Етакчилар ишончни оқлади: А Серия 7-тур якунлари
04 окт 2023 14:40
Новости
Етакчилар ишончни оқлади: А Серия 7-тур якунлари
"Милан" "Лацио"ни енгди
Таъкидлаш лозим, "бургутлар" ўйинни фаолроқ бошлашди. Андерсоннинг хавфли зарбасидан кейин тўп тўрни "уйғотиб юборди", аммо ташқи томондан. Бунга Леао индивидуал ҳаракатлари билан жавоб берди, Проведель яқин бурчакка кетаётган тўпни қайтарди. "Милан" ҳужумлари бўлим ўрталарига келиб хавфлироқ тус ола бошлади, уларнинг энг хавфлиси эса танаффусга яқин юз берди. Жиру қанотдан Теонинг узатмасидан кейин зарба берди, Рейдерс эса дарвозабон қайтарган тўпни дарвозага тўғри йўллай олмади.
"Милан" танаффусдан кейин ҳам 1-рақам бўлиб ҳаракат қилди ва бу охир-оқибат голга айланди. Леао тўпни жарима майдончасига ташлади, Пулишич эса тезда вазиятни баҳолаб, ҳаводаги тўпга ажойиб зарба бериб, уни тўрга йўллади. "Лацио" гол ўтказиб юборгач, анча жонланди ва босим уюштиришга уринарди. Бироқ Сарри шогирдлари айтарли вазият юзага келтира олишмади. Фақатгина Цаканьянинг узоқдан берган зарбасини эсга тушмоқда. "Милан" эса анча хавфлироқ ҳужум қиларди. Проведель қийинчилик билан Окафорнинг зарбасини бартараф этди. Кўп ўтмай, Пулишичда яхши имконият юзага келди ва яна голкипер ишончли ўйнади. Римликлар эса рақиб дарвозасига чинакамига хавф сола олишмасди. Натижада, "Милан" ҳақли равишда яна гол урди. Леао қанотдан катта тезликда ўтиб борди ва тўпни Окафорга узатди, у эса биринчи ҳаракатининг ўзида амалда бўш қолган дарвозани нишонга олди. "Россонери" ишончли ўйин ўтказди, лекин "Лацио"га саволлар тобора кўпайиб бормоқда.
"Интер" "Салернитана"га имкон қолдирмади
Кутилганидек, "нерадзурри" ўйинни фаол бошлашди. Тюрам 5-дақиқада боши билан берган зарбаси анча хавфли кўриниш олди. Бироздан сўнг унинг ўзи жарима майдончасида йиқилди, бироқ ҳакам пенальтига сабаб йўқ, деб ҳисоблади. "Салернитана" ҳам кам сонли ҳужумлар уюштиришга уринарди, улардан бирида Кастанос узоқдан яхши зарба бера олди. "Интер" эса бўлимнинг иккинчи қисмида Очоани унчалик безовта қилмади.
Танаффусдан кейин вазиятни ўнглаш учун майдонга Лаутаро туширилди ва бу ўз натижасини берди. Тюрам қанотдан олдинга ўтди ва тўпни жарима майдочнасига йўллади, Аргентина термаси форварди эса тўпни дарвозабоннинг устидан ўтадиган қилиб усталик билан зарба берди. Бундан кейин "Салернитана" гол урди. Ленговскининг голли узатмасидан кейин Кабрала ажойиб зарба берди, бироқ оффсайд қайд этилди. "Интер" эса қоидани бузмаган ҳолда гол урди. Думфрис ҳимоячи билан курашди ва тўпни Бареллага ташлаб берди у эса тўпни а Лаутарога ўтказди ва Мартинес нозик зарбаси билан ҳисобига яна битта тўп ёздириб қўйди. "Интер" босимни давом эттирди ва Тюрамни жарима майдончаси ичида йиқитишди. Лаутаро пенальтидан унумли фойдаланди. "Интер" тўхташ ниятида эмасди. Мхитарян тўпни Карлос Аугустога узатди ва охирги зарбани яна Лаутаро амалг оширди. Натижада, Мартинес захирадан майдонга тушиб, покерга эришган А Сериядаги ягона футболчига айланди.
"Наполи" "Лечче"ни аяб ўтирмади
Жамоалар ўйин стартида анча суст ҳаракат қилишарди, лекин биринчи хавфли вазиятдаёқ гол урилди. Зельински жарима зарбасидан узатган тўпни Остигор дарвозага йўллади. Эътиборлиси, бу учрашувдаги биринчи аниқ зарба эди. "Лечче" фаоллашишга мажбур бўлди, Крстаич яхши зарба йўллади, бироқ кипер ҳам жамоасига панд бермади. Кўп ўтмай, бурчак зарбасидан кейин Бленда имконият юзага келди, лекин "Лечче" ярим ҳимоячиси мўлжалда адашди. Табиийки, "Наполи" ҳам ҳужум қилишни унутиб қўймади. Симеоненинг узоқдан кучли зарбаси, Ангиссанинг бош билан берган зарбаларини эслаш мумкин.
"Наполи" танаффусдан қайтгач, тезликни ўзгартирди. Хвича катта тезликда тўп билан қанотдан олдинга ўтиб борди ва жарима майдончасига йўллаганида Осимхен барчадан чаққонроқ ҳаракат қилди. "Лечче" шунда ҳам таслим бўлмади ва омадини ҳужумдан изларди. Альмквистнинг узатмасидан кейин Рамаданининг бош билан амалга оширган зарбаси айниқса хавфли тус олди. Бўлим охирига яқин Гарсиянинг ўйинчи алиштириши самара келтирди. Распадори тўпни Гаэтанога оширди ва Жанлука дарвоза бурчагини аниқ нишонга олди. Учрашувнинг асосий вақтига қўшиб берилган дақиқаларда эса Гаэтано пенальти ишлади ва ундан Политано унумли фойдаланди. "Наполи" яна 4 та гол урди ва спорт формасини тиклаб бораётгандек. "Лечче" эса унчалик хафа бўлмаса ҳам бўлади, улар амалдаги чемпиондан ҳеч ҳам қолишмади, баъзи эпизодларда эса ҳаттоки яхшироқ ҳам кўринди.
"Кальяри" "Фиорентина"га имкониятни бой берди
Меҳмонлар учун ўйин жуда оғир бошланди. 3-дақиқадаёқ Нико Гонсалес жарима майдончасидаги вазиятдан унумли фойдаланиб кетди. Сал ўтиб "Кальяри" ҳисобни тенглаштириши мумкин эди. Цаппа ва Шомуродов иккаласи дарвоза томон чиқиб боришди, аммо ярим ҳимоячи қулайроқ вазиятдаги ҳамюртимизга тўпни ошириш ўрнига, ўзи зарба берди. Уриниш кучсиз бўлгани туфайли Койоде "подкат"да тўпни чизиқдан қайтариб юборишни уддалади. "Фиорентина" бунга дарҳол реакция билдирди. Гонсалес яхши зарба йўллади, бироқ бироз ноаниқ. Флоренцияликларнинг фаоллиги гол билан якунланди. Койоде тўпни жарима майдончаси ичига йўллаганида Доссена уни қайтараман деб, дарвоза тўрига йўллаб қўйди. Танаффусгача таблодаги ҳисоб бошқа ўзгармади.
Иккинчи бўлимда эса "Кальяри" қайсидир вақт оралиғида устунликни қўлга олди ва вазиятлар ярата бошлади. Доссена хатосини тўғрилаши ҳам мумкин эди, бироқ зарбасига аниқлик етишмади. Яна бир қатор вазиятлар бўлди, лекин "Кальяри" ўйин охирида ҳужумга берилиб кетди ва ҳимояни унутди. Мондрагора усталик билан Нзолани қулай вазиятга чиқариб юборди ва Шомуродовнинг собиқ жамоадоши якуний ҳисобни ўрнатди. "Фиорентина" томошабоп ўйин кўрсатмоқда, "Кальяри" эса ҳамон "уйғонолмаяпти".
Шунингдек, "Аталанта" ва "Ювентус" муроса кўчасини танлади, "Монца" эса "Сассуоло"ни ютиб қўйди.
Сергей Румянцев
Нозима Тўхтамирзаева таржимаси
Комментарии