RU

Последние новости

16:14"Металлург" академияси ёпиладими? Академия бунга жавоб берди  0 15:53Расман: Егор Кримец - "Сўғдиёна" футболчиси!  1 15:27ЖЧ-2010нинг энг яхши футболчиси Форлан: "Испанияда "Атлетико" рамзини ҳеч қачон ўпмаганим учун танқид қилишарди"  2 14:54Йўғе! Дани Ольмо агенти билан бирга Манчестерга учиб келди  3 14:22Олмалиқдаги "ОКМК спорт мажмуаси" ҳудудида янги табиий майдон қурилмоқда  1 13:54"Бунёдкор" ўз тарбияланувчиси билан шартномани 2 йилга узайтирди  0 13:27"Шўртан" 2025 йилги мавсумни Қаршидаги стадионда бошлайди  1 12:51Эронда нима гаплар? Юсуповда навбатдаги "қуруқ ўйин", Машарипов тўлиқ ўйнади  2 12:20ПФЛ "Олимпик"ка 5 январгача муҳлат берди, акс ҳолда...  5 11:51Қиз фарзанди дунёга келгани сабаб ўйиннинг 1-бўлимини ўтказиб юборган ва 2-бўлимга етиб бориб хет-трик қайд этган футболчи ҳақида билармидингиз?!  5 11:22Бекободда футбол ўлмоқда. "Металлург" кетидан Шавкат Мирзиёев ташриф буюрган академия ҳам ёпилади   22 10:55Қойил! Аморим тен Хагнинг антирекордини янгилади  13 10:22Аббосбек Файзуллаев «Монако» ҳақидаги саволга жавоб берди  5 10:07Расман: Санжар Қувватов - «Қизилқум» жамоаси футболчиси  1 09:47Бир йил аввал саратон билан курашган футболчи Тожикистонда «йил футболчиси» бўлди  1

Бабаян ёқмаса ҳам, термаён бўлайлик! Новости

Бабаян ёқмаса ҳам, термаён бўлайлик!

Футбол журналистлари орасида ўтган йилдан бери юрган гап-сўзлар ҳақиқат бўлиб чиқди: Самвел Бабаян Ўзбекистон миллий терма жамоасига бош мураббий этиб тайинланди.
ЎФФнинг бу қарори камчиликни ҳурсанд қилиб, кўпчиликни ранжитди. Ранжиганларнинг асосий эътирозлари: “Бабаян нимани қойиллатиб қўйибди? У зўр мураббий бўлса, ОЧЛда бирор каромат кўрсатар эди”, “Энди терма фақат “Пахтакор” футболчиларидан ташкил топади”, “Менежер терма жамоани футболчиларнинг олди-сотдиси ўтказиладиган савдо ярмаркасига айлантиради” қабилида янграй бошлади.

Бу эътирозларнинг, тўғрироғи, хавотирларнинг қанчалик асосли ёки асоссиз эканини вақт кўрсатади. Ҳали ана шу вақт келмади. Демак, подадан олдин чанг чиқаришни бас қилиб, терма жамоа учун фойдали иш билан шуғулланганимиз маъқул.

Масалан, Самвел Бабаяннинг термамиз учун плюс томонларини қидириб кўрайлик, “Бабаян термада қандай ижобий ўзгаришларни қила олади?” деган саволга жавоб излайлик. Ахир, Самвел Бабаян мураббий сифатида фақат салбий хислатларга эга эмасдир?! Унинг плюслари ҳам бордир?!

Ана шу саволларга жавоб излаб, қуйидаги хулосларга келдим.

1) Миржалол Қосимов пайтида терма учун ўйнагиси келмай юрган баъзи футболчилар Самвел Бабаян раҳбарлигида жон куйдириб ўйнай бошлаши аниқ. Чунки уларнинг баъзилари Бабаянни нафақат ўз устози, балки тутинган отаси сифатида ҳам ҳурмат қилишади. Улардаги жаҳду фидони, кўзларидаги иштиёқу оловни энди кўрасиз! Бу ҳолат терма ўйинларига ва натижаларига, албатта, ижобий таъсир қилади. Ахир, бизга шуниси муҳим, шуниси керак эмасми аслида?!

