RU

Последние новости

18:42Рой Кин "Арсенал"нинг чемпионлик учун курашдаги асосий муаммосини кўрсатиб ўтди  1 18:20Левандовски "Бавария"ни "Боруссия"дан устун қўйди  0 17:58Ўзбекистон U-23 терма жамоасининг тарихий ўйинидан ГАЛЕРЕЯ  2 17:25Элбек Тўлқинов: "Жаҳон чемпионати бежиз Ўзбекистонга берилмаганини исботлашга ҳаракат қилдик"  0 16:55U-23 Осиё кубоги. Норчаев финалда гол урса, тўпурар бўлиши мумкин  11 16:26Отабек Ғуломхўжаев: "Тарихий ғалаба орқали ўзбек халқига хурсандчилик улашган йигитларга раҳмат"  12 16:02Месси навбатдаги бор энг яхши бўлди  10 15:24Ўзбекистон U-23. Абдуқодир Ҳусанов ва Ҳожимат Эркинов ўз клубларига жўнаб кетишди  30 15:16Чемпионлар лигаси. "Бавария" - "Реал" ва "Боруссия" - ПСЖ. Тахминий таркиблар  10 14:55 ФАКТ. Индонезия Ўзбекистон дарвозасига бирорта аниқ зарба йўлламади   14 14:35Дилшод Раҳматов: "Тарих билан яшаш керакмас. Осиё кубоги кучсиз жамоа қолмаганини кўрсатиб берди"  0 14:01Ўзбекистон кубоги. "Машъал" гуруҳ босқичида ҳеч ким қила олмаган ишни бажарди  1 13:15Аббос Элмуродов: "Пенальтилар серияси? Рустам Умаров кимни қаерга тепишини ёзиб берганди"  2 12:53Левандовски Это'Oнинг 2005 йилги натижасини такрорлади  4 12:35Бектемир Абдуманнонов: "Қийин гуруҳдан чиқдик. Энди бизга рақибнинг фарқи йўқ"  4

Фозил Мусаев: «Тезроқ сафга қайтишга ҳаракат қиламан» Новости

Фозил Мусаев: «Тезроқ сафга қайтишга ҳаракат қиламан»

Ўзбекистон миллий термаси ҳамда Япониянинг «Жубило Ивата» клуби ярим ҳимоячиси Фозил Мусаев жароҳат сабаб узоқ муддатга сафдан чиқди.

Аниқроғи, ҳамюртимиз 27 март куни бош жамоамиз сафида Касабланка шаҳрида бўлиб ўтган Марокашга қарши ўртоқлик учрашувида жароҳат орттириб олганди. Тиббий кўрикдан сўнг унинг жароҳати жиддий эканлиги аниқланди.

Афсуски, футболчи яқин олти ой давомида майдонга туша олмас экан. Таъкидлаш жоизки, Мусаев терма сафида жароҳат олгани учун ФИФА «Жубило Ивата»га компенсация тўлаб беради. Аммо япон клуби мураббийларини товон пули эмас, балки етакчилардан бирининг сафдан чиқиши кўпроқ ташвишга солди.

Клубнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида ҳамюртимизга ҳурмат ва эҳтиром юзасидан 5,5 дақиқали ролик жойлаштирилди. Ушбу видеода Фозилнинг «Жубило» сафидаги ўйинлари, голлари, мухлисларнинг олқишлари ҳамда футболчиларнинг 8-рақамли футболка кийиб, шу тариқа Мусаевни қўллаб-қувватлашгани акс этган.

Биз миллий жамоамиз таянч ярим ҳимоячиси билан боғланиб, ундан интервью олдик.

- Фозил, клуб шифокорлари жароҳат ҳақида нима дейишяпти? Қачон майдонга қайтасиз?

- Марокашга қарши кечган ўртоқлик учрашувида оёғимнинг тизза қисмини шикастлаб олдим. Афсуски, шифокорлар қўйган ташхис натижалари ижобий бўлмади. Жароҳат биз ўйлагандан ҳам жиддийроқ экани ойдинлашди. 9 апрель куни клубимизнинг малакали жарроҳ-шифокори ўнг оёғимнинг тизза қисмида жарроҳлик операцияси ўтказди. Энди ҳаммаси режа асосида кетса, тахминан олти ойдан сўнг умумий гуруҳ машғулотларига қўшилсам керак. Жароҳат спортнинг ажралмас бир бўлагидир. Бундай ҳолатга тушишни ҳеч кимга раво кўрмайман. Лекин футбол - балет эмас, унда ҳар дақиқада тўқнашувлар бўлади. Айтмоқчиманки, жароҳатлардан ҳеч ким кафолатланмаган.

- Олти ой узоқ муддат. Бу вақт оралиғида футболсиз яшашни тасаввур қиляпсизми?

