Бундеслига. "Бавария" Гельзеркирхенга сафарга отланган, "Байер" эса "Гамбург" "тановул" қилмоқчи...
09 сен 2016 16:10
Новости
Бундеслига. "Бавария" Гельзеркирхенга сафарга отланган, "Байер" эса "Гамбург" "тановул" қилмоқчи...
Бугун тунда Германия чемпионатининг 2-тур доирасидаги "Шальке" - "Бавария" учрашуви бўлиб ўтади.
Биринчи турда сафарда "Айнтрахт"га қарши ўйинни бой берган "Шальке" энди ўз майдонида "Бавария"ни қабул қилади.
Карло Анчелотти бошчилигидаги "Бавария" мавсумни ажойиб ғалаба билан бошлаганди.
"Шальке" футболчиларининг кайфияти эса кўтаринки эмас. Биринчидан жамоа илк турда мағлубиятга учради, иккинчидан янги мавсумдаги дастлабки ўйдаги ўйин амалдаги чемпион "Бавария"га қарши.
"Шальке" бош мураббийи Маркус Вайнцирль энди ўз шогирдларига керакли сўзларни топиб бериши, "Бавария" билан бўладиган беллашувга эса аниқ ва пухта режа тайёрлаши керак бўлади. Акс ҳолда мюнхенликлар "Шальке"ни очкосиз қолдириб кетишлари ҳақиқатга яқинроқ.
"Шальке" учун 2-турдан кейин ҳам 0 очко билан турнир жадвали қуйида бўлиш эса анча уятли ҳолат ҳисобланади.
Тўқнашув фаворити аниқ. Лекин гельзеркирхенликлар шунчаки жабрдийда ролида бўлишларини ҳам тасаввур қилиш қийин. Демак бугун ҳеч бир жамоа осонликча очколарни қўлга кирита олмайди. Демак "Фелтинс Арена"да бугун ҳақиқий жанг, кескин курашлар ва шиддаткорона футбол гувоҳига айланишимиз кафолатланган, десак муболаға бўлмайди.
Бундеслиганинг 2-туридан ўрин олган қолган ўйинлар эртага ва индинда бўлиб ўтади.
Турнинг яна бир эътиборга молик баҳси Леверкузенда ўтказилади. "Бай Арена"да маҳаллий "Байер" жамоаси "Гамбург"ни меҳмон қилади. Мавсумнинг дастлабки учрашувида Мёнхенгладбахда "Боруссия"га ютқазиб қўйган "Байер" энди ўз мухлислари қаршисида вазиятни ўнглашга ҳаракат қилади. "Байер"нинг рақиби мавсумни янги умидлар ва ниятлар билан бошлаган "Гамбург" бўлади. Бруно Лаббадиа жамоаси "Ингольштадт" билан бўлган ўйинда яхши таассурот қолдиришганди. Аммо ўша баҳс уларга фақатгина бир очкони тақдим этганди. "Бай Арена"даги учрашувда ҳам Лаббадиа камида очко билан қайтишни кўзламоқда. Рожер Шмидт эса фақат 3 очко илинжида жамоасини ушбу беллашувга тайёрламоқда. Баҳс фаворити кимлигини айтиш шарт эмас, аммо ҳозирги "Гамбург" исталган жамоа учун яхшигина бош оғриқ бўла олиши тахмин қилинмоқда.
Ўтган турнинг марказий учрашувида муҳим ғалабани қўлга киритган "Боруссия Мёнхенгладбах" бу сафар "Фрайбург" меҳмонига айланади. Тўқнашувда мезбонлар ўзларининг мавсумдаги дастлабки очколарини қўлга киритишга уриниб кўришади, Андре Шуберт бошчилигидаги гладбахликлар муваффақиятли юришни давом эттириш учун бор кучларини ишга солишлари тайин. Уларни кейинги ҳафтада ЕЧЛ доирасидаги муҳим баҳс кутаётгани ҳам бу баҳсда куч тежашларига сабаб бўла олмайди. Шубертнинг фикри-ҳаёли айни пайтда фақат бундеслига ўйинларига қаратилган.
Дортмунднинг "Боруссия" клуби бу турда дебютант "РБ Лейпциг" билан куч синашади.