2) Тажрибали менежер ва мураббий сифатида Самвел Бабаян терма жамоанинг баъзи (ўзбек клубларидан чақирилган) аъзоларида молиявий-моддий мотивация уйғота олади. Биласиз, терма жамоага чақирилган футболчилар кўпинча ўзини кўрсатиб, хорижий клублар эътиборига тушишга ҳаракат қилишади. Бабаян бу борада: “Яхши ўйин кўрсатиб ютсак, чет эллликларнинг назарига тушамиз. Улардан сизларга ҳаридорлар чиқса, клубларингиз ва ЎФФдан олинадиган “открепление”ларингизни (ижозат мактубларини) ўзим олиб бераман”, - деб, футболчиларга нафақат кафолат, балки руҳий далда ҳам бера олишига ишонаман.

3) Замонавий футболда молиявий-моддий омилнинг муҳимлигини яхши биладиган ва раҳбариятдан жамоа учун пул сўрашдан орланмайдиган Самвел Бабаян терма жамоадаги маош ҳамда мукофотлар даражасини янги поғоналарга кўтара олиши мукин. Бу эса термамизнинг легионер аъзоларида бўлмаса ҳам, маҳаллий клублардан чақирилган футболчиларда кучли иқтисодий қизиқиш (мотивация) уйғотиши мумкин.

4) “Пахтакор”дек катта футбол инфратузилмасига моҳирлик билан раҳбарлик қилган Самвел Бабаян миллий терма жамоага алоқадор барча тузилмаларни, айниқса, ярим фалаж ТЖМни ҳам ўз имкониятлари даражасида ишлашга мажбурлаши мумкин. Масалан, йиғинлар ҳамда ўртоқлик учрашувларини ўз вақтида ташкиллаштириб беришни чала хўжайин сифатида илтимос эмас, ҳақиқий хўжайин сифатида ТАЛАБ қилиши мумкин.

5) Узоқ йиллар давомида “Пахтакор” манфаатлари учун селекция ишларига бош бўлган, Ўзбекистонда кўзга кўрина бошлаган футболчиларни клубга жалб қилиш билан шуғулланган Самвел Бабаян ана шу тажрибасини эндиликда Ўзбекистон миллий терма жамоаси манфаатлари учун қўллаши мумкин. Яъни терма жамоамизга ҳозиргидан кўпроқ клубларимизнинг вакиллари чақирилиши мумкин. Бу ҳолат ҳам термамизга ижобий таъсир қилиши аниқ.

Ҳа, Самвел Бабаян терма учун тактика танлаш борасида камчиликларга эга бўлиши мумкин. Лекин юқоридаги бандларда келтирилган ҳолатлар бўйича термамизда, албатта, ижобий ўзгаришлар қила олади, деб ўйлайман.

Самвел Бабаяннинг ижобий томонлари ҳақида тўхталар эканман, у йўл қўйиши мумкин бўлган хатолар ҳақида ҳам оғиз очишга мажбурман. Янги лавозимда Бабаянни қуйидаги хатарлар кутаётган бўлиши мумкин.

1) Терма аъзоларининг ўзаро тушуниб ўйнашларини таъминлаш мақсадида термага фақат “Пахтакор” ўйинчиларини ёки “Пахтакор”дан чиққан футболчиларни чақиришни йўлга қўйиш хатари. Масалан, яхши дааврлари (спорт формаси) ортда қолган Александр Гейнрихни ёки ҳали ҳам яхши спорт формасига чиқа олмаётган Темурхўжа Абдуҳолиқовни термага фақат “Улар майдондла бир-бирини яхши тушунишади”, деган баҳона билан жалб қилиш мумкин. Бундай футболчиларни термага чақиришга бошқа асос йўқ.

