Бундан роппа-роса 10 йил олдин Тошкент мезбонлик қилган, Ҳакимов ва Минамино тўпурар бўлган Осиё чемпионатини ёдга оламиз
12 июл 2020 14:30
Новости
Бундан роппа-роса 10 йил олдин Тошкент мезбонлик қилган, Ҳакимов ва Минамино тўпурар бўлган Осиё чемпионатини ёдга оламиз
Илк бор 2008 йил Осиё чемпионатини ўзида қабул қилган Ўзбекистон турнирни юқори даражада ташкиллаштирганди. Бироқ, ўшанда Роберт Гай бошчилигидаги ўсмирларимиз муваффақиятсиз иштирок этганди. Шунга қарамасдан ОФК иккинчи бор қитъа чемпионати мезбонлигини Ўзбекистонга топширди. Алексей Евстафеев ва Аҳмаджон Мусаев бошчилигидаги 1994 йилда туғилган футболчилардан иборат ўсмирлар терма жамоамиз мусобақада жуда яхши қатнашиб финалга қадар етиб борган, вакилларимиз кўрсатаётган ўйин эса барчага манзур келаётганди. Бироқ, финалда Алиризо Фағоний бошчилигидаги ҳакамлар гуруҳи КХДРни чемпион бўлишига кўмаклашиб юборганди. Аббосбек Махсталиев ва Сардор Раҳмоновлар қай тарзда майдондан четлатилгани ёдингизда бўлса керага. Қитъа биринчилигида барчани ўзига ром қилган ўсмирларимиз Мексикадаги Жаҳон чемпионатида ҳам барчанинг нигоҳини ўзига қаратганди. Лекин, минг афсуски шундай ажойиб авлоддан бугунги кунда саноқли футболчилар Суперлигада ҳаракат қилмоқда.
Ушбу таркибдан бугунги кунда Сардор Раҳмонов, Сардор Собирхўжаевларгина юқори даражада тўп тепмоқда. Қолганларнинг тақдири эса турлича кечди. Аксарият футболчилар бутсаларини эрта михга илди.
Мусобақа давомида япониялик Такуми Минамино билан тўпурар бўлган Темур Ҳакимов ҳозирда "Оқ-тепа" жамоаси футболчиси, Минамино эса "Ливерпул"да...
КХДР футболи ўша йилларда ўзининг чўққисига чиқиб бораётганди. Ўсмирлари чемпионликни қўлга киритган, миллий терма жамоаси эса ЖАРдаги Жаҳон чемпионатида иштирок этган эди.
Забихилло Ўринбоев, Сардор Раҳмонов, Жасур Ҳакимов. Бугунги кунда катта футболда ўз ўрнини топган ушбу авлоднинг кам сонли футболчиларидан бири.
Алексей Евстафеев айни вақтда Россияда истиқомат қилмоқда. Аҳмаджон Мусаев эса болалар футболида мураббийликни давом эттирмоқда.
Бугунги кунда Про лига вакили "Истиқлол" жамоаси шарафини ҳимоя қилаётган Аббосбек Махсталиевдан ҳам кўп нарса кутилганди. Лекин...
Фотосуратлар учун Ҳасан Пирмуҳаммедовга ўзимизни самимий миннатдорчилигимизни билдириб қоламиз.
Комментарии