлар бўлмаса, у ҳолда Наманганда қолиб фаолиятимни давом эттиравераман. Менга қизиқаётган хориж клублари бор. Бу ҳақида Санъат Шарипов айтиб туради. Масалан, яна Эрон клубидан қизиқиш борлиги ҳақида айтди. Аммо ўтган сафар у ерда ўйнадим ва бу сафар Эронга боришга кўнглим тортмади. Вазиятга қараб иш тутамиз. Агар Ўзбекистонга ўхшаган давлат бўлганида эди, бориб ўйнаган бўлардим. Ўзимизнинг чемпионатда ўйнасам аввалги Ўзбекистон олимпия терма жамоасидаги фаолиятим ёдимга тушиб кетади.
“Ўзбекистонда жамоа танлашни асосан ўзим ҳал қиламан”
Санъат ака Ўзбекистонда клубларни танлаш имкониятини ўзимда қолдирган. У ерда қайси мураббийларнинг қандайлиги ҳақида ўзим яхши билишимни ва доим чуқур ўйлаб кейин бир қарорга келишимни айтади. Шунинг учун Ўзбекистонда фаолиятимни қаерда давом эттиришни асосан ўзим ҳал қиламан. Менга 2-3 та таклифлар бор эди. Аммо Илҳом ака Мўминжонов билан яхши муносабатда бўлганимиз сабабли “Навбаҳор”ни танладим. Ҳар бир жамоа ўз олдига фақат яхши натижаларни кўрсатишни мақсад қилиб қўяди. Бизда ҳам худди шундай.
“Барча боксчиларимиз билан ака-укадекман”
Акам Тўлқин Қиличев боксчи бўлгани сабабли ёшлигимда олимпия захиралари спорт коллежига бориб машғулотларини томоша қилардим. Чунки қизиқишим катта эди. Жиззах шаҳрининг Зафарабод туманида ўртоқларим билан боксга қатнашганман. Икки йил давомида ушбу спорт билан шуғулланганман. Акам бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси мураббийи саналади. Аммо мени боксдан кўра кўпроқ футболда шуғулланишим кераклигини айтганди. Ҳозирги кундаги барча боксчилар билан ака-укадек бўлиб кетганмиз. Олимпиадада муваффақият қозонган Ҳасанбой Дўстматов, Фазлиддин Ғоибназаров, Бектемир Мелиқўзиев, Шаҳрам Ғиёсов, Рустам Тўлаганов, Мурод Аҳмадалиев, шунингдек, Зухриддин Махкамов, Шаҳобиддин Ғиёсов, Баҳодир Жалолов, Эльнур Абдураимов, Анвар Туропов сингари боксчилар билан доим алоқадаман ва яқин муносабатдамиз. Чирчиқда ҳам уйим бор. Боксчилар эса кўпроқ ўша томонларда шуғулланишади. У ерга борганимда албатта ўша дўстларим билан кўришиб тураман.
ФИРДАВСХОН
Комментарии