ЕВРО-2016. "A" гуруҳи таҳлили
23 июн 2016 17:28
Новости
Мусобақа мезбони, Европа чемпионати дебютанти, Евро-2000 чорак финалчиси ва Швейцария терма жамоаси иштирок этди.
Бу гуруҳда деярли сенсация бўлмади. Қуръа ташланган пайтдаёқ Франция гуруҳ фаворити деб ҳисобланаётганди. Якунда мезбонлар тахминларни оқлаб биринчи ўринни банд этиб нимчорак финалга чиқишди. Иккинчи ўрин Швейцарияга насиб этишини кутганди. Барча кутгандек "Банклар юрти" жамоаси иккинчи поғонани эгаллади. Дебютант Албаниянинг Руминияни мағлуб этиб учинчи ўринни олиши сенсация бўлди дейиш мумкин.
Франция - 7 очко
Етакчи - Димитри Пайет
Ўйини чиқмаган юлдуз - Поль Погба
Мусобақа мезбонлари ҳеч бир ўйинда рақибдан тўла устунлик қила олишмади. Илк учрашувни эсга олинг, Руминия билан очилиш ўйинида Дешам шогирдлари фақат сўнгги дақиқаларда мусобақа кашфиётига айланаётган Димитри Пайетнинг урган суперголи эвазига ғолиб бўлишганди. Иккинчи турда Албания билан 90 дақиқа давомида 0:0 ҳисоби қайд этилди, фақат ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда французлар иккита гол уришганди ва кейинги босқичга чиқишган. Сўнгги тур олдидан нимчорак финалга чиқиб бўлгани учун Дешам Жиру, Пайет, Канте, Матюиди каби нечта етакчиларга дам берди. Натижада 0:0 ва гуруҳда биринчи ўрин.
Нимчорак финалда Франция Ирландия билан ўйнайди. Имкониятлар мезбонлар томонида - 60:40.
Швейцария - 5 очко
Етакчи - Гранит Жака
Ўйини чиқмаган юлдуз - Жердан Шакири
Биринчи турда дебютант Албания билан ўйнаган Петкович шогирдлари Фабиан Шаарнинг урган голи эвазига ғалаба қозонишган. Айнан шу ғалаба жамоанинг кейинги босқичга чиқишига катта ёрдам берди. Кейин Руминия билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйналди. Адмир Меҳмеди гол урди. Охирги турда Франция билан нурсиз ўйин ва - 0:0. Швейцария ўз тарихида уч бор Европа чемпионатида иштирок этган ва умуман гуруҳдан чиқа олмаганди. Бу йил жамоа илк бор плей-оффга чиқди.
1/8 финалда Швейцария ҳали мусобақада гол ўтказмаган Польша билан ўйнайди. Швейцариянинг имкониятлари пастроқ - 40:60.
Албания - 3 очко
Етакчи - Армандо Садику
Ўйини чиқмаган юлдуз - Лорик Цана
Дастлабки турда Европа чемпионати дебютанти Швейцария билан ўйнади. Тезкор гол ўтказиб юборган Албания 36-дақиқада 10 киши бўлиб қолди. Жамоа сардори Лорик Цана қизил карточка олиб майдонни тарк этди. Бироқ шунга қарамай Жианни Де Бьязи шогирдлари ўша ўйинда дуранг ва хатто ғалабага эришишлари мумкин эди. Аммо ҳужумчиларнинг нўноқлиги ва рақиб посбони Ян Соммернинг маҳорати эвазига мағлубият қабул қилиб олинган.
Иккинчи турда Албания мусобақадаги энг яхши ўйинларидан бирини кўрсатди. 90 дақиқа давомида мусобақа мезбони, турнир фаворитларидан бири бўлган Франция билан дуранг ўйнашга муваффақ бўлди. Бироқ ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда французлар иккита гол уриб ютиб кетишганди. Ўша баҳсда албанлар камида дурангга лойиқ эдилар.
Охирги турда Албания тарихий ғалабага эришди. Руминия билан учрашувда Армандо Садику томонидан урилган гол жамоага Европа чемпионатларидаги биринчи ғалаба бўлиб қолди.
Албания 1/8 финалга чиқишлари мумкин эди. Бироқ тўплар нисбати ёмон бўлгани учун учинчи ўринни олганлар орасида энг охирги поғонанини олди.
Руминия - 1 очко
Етакчи - Богдан Станку
Ўйини чиқмаган юлдуз - Рэзван Рац
Очилиш ўйинида иштирок этган Руминия илк учрашувдаёқ катта сенсация соҳиби бўлиши мумкин эди. Франция билан 89-дақиқагача 1:1 ҳисобида дуранг ўйнаб турган Руминия Пайетнинг шедеври туфайли мағлуб бўлди. Ўша ўйинда Ангел Иорданеску шогирдлари ажойиб ўйнашганди.
Иккинчи турда руминлар Швейцария билан куч синашишди. Биринчи бўлимда Богдан Станку худди биринчи турдаги каби пенальтидан гол уришга эришди. Бироқ иккинчи таймда рақиб ҳисобни тенглаштириб қўйди - 1:1.
Дастлабки икки учрашувда 1 очко олган Руминия Албанияни мағлуб этса учинчи ўрин билан кейинги босқичга чиқиши мумкин эди. Бироқ ўша ўйинда гуруҳнинг энг сенсацион натижаси қайд этилди. Дебютант Албания Руминияни мағлуб этди. Шу сабабли Георги Хаджи юртдошлари гуруҳда энг охирги ўринни эгаллаб Евро-2016ни тарк этишди.
№ | Жамоа | Ў | Ю | Д | М | Т-Н | О |
---|---|---|---|---|---|---|---|
1 |
Франция | 3 |
2 |
1 |
0 |
4-1 |
7 |
2 | Швейцария |
3 | 1 | 2 | 0 | 2-1 | 5 |
3 | Албания | 3 | 1 | 0 | 2 | 1-3 | 3 |
4 | Руминия | 3 | 0 | 1 | 2 | 2-4 | 1 |
Нарзулла Сайдуллаев
Комментарии