"Бир футболчи тарихи". Моратани "ўлдирган" Федерико Вальверде ҳақида
15 ноя 2020 10:05
Новости
"Бир футболчи тарихи". Моратани "ўлдирган" Федерико Вальверде ҳақида
Ўша таркибдан ўрин олган футболчилар орасидан ярим ҳимоя учлигини ажратиб кўрсатиш мумкин. Каземиро, Кроос, Модрич. 2018 йил Криштиану Роналду клубни тарк этди, жамоада бироз барқарорлик йўқолди. Унинг устига баъзи футболчиларнинг ёши ҳам ўтиб қолди. Масалан, Лука Модричнинг. Ҳа, футболчининг потенциали ҳали ҳам ТОП жамоалар даражасида, энг муҳим ўйинларда ҳам мадридликларни олдинга бошлаётган футболчи. Бироқ уругвайлик Федерико Вальвердега имконият берилгандан бошлаб уни кўпчилик айнан хорват Луканинг ўрнига кўра бошлашди ва бу тахминлар ўзини оқлаб келмоқда. Келинг, бугун Федерико Вальверде ҳақида гаплашамиз.
Ким ўзи у?
Федерико Сантиаго Вальверде 1998 йил 22 июлда Монтевиреода туғилган. У ёшлигида дастлабки футбол сир-асрорларини “Пеньярол” жамоасида ўрганди. Дебютини 2015 йилнинг 16 августида амалга оширди ва ўша йилда кузнинг дастлабки ойида Уругвай чемпионатида иккита учрашувда иштирок этди.
Клублардаги фаолияти:
Айни 2015/16 йилги мавсумни “Пеньярол” таркибида ўтказди ва бутун мавсум давомида 12 та ўйинда иштирок этди. Мавсумнинг сўнггида уни янги жамоага ўтиши аниқ бўлди, Испания сафари олдида турган эди.
2016 йил 22 июль. “Салом Мадрид!” 5 миллион евро эвазига футболчи “Реал Мадрид” билан 2021 йилнинг ёзигача шартнома имзолади ва ўша мавсумда “Кастилья”га юборилди. Дастлабки машғулотларини Сантьяго Солари қўл остида ўтказди (кейинчалик асосий жамоада мураббийи бўлди). Ўша мавсумда Вальверде жамоаси билан биргаликда “Сегунда Б”да иштирок этди. Статистикаси ҳам ёмон эмас: 30 ўйинда иштирок этиб 3 та гол уришга муваффақ бўлди.
Навбатдаги мавсумни у Испаниянинг асосий лигаси – Ла Лигада “Депортиво” сафида ўтказди. Футболчи ижара асосида ла-коруньяликлар сафига бориб қўшилганди. Жамоа таркибида Испания чемпионатида дастлабки дебютини сентябрнинг 10-санасида “Реал Сосьедад”га қарши ўйин билан бошлаган.
“Реал Мадрид” 2018 йилда Европа Чемпионлар лигасида қаторасига учинчи бор ғолиб бўлгач бош мураббий Зинедин Зидан клубдан кетди ва унинг ўрнига Хулен Лопетеги олиб келинди. Испания терма жамоасидан ЖЧ-2018га бир кун қолганда кетган мутахассис “Реал” сафида мавсум аввалидан АҚШга сафар чоғида жамоа сафида Федерикони ҳам кўришни истади ва ўзи билан бирга олиб кетди. “Манчестер Юнайтед” билан ўтказилган ўртоқлик учрашувида Вальверде мадридликлар сафида ўз дебютини ўтказди. Расмий ўйиндаги дебюти эса узоқ кутилди; 2018 йил 23 октябрда ЕЧЛ доирасида “Виктория”га қарши майдонга тушди. Зинедин Зидан жамоага қайтгач у мунтазам бўлмаса ҳам, тез-тез асосий таркибга киритилиб турилди ва ўз ўйинлари билан чиндан ҳам мухлислар эътиборига туша олди. Мураббийнинг ўзи ҳам уни жамоа келажаги сифатида таърифлаган. Футболчининг ҳам франциялик мураббийга бўлган муносабати яхши. “Зидан сен билан худди дўстингдек гаплашади. Мураббийнинг айтган ҳар бир гапи сенинг миянгда қолиши керак. У бош мураббий бўлишдан ташқари, у таниқли, афсонавий футболчидир” – деган эди ўзи берган интервьюларининг бирида.
Федерико Вальвердени мухлислар эслаб қолишига асосий сабаб 2020 йилги Испания Суперкубоги учрашувида “Атлетико Мадрид”га қарши ўйинда содир бўлганди. Ўйиннинг асосий вақти 0:0 ҳисобида якунланди ва қўшимча таймларга мурожаат қилинди. 21 ёшли Федерико эса ўйиннинг 114-дақиқасида четлатилди. У "қаймоқранглилар" дарвозабони Тибо Куртуа билан бирга-бир вазиятга чиқиб кетган "Атлетико" форварди Альваро Моратанинг орқасидан йиқитди. Агар ушбу вазиятда қўполлик ишлатилмаганида, Испания терма жамоаси ҳужумчиси вазиятдан унумли фойдаланган ҳолда ўйинга нуқта қўйиши мумкин эди. "Реал" эса Федериконинг спортчиларга хос бўлмаган ҳаракати туфайли пенальтилар сериясига қадар етиб борди ва унда "қироллик клуби"га омад кулиб боқди. "Реал" 4:1 ҳисобида ғалаба қозонди ва кубокни боши узра баланд кўтарди. Энг қизиғи эса, ўша куни уругвайлик ярим ҳимоячи эса қизил карточка олганига қарамасдан ўйиннинг энг яхши футболчисига бериладиган мукофотга сазовор бўлди.
