Етакчилар қоқилмади: А Серия 23-тур якунлари
22 фев 2023 10:50
Новости
"Наполи"га "Сассуоло"нинг ҳам кучи етмади
Илк дақиқаларни жамоалар бир-бирларини ўрганишга сарфлашди. Кейин Хвича яна катта саҳнага чиқди. У ҳимоячиларни ортда қолдириб, жарима майдончаси чизиғи устидан ажойиб зарба берди ва Консильяни доғда қолдирди. Грузиялик футболчидан яна бир ажойиб гол. Дефрелда яхши имконият бўлганди. Тўп унинг зарбасидан кейин устун ёнидан ўтиб кетди. Осимхен эса ўзининг имкониятидан фойдалана билмади. У тепган тўп устунга тегиб қайтди. Бироқ Осимхен унданда қийинроқ вазиятда ўзини кўрсатди. Ўткир бурчакда, ҳимоячи билан курашдаги Виктор зарба берди ва тўп Консильянинг қўллари орасидан ўтиб кетди. Ҳужумчи кўп ўтмай дублни расмийлаштириши мумкин эди. Агар Хвичанинг узатмасидан кейин бош билан аниқ зарба беролганида. Лорьент эса мўлжалда адашмади, лекин гол бўлишидан аввал тўп унинг қўлига теккани маълум бўлди ҳамда ҳисоб ўзгармади.
Осимхен танаффусдан кейин ҳам энг фаоллардан бири бўлиб қолаверди. Унинг навбатдаги зарбаси дарвоза тўққизлигига қараб кетаётганди, Консилья чиройли сейв амалга ошириб, тўп дарвозага бориб тушишига йўл қўймади. "Сассуоло" ҳимояси шу куни рақибнинг икки юлдузини қандай тўхтатишни билолмасди. Танаффусдан кейин эса ҳужум ҳам ишламай қўйди. Учрашув сўнгида Лозано узатган тўпни Жованни Симеоне тўрга йўллади, лекин такрорий лавҳа ҳужумчида офсайд бўлганини кўрсатди. "Наполи" орадаги фарқни қисқартиришга ҳам имкон бермаяпти.
"Интер" "Удинезе" устидан ишончли ғалабага эришди
"Интер" ўйинни яхши бошлади, аммо хавфли вазиятларгача иш етиб бориши қийин бўлди. Биринчи "пичоққа илинадиган" вазият Барелланинг зарбасидан кейин юзага келди. 13-дақиқада Думфрис жарима майдончасида йиқитилди, Лукаку пенальтини тепиш имкониятига эга бўлди ва ундан унумли фойдаланди. Қизиғи, Сильвестри биринчи зарбани қайтарганди, аммо кипер чизиқдан чиқиб кетгани сабаб Ромелу зарбани қайта амалга оширди. Ўйин анча тинчланди. "Интер" голдан кейин темпни атайин туширди ва бу миланликларга қимматга тушди. Перейра битта пас билан "нерадзурри" ҳимоясини доғда қолдирди, Ловрич эса ажойиб зарба билан дарвоза тўққизлигини нишонга олди.
Танаффусдан кейин "Интер" яна дадиллашди. Мхитарян Димарко билан "девор" услубида ўйнаб, зарба берди, лекин Сильвестри ўз ўрнида эди. Бироздан сўнг кипер Жеконинг яқин бурчакка зарбасини қайтаришга эришди. "Интер" концентрацияни йўқотгани туфайли "Удинезе"да гол уриб, ҳисобда олдинга чиқиш учун ажойиб имконият юзага келди. Меҳмонларнинг беш нафар футболчиси уч нафар рақибга қарши чиқиб борди, лекин Саксес охиргача иккиланиб, кўнглидагидек зарба бера олмади. Орадан 30 сония ўтиб, "Интер" қарши ҳужумдан қандай фойдаланиш кераклигини кўрсатиб қўйди. Чалханоглу тўпни Димаркога узатди, ҳимоячи эса жарима майдончасидаги Мхитарянни кўрди, Генрих нозик зарбаси билан Сильвестрига имкон қолдирмади. Лаутаро захирадан ўйинга қўшилди ва дарҳол Барелладан тўпни қабул қилди ҳамда дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқиб кетди. Бироқ Сильвестрини алдай олмади. "Удинезе" таваккал қилиб, олдинга ташланди. "Интер" эса бундан унумли фойдалана олди. Яна бир имкониятга эга бўлган Мартинес вазиятни қийинлаштириб ўтирмади ва дарвозанинг юқори бурчагига кучли зарба йўллаб, якуний ҳисобни ўрнатди.
