Эътибор бўлмаса, қолгани бекор...
08 фев 2015 10:00
Новости
Эътибор бўлмаса, қолгани бекор...
Халқаро майдонда ўйнайдиган тўрттала клубимиз ўқув-йиғин машғулотларини чет элда давом эттиришмоқда. Жамоаларимиз янги мавсум олдидан ўз олдиларига яхши ва жиддий мақсадларни қўйиб олишмоқда. Ҳар ҳолда улар ўз интервьюларида шунга ишонтиришга ҳаракат қилишади. Бу йилдан эътиборан Олий лигамизда иштирокчилар сони яна иккитага кўпайди. Сўнгги пайтларда ўрганиб қолганимиз 14та жамоа сафига эндиликда яна иккита клуб қўшилди. Бу бир тарафдан тўғри қарор (ўйинлар сони ошади) бўлди. Иккинчи тарафдан эса "олди-қочди" ўйинлар сони кўпайиб, йўқолиб бораётган сифат янада йўқ бўп қолиши кишини бироз ўйлантириши табиий. Бу ҳақда кўп гапириб ўтирмаймиз.
ПФЛ шундай қарор келиб бўлдими, демак масала ҳал. Бизни бошқа нарса қизиқтиради. Бу йилдан бошлаб чемпионатимизда нима янгиликлар бўлади. Футболимиз томири ҳисобланадиган Олий лигамиз юқорига интила оладими? Сўнгги йилларда футболимиз ривожланмоқда, кучаймоқдамиз, чемпионатимиз савияси ўсиб бормоқда деган интервьюларни кўп оляпмиз. Одатда футбол мутахассислари шу сўзларни айтишни жуда яхши кўришади. Лекин гапирган билан иш битмайди. Тўғрисини айтиш керак, футболимиз забт этилган тепаликдан пастга қулашни бошлаб юборган. Лекин негадир шунга эътибор қаратишимиз қийин бўлмоқда. матбуотда бу борада анчагина чиқишлар бўлаётганига қарамай, ПФЛ раҳбарияти ва мутахассисларимиз бунга очиқ кўз билан қарашга бироз қийналишмоқда. Мамлакатимизда сўнгги йилларда замонавий стадионлар, футбол мактаблари барпо этилди. Шароитлар йилдан-йилга яхшиланиб бормоқда. Шароит ва имкониятлар кўпаймоқда. Лекин бундан қай даражада фойдалана оляпмиз? Шу ҳақида нега очиқ гапирилмаяпти?
Шунча қилинаётган ҳаракатлар бесамар кетиб қолмоқда. Масалан сўнгги йилларда қайси футболчимиз миллий чемпионатдан кучлироқ бўлган лигага кетди? Озарбойжонми, Қувайтми, Қозоғистонми, Малайзиями? Кечирасиз, аммо бу чемпионатларни назарда тутмовдим. Бу чемпионатлар даражаси ва савияси аслида бизникидан кучли бўлмаган ва кучли эмас. Ҳа, балки ўша чемпионатларда эътибор ортиб, олдинга силжиш бўлаётгани бор гап ва бунга гувоҳи ҳам бўлмоқдамиз. Демак у ерда ҳаммаси тўғри йўналишда кетмоқда. Ўша лигалар олдинга интилмоқда ва ўзбекистонлик футболчиларни ҳам жалб эта оладиган салоҳиятга эга бўлган. Бу уларнинг ютуғи. Бу дегани биз олдинга юришдан тўхтаб қолганмиз ва биздан орқадагилар индамаса қувиб етаман деб қолишган. Масалан ташкилий ишларда улар бизнинг ПФЛдан аниқ ўтиб кетишган деб бемалол айта оламан.
Ўтган йилги "қулоқсиз" кубокларимиз... Гапга қулоқ солиш керак!
Бизда эса ҳали хамон кичик деталларга эътибор бериш "мода"дан қолган. Гуёки бизда бунақанги кичик ва ташқарида эътиборга кўп ҳам илинмайдиган нарсалар муҳим эмасдек. Аслида ҳаммаси шунга боғлиқ ва шу нарса ҳам бизни орқада ушлаб тураётгандек. Мақола сарлавҳасида ёзганимдек, эътибор бўлмаса, қолгани бекор.
Бу гап нафақат ПФЛ раҳбариятига тегишли, балки клубларимиз раҳбарларига ҳам, умуман футболимиз жамоатчилигидаги барчага тегишли.
Масалан, ПФЛ ўтган йили Ўзбекистон Суперкубоги қайта тиклади ва ўтган мавсумдан бошлаб суперкубок яна ўтказиладиган бўлди. Энди ўша ўйинни бир ёдга олсак.
Жар стадионида бўлиб ўтган суперкубокда Миржалол Қосимов бошчилигидаги "Бунёдкор" жамоаси "Локомотив"ни мағлуб этиб, Ўзбекистон Суперкубогини қўлга киритган эди. Энг кулминацион нуқта эса, ўйин тугаганидан сўнг бўлиб ўтганди. Воҳид Шодиевнинг заргарона голию, Қосимов & Абрамов тўқнашуви тезда унутилиб, "қалдирғочлар"ни тақдирлаш маросими ҳаммани "эътибор"ига сазовор бўлганди. Умуман Суперкубок ўйини бу ҳам бир катта футбол баҳси. Финал каби муҳим, футбол мухлислари ва жамоатчилиги учун жуда қизиқарли бўлган беллашув. Иккита жамоадан бири совриндор бўладиган тарихий кун, воқеа, ўйин ҳисобланади! Бу каби кичкина мусобақаларни шунчаки ўтказиб бўлмайди. Унга ҳам эътибор ва ҳаракат зарур. Номига ўтди-кетди қилиб юрсак, чемпионатимиз ҳам номига ўтадиган бўлиб қолиши катта эҳтимол.