- Ҳа, буни ўйласам юрагим орқага тортиб кетяпти. Лекин начора, қўлимдан ҳеч нарса келмайди. Ҳозир тезроқ муолажаларни олиб, майдонга қайтиш ҳақида ўйлашим керак. Балки ана шу иштиёқ ва ирода тезроқ соғайишимга замин яратар?! Шунга умид қилиб қоламан. Ўйлайманки, ҳаммаси яхшиликка. Жамоамиз шифокорлари сафга қайтишимга олти ой муддат керак бўлади, дейишяпти. Насиб қилса, уч ойдан кейин югуришни бошлайман. Ҳозирда тренажёр залида реабилитация жараёни давом этмоқда. Физиотерапевт, шифокор ёрдамида машғулотлар олиб боряпмиз. Аммо барибир, тўлиқ тузалиб, сафга қайтишим учун ярим йилга яқинроқ вақт керак бўлади. Олдинроқ қайтсам, жароҳатимни янада жиддийлаштириб олишим мумкин. Шу сабабли таваккалга асло йўл қўймаймиз. Клубимиз шифокорлари малакали, улар жараённи назорат қилиб туришибди.

- Шу вақт мобайнида клуб ихтиёрида бўласизми ёки муолажаларни Тошкентда давом эттириш имконияти ҳам борми?

- Йўқ, барчаси шу ерда - Японияда ўтказилади. Реабилитация ва тикланиш машғулотлари Жубилода бўлади. Тошкентга боришга ҳожат йўқ. Японияда энг илғор технологиялар мавжуд, бу ҳеч кимга сир эмас.

- Жамоадошларингизнинг сизни қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга оширган ўзига хос акцияси кўпчиликнинг диққат-эътиборини тортди. Кўнглингиз тоғдек кўтарилгандир?

- Албатта. Бунинг учун клуб раҳбарияти, мураббийлар штаби, мухлислар ва жамоадошларимга раҳмат айтаман. «Жубило Ивата» президенти ҳам мени ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини билдирди. Бу жуда муҳим. Дарҳақиқат, видеороликни кўрганимдан сўнг кўнглим тоғдек кўтарилди. Очиғи, буни кутмагандим.

- Миллий жамоамизда янги давр  бошланяпти. Мураббийлар штаби ва таркибда ҳам ўзгаришлар бўлмоқда. Шу маънода, Марокашда ўтказилган йиғин ва унинг доирасидаги иккита ўртоқлик учрашуви ҳақида нима дея оласиз?

- Жароҳат олганимни айтмасак, ҳаммаси яхши ўтди. Битта учрашувда дуранг қайд этдик. Иккинчи ўйинда мезбонларга имконият бой берилди. Шунга қарамай, иккала баҳсда ҳам муносиб ўйнадик, деб айта оламан. Рақибларимиз кучли эканлигини алоҳида айтиб ўтишим шарт бўлмаса керак. Марокаш ва Сенегал ЖЧ-2018 иштирокчилари ҳисобланади. Бундай рақибларга қарши ўтказиладиган ўйинлар бизга жуда керак. Шундай учрашувларда футболчиларнинг кўзи пишади, маҳорати янада тобланади.

- Кучли термаларга қарши кечган баҳсларда футболчиларда, айниқса, ёшларда бироз бўлсада ҳаяжонга берилиш ҳолати кузатилмадими?

- Йўқ, менимча, бундай ҳолат кузатилмади. Ёш футболчилар ҳам ўз вақтида ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатларида иштирок этишган. Халқаро ўйинлар ҳавосидан баҳра олишган. Эҳтимол, озгина маҳорат етишмаган бўлиши мумкиндир, лекин бу вақт ўтиши билан тўлдириладиган ҳолат.

- Темур Кападзе ва Миржалол Қосимов бошчилигидаги машғулотлар қандай кечди? Аввалгиларидан фарқ сезилдими?

- Ҳа, тафовут бор, албатта.

- Хўш, фарқ нималарда сезилди?

- Машғулотлар анча қизиқарли тарзда кечди, кўтаринки кайфиятда шуғулландик. Қолаверса, ўйинга танланган тактик схема ҳам маъқул келди. Мураббийлар штаби кўпроқ тўпни назорат қилишга эътибор қаратишимиз кераклигини уқтирди. Машғулотлар ҳам шунга монанд тарзда ташкил этилди.

- Темур Кападзе ёш мураббий. Шу жиҳатдан олиб қараганда, кўпчиликда «Эплаб кета олармикан?» қабилида саволлар туғиляпти. Бу борада шахсий фикрингиз қандай?

- Мураббийни қўллаб-қувватлаш керак. Бошқа ҳар хил гап-сўзларга эътибор қаратмай, унга ишониш лозим. Шунда ҳаммаси яхши бўлади. Темур Кападзе катта тажрибага эга, футболчилик даврида малакали мураббийлар қўл остида ўйнаган. Табиийки, улардан ўзи учун яхшигина сабоқ олган.

- Сизнингча, терма жамоага хориждан мураббий керакми ёки ўзимизникилар ҳам мундиалга чиқиш вазифасини уддалашармикан? Ҳар ҳолда, шу пайтгача маҳаллий мутахассислар буни эплай олишмади...

