Фурқат Ўролов: “Пулькада 1-ўринни олган жамоа келаси йил биринчи лигада аниқ иштирок этади дегани эмас”
02 дек 2015 13:29
Новости
Фурқат Ўролов: “Пулькада 1-ўринни олган жамоа келаси йил биринчи лигада аниқ иштирок этади дегани эмас”
Ўз вақтида биринчи лигада доимий иштирокчилардан бирига айланган ушбу жамоа сўнгги йилларда молиявий муаммолар туфайли иккинчи лигага тушиб кетганди. Эндиликда ғаллаоролликлар яна ўз жойига қайтишга уриниб кўрмоқда. Биз эса Фарғонада ўтаётган пулька баҳслари жараёнида “Ғаллакор-Барса” устози Фурқат Ўролов билан суҳбатлашдик.
- Фурқат ака, бошқарувингиздаги жамоа яна пулькада иштирок этмоқда. Аниқ вазифа жорий этилган бўлса керак?
- Албатта, бу йил Фарғонага келиб, ўтиш турнирида иштирок этишдан асосий мақсадимиз келаси йил биринчи лигада қатнашишдир. Чунки Ғаллаорол халқи футболни жуда севади. Улар катта футболни соғиниб қолишган.
- Аммо шундай дейсизку, жамоангиз шу кунгача ўтказган иккита учрашувда ҳам мағлуб бўлди.
- Биласизми бу ўтиш турнирида 1-2-ўринларни эгаллаган жамоалар келаси йил аниқ биринчи лигада иштирок этадиган дегани эмас. Гап шундаки, пулькадан олдин ПФЛда иштирокчи клубларнинг раҳбари ва мураббийлари билан йиғилиш ўтказилди ва унда агарда, жамоанинг шароитлари кўнгилдагидек бўлиб, регламентдаги талабларга тўла жавоб берса, иштирок этиши учун махсус комиссия кўриб чиқиши мумкин. Яъни бизда шароитлар талабга жавоб беради.
- Шу боис иккита мағлубиятдан кейин ҳам бундан сира тушкунликка тушмаяпсизлар эканда?
- Айтиб ўтганимдек, бизнинг асосий мақсадимиз келаси йил туманда катта футбол қилиш. Ишқибозлар футболни соғинишган. Шароитларга келадиган бўлсак, ҳаммаси талабга жавоб беради деб ўйлайман. Стадонимиз қайтадан таъмирдан чиқарилмоқда. Бугунги кунда ҳам Ғаллаоролда стадионда таъмирлаш ишлари жадаллик билан кетмоқда. Насиб қилса 1 январдан қайта фойдаланишга топширилади.
- Молиявий жиҳатдан аҳвол қай даражада?
- Нолимаймиз. Туманимиз ҳокими имкон қадар жамоага ҳар томонлама ёрдамини аямаяпти. Ўзи ҳам футболга қизиққани учун шароит қилиб беришга уринмоқда. Фурсатдан фойдаланиб у кишига ҳам бутун жамоа номидан миннатдорчилик билдириб қоламан.
- Жамоангизнинг жуда суст иштирок этишига нима сабаб?
- Биз бу ерга асосан ёшлар билан келдик. Уларнинг кўпи бунгача иккинчи лигада ўйнаган. Энди-энди биринчи лигага чиқишмоқда. Насиб қилса келаси йил биринчи лигада иштирок этадиган бўлсак, таркибни ҳам кучайтирамиз.
- Ўтиш ўйинлари борасида фикрингиз қандай?
- Савия ошган дея оламан. Иккинчи лига клублари худди биринчи лига жамоалари сингари таассурот қолдирмоқда. Шу боис баҳслар ҳам муросасиз руҳ остида ўтмоқда.
Исломбек Рустамбеков.
Комментарии