ФИФАнинг навбатдаги "эврикаси". Клублар яна дам олмайди, бундан кўпчилик норози
05 дек 16:00
Новости
ФИФАнинг навбатдаги "эврикаси". Клублар яна дам олмайди, бундан кўпчилик норози
Шундай қилиб ҳар йил ўтказиб келинган клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатидан воз кечилади ва бу мусобақа 32та клуб иштирокида ҳар тўрт йилда бир ташкил қилинади. Янги форматдаги илк мусобақа келаси йилнинг 15 июнидан 13 июлига қадар АҚШда ўтказилади.
Маълумки, ҳар йил барча қитъалар ўз Чемпионлар Лигасини ўтказиб келмоқда. ФИФАнинг янги турнирида охирги 4 йилдаги чемпионлар клублар ўртасидаги ЖЧда қатнашади. Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, 2005 йилдан бери ҳар йил декабрь ойида клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати ўтказиб келинаётганди. 2016 йил ФИФА президенти Жанни Инфантино илк бор иштирокчилар сонини кўпайтириш ҳамда мусобақа форматини ўзгартириш таклифини ўртага ташлади. Орадан уч йил ўтиб 32талик формат тасдиқланади ва мусобақани июнь-июль ойларида ўтказиш варианти белгилаб олинди.
Кейинчалик пандемия юз берди, карантин сабаб кўп давлатлар ёпилди. Ҳеч ким мусобақани ўзида қабул қилишга хайрихоҳлик билдирмади. Масалан, 2019 йил янгича форматдаги турнир Хитойда бўлиб ўтиши керак эди, лекин Хитой рад қилди. 2023 йилнинг июнь ойида клублар ўртасидаги ЖЧни АҚШда ўтказишга келишиб олинди ҳамда 32та клуб 4тадан 8 гуруҳга бўлиниши ҳақида қарор қабул қилинди. Шунда ҳар бир гуруҳдан 1-2 ўринлар кейинги босқичга чиқади.
Иштирокчилар
Бугунги кунга келиб янги форматдаги мусобақанинг барча қатнашчилари маълум ҳамда жамоалар саватчаларга бўлинган. Дарвоқе бугун қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтади. Қуръа жараёнида ФИФА имкон қадар бир конфедерациядаги жамоаларни бир-бирига туширмасликка ҳаракат қилади. Қуйида қайси конфедерацияга нечта ўрин берилганини келтириб ўтамиз.
УЕФА (Европа) - 12та
"Челси" - ЕЧЛ 2020/21 ғолиби
"Реал" - ЕЧЛ 2021/22 ва 2023/24 ғолиби
"Манчестер Сити" - ЕЧЛ 2022/23 ғолиби
"Бавария" - охирги 4 йилликдаги рейтинга қараб
ПСЖ - охирги 4 йилликдаги рейтинга қараб
"Интер" - охирги 4 йилликдаги рейтинга қараб
"Порту" - охирги 4 йилликдаги рейтинга қараб
"Бенфика" - охирги 4 йилликдаги рейтинга қараб
"Боруссия Д" - охирги 4 йилликдаги рейтинга қараб
"Ювентус" - охирги 4 йилликдаги рейтинга қараб
"Атлетико" - охирги 4 йилликдаги рейтинга қараб
"Ред Булл Зальцбург" - охирги 4 йилликдаги рейтинга қараб
КОНМЕБОЛ (Жанубий Америка) - 6та
"Палмейрас" - Либертадорес Кубоги 2021 ғолиби
"Фламенго" - Либертадорес Кубоги 2022 ғолиби
"Флуминенсе" - Либертадорес Кубоги 2023 ғолиби
"Ботафого" - Либертадорес Кубоги 2024 ғолиби
"Ривер Плейт" - охирги 4 йилликдаги рейтинга қараб
"Бока Хуниорс" - охирги 4 йилликдаги рейтинга қараб
ОФК (Осиё) - 4та
"Ал Ҳилол" - ОЧЛ 2021 ғолиби
"Урава Редс" - ОЧЛ 2022 ғолиби
"Ал Айн" - ОЧЛ 2023/24 ғолиби
"Улсан Хюндай" - охирги 4 йилликдаги рейтинга қараб
КОНКАКАФ (Марказий ва Шимолий Америка) - 4та
"Монтеррей" - КОНКАКАФ чемпионлар лигаси 2021 ғолиби
"Сиэтл Саундерс" - КОНКАКАФ чемпионлар лигаси 2022 ғолиби
"Леон" - КОНКАКАФ чемпионлар лигаси 2023 ғолиби
"Пачука" - КОНКАКАФ чемпионлар лигаси 2024 ғолиби
КАФ (Африка) - 4та
"Ал Аҳли" - Африка чемпионлар лигаси 2020/21, 2022/23, 2023/24 ғолиби
"Видад Атлетик" - Африка чемпионлар лигаси 2021/22 ғолиби
"Эсперансе де Тунис" - охирги 4 йилликдаги рейтинга қараб
"Мамелоди Сандаунс" - охирги 4 йилликдаги рейтинга қараб
ОКЕАНИЯ (Океания) - 1та
"Окленд Сити" (Янги Зеландия) - Охирги 4 йилда Океания Чемпионлар лигаси ғолиби
Мезбон - 1та
"Интер Майами" (АҚШ) - МЛС 2024 ғолиби
Саватчалар маълум
ФИФА барча иштирокчиларни аниқлаб олганидан сўнг жамоаларни саватчаларга бўлиб чиқди. Демак, клублар 8тадан 4та саватга бўлинган.
1-сават: "Манчестер Сити", "Реал", "Бавария", ПСЖ, "Фламенго", "Палмейрас", "Ривер Плейт", "Флуминенсе".