Ўтган йилги "шедевр"ларни бу йил бизга кераги йўқ...
Умуман футбол бу мухлисларники! Финал эса мухлислар учун катта байрам! Аслида ҳар бир ўйин мухлисларга байрамдек. Лекин финал бу умуман бошқа дунё ва бошқача байрам. Янги йил байрамини қанчалик интизор бўлиб, бошқача кутадиганимиздек, финал ҳам худди шундай ўйин. Бундай даражалаги ўйинларга шунга мос равишда тайёргарлик ва энг муҳими ЭЪТИБОР зарур! Танқид қилиш осон. Ҳар нарсадан камчилик топиш мумкин, тўғри. Лекин тўғрисини тан олиш керак, ПФЛда биз айтаётган камчиликлар афсуски оз эмас ва бу нарса ўзгаришсиз қолиб кетмоқда. Алам қиладигани ҳам шу.
Айтадику, янги йилни қандай кутиб олсанг, йилни шу зайилда давом эттирасан деб. Бу ўтган мавсумда футболимизда тўлиқлигича ўз исботини топди. Яъни ўтган йилги футбол мавсумини шу даражада паст савияда кутиб олдикки, олий лига ва кубок баҳсларимиз ҳам ундан юқори бўлмаган тарзда ўтди. Ва энг қизиғи, Олмалиқдаги Ўзбекистон Кубогининг финал беллашувида яна ўша эски (суперкубогдаги) сценарий кузатилди. Тасодиф? Балки. Бир нарса дейиш қийин. Стадион, "Бунёдкор" бош мураббийи ва мусобақа ўзгарганини ҳисобга олмасак, яна ўша финал, яна ўша жамоалар ва ҳал қилувчи баҳс. Ўзгаришлар бўлмади десак ёлғончига айланиб қоламиз. Бу сафар мавсумнинг илк ўйини эмас ва балки сўнгги учрашуви эди. Бу сафар шаҳар, ғолиб жамоа, ўйиндаги ҳисоб ҳам ўзгарди. Бироқ финалнинг энг муҳим палласи, тақдирлаш маросими ва чемпионликни нишонлаш мактаб мусобақаларинидан ҳам ночор ахволда ўтказилди.
Мавсумни қандай "чиройли" бошлаган бўлсак, шундай "ажойиб" тарзда якунлагандик. "Нимани эксанг, шуни ўрасан" дегандек бўлди. Бундай финал ва мавсумнинг энг муҳим ўйинлари шу тарзда ўтганидек сўнг, мухлисларимиз нега стадионларда кўринмай қолди деб айтиш ноўрин. Мухлисларни ўзига жалб эта оладиган ўйинлар, финаллар зарур. Футболга қизиқмаган инсон ҳам бугун финал бўлади деса кўпчилик қатори диққатини ўша 90 дақиқа ва балки ундан ҳам кўп бўлиб ўтадиган беллашувга қаратади. Лекин бизлардаги бу каби финаллар ва бундай ташкилотчиликдан сўнг футболимизнинг жонкуяр мухлислари ҳам қўлни силтаб юборадида.
Тақдирлаш маросимидан бунданда чиройлироқ кадр олишни иложиси йўқ...
Умид қиламизки, бу йилдан эътиборан ПФЛ ўз ЭЪТИБОРини шунга ўхшаш жиҳатларга қаратади. Қаратиши керак ҳам. Бу уларнинг иши ва ҳар бир раҳбар одам ўз ишидан роҳатланиб, янги марралар сари интилишни ўз олдига мақсад қилиб қўйиши керак. Шундагина бир нимага эришади. Бу нарсаларни ёзишдан мақсад, чемпионатимиз бошланишидан олдин ҳар бир футбол раҳбарлари шунга ўхшаш (уларга "қизиқ" бўлмаган) нарсаларга эътибор беришларини истаб қолардик. Бу уларнинг асосий иш ва вазифаларига киради аслини олганда. Кичик деталлар катта-катта ютуқларни йўлига тўсиқ бўлмасин деймиз.
Клубларимиз ҳам янги мавсумда аввало ўз суюкли мухлисларига чиройли футбол намойиш этиб, ўз олдиларига қўяетган аниқ ва жиддий мақсадлари сари олға интилишларини ва бу йўлда "чалғиб" қолмасликларини хоҳлардик. Чемпионатимиз савияси нафақат ПФЛ, ёки бошқа нарсаларга боғлиқ. Балки клубларимиз, хусусан жамоаларимиз раҳбарларига ҳам боғлиқ. Уларнинг эътиборлари жамоага ўзгача ишонч ва катта масъулият юклайди. Клубни креслода ўтириб, шунчаки бошқариш эмас. Балки халқ ва матбуот билан яхши ишлаб, жамоа билан бирга бўлиб, ҳақиқий футболга меҳрини бера оладиган инсон бўлиш керак. Аввало футболни севиши ва тушуниши керак. Клубда менежер бўлиш бу улар учун энг асосий мақсад эмас. Балки ўша клубни янги ютуқларга етаклай олиш, бунга ҳаракат қилиш ва интилиш улар учун энг катта вазифа бўлиши даркор. Шундагина бизда ҳам ҳақиқий профессионал клублар вояга етиши мумкин. Аксинча қоладиган бўлса, юраверамиз...
Ҳамма нарсага эътибор керак. Эътибор бўлмаса, қолгани бекор.
Шаҳбоз БЕҒАМОВ.
Комментарии