Томас Тухель "армия"си 1-турда "Сигнал Идуна Парк"да қийинчилик билан бўлсада "Майнц"ни мағлубиятга учратишни уддалаганди. Янги мавсумда ҳам "Бавария"га чемпионлик "пойгаси"да тўсқинлиқ қилиши мумкин бўлган "Боруссия Дортмунд" учун бу каби ўйинларда очко йўқотиш ярамайди. Аммо бу дебютантга қарши учрашув улар учун шунчаки расмиятчилик бўлмаслиги аниқ. Мавсум кашфиёти бўлиши кутилаётган "РБ Лейпциг" ўз мухлислари қаршисида номдор жамоани мағлубиятга учратиш учун қўлидан келган барча ишни амалга ошириши кундек равшан. Бу жамоа гол уришни биладиган, чиройли ва очиқ футбол ўйнашга интиладиган қизиқарли жамоа эканлигини "Хоффенхайм" билан бўлган баҳсда ҳам исботлаганди. Сафарда "Хоффенхайм" билан 2:2 натижасини қайд этиш осон иш эмаслиги ва буни Ральф Хазенхютль шогирдлари уддалагани кўп нарсадан далолат беради. "Боруссия Дортмунд" учун бу баҳс ҳақиқий бош оғриққа айланса ажаб эмас. Бу тўқнашув нейтрал мухлислар учун ҳақиқий томошабоп ўйинга айланиши кутилмоқда.
Мавсумни куўтаринки кайфиятда бошлаган "бўрилар", яъни "Вольфсбург" жамоаси "Кёльн" билан ўз майдонида ҳисоб-китоб қилиб олади.
Ўтган турда "Бавария"дан қақшаткич зарбани қабул қилиб олган бременликлар бу турда "Аугсбург" билан тўқнаш келишади.
"Ингольштадт" ўз уйида "Герта"ни қабул қилса, "Шальке"ни ютган "Айнтрахт" "Дармштадт"ни ўз уйида қабул қилади.
Турнинг сўнгги беллашуви "Майнц" ҳамда "Хоффенхайм" ўртасида кечади.
Ҳозирча биринчидан турдан сўнг ҳеч қандай аниқ бир хулоса қилиш ярамайди. Ушбу турдан сўнг жамоаларнинг имкониятлари, кучлари, мавсумга қай тарзда тайёргарлик кўргани ҳақида кичик бўлсада хулоса қилиш мумкин бўлади.
Бундеслиганинг ушбу турида ҳам кутилган ва кутилмаган натижалар қайд этилиши мумкин.
Роберт Левандовски, Обамеянг, Чичарито, Томас Мюллер ушбу турда гол ура олишадими? Ким хет-трик, ким покер қайд эта олади? Чичарито ушбу мавсумда ҳам яна "Байер"нинг ҳалоскори бўлармикан? Марио, ҳа, Супер-Марио яна Бундеслигага қайтди. Рақиб ҳимоячилари нуқул кўздан қочириб қўядиган Марио Гомес яна голлар уришни давом эттирадими? Нойер бу сафар томошабинлар ва рақиб ҳужумларига қандай ҳунар ўйлаб топаркин, деган саволлар йўқ эмас. Бу каби саволларга Бундеслиганинг ушбу тур ўйинлари орқали ҳам жавоб топиб олсак ажаб эмас. Карло Анчелоттининг Германия чемпионатидаги саёҳати ҳам алоҳида кузатишга арзигулик воқеа. Карло тоға учун "почин" анча яхши ва қизиқарли чиққанди. Ўзгарган, янада кучайган ва кескинлашган "Бавария"нинг Гельзеркирхендаги ўйини кўпчиликни қизиқтириши табиий.
Хуллас, бугун бошланадиган 2-тур ўйинлари яна камида 2 кун давом этишини ҳисобга олсак, Германия чемпионатига маҳлиё бўлиб қолган ишқибозлар ҳеч ҳам зерикмасликлари аниқ.
Бундеслига зерикарли, бир жамоанинг чемпионатига дейдиганларга эса шунчаки ушбу чемпионатдаги ўйинларни томоша қилишни тавсия қиламиз. Қолганига эса ўзлари баҳо бераверишади.
Демак ўтказиб юборманг, бугун футбол кечаси!
Бундеслигани "www.Aleziya.com" сайти орқали жонли кузатиб боринг!
Шаҳбоз Беғамов
Комментарии