2-сават: "Челси", "Боруссия Д", "Интер", "Порту", "Атлетико", "Бенфика", "Ювентус", "Ред Булл Зальцбург".
3-сават: "Ал Ҳилол", "Улсан Хюндай", "Ал Аҳли", "Видад Атлетик", "Монтеррей", "Леон", "Бока Хуниорс", "Ботафого".
4-сават: "Урава Редс", "Ал Айн", "Эсперанс де Тунис", "Мамелоди Сандаунс", "Пачука", "Сиэтл Саундерс", "Окленд Сити", "Интер Майами".
Масаланинг асл моҳияти
Масаланинг асл моҳияти шундаки, мусобақа кенг форматда ҳамда ёз ойларида бўлиб ўтиши етакчи клубларга ёқмаяпти. Масалан, "Реал" бош мураббийи Карло Анчелотти клуб ушбу мусобақада қатнашмаслигини айтганди. Аммо кейинчалик ФИФАдан босим бўлди шекилли, дарҳол клуб матбуот хизмати "Реал" ФИФА қарорини ҳурмат қилишини ва ушбу мусобақада иштирок этишини маълум қилди.
Муаммо шундаки, ёзда деярли барча клублар таътилга чиқади. Шундоқ ҳам футболчилар йил бўйи кўплаб мусобақада тўп тепяпти. Ва улар учун клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатини декабрда, 7та жамоа иштирокида ўтказиш варианти маъқул эди. Мусобақа узоққа чўзилмасдан тугарди. Энди бўлса бир ойлик турнир бўлади. Худди 32та терма жамоа иштирокида ҳар 4 йилда ўтказиб келинган Жаҳон чемпионати каби.
Савол: етакчи клубларнинг бу пайтда дам олгани маъқулми ёки ўйнаганими? Ахир июнь-июль ойларида кўпчилик ёзги таътилга чиқиб кетади. Қолаверса, Европанинг аксар клублари энди янги мавсумга тайёргарлик олиб бораётган бўладилар. Шу боис Кевин де Брюйне ва бошқалар бежизга айтгани йўқ: "Тепадагилар фақат пулни ўйлаяпти, уларнинг футболчилар билан иши йўқ".
Трансляция ва ҳомийлик масаласи
ФИФАнинг мақсади иштирокчилар сонини 32тага ошириб ҳаммани ўзига қаратишми ё оддий қилиб айтганда пул ишлашми? Пул ишлаш учун трансляция ва ҳомийлар бўлиши керак. Трансляция бўйича ФИФА уч марта йирик компанияларга мурожаат қилди ва дастлабки иккиси самарасиз бўлди. Чунки кўпчиликка бу формат ва айниқса мусобақа ўтказиладиган муддат ёқмади. Ва охири Британиянинг DAZN компанияси билан келишувга эришилди.
Яна бир сабаби шундаки, 2025 йилнинг 12 июнь - 5 июль оралиғида ўсмирлар ўртасида Европа чемпионати ҳамда 14 июнь - 7 июль оралиғида терма жамоалар ўртасида КОНКАКАФ Олтин Кубок мусобақаси бўлиб ўтади. Бу мусобақани Канада ва АҚШ биргаликда қабул қилади ва кучли терма жамоалар қатнашади. Табиийки бу пайт америкаликлар хаёли ўз терма жамоаларига қаратилган бўлади.
Албатта, бу ҳам ФИФАни ўйлантирмай қўймаяпти. Октябрь ойида Ла Лига президенти Хавьер Тебас баёнот бериб очиқчасига ФИФАни танқид қилди. Унинг айтишича, янгича форматдаги клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати мутлақо ҳеч кимга қизиқ эмас. "Ҳурматли, ФИФА президенти, Сиз бу турнир ҳеч кимга керак эмаслигини жуда яхши тушуниб турибсиз. Сизда ҳомийлар йўқ. Бу мусобақани касаба уюшмалари ҳам, клублар ҳам, футболчилар ҳам хоҳламаяпти. Дарҳол бу тартибсизликни тўхатинг", - дея фикр билдирган Ла Лига раҳбари.
Стадионлар масаласи
Ҳозирги пайтга келиб ушбу мусобақа АҚШнинг 12та стадионида бўлиб ўтиши маълум қилинган. ФИФА эндиликда стадионлар сиғими катталиги билан одамларни ҳайрон қолдиришга уриняпти. Чунки биргина финалга мезбонлик қиладиган Нью Йоркдаги "Метлайф Стэдиум" ўз бағрига 82,500 томошабинни сиғдира олади. Майли, сиғими каттадир, лекин футболга унчалик қизиқмайдиган америкаликлар шу куни стадионни тўлдира олармикан.
Ва яна энг муҳими, машҳур юлдуз футболчилар бу пайт ёзги таътилга чиқишни хоҳлаб қолса нима бўлади? Клублар мажбур турнирга олиб кетадими ёки иккинчи таркиб билан борадими? Хуллас ушбу мусобақа атрофидаги саволлар ниҳоятда кўпки, ФИФА фақат ўз фикрини маъқуллаш билан овора. Бу ўринда клублар билан ҳеч кимнинг иши йўқдек гўё.
Х.Холиқов.
Комментарии
Навбатдаги қарор майдонга хар бир жамоадан 11тадан эмас 15тадан футболчи тушуриш хақида булса ажаб эмас.
Angliya futboli afsonasi Alan Shirer intervyusida aytgandi: "Meni futbol o‘ynatganlardan cheksiz minnatdorman. Chunki ular menga sevimli mashg‘ulotim bilan shug‘ullanganimga pul to‘lashdi"