Ўзбекистон термаси бир пайтлар фақат “Пахтакор” базасида ташкил қилинганини унутганимиз йўқ. Ана шу терма қандай натижаларга эришгани ҳам эсимизда. “Пахтакор” монополияси футболимизга фақат зарар келтирганини унутмаган ҳолда шу монополиянинг мини-варианти термамизда яна бўй кўрсатса, термамизга ҳам зарар келтиришига шак-шубҳа йўқ.

2) Бабаян олдидаги иккинчи хатар – бир пайтлар “Пахтакор”га ўтишдан бош тортган ёки клуб раҳбарияти билан бошқа сабаблар туфайли аразлашиб қолган футболчиларни термага чақирмай қўйиш, яъни ўзаро араз ва адоват хатосидир. Бу борада Самвел Вячеславович эски гиналарни унутиши керак бўлади.Чунки бундан бу ёғига Бабаяндан “Пахтакор” манфаатлари учун эмас, терма манфаатлари учун ишлаш талаб этилади.

3) Самвел Бабаян олдидаги учинчи хатар – Миржалол Қосимов юрган йўлдан бориб, термада ўйнагиси келмайдиган юлдуз футболчиларнинг баҳридан ўта олмасдан, уларга термадан жой кафолатлаш, уларни термага муттасил жалб қилиш ва асосий таркибда майдонга тушириш. Қосимовнинг энг асосий хатоси ҳам айнан шу – терма учун ўйнагиси келмайдиган юлдузларни термага чақириш ва термада ўйнатиш - эди. Иштиёқсиз юлдузларнинг нурсиз ўйинлари Қосимовни қай аҳволга солганини ҳамма кўрди. Энди Бабаян бу йўлдан юрмаслиги керак. Менимча, “Пахтакор”нинг юраги ҳисобланадиган Жамшид Искандаровни заҳирага “михлашга” иродаси етган Бабаян, зарурат туғилса, термадаги юлдузларни ҳам шу аҳволга солишга кучи етади.

4) Ва, ниҳоят, Бабаян олдидаги тўртинчи хатар – мухлис ва журналистлар билан адоватга бориб, ўзининг ҳамда терманинг имиджига путур етказишдир. Бу борада унга жуда қийин бўлади, албатта. Чунки Бабаян ҳозирдан, ҳали ишга киришмасданоқ танқид ва ҳақоратлар остида қолиб кетмоқда. Бу вазиятда терманинг янги бош мураббийи ўз душманларини дўстга айлантирмасдан иложи йўқ. Акс ҳолда, у ҳам ўзидан аввалги ҳамкасбининг ҳолига тушиб, ютса ҳам, ютқазса ҳам ҳақорат эшитишга маҳкум бўлади.

Мақоламни Бабаян номзодига эътироз аралаш хавотир билдираётганларни сал бўлса ҳам тинчлантириш мақсадида ёздим. Сарлавҳадаги ҳитоб ана шу тоифадаги мухлис ва журналистларига қаратилган.

Чунки мана шу тоифадаги мухлис ва журналистлар термага Миржалол Қосимов устозлик қилган пайтдаги антиқосимовчилар юрган йўлдан юриб, янги мураббийни ютқазса ҳам, ютса ҳам қоралаш-ҳақоратлаш ишларига шўнғиб кетишлари мумкин.

Бундан ташқари, янги мураббийнинг қоқилишини чин дилдан истайдиганлар аста-секин, ўзлари билмаган ҳолда терма жамоанинг ютқазишини истайдиган кишиларга, мураббийнинг душманидан терманинг душманига айланиб қолишлари ҳеч гап эмас.

Бугунги антибабаянчилар кечаги антиқосимовчиларнинг йўлидан юришмасин, дейман! Бу йўл ҳаммадан ҳам кўпроқ терма жамоага зарар беришини эсдан чиқармайлик.

Шундай экан, келинг, Бабаян ёқмаса ҳам, термаён бўлайлик!

Бобомурод АБДУЛЛА

28.06.2015 йил
Рейтинг:    

Комментарии

championat.asia
< посмотреть последние новости
Яндекс.Метрика