"Специя" "Ювентус"га ютқазди
Ўйин курашлар билан бошланди ва илк дақиқаларда тўп асосан марказга яқин ҳудудларда, курашда бўлди. Жамоалар дарвозаларга хавф солай демасди. Биринчи чинакамига хавфли вазият меҳмонлар иштирокида бўлди. Бурчакдан узатилган тўпни Данило боши билан дарвозага йўллади, аммо мўлжалда бироз адашди. "Кекса синьора" кейинги имкониятда аниқроқ ҳаракат қилди. Костичнинг узатган тўпини Мойзе Кин биргина ҳаракат билан дарвозага жойлаб қўйди. Шомуродов ҳисобни тенглаштириши мумкин эди. Верденинг узатмасидан кейин Элдор бош билан зарба берди, лекин Перин ишончли ўйнаб, хавфни бартараф этди.
Танаффусдан кейин "Специя" янада хавфлироқ ўйин кўрсата бошлади. Шомуродовда вазият юзага келди ва унинг зарбаси йўлига Алекс Сандро ўзини қалқон қилди. "Ювентус" камроқ, лекин хавфлироқ ҳужум қиларди. Данило тўпни Ди Марияга узатди, аргентиналик эса тўпни ошириши учун шерикларини излаб ўтирмай, кутилмаганда, ўттиз метрлардан зарба йўллади. "Специя"га бу учрашувда ҳеч бўлмаса бир очко ишлаб олиш ҳам қийинлиги сезилиб турарди, аммо жамоа таслим бўлгиси келмасди. Гьясси яқин бурчакка яхши зарба берди, голкипер ўз ўрнида. Кейинроқ Перин Ампадунинг зарбасидан кейин ҳам ишончли ўйнади. Ўйин сўнгида "Ювентус" яна битта гол уриши мумкин эди, аммо 2-1 чиқиб бориб Влахович тўпни Фаджолига қулай тарзда етказиб беролмади ҳамда имконият йўққа чиқди. "Кекса синьора" ғалаба қозонди, бироқ "Специя"ни охиргача курашгани учун мақтасак арзийди.
"Милан" "Монца"ни мағлуб этди
"Монца" ўйинни анча фаол бошлади. Капрари 1-дақиқадаёқ ўткир бурчакдан зарба йўллади. Тетерушану жамоасига панд бермади. Кўп ўтмай, Петанья бош билан яхши зарба берди. "Милан" эса ўйинга кириши секинроқ бўлди. Илк вазият 18-дақиқада, Леаонинг фаоллиги туфайли юзага келди. Португалияликнинг узоқ масофадан дарвоза тўққизлигига йўллаган зарбасига бироз аниқлик етишмади. "Милан" секин-аста вазиятлар сонини орттириб борди. Бунда ўша Леао айниқса фаол эди. Унинг иккита кучли зарбасини Ди Грегорио қайтарди. Натижада, босим охири самара берди ва қанотдан узатилган тўпни Леао қулайроқ вазиятдаги Мессиасга ташлади, ярим ҳимоячи биринчи уринишда тўпни қабул қилиб, иккинчисида узоқ бурчакни нишонга олди. Танаффусгача жамоалар бошқа хавфли вазият юзага келтиришмади.
"Монца" вақт ўтгани сари очилишга мажбур бўларди, бу эса "Милан"га қарши ҳужумлар учун йўл очди. Ана шундай ҳужумлардан бирида Тео қизғанчиқлик қилиб, ноаниқ зарба берди ва яхшироқ вазиятдаги Леаога тўпни оширмади. Кейинги вазиятда энди Леао тўпни жарима майдончаси марказига узатиш ўрнига яқин бурчакка зарба бериб кўрди. "Монца" ҳам гол учун имкониятга эга бўлди. Айниқса Чирруанинг зарбаси хавфли кўриниш олди, лекин тўп устунга тегди. "Милан"нинг жавоб ҳужумида эса Тоналлининг зарбасидан кейин Ди Грегорио тўпни қайтарди, ҳайратланарлиси кипер Де Каттеларенинг такрорий уринишини ҳам бартараф этишни уддалади. Шундай қилиб, "Милан" яхши ўйин кўрсатди ва муҳим ғалабага эришди.
Шунингдек, "Рома" "Верона" таслим этди, "Лечче" эса "Аталанта"ни енгди, "Торино" ва "Кремонезе" дуранг ўйнашди.
Сергей Румянцев
Нозима Тўхтамирзаева таржимаси
Комментарии