- Агар ҳақиқатан ҳам кучли, дунё тан олган мураббий бўлса, олиб келиш керак. У камида ўз термаси билан жаҳон чемпионатида иштирок этган бўлиши шарт. Бошқалар ёрдам беролмаса керак. Ўша кучли мутахассис атрофида бизнинг ёш мураббийларимиз ўз тажрибаларини янада ошириш имкониятига эга бўлишади. Бу футболимизга ҳар томонлама фойда келтиради. Менимча, Ўзбекистон ФА раҳбарияти ҳам шуни кўзлаб иш қилмоқда. Матбуотда машҳур мураббийлар билан музокара олиб борилаётгани ҳақида хабар берилганди.

- Миллий жамоамиз январь ойида ўтказиладиган Осиё чемпионатида фаворит бўла оладими? Умуман, бугунги термамизнинг потенциалини қандай баҳолайсиз?

- Ушбу масалада олдиндан бир нарса дея олмайман. Сиз айтган потенциал нафақат миллий, балки бошқа ёш тоифасидаги барча термаларимизда бўлган. Ҳамма гап ўша потенциални амалда намоён эта олишда. БААдаги Осиё кубогига ҳам бош жамоамиз етакчи мақомида ташриф буюради. Лекин ана шу етакчиликни амалда исботлаш лозим. Агар ўша пайтга бориб барча футболчиларимиз оптимал спорт формасида бўлишса, жароҳатлар бизни четлаб ўтса, чемпионлик учун курашамиз. Менимча, жамоамиз олдига шундай вазифа қўйилса керак.

- Келинг, энди клубингиз ҳақида суҳбатлашсак. «Жубило Ивата» мавсумни бироз омадсиз бошлади. Бу вақтинчалик ҳолатмикан? Омадсизликнинг сабаблари нимада?

- Чиндан ҳам, бизга мавсумнинг илк турларида қийин бўлди. Бунинг ўзига яраша сабаблари бор. Япония J-лигасининг қолган жамоалари анча кучайган. Рақиблар ҳам ўз олдига улкан мақсадларни қўймоқда. Ўйлайманки, бу вақтинчалик ҳолат. Турдан-турга жамоамиз ўз ўйинини топиб оляпти. Ҳали олдинда учрашувлар кўп. Чемпионат бошида йўқотилган очколар ўрнини тўлдириб олишга имконият бўлади. Афсуски, шундай муҳим паллада жамоадошларимга ёрдам беролмаяпман. Майдон ташқарисидан ўз жамоанг ўйинини томоша қилиш роса алам қилар экан.

- Жорий мавсум «Жубило Ивата» олдида қандай вазифа турибди?

- Кучли бешликка киришимиз керак.

- Лекин бу ОЧЛ йўлланмасини бермайди-ку!

- Тўғри. Лекин вазиятга реал қарасак, 5-ўрин ҳам ёмон эмас. Аммо бу энг минимум вазифа. «Иштаҳа овқат пайти келади», дейишганидек, балки якунда кучли тўртликдан ҳам жой олармиз. Ҳар доим мақсадни юқорироқ қўявериш керак.

- Кубок баҳсларида-чи?

- Кубокни қўлга киритишимиз лозим. Ҳар ҳолда, шунга астойдил ҳаракат қиламиз. Мавсумни камида битта соврин билан тугатсак ёмон бўлмасди.

- Тахмин қилиб кўринг-чи, ЕЧЛда ким чемпион бўлади?

- «Реал» кучлироқдек кўриняпти, лекин менга «Ливерпул»нинг ғолиб чиққани яхшироқ. Чунки жамоа жорий мавсум ҳужумкор, мухлисларга хуш ёқадиган ўйин намойиш этяпти.

- Европа Лигасида-чи?

- Бу турнирда Мадриднинг «Атлетико» клуби қолганлардан кучлироқ ўйнади.

- Фозил Мусаев жаҳон чемпионатида қайси жамоага мухлислик қилади ва кимнинг имкониятларини юқорироқ баҳолайди?

- Чиройли футбол тарафдориман. Бразилия, Испания ва Германия термалари фаворитлар қаторида эътироф этиляпти. Месси сабаб Испания ва Аргентина жамоалари ўйинини ўтказиб юбормасликка ҳаракат қиламан. Аргентина чемпионлик шоҳсупасига кўтарилса, бундан хурсанд бўламан.

- Месси ва Роналду сафига янги юлдуз сифатида Салоҳ қўшилди. Мисрлик жавоҳир «Олтин тўп»га лойиқми?

- Агар «Ливерпуль» Чемпионлар Лигасини ютса, у ҳолда «Олтин тўп»­ни Салоҳга бериш керак.


Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди "Интерфутбол" газетаси

Рейтинг: +8   

Комментарии

championat.asia
< посмотреть последние новости
Яндекс.Метрика