Ўйиндан сўнг Вальверденинг ўзи бу ҳолат тўғрисида "Албатта, мен бундай қўпол ўйнамаслигим керак эди. Мен Моратадан узр сўрадим. Бу мен қилишим мумкин бўлган ягона иш эди. Бутун бошли мураббийлар штаби мени қўллаб-қувватлади. Симеоне ҳам мажбур бўлмасада бу ҳақда менга гапирди" деган фикрни берди. “Атлетико Мадрид” мураббийи Диего Симеоне эса матбуот анжуманида айнан Вальверденинг қўполлиги ҳақида гапирганида: "Айнан у ўйинни ютди. Бу Вальверде учун муҳим вазият эди. Мен унга хавотир олмаслигини, унинг ўрнида бошқаси бўлганда ҳам шундай қилишини айтдим" деб айтди.
Шу воқеадан анча ўтгач Федерико бир интервьюда ўша ҳолатни эслаб ўтди ҳамда Моратани йиқитишида Рамос сабабчи бўлганини айтди. "Моратага етиб олиш учун орқасидан югургандим. Мен иккиланганман, агар уни тўхтатиш учун йиқитсам, тўғри иш қилган бўламанми деб. Шу пайт орқадан менга: "Ўлдир уни" деган овоз эшитилди. Бу Серхио Рамос эди", - дейди Вальверде.
2019 йилда футболчи билан “Реал Мадрид” ўртасида янги шартнома тузилди. Мазкур шартнома 2025 йилнинг 30 июнга қадар мўлжалланган. Товон пули эса 750 миллион евро этиб белгиланди. Албатта Мадрид жамоаси сафида муваффақиятли ўйнаб кетиш ҳаммага ҳам эмас. Унинг ўзи ҳам буни тан олган. Федерико Уругвайнинг “Тунел” нашрига берган бир интервюсида “Бошланишида роса қийналганим рост. Модрич, Каземиро, Рамос, Бэйл, Бензема каби афсоналар билан ҳамхона бўлишнинг таърифи йўқ. Ҳозир уларнинг ҳар бири билан бемалол мулоқот қила оламан. Муҳими, ўз ўйиним эвазига жамоада муносиб ўрин олдим. Тўғри, тан олишим керак, аввалига хатога йўл қўйишдан чўчиб, эркин тўп тепа олмадим. Энди эса ўзимни жамоанинг бир қисми сифатида тасаввур қиляпман. Айнан жамоадошларим кўмаги билан шундай мартабага эришдим” – дея фикр билдиган.
Терма жамоадаги фаолияти:
“Пеньярол” сафида ўйнаб юрган кезда Вальверде Уругвайнинг U-17 терма жамоаси билан биргаликда Жанубий Америка ёшлар ўртасидаги чемпионатда қатнашди ва жамоаси сафида нақт 7 та тўп киритиб, тўпурарлар пойгасида иккинчи ўринни эгаллади. Асосий жамоага эса 19 ёшида жалб қилинди. 2017 йилда дебют учрашувини Парагвай термасига қарши ўтказди ҳамда ўша ўйинда гол урди. Бироқ Вальверде 2018 йилги Жаҳон чемпионатининг якуний рўйхатидан қолиб кетган.
Шахсий ҳаёти ҳақида икки оғиз:
Ўзининг майдонда ташқари қилаётган юмушлари ва шахсий ҳаётини деярли омма эътиборига ҳавол этмайдиган табиатан камгап футболчи севгилиси Мина Бонино билан бирга яшайди. Ўзининг твиттер саҳифасида 2020 йилнинг 20 февраль санасида оиласига янги “меҳмон” кириб келганини айтади.
Ушбу мавсумда 22 ёшли Вальверде 11 ўйинда 3 гол ва 1 ассист қайд этди. Ла Лиганинг 9-туридан ўрин олган “Валенсия”га қарши баҳсда футболчининг ўнг оёғи кафт суякларида мажағланиш ҳолати кузатилган. АS нашрининг ёзишича, Вальверде 1 ёки 2 ойни ўтказиб юбориши мумкин экан. Жароҳатлар – футболнинг бир қисми. Футболчи сафга қайтгач яна жамоаси сафида етакчилардан бири сифатида ҳаракат қилаверади. Уругвай терма жамоасида кучли ҳужум чизиғи борлигини биламиз, кучли ярим ҳимоячи ҳам ўсиб келмоқда. Янги етакчини кутиб олинг!
Оғабек Самисов тайёрлади
Комментарии