Биз гапираётган муаммолар - айсбергнинг кўринган қисми
19 апр 2022 15:11
Новости
Биз гапираётган муаммолар - айсбергнинг кўринган қисми
Ўзбекистон номидан иштирок этаётган клуб(лар)нинг гуруҳдан чиқа олмаслиги ойдинлашгач, дарров танқидлар ёмғири ёғила бошлайди. Масалан, кеча тунда "Пахтакор" иккинчи бор "Ал Дуҳайл"га мағлуб бўлди. Биринчи ўйинда бўлгани каби яна учта тўп ўтказиб юборди. Фақат дастлабки беллашувда қатарликлар дарвозасига иккита гол ура олганди. Лекин кеча шунча ҳужум бесамар кетди.
Осиё чемпионлар лигаси, Осиё Кубоги, Жаҳон чемпионати саралаш ўйинлари - буларнинг ҳаммаси ўзбек футболига қўйилган кўзгу. Биз шу каби мусобақаларга қараб ўз даражамизни билиб оламиз. Гуруҳдан чиқсак ёки узоққа борсак, футболимиз ривожланаётганидан, акси бўлса, қуйига шўнғиётганимиздан дарак беради. Қайсидир маънода Чемпионлар лигаси ҳам бугунги ҳолатимизни кўрсатиб беряпти.
Савияси кўтарилмаётган футбол
Ўзбекистонда футбол даражаси кўтариляптими? деган саволга ҳеч иккиланмай Йўқ! деса бўлади. Агар кимдадир тескари фикр бўлса, марҳамат, эшитишга тайёрмиз. Миллий чемпионат ўйинларига нашар ташлайлик, савия анча тушиб кетган, мухлислар ҳам стадиондан қочган. Футбол одамларга олдингидек байрам кайфиятини улашмаяпти. Фақат водийни ҳисобга олмасак, бошқа жойларда ўйингоҳлар тўлмаяпти. Ахир ишқибозлар ҳам анойи эмас, улар шиддатни кўриш учун стадионга келади, зерикарли ўйинларни кимга қизиғи бор?
Футбол даражамиз кўтарилмаётганини ўтган йил миллий терма жамоа мисолида ҳам кўрдик. Жаҳон чемпионати саралаш босқичида гуруҳдан чиқа олмаслик биз учун жуда уятли натижа бўлди. Лекин муаммони ҳал қилишнинг энг осон йўлини танладик: бош мураббийни ишдан олиб, ўрнига бошқасини қўйдик. Лекин терма жамоага эътибор ўзгардими? Футболчиларга яхши шароит қилиндими? Машғулот ўтказиш учун нечта майдон барпо этилди? Терма жамоа ўз базасига эга бўлдими? Йўқ, буларнинг ҳеч бири амалга ошмади. Фақат қоғозда лойиҳалар бор, холос.
Узилмас занжир
Муаммоларнинг ҳаммаси бир-бирига чамбарчас боғланган занжирни эслатади. Занжирни биттага узиб бўлмагани каби муаммоларни ҳам бир деганда ҳал қила олмаймиз. Бунинг учун катта дастур ишлаб чиқиб, шу асосда ҳаракат қилиш лозим. "Пахтакор" ОЧЛда гуруҳдан чиқа олмади ҳам дейлик, лекин бу билан нима ўзгаради? Ҳеч нима. Жамоа Тошкентга қайтиб келади ва Суперлигада ўйнашда давом этади. Ишонинг, "Пахтакор" шу ҳолатида ҳам Ўзбекистоннинг энг кучли жамоаси. Ҳа, фақат Ўзбекистонда, Осиёда эмас!
Муаммо шундаки, ОЧЛда қийналган "Пахтакор" Суперлигада бундай қийинчиликни кўрмайди, чунки бошқалар янада кучсиз. Бутун мавсум давомида майли тўртта қийин ўтказар, лекин қолган учрашувларни ортиқча қийинчиликсиз ўз фойдасига ҳал этади. Чунки бизнинг даражамиз шу. Қолаверса "Ал Дуҳайл"га қарши "Пахтакор"дан бошқа жамоа туриб бера олишини тасаввур ҳам қила олмаймиз.
Хоҳ Али, хоҳ Вали
Кечаги мағлубиятдан сўнг "Пахтакор" дарвозабони ва легионер футболчилари шаънига қаттиқ гаплар айтилди. Аммо ишонинг, гап бу ерда қайсидир футболчининг хатосида эмас, балки жамоавий ўйинда. Суюнов ўрнида Қувватов бўлганида ҳам шу натижа бўлиши мумкин эди, ёки бўлмаса легионер ҳимоячиси ўрнида ўзимизнинг қоракўз бўлганида ҳам шу ҳолат такрорланарди. Чунки асл гап бу ерда фалончи футболчи ёки фалончи дарвозабонда эмас, балки умумий савия юқори эмаслигида.
"Пахтакор" олиб келган легионерлар ОЧЛга тортмайди, лекин уларнинг даражаси Суперлигага тўғри келса бўлди, клуб раҳбариятига шу ҳам бўлаверади. Бош мураббий савияси ҳам халқаро ўйинларга тортмаслиги мумкин, лекин ўзимизнинг чемпионатга ўтаверади, ахир рақобат кучли эмас-ку, жамоани сал тўғрилаб қўйса бўлди, "Пахтакор" яна ғалаба қозонаверади.
Селекцияга ким жавобгар?
Жамоага мураббий топиш билан одатда клуб спорт директори, футболчи топиш билан эса селекционер шуғулланади. Славче Войнески қайси каромати эвазига таклиф этилгани бизга қоронғи. Шу жумладан, "Пахтакор" олиб келган легионерлар ҳам. Мураббий ишини бажармаса уни ишдан бўшатамиз. Футболчи ўйнаб кета олмаса, жавобини бериб юборамиз. Лекин қайсидир клубда спорт директорига чора кўрилибди деган гапни эшитганмисиз?
Катта қисми сув остида қолган айсберг
Айтишларича, айсбергнинг фақат тўртдан бир қисми сувдан чиқиб турар экан. Биз гапираётган муаммолар ҳам айсбергнинг сувдан чиқиб турган қисми. Биз фақат ўйинда кўрган нарсамизни гапирамиз. Картинага қараб фикр юритамиз. Аммо ишонинг, муаммолар фақат кўринган жойда эмас, Ўзбекистоннинг исталган клубида "кўринмас" муаммолар шу қадар кўпки, қай бирини айтишни, қайсини бартараф этишни ҳам билмайсан.
"Ал Дуҳайл"нинг ҳар иккала ўйинда ғалаба қозонгани бежиз эмас. Ҳар уч кунда бўладиган ўйинларда машғулотдан кўра тикланиш муҳим аҳамият касб этади. "Ал Дуҳайл"да футболчиларни тиклаш жараёни юқори савияда бўлса керак. Ҳар ҳолда Тоби Алдервейрелдни олиб келган жамоа фақат футболчининг оёғига муз қўйиш билан тикланишни ўтказмаса керак. "Пахтакор" эса бу томонлама ҳам орқада. Дунёнинг энг зўр мураббийи билан энг кучли футболчисини олиб келсангиз ҳам, агар сизда зарур тиббий хизмат ва бошқа керакли жиҳозлар бўлмаса, барибир ҳеч нарсага эриша олмайсиз.
Барса Блогер.
Комментарии