Championat.asia ва Transfermarkt ҳамкорликда Суперлигада август ойининг энг яхшиларини аниқлади
05 сен 2022 14:55
Новости
Championat.asia ва Transfermarkt ҳамкорликда Суперлигада август ойининг энг яхшиларини аниқлади
Икки сайт ҳамкорлиги доирасида август ойининг энг яхши мураббийи ва энг яхши футболчиси аниқланди. Овоз беришда Championat.asia ходимлари ва Тransfermart порталининг рус тилидаги версияси муҳаррирлари иштирок этди. Қолаверса, Тошкентнинг “Локомотив” клуби собиқ устози Денис Коростиченко ва Ўзбекистон миллий терма жамоасининг собиқ футболчиси, бугунги кунда мураббийлик фаолияти билан шуғулланаётган Бахтиёр Ашурматов мутахассис сифатида иштирок этди.
Тимур Кападзе кетма-кет иккинчи марта Суперлигада ойнинг энг яхши мураббийи деб топилди. Унинг қўл остида “Олимпик” “Сурхон” (5:0) ва “Сўғдиёна”ни (1:0) мағлуб этган бўлса, яна икки учрашув – “Қўқон” ҳамда “Пахтакор”га қарши ўтказилган учрашувлар бир хил 1:1 ҳисобида дуранг билан якунланган. Кападзе 53% овоз олиб, энг яқин таъқибчиси “Навбаҳор”дан Самвел Бабаянни 26% ортда қолдирди.
Кескин курашда “Навбаҳор” ярим ҳимоячиси Жамшид Искандеров Суперлиганинг август ойидаги энг яхши футболчисига айланди. У “Олимпик” ҳужумчиси Отабек Жўрақўзиевдан бор-йўғи бир овоз олдинда эди. Тўртта ўйинда Искандеров “гол+пас” тизими бўйича 1+1 ҳисобини қайд этди. У “Навбаҳор”нинг Ўзбекистон кубоги ярим финалига чиқишига ҳам ёрдам берди. 1/8 финалда “Олимпик”га қарши ўйинда ўз ҳисобига (1:0) голли узатма ёзиб қўйган бўлса, “Пахтакор” билан чорак финал ўйинида (2:1) дубль қайд этди.